Бундан 7 йил муқаддам, 2005 йилда ёзилган “Қатлиом” деб номланган мақоламизда (maksudbekjan.org) биз яқин келажакда Русия таркибидаги турк қавмлари яшайдиган автоном жумҳуриятларнинг номлари ўзгартирилажаги, аниқроғи, бу жумҳуриятлар номидан ушбу ҳудуд эгалари ҳисобланган турк халқларининг миллий номлари олиб ташланажаги эҳтимоли ҳақида ёзган эдик. Бугун, таассуфлар бўлсинки, ўша тахминларимизнинг тўғри чиқаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
“Қатлиом” номли маколада биз Русия ҳудудида миллий ҳудудлар сифатини фақат рамзий ўлароқ ташиётган, ассимиляция ва руслаштириш сиёсати туфайли миллий ўзликлари аллақачон бир афсонага, сояга айланган Корякия, Таймир, Эвенкия, Ненец, Коми каби автоном жумҳуриятларнинг номлари йўқ этилаётгани, улар Красноярск, Иркутск, Мурманск, Архангельск вилоятларига қўшиб олинаётгани ҳақида гапириб, агар бундай этник-маданий қатлиомга қаршилик кўрсатилмаса, навбат яқинда Русиядаги Бошқирдистон, Татаристон, Ёқутистон, Олтой ўлкаларига келажаги, уларнинг ҳам номлари (ва табиийки, шу орқали уларнинг сиёсий иродаси) йўқ қилинажаги ҳақида шундай жумлаларни ёзгандик:
“2005 йилнинг 23 октябр куни миллий озчиликларнинг номини админстаратив-территорриал атамалардан олиб ташлашни кўзда тутган ана шундай сиёсий тадбирлардан бири амалга оширилди – Камчатка ўлкаси ва Корякия автоном округини бирлаштириш ҳақдаги референдум бу ҳудудларда муваффақият билан ўтказилди: овоз берганларниинг 85 фоизи бу иккита Русия субъектининг қўшилиши учун, 15 фоизи эса, бунга қарши овоз берган…Бу референдумдан сал илгарироқ, шу йил баҳорида, 22 апрел куни эса, бирданига Русия таркибидаги иккита миллий террриториал субъект – Таймир (долган-ненетс) автоном округи ва Эвенкия автоном округи референдум орқали Краснояр ўлкаси таркибига қўшиб олинган эди. Яқин орада Адигая мухтор округи Краснояр ўлкасига, Уст Орда автоном округи Иркутск вилоятига, Ненец автоном округи ва Коми автоном жумҳурияти эса, Архангелск ва Мурманск вилоятларига қўшиб олинади. Агар бу режалар амалга ошса, кейин навбат Русия таркибидаги турк қавмлари яшайдиган Бошқирдистон, Татаристон, Ёқутистон, Чувашистон, Олтой ўлкаларига келади. Айтгандай, ўтган йили Олтой республикасини Олтой ўлкасига қўшиб олишга уруниш бўлди, аммо Олтой жумҳурияти маъмуриятидан бунга қарши чиққанлар бўлгани учун бу иш сал орқага сурилди”.
Бугун, орадан 7 йил ўтиб, ушбу жараённинг изчиллик билан давом эттирилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.”Известия” газетасининг ўтган ҳафта, 16 ноябр кунги сонида чиққан “Миллий республикалар номини ўзгартириш таклиф қилинмоқда” деб номланган мақолада (http://izvestia.ru/news/539729) бу ҳақда шундай ёзилади:”Доғистонликлар Кабардино-Балкарияни Приэлбрус респубиласи деб, Татаристонни Қозон республикаси, Бошқирдистонни эса, Уфа республикаси деб аташни таклиф қилмокдалар”.
Бундай таклифлар, ҳар доимгидай, энг аввал маҳаллий аҳоли вакиллари, тўғрироғи, у ердаги коллаборационистлар тарафидан киритилади ва кейин “маҳаллий аҳоли истакларини инобатга олишга мажбур бўлган” марказ – Москва тарафидан ҳаётга тадбиқ қилина бошлайди. Бу – “совет одамлари қалбларига яқин” эски коммунистик империя анъаналардан биридир.
Фикримизча, Русиядаги турк жумхуриятларига нисбатан тадбиқ этилиши кўзда тутилаётган бундай ассимилиция сиёсати Корякия ва ёки Эвенкиядаги сингари муваффақиятга эришмайди, чунки, бу турк жумҳуриятлари халқлари сўнгги ўн йиллар ичида ўзларини ёлғиз эмас, балки, Буюк Турк дунёсининг бир парчаси сифатида ҳис қила бошлаганлар. Бу туйғу Русиядаги турк халкларини русларнинг ассимиляция сиёсатига қарши қўя оладиган кучли иммунитетлардан биридир.
Мақсуд Бекжон