Демократия + Озодлик = Натижасизликми?
Токи XXI асргача биз бир фикрга ишониб келдик: “Золим ҳукмдорлар қудратдан кетказилса ва демократия йўлидан борсак, ҳуррият ва эркинликка эришамиз”.
Назаримизда, демократик ва эркинлик эгизак тушунчалар эди.
Бу тушунчаларни рўкач қилган Ғарб мана ҳозиргача Афғонистон, Ливия ва Ироққа ўз демократиясини ўтказиш ва ўрнатишга уринмоқда.
Тарихга назар ташласак, XX асргача яшаган донишманд ва сиёсатчилар “Демократия асло эркинлик, деган гапни англатмайди, балки шахс озодлигини чеклайди” – деб ўйлашган.
Масалан XIX асрда яшаган либерал Жон Стюарт Милл бутун умр демократия учун курашган. Аммо уни бир нарса хавотирга солган: Демократия шароитида кўпчилик овозига эришган ҳукуматлар бемалол кўпчилик номидан иш тутиб, шахсий эркинликларни бўға бошлашади.
Файласуф Миллнинг тутинган ўғли Бертранд Рассел эса II Жаҳон Урушидан кейинги Британия анча демократик бўлганини қайд этади, аммо айни шу даврда инсоний эркинликлар ҳам чекланганидан ҳайратга тушганди.
Кейин худди тутинган отаси каби Рассел ҳам “демократия бир нарса, аммо эркинлик тамоман бошқа нарса экан” деган хулосага келади.
Бугун айни фикрни кўпчилик қабул қилмайди. Лекин аслида бу – тўғри хулоса. Ҳар инсон ўзига хос, алоҳида ва фарқли истак-иродага эга.
Демократия шароитида эса йирик жамоанинг қай йўлдан кетишини белгилаш йўлида ҳар инсон ўз овозини беради. Бу яхши нарсага ўхшайди.
Лекин агар сен яшаётган жамиятдаги аксарият одам демократик сайловда овоз бериб, сенинг истагингга қарши йўлни танласа, тамом, сенинг шахс сифатидаги истак-ироданг ва эркинлигинг чекланади – қолади.
Тўғри, айрим эркинликларга сиёсий қарор ва ўзгаришлар дахл қилмаслигини таъминловчи қонунлар мавжуд.
Бироқ сиёсат шундай нарсаки, у бемалол қонунларни айланиб ўтиш йўлини топади. Давлат заиф бўлган ҳолатларда эса шахс эркинликларини таъминлаш деярли имконсиз бўлади.
Хуллас, эркин яшаш йўлида бизга фақат золим ва яккаҳоким ҳукмдорлар тўсиқ қўйишмайди.
Демократик, аммо эрксиз ўлкалар
Ироқни олсак. У ерда сайланган парламент ва бош қонун бор. Ироқ Саддам Ҳусайндан қутулди. Лекин бу мамлакат ундан кейин эркинликни қўлга киритдими? Афсуски, “ҳа” деб жавоб бериш мушкул.
Ёки Қирғизистонга назар ташласак. Бу ерда минтақада илк бора парламент бошқаруви йўлга қўйилди ва бутун “демократик дунё” Қирғизистоннининг мазкур “улкан ютуғини” олқишлади.
Қирғизистон фикр эркинлиги нуқтаи назаридан ҳамон илғор мамлакат саналади. Халқ қўзғолонлари орқали у ерда бир неча бор тузумлар ўзгарди.
Лекин Қирғиз давлати ҳар вақт заиф бўлиб келган ва у ерда қонун устиворлигини ўрнатиш амримаҳол.
Инсон ҳуқуқлари фаолларига кўра, миллий низолардан қарийб уч йил ўтиб, бу ердаги озчилик ўзбеклар ҳамон камситилмоқда ва жазоланмоқда.
Ўзбеклар баъзи жойларда ҳатто оқшом кўчага чиқишга қўрқишларини, етакчи миллат вакиллари ҳақоратларига чидаб яшашга мажбур бўлишаётганини айтишади.
