O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мавлуди шариф – 1

Мавлуди шариф – 1
495 views
24 December 2015 - 12:19
АБДУРАУФ ФИТРАТ

АБДУРАУФ ФИТРАТ

АБДУРАУФ ФИТРАТ            

МАВЛУДИ ШАРИФ

ёхуд Хайрул-башар мироти (расул ойнаси)

Бисмиллоҳур-раҳманур-раҳим,
Даргоҳинг ҳижобидир жаҳим[1].

Ер, кўк яратгувчиси номин,
Зикр этсак, топар дил комин[2].

Жаҳонни яратган доно У,
Бу ишда қодири танҳо У.

Ўлмас, бордир бу Подшоҳ абад,
Йўқ Унда аёл, қардош, фарзанд.

Жаҳонни яратган ул Худо,
Жисм ила жонни қилган ато,

Қудрати-ла ердан фазогача,
Ясади дил яйрар бир боғча.

Ҳар буржига кенг ариқ ила,
Берди кўп чиройли манзара.

Ям-яшил, феруза ранг кошин,
Тўшаб, остини қилди нақшин.

Баланд шифт ясади самодан,
Ёғдули машъал оймомодан.

Бергач бу боғ камолдан нишон,
Аллоҳ қудрати бўлиб аён.

Бермоқ истаб бу боғни кимга,
Ки бўлса лойиқ бу наим[3]га.

Берди башар-ла ерга зийнат,
Башарга эса маданият,

Тамаддун нуридан қилсин деб,
Ёруғ-равшан ер чаманин деб.

Оёқ қўйгач ер узра инсон,
Уй қуриб, тутди унда макон.

Заминни қилди ўтиб ой-йил,
Ҳаракати ила хуш манзил.

Не ҳаракатким, бу қора хок,
Бўлди андин ойна каби пок.

Қилиб саъй[4], ўзи баҳра олди,
Экиб уруғ, ўзи ўроқ солди.

Ерни шод этиб, яшади шод,
Ишлаб олмаган ким мукофот?

Лек ташлаб олдга неча қадам,
Унутди ичганин Ҳаққа қасам.

Роса қилиб роҳат, айш, сурур,
Текин неъматдан бўлиб мағрур.

Ўзин кўрди ерда ҳукмрон,
Боқмади сира осмон томон.

Наздида тепадан ҳеч бир зот,
Туширмаган пастга уни бот.

Билмади Ҳақ қадрини башар,
Дард топди вужуди, алҳазар.

Аслият, ўй ва ақлу хирад,
Тарк этиб, қилдилар уни рад.

Жаҳолат қоплаб зотин шу тоб,
Обод кўнглин айлади хароб.

Жаҳолат учқуни жон аро,
Тушиб, қилди бор-йўқдин айро.

Қолди бир ҳовуч кул сарбасар[5],
Маданиятдан қолмай асар.

Бу бахтсизлиги  касри уриб,
Ер тароватсиз қолди қуриб.

* * * * *

Арабистондан чиққан набавий шариат

Жоҳиллик оёқ қўйиб жаҳонга,
Иниб кўпи Арабистонга.

Бу учқундан ул ноҳия ловлаб,
Барбару[6]  араб қавмин чулғаб.

Бири оғасин қонин тўкди,
Бири сингил ҳижобин йиртди.

Бири амакисин ўлдирди,
Мерос деб чироғин сўндирди.

Бири бериб отасига заҳар,
Қатлига боғлаб ани камар.

Бири кундуз майдан бадхумор,
Бири тонггача ўйнар қимор.

Оқибат бандасевар Худо,
Раҳм этди бу ҳолга барпо.

Истади бу халқ дарди минбаъд,
Этмай давом, тўхтасин абад.

Башарга кўрсатди бошқа йўл,
Истамади бўлмоғин кўр, гўл.

Чун арабда жаҳолат кўп эди,
Тузатмоқ ани не хўп эди.

