O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кўп кулишнинг зарарлари

Кўп кулишнинг зарарлари
216 views
21 October 2017 - 7:00

ТАНБЕҲУЛ ҒОФИЛИЙН
АБУ-ЛАЙС САМАРҚАНДИЙ

(36)
(давоми)

Кўп кулишнинг зарарлари

 Суфиён бин Уяйнага кўра, Ҳазрати Исо (а.с.) ҳаворийларига шундай хитоб қилди:

“Эй, ер юзининг тузи саналган олимлар! Ер юзида бузғунчилик қилманг! Чунки бузилган моддалар туз билан сақланади, аммо тузнинг ўзи бузилса, уни бузилишидан сақлайдиган нарса йўқдир.

Эй ҳаворийлар! Ўргатганингиз илм эвазига ҳеч қандай ажр-мукофот олманглар. Фақат менга берганингиз каби ужрат олинг. Ҳеч шубҳасиз, сизда жаҳолатдан келиб чиққан икки ёмон феъл бор. Булар ҳеч сабабсиз қаҳ-қаҳа отиб кулмоқ ва саҳар вақтини уйқуда ўтказмоқдир”.

Кўриниб турибдики ҳазрати Исо (а.с.) олимлардан “ер юзининг тузи” дея сўз юритмоқда. Чунки оддий халққа таълим бериб, уларни охират йўлига йўналтиражак инсонлар-олимлардир.

Агар олимлар ҳам бузилсалар, охират йўлидан айрилсалар, у ҳолда оддий халқни охират йўлига ким йўналтиражак?

Ҳазрати Исонинг “ўргатганингиз илм эвазига ҳеч бир ажр-мукофот олманглар, фақат менга берганингиз каби ужрат олинглар”, деган сўзларининг маъноси шуки, олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир, пайғамбарлар эса, берган илми учун пул олмайдилар. Зотан Аллоҳ таоло шундай буюради:

Де-ки,” мен сизлардан бу (даъватим) учун ажр-мукофот сўрамайман. Фақат қариндошчиликдаги дўстлик-яқинликнигина (истайман).(Шўро 23).

Бошқа бир оятда шундай дейилади:

Айтинг: “Мен сизлардан сўраган бор ажр-мукофот ўзларингизга бўлсин (яъни мен сизлардан бирон ажр-мукофот сўрамасман). Менинг ажр-мукофотим ёлғиз Аллоҳнинг зиммасидадир. У барча нарсага гувоҳдир”. (Сабаъ 47).

Бунга кўра, олимлар ҳам пайғамбарлар каби билгани билгилар қаршисида ужрат олмасликлари керак.

Сабабсиз кулишга келсак, бу макруҳдир. Қаҳ-қаҳа отмоқ фақат аҳмоқ инсонларга хос ҳаракатдир.

Саҳар вақтини уйқуда кечирмоқ ҳам бир маънода ахмоқликдир.

Зотан Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Куннинг бошида ухлаш – ахмоқликдир, кун ўртасида ухлаш – яхши феъл, сўнггида (оқшомга яқин) ухлаш – жоҳиллик аломатидир”.

Ибн Умардан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом бир марта кутилмаганда саҳобийлар суҳбатлашиб ўтирган уйга кирди ва уларнинг кулишганини кўрди. Ва у саҳобийларга қараб:

–  Кайфу – сафони илдизи билан қўпорадиган воқеани эсланглар!, – деди.

–  Надир у?, – деб сўрашди саҳобийлар.

–  У ўлимдир, –  деди Расулуллоҳ алайҳиссалом.

Яна бир марта саҳобийларнинг кулишиб ўтирганига дуч келган Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деди:

– Нафсимни қудрат қўлида тутган Аллоҳга ямин этаман-ки, менинг билганларимни билсангиз эди, оз кулиб, кўп йиғлардингиз. (Муслим).

 Бошқа бир кун худди шундай кулишиб ўтирган саҳобийларни кўриб, Расулуллоҳ алайҳиссалом:

– Исломият ғариб келди, ғариб кетажакдир. Қиёмат куни ғариблар нақадар бахтлидир!,- деди.

– Қиёмат куни ғариблар кимлардир?,- деб сўрашди саҳобийлар.

– Инсонлар бузилганда бузилмай қола-билганлардир,- деб жавоб берди Пайғамбаримиз алайҳиссалом. (Имом Бухорий).

Исхоқ бин Мансурнинг айтишига кўра, Ҳазрати Мусо Хизир алайҳиссаломдан айрилар экан, унга “Менга бир ўгит бер”, деди.