Бунга чидолмаган ўн минглаб ўзбеклар эса қанчалик қийин бўлмасин, Россияга чиқиб кетишмоқда. Чунки демократик Қирғизистонда кўпчилик истагига қарши бориб, камчиликнинг ҳуқуқларини тўла таъминлаб бўлмаяпти.
Кўпчилик қирғизлар овоз берган демократик сайловда эса парламентга аксар қирғиз миллатчилари келишганди.
Миллатчиларга фойдали демократия
Оврўподаги демократия ҳам миллатчиларга жуда қўл келаётгани айтилади.
Бир неча йил олдинги демократик сайлов натижасида Австрияда миллатчилар қудрати ошди.
Ҳозир аксар сайловчилар овозига таянадиган Оврўпонинг қатор демократик мамлакатларида аксилмуҳожирот кайфиятлари кучлилиги ва иқтисодий инқироз туфайли миллатчилик ҳамда ирқчилик бўй кўрсатмоқда.
Демократик сайловларда кўплаб сайловчилар миллатчи мавқеаларини ўз овозлари орқали билдириб, жамиятда кучайтира бошлашган.
Тўғри, Оврўпода яна 1930-йиллардаги каби миллионлаб инсонлар ёстиғини қуритган қатлиомлар келиб чиқиши эҳтимолини барча рад этади. Бироқ хавотирлар кучли.
Британиялик бир газетхон “Жамиятимизда кўпчилик муҳожиротга қарши, аммо аҳолиси кексаётган ва камаётган Оврўпо учун бу муҳожирлар ишчи кучи ва малакаси кераклигини билиб турган раҳбарлар халқ олдига чиқиб, бизга муҳожирлар керак дейишга ботина олишмайди” деб ёзганди.
Сабаби – сиёсий раҳбарлар демократия шароитида кўпчилик истак-иродасига қарши боришга ботина олмайди. Бу қадам ҳокимиятдан кетишга ҳам етаклаши мумкин.
Демократия ва Толибон
Марказий Осиёга қайтсак. Минтақада Ғарб ҳозир демократия ўрнатаётган мамлакат – Афғонистон. У ердаги матбуот ва сўз эркинлиги бир қарашда бутун Марказий Осиё учун кўз-кўз қилгудек.
Лекин бу аслида урушларга ўралашиб қолган мамлакатдаги тартибсизлик ва қонунсизлик натижаси эмасми, деган саволлар ҳам бор.
Агар Карзай ҳукумати бутун мамлакатни тўла назоратига олса, у ҳолатда афғонларнинг фикр айтиш эркинлиги ҳозиргидек бўлармиди? Жавоб – номаълум. Лекин маълуми шуки, кўплаб афғонларнинг айтишича, кучли ҳукумат бўлса, кўпчилик истаётган қонун устиворлиги ва тинчлик нисбатан ўрнатиларди.
Демократиянинг ашаддий душмани саналган Толибон даврида Афғонистонда қонунлар нисбатан таъминланган ва одамлар талончилар ё қуроллилардан қўрқмасдан, бемалол мамлакат бўйлаб кеза олишганини эслашади.
Тўғри, Толибон қонунлари ўта эркинликни чекловчи ва репрессив бўлган, лекин бу энди бошқа масала.
Ҳозирги Афғонистонда эса одамлар нафақат урушлардан, балки қуролли қўмондонлар, жиноятчилар ва қонунсизликдан қўрқиб яшашади. Мавжуд демократия бу муаммоларни ҳал этишга қодир эмас.
Демократик андазаларга мослаб ўтказилаётган сайловлар эса у ердаги минтақавий ҳамда миллий бўлинишни янада кучайтираётгани айтилади.
Булар – демократия ва эркинлик орасидаги муносабатга оид сўнгги мисоллар. Аҳвол тарихан ҳам шундай бўлиб келган ва келажакда ҳам қанчалик ўзгариши номаълум.
Демократик Британиянинг собиқ Бош вазири Уинстон Черчилль айтмоқчи: “Демократия ёмон, лекин инсоният ҳали ундан яхшисини ўйлаб тополмаган”.