Лондонда сиёсий айблар билан Ўзбекистон қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаган ва ўтаётган тўрт нафар таниқли шоир ва ёзувчиларнинг асарлари ўзбек ва инглиз тилларида нашрдан чиқди.
Унга қарийб 17 йиллик қамоқдан сўнг 2013 йил апрелида озодликка чиқарилган Мамадали Маҳмудов (адабий тахаллуси-Эврил Турон) , 2001 йилда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ертўласида ҳаётдан кўз юмган Эмин Усмоннинг роман ва қиссалари , шунингдек, ҳозирда жазо муддатини ўтаётган инсон ҳуқуқлари фаоли, шоир ва мустақил журналист Дилмурод Саййид ҳамда таниқли футбол шарҳловчиси ва диний-маърифий дастурлар муаллифи Хайрулло Ҳамидовнинг шеърлари киритилган.
“Бу тоғлар – улуғ тоғлар” деб номланган биринчи китобга Мамадали Маҳмудовнинг совет даврида қисман эълон қилиниб, кейинроқ тақиқланган “Ўлмас қоялар” романи, шунингдек, “Туманли кунлар” қиссаси, марҳум Эмин Усмоннинг эса “Томир” қиссаси киритилган.
“Туманли кунлар” ва “Томир” биринчи марта китоб ҳолида чоп этилмоқда.
Китобга филология фанлари доктори Ботир Норбой сўзбоши ёзган.
“Маҳкумлар қўшиғи” номли иккинчи, шеърий китобга эса Дилмурод Саййид ва Хайрулло Ҳамидовларнинг шеърлари жамланган.
Китоб Австрияда яшаётган таниқли ўзбек шоири Ёдгор Обиднинг сўзбошиси остида чоп этилган.
Ҳар икки китобдаги насрий ва ва шеърий асарларнинг аксари биринчи марта дунё юзини кўрмоқда.
Китобга асарлари киритилган барча муаллифларга Ўзбекистонда норасмий тақиқ қўйилган.
Ҳар икки китобнинг PDF версияларини яқинда интернетдан ўқиш мумкин бўлади.
Ўзбек адибларининг китоблари Англия PEN клубининг “Қамоқдаги адиблар” дастури тавсияси билан “Сорос жамғармаси”нинг молиявий кўмагида чоп этилган.
Лойиҳа раҳбари-Паҳлавон Содиқ, муҳаррир-Абдулкарим Баҳриддин.
Китоб нусхасини олмоқчи бўлсангиз, қуйидаги электрон манзилга мурожаат қилинг: uzbekwriters@gmail.com