O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Лех Валенса: “Путинни тўхтатиш керак. Бизга ядро қуроли беринг!”

Лех Валенса: “Путинни тўхтатиш керак. Бизга ядро қуроли беринг!”
133 views
07 October 2014 - 10:44

4

“Путин масъулиятсиздир. У Украинадаги каби Польшада ҳам хаос яратмоқчи. Шунинг учун биз НАТОдан ўз тасарруфидаги энг яхши ядро каллакли ракеталарни беришини истаймиз ва биз уларни керакли мўлжалга қаратиб ўрнатамиз”, – дея баёнот берди “Солидарность” лидери Лех Валенса Италиянинг La Stampa газетаси муҳбири Марко Бардаццига берган интервьюсида.

“Агар кунлардан бирида улар Гданьскка бостириб киришадиган бўлса, биз Москвага ҳужум қиламиз”, – дея таъкидлайди полшалик сиёсий арбоб.

“Биз Россияни севамиз, бироқ у ўзбошимчаликни тўхтатиши лозим. Бизга Россия керак, бироқ маданийлашган ҳолда керак. Лекин улар ўз ички сабаблари туфайли ҳамиша ўзларига душман орттиришади. Бу эса нотўғридир”, – дейди у.

“Улар Украинани ўзларига бунчалик кучли қаршилик кўрсатади деб ўйлашмаганди. Улар жуда кучли рақибни танлаб қўйишди ва энди нима қилишни билишмаяпти”, – дея қайд қилади Валенса Италия нашрига берган интервьюсида.

“Мен бундан 25 йил олдин Россиянинг Шарқий Оврўпа давлатларидаги агрессив озчилик орасида фитна чиқариши ҳақида гапирганман. Ислоҳотлар олиб бориш узоқ вақт талаб қилади. Улар эса бу муддат ичида ушбу мамлакатларни ўз тарафига оғдириш учун норози кайфиятдаги озчиликдан фойдаланиб қолишади. Улар Совет Иттифоқини қайта тиклашлари мумкин эди. Бироқ эндиликда улар танкларни танлашди. Бу эса уларнинг хатоси”, – дейди афсус билан Валенса.

“Украина инқирозидаги АҚШнинг роли ҳақида гапирадиган бўлсак, улар Украина ва Россия ўртасида тинчлик ўрнатишлари керак эди. Улар урушга йўл қўймасликлари керак эди. Энди эса бунинг ечими бизга ва Украинага ракеталарни беришдир”, – дейди Польша собиқ президенти Лех Валенса.

ЎХҲ ахборот бўлими