Хизир алайҳиссалом унга шундай деди:

“Эй, инсон боласи, зинҳор қаттиқ ва қайсар бўлма, кераксиз жойга қадам ташлама. Беҳуда қаҳ-қаҳа отма. Бошқаларнинг хатоларини айблаш ўрнига ўз хатоларингга йиғла”.

Авф бин Абдуллоҳнинг айтишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳисалом ҳеч қачон кулмасди, фақат кулимсарди. Ва бировга қарар экан, унга бутун вужуди билан айланиб қарарди.

Бу ривоятдан келиб чиқадиган хулоса, қулимсираш мубоҳдир, қаҳ-қаҳа отмоқ ёмондир.

Зотан, Аллоҳ таоло шундай деган:

“Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари жазосига озгина кулсинлар ва кўп – абадий йиғласинлар”! (Тавба 82)

Рабий бин Ҳайсам бу оятни “дунёда оз кулсинлар, охиратда кўп йиғласинлар” дея тафсир қилгандир.

Айтишларича, Ҳасан Басрий қаҳ-қаҳа отган бир ёш йигитни кўриб, унга “Болам, сирот кўпригидан ўтдингми?” дебди. Йигит “йўқ”, деб жавоб берибди. Ҳасан Басрий “Жаннатгами Жаҳаннамгами киришинг маълум бўлдими?”, деб сўрабди. Йигит яна “йўқ”, дебди.

“У ҳолда сенинг отган қаҳ-қаҳанг сабаби надир?”, дебди Ҳасан Басрий. Бу воқеадан кейин ўша ёш йигитнинг қаҳ-қаҳа отганини ҳеч ким кўрмабди.

Ҳа, эскининг олимлари шундай эди. Яъни улар ўгит берганда, уларнинг айтган сўзлари қалбларни таъсирлантирарди. Чунки улар билган билимига амал қилар эдилар. Аммо бугуннинг олимлари ўз билганларига амал қилмаганлари учун илмларининг ҳам ҳеч кимга фойдаси йўқ.

Ибн Аббосдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Ким кулиб гуноҳ ишласа, йиғлаб жаҳаннамга кирар”. (Муслим)

Айтилишига кўра, дунёда кўп кулганлар охиратда кўп йиғлайдилар. Дунёда кўп йиғлаганлар охиратда кулажаклар.

Яҳё бин Муознинг айтишига кўра, шу тўрт нарса мўъминни кулишдан, нашъаланишдан тийиб туради:

1.Охират қўрқуви

2.Рўзғор ташвиши

3.Гуноҳларнинг берган қайғуси

4.Изма-из келган мусибатлар.

Яъни бу тўрт нарса мўъминни машғул этмоғи керак, уни кулиб, ўйнамоқдан узоқ тутиши керак. Чунки кулмоқ мўъминга ярашадиган феъл эмасдир.

Зотан, Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай дейди:

“Ҳали сизлар шу Сўздан (Қуръондан) ажабланяпсизларми? Йиғламасдан, ғофил бўлган ҳолларингизда куляпсизларми?!” (Нажм 59-61).

Айтилишига кўра, инсонлар шу беш дард билан яшамоғи керак:

1.Ўтмиш гуноҳларининг дарди, қайғуси. Чунки уларнинг авф этилиб – этилмагани ҳали маълум эмас.

2.Инсон баъзи яхшиликлар қилган, аммо буларнинг ҳам қабули ҳали аниқ эмас.

3.Инсон умрининг яшаган қисмини билса ҳам, яшамаган қисмида нималар бўлишини билмайди.

4.Инсон охиратда икки юрт (жаннат-жаҳаннам) бўлишини билади, аммо улардан қай бирига кетишини билмайди.

5.Инсон Аллоҳ ундан розими ёки рози эмасми, буни билмайди.

Ҳаётда экан, бу беш нарса ҳақида давомли ўйлаган инсон кулишга фурсат тополмайди.

Бу беш нарсани ўйлаб қайғуга ботмаган киши эса ўлгандан сўнг шу беш нарсага дуч келади:

1.Ҳалол-ҳаром демай тўплаб, энди ўзига душманга айланган ворисларига қолдирган мерос ҳасрати.

2.Амал дафтаридаги яхшиликларнинг оз эканини кўриб, яхши амал ишлашни кечиктириб келгани учун пушаймонлик.

3.Амал дафтаридаги гуноҳларнинг кўплигини кўриб, такрор дунёга қайтиб, тавба этиш имкони бўлмагани учун чекилган изтироб.

4.Қиёмат куни ўзига қарши даъвочи бўлганларнинг кўплигини кўрмоқ ва уларни рози қилиш учун уларга яхши амалларини беришдан бошқа чора топаолмаслик.

5.Аллоҳни ўзига қарши ғазабнок кўрмоқ ва уни ҳушнуд этишнинг йўлини топаолмаслик.

Абу Зарр ал-Ғифорийдан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деган:

“Агар менинг билганларимни сизлар билсангиз эди, кўп йиғлаб, оз кулардингиз. Агар менинг билганларимни сизлар билсайдингиз, тоғларга чиқиб, Роббингизга сиғинар ва йиғлардингиз. Менинг билганларимни билсайдингиз, хотинларингиз билан ўйнашмасдингиз, ётоқларингизда бемалол ухлай олмасдингиз. Аллоҳ мени яратган куни инсон қилиб яратишнинг ўрнига кесилишга маҳкум бир дарахт қилиб яратсайди!”

Ҳасан Басрийга кўра, мўмин ҳазин оқшомга кириши ва ҳазин тонг оттириши лозим.

Зотан, Ҳасан Басрийнинг ўзи ҳам худди бошига буюк мусибат тушган киши каби кўринарди. Бошқа бир ривоятга кўра, у аксарият ҳолларда, худди онасини ҳозиргина тупроққа берган инсон каби кўринарди.

Авзои Қуръони Каримнинг “Каҳф” сураси, 49-ояти бўлган “Ҳолимизга вой бизнинг, бу қандай китоб-ки, на кичик, на катта (гуноҳ) қолдирмай, ҳаммасини ҳисоблаб- битиб қўйибди”, оятини тафсир этиб, “кичик гуноҳ” деганда, секин кулмоқ, “катта гуноҳ” деганда қаҳ-қаҳа отиб кулмоқ назарда тутилгандир”, деган.

Демак, қаҳ-қаҳа отмоқ ҳам катта гуноҳга кирар экан.

Абдуллоҳ бин Амр ибн-Ал Осс (Аллоҳ ундан рози бўлсин) дейдики:

“Менинг билганларимни билсангиз, кўп йиғлаб, оз кулардингиз. Менинг билганларимни билсангиз, белингиз сингунча сажда этиб, овозингиз кесилгунча фарёд этардингиз. Йиғлаб, Аллоҳнинг даргоҳига йўналинг. Агар йиғлай олмасангиз, йиғлагандай қилинг”.

Муҳаммад бин Ажлон бир ҳадисни изоҳлар экан, шундай деди:

“Қиёмат куни шу учтаси мустасно, бутун кўзлар йиғлаяжак:

1.Дунёда Аллоҳ қўрқуси билан йиғлаган кўз.

2.Аллоҳнинг ҳаромларига боқишдан қўрққан кўз.

3.Аллоҳ йўлидаги жиҳодда, навбатда турганда кўзини юммасдан тонг орттирган кўз.

Абу Ҳанифа (Аллоҳ ундан рози бўлсин) дейди.

“Умримда бир марта кулдим. Аммо бу қилмишимга ҳам пушаймон бўлдим. Воқеа шундай содир бўлди. “Қадария” фирқасининг катталаридан Амр бин Убайд билан тортишаётгандим. Тортишмада ғолиблигимни ҳис этганимда, бирдан кулиб юбордим. Мен билан баҳслашаётган киши менга “илмий баҳс асносида сен қандай куласан?”, деди. Мен кулганимга пушаймон бўлдим. Чунки агар ўша пайтда кулмасайдим, Амр бин Убайдга фикримни қабул эттиражак эдим. Агар бунга эришсам эди, илм йўлида катта бир қулайликни қўлга киритган бўлардим”.

Обидлардан Муҳаммад бин Абдуллоҳ “керакмайдиган нарсаларга боқишни тўхтатган одам ҳушу (ихлос) соҳиби бўлишга эришади. Такаббурликни ташлаган киши камтар бўлишга муваффақ бўла олади. Кўп гапиришни тарк этган одам ҳикмат соҳиби бўлиши мумкин. Мечкайликдан қочган киши ибодатдан лаззат олишга эришади. Ҳазилкашлик ва масхара қилишни ташлаган киши ўз қадрини топади. Бошқаларнинг мол-мулкига кўз тикмаган киши инсонлар севгисига сазовор бўлади. Аллоҳнинг сифатлари ҳақида сўз юритишни ташлаган одам мунофиқликдан сақланади”, деган.

