Қашқадарё вилояти, Косон туманининг “Лойқасой” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли маҳаллаларда, шунингдек, “Бодохшон” маҳалла фуқаролар йиғинида 10.000 (ўн минг)га яқин аҳоли истиқомат қилади.
Гап шундаки, маҳалла фуқароларини ҳаёт билан боғловчи “Қорасув” кўпригининг қулаши натижасида ўнг минг нафар аҳолининг, жумладан, мактабга қатновчи ўқувчиларнинг, айтиш мумкинки, атрофдаги олам билан алоқаси деярли узилиб қолди. Одамлар кўприк қулагандан буён шаҳар ва туманга минг бир машаққат ила қатнамоқда.
Ажабланарлиси шундаки, Қамаши туманидаги 4 К-298-“Шўрчи-Қамаши-Хонтушди” автомобиль йўлининг ПК-7 даги кўприк устидаги плиталарнинг бир томони кеча, ёки бугун пастга қулаб тушган эмас. Эътибор беринг, мазкур кўприк 2012 йилнинг апрел ойида яроқсиз аҳволга келган. Мана, уч йилдирки кўприкдан фойдаланиш кишилар ҳаётига катта хатар солмоқда. Шу сабаб ҳам мазкур кўприкда автомашиналар қатнови ҳам тўхтатилган.
Табиий офат оқибатида, яъни “Қорасув” кўпригини кучли сел ювиб кетганлиги туфайли у аҳоли эҳтиёжларини қондиришга жавоб бера олмай қолди. Натижада аҳоли Республика Йўл жамғармасига, “Қашқадарё автойўл” ХЙФТ раҳбари М. Ҳакимов номига кўпирикдан фойдаланиш имкониятини қайта тиклаш масаласида кўмак беришларини, маблағ ажратишларини сўраб мурожаат этишга мажбур бўлди.
“Лойқасой” қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли 10 мингга яқин аҳолининг аризаси асосида кўпирикнинг қуйига қулаган плиталари 2012 йилдаёқ кўтарма кран билан олиниб таббий офат натижасида зарар кўрган кўпирикларни таъмирлаш мақсадида олиб кетилди.
Қорасув кўпиригини таъмирлаш, фойдаланишга яроқли ҳолга келтириш – қуриб битказишдек масъулият “Марказий Осиё” транс қурилиш трестининг ООО “Осиё” Транс комуникация қурилиш ташкилотига топширилди.
Қамаши тумани Лойқасой қишлоқ фуқаролар йиғинига қарашли Лойқа қишлоғида истиқомат қилувчи инсон ҳуқуқлари фаоли Раҳмат Дурсаев кўп сонли тумандошларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида бош прокурор номига ёзган шикоят хатида жумладан шундай дейди:
“Кўпирикни қуриш учун 2012-2013 йилларда турпоқ ишлари бажарилди ва авто улов ўтиш учун объезд қилинди. 66 (олтмиш олти)та қозиқ қоқилди. Плиталар ўрнатишга ёстиқ учун арматура қўйилиб, тўқилди. Бетон қўйиш учун арендага темир аполавкалар олиб келиниб ўрнатилди. Лекин бетон олиб келишнинг имконияти бўлмаганидан аполавкалар йиғиштириб олинди. 4 (тўртта) плита келтирилди.
2014 йилда кўпирикнинг Жануб томонидаги ёстиққа бетон қўйиш учун яна аполавка ўрнатилиб яримига бетон қўйилди. Кейинчалик аполавкаларни бузиб, олишиб, кўпирикнинг шимол томонига ўрнатишди. Жануб томонига қўйилган бетон қўл кучи билан ўпириб олинди. 2015 йил апрель ойигача, яъни шу бугунга қадар ўрнатилган ёғоч аполавкаларга бетон қўйилмасдан қор ёмғир тагида ётибди.
Миш-мишларга қараганда кўприк лойиҳа сметаси учун 670 000000 (Олти юз етмиш миллон) сўмлик смета тузилган эмиш. 2012-2013-2014 йилларда 211 000 000 (Икки юз ўн бир миллон) ва 137 000 000 (Бир юз ўттиз етти миллон) сўмлик, жами 348 000 000 (Уч юз қирқ саккиз миллон) сўм ажратилган эмиш, кўприкни қурувчи ташкилот эса 200 000 000 (Икки юз миллон) сўмлик иш бажарган эмиш. Сметада объезд қурилиши кўрсатилмаган эмиш. Миш-мишлар нечоғлик тўғрлигини форма 2 ва форма 3 лар асосида текшириб ойдинлик киритилиши зарур.”
Нарх-навонинг ошиши ва сўмнинг қадирланишини назарда тутадиган бўлсак, 2012 йил тузилган смета баҳоси билан 2015 йил кўприк қурилиши учун сарфланадиган сумма мувофиқ келмаслиги ёш болага ҳам маълум. Ва бу номувофиқлик, ўз-ўзидан қайта лойиҳа смета тузишни талаб этиши, табиий.
“Маълумки таъмирлаш учун ажратилган маблағ билан кўприкни янгитдан қуриб бўлмайди, – дейди Раҳмат Дурсаев, – Туманимиздаги тегишли идоралар раҳбарларининг нотўғри маълумот бериши оқибатида таъмирлаш учун ажратилган маблағ эвазига 4 йилдан буён кўприк қурилиши ниҳоясига етказилмай келинмоқда.”
Қизиқ, умуман олганда, Ўзбекистонда яроқсиз ҳолга келган, қулаб қолган кўприкни таъмирлаш ва ё қайта қуриш учун, аслида, неча йил керак бўларкин?
Мана, уч йилдирки Лойқасойлик ўн минг аҳоли қулаган кўприкдан фойдалана олмасдан овора.
Балки, Ўзбекистон мутасаддилари аҳолининг кўприкка бўлган эҳтиёжларини қондургунларига қадар лоақал мактабга қатновчи ўқувчиларга учиб ўтишлари учун қанот ато этиб туриш керакдир?
Мазкур хабар ҳуқуқбон Дурсаев Рахмат Аллаевичнинг шикоят хати асосида тайёрланди.
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист