O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Кўрилган зарарни ким қоплайди?

Кўрилган зарарни ким қоплайди?
138 views
04 August 2014 - 11:21

1Бир неча ойдирки Тошкентдаги хусусий ёпиқ акциядорлик банки бўлган «Hi-Tech Bank» ўзининг инқирозлик кунларини яшамоқда, деб ёзади podrobno.uz.

Гап шундаки банкнинг ҳисобида ҳеч нарса қолмаган. Натижада эса банк мижозлари ўз ҳисобларидан ташқи тўловларни, жумладан, солиқлар ёки товарлар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошира олишмаяпти. Бу ҳолатда мижозларнинг ўз ҳисоблардан пулларини чиқариб олиш ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Яқин кунларгача банк ходимлари корпоратив мижозларга ўз пулларини муқобил йўл билан – пластик карталарга ўтказиш орқали чиқариб олишни таклиф қилиб келишаётганди. Эндиликда бу процедурани ҳам амалга ошириш имконсиз. Пластик карталарга ўтказиб олишга улгурмаганлар эса ҳеч нарсасиз қолишди.

Бунинг оқибатида шундай вазият юзага келганки ким айбдорлигини аниқлашнинг иложи йўқ. Ҳар доимгидек зарар кўрган мижозлар орасида турли хил фикрлар юзага келган. Банк раҳбарияти эса бу борада ҳеч қандай тайинли изоҳ бермаган.

Баъзиларнинг фикрича, банк таъсисчилари ҳисобдаги барча пулларни олиб қаёққадир қочиб кетишган. Бошқа тахминларга кўра, банк томонидан хизмат кўрсатиладиган корпоратив мижозларнинг аксариятини авиакассалар ташкил қилган. Ушбу молиявий идоранинг асосий капитали эса асосан уларнинг маблағларидан иборат бўлган. Валюта амалиётларини амалга ошириш учун банкнинг лицензияси бўлмаганлиги туфайли бозорнинг мазкур бўғини вакиллари авиабилетлар савдоси мавсумининг энг қизғин палласида банкдаги ўз ҳисобларини ёпишга ва бошқа молиявий муассасаларга ўтиб кетишга мажбур бўлишган.

Бу эса, ўз навбатида банкдан йирик миқдордаги маблағнинг ва мижозларнинг чиқиб кетишига олиб келган. Оқибатда «Hi-Tech Bank» ҳисобида ҳеч вақо қолмаган ва қолган мижозларга пулларини қайтариб бериш лаёқатига ҳам эга эмас.

Ҳозирда банкнинг ўзини ўнглай олиши ёки банкрот деб эълон қилиши масаласи номаълум. Яна бир савол очиқлигича қолмоқда: Ўз пулларини олишга улгурмаган мижозлар учун кўрилган зарарни ким қоплайди?

ЎХҲ ахборот бўлими