Ривоят этилишига кўра, Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Каҳф” сурасидаги 82-оятни изоҳлар экан, шундай деди:

“Йиқилай деб турган, аммо Хизир тарафидан тўғрилаб қўйилган деворнинг остида устига шу беш сатр ёзилган бир олтин лавҳа бор эди:

1.Ўлишини аниқ билган одамнинг қандай нашъаланишига ҳайратланаман.

2.Жаҳаннамнинг борлигига қаттиқ ишонган одамнинг қандай кулишига ҳайрон бўламан.

3.Қадар (тақдир) нинг ҳақиқий эканлигини билган кишининг қандай хафа бўлишига ҳайрон бўламан.

4.Дунёнинг ўткинчилигига ва унинг ҳеч кимга ёр бўлмаганига инонган кимсанинг унга қандай инонганига ҳайронман.

5.Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур Расулуллоҳ.

Собит-ул Банноний (унга Аллоҳ раҳмат айласин) дейди:  “Мўъминнинг кулиши унинг охират ҳақидаги ғофиллигидан келиб чиқади. Агар бу ҳақда билгиси бўлсайди кулмасди”.

Айтишларига кўра, шу уч нарса қалбнинг қорайишига йўл очади:

1.Бекорга қаҳ-қаҳа отмоқ..

2.Оч бўлмасдан овқатланиш.

3.Бўлар-бўлмас гапирмоқ..

Беҳоз бин Ҳакамнинг отасидан ва отасининг эса бобосидан ривоят этганига кўра, Пайғамбаримиз шундай деган:

“Ёнидагиларни кулдириш учун ёлғон сўйлаган кишининг вой ҳолига, вой ҳолига, вой ҳолига!”

Абу Ҳурайрадан (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят этилишича, Пайғамбаримиз алайҳиссалом унга шундай деган:

“Эй, Абу Ҳурайра, тақво соҳиби бўл-ки, инсонларнинг энг кўп ибодат этганлардан бўлгайсан. Қаноаткор бўл-ки, инсонлар ичида энг шукр этгани бўлгайсан. Ўзинг учун нени истасанг, бошқа учун ҳам шуни иста-ки, мўмин бўлгайсан. Қўшниларинг билан аҳил бўл-ки, мусулмон бўлгайсан. Ва оз кулгин. Чунки кўп кулиш қалбни ўлдиради. (Бухорий).

Аҳмад бин Қайсга кўра, Ҳазрати Умар (ундан Аллоҳ рози бўлсин) деди-ки:

“Ким кўп кулса, ҳайбатини йўқотар, бошқалар кўзида ҳурмати озаяр. Ким бировларни масхара қилса, ундай кишига жиддий қарамаслар. Ким бир нарсани тез-тез такрорласа, ўша билан машҳур бўлади. Кўп гаплаган одам кўп хато қилар, уялиш туйғусини йўқотар. Кимнинг уялиш туйғуси заифлашса, тақвоси озаяди. Тақвоси озайганнинг қалби ўлар. Кимнинг қалби ўлса, у жаҳаннамлик бўлишга лойиқ бўлар”.

Бунга кўра, биродарим, қаҳ-қаҳа билан кулишдан эҳтиёт бўлишинг лозим. Қаҳ-қаҳа билан кулишнинг шу саккизта зарари бор:

1.Олимлар ва оқилларнинг назаридан тушасан.

2.Аҳмоқ ва жоҳиллар сенга гап ота бошлайдилар.

3.Агар жоҳил эсанг, жаҳолатинг ортади, агар олим эсанг, илминг камаяди. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг  айтишига кўра, “Олим бир қаҳ-қаҳаси билан илмининг бир қисмини узоқларга улоқтирган бўлади”.

4.Қаҳ-қаҳа ўтмиш гуноҳларингни унутишингга йўл очади.

5.Қаҳ-қаҳа илгарида гуноҳ ишлашга журъатингни орттиради.

6.Қаҳ-қаҳа ўлимни, ўлимдан сўнгра келадиган оҳират соатларини унуттиради.

7.Сен кулдирганларнинг гуноҳлари ҳам сенга юкланади.

8.Дунёда қаҳ-қаҳа отган охиратда кўп йиғлаяжакдир.

Аллоҳ таоло шундай буюради:

“Бас, ўзларининг касб қилган нарсалари жазосига  озгина  кулсинлар, кўп – абадий  йиғласинлар!” (Тавба 82).

(давоми бор)
Муҳаммад Солиҳ таржимаси