Аҳмадга[7] бериб иршод[8] туғин,
Кеткизди эл қоронғулуғин.

Келиб Муҳаммад даврида шавкат,
Тикланди қайта маданият.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.

– Муҳаммадга салом де, эй Худо;
Салом саййидимиз, эй Мустафо.

* * * * *

Набининг насаби баёни

Муҳаммад – икки сарой шоҳи,
Ҳидоят ишининг паноҳи.

Башар оламин сарвару сардори,
Башар ойнасин сайқалкори.

Эди ҳазрат Абдуллоҳ отоси,
Абдмуталлиб эса бобоси.

Чўнг бобо Ҳошим, Абдулманноф,
Ҳар бирин кўнгли ҳийладан соф.

Қуссай, Калоб уларга бобо,
Ғолиб, Фаҳрдан кўриб дунё.

Молик, Назр буларга падар,
Канона-ю Хазима, Модар.

Илёс бин Мазар ибни Низор,[9]
Маъд, Аъднон бу силсилада бор.

Аъднон жадди Исмоил Забиҳ,
Десалар шаксиз бўлур саҳиҳ.

Покдир жаноб расул насабда,
Зоти доғсиз, аъло ҳасабда.

Шариф хонадонидан ҳеч зот,
Булғамаган ўзин бирор вақт.

Отаси, бобосин бобоси,
Ҳақ йўлдан етиб интиҳоси.

Кетишди этаклари тоза,
Салоҳда[10] нажотга[11] андоза.

Не хуш ул хонадонким, ҳеч он,
Тушмаса анга доғу нуқсон!

Ул шарафни бу пок хонадон,
Топди расул қутидан чунон.

Аждодин яхши васфи чексиз,
Башар аълосидан бу шаксиз.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

* * * * *

Пайғамбарлик нурининг Абдуллоҳдан Оминага иниши

Аён бўлишин истаб Худо,
Илоҳий дўст сири олам аро.

Деди: Олам ёғдуси Қуёш,
Чиқарсин Батҳо[12] уфқидан бош.

Ой маъқуллаб танлов[13] сўзини,
Пардадан чиқарсин юзини.

Ахир қуёш нега бекинсин,
Ой нега бўлсин зулмат нишин[14].

Қоронғу тун умри туганди,
Порламоқ вақти белгиланди.

Таратсин ер юзига нурин,
Ҳайдасин жаҳолат ғурурин.

Худо берган бу амру фармон,
Адо бўлди ўтмай ҳеч замон.

Ота белидан ул пок гавҳар,
Омина садафига инди яксар,

Не тоза, не пок садаф эрди,
Илоҳий гавҳарга ҳадаф[15] эрди.

Ул нур инган ўшал кеча-тун,
Бахту иқболдан эрди гулгун.

Бир кечаким, гўё ийд тонги,
Ойдин, соф, ҳайрон киши онги.

Ҳавоси насими мушк таратар,
“Кет, эй ғам” дея наъра тортар.

Тоғу тош, саҳро нурга тўлган,
Бари шодлик либосин кийган.

Жин, малак, дарранда, парранда,
Бир-бирига етказган мужда.

Юлдузлар сипоҳи кўп қувнаб,
Кўк гумбаз аро тортган кенг саф.

Ўртада Ой хатибдек расо,
Нурдан тутиб суянчиқ – асо.

Турар қувноқ, юзи босафо,
Хушхабар хутбасин этиб адо.

Омина шу оқшом туш кўрди,
Қулоғига бир садо кирди.

“Эй, бул диёрнинг саидаси,
Ҳаётинг ниҳолин меваси,

Этар сендан оламга зуҳур,
Оламга бахш этажак сурур.

У башар саййиди, олийси,
Дунё яралишин боиси.

Келиб жаҳолатни қилар йўқ,
Қадамидан тирилар бор-йўқ.

У келганда мисоли юлдуз,
Нуридан тун бўлар кундуз.

Замин, осмон айтар мадҳ, ҳамд,
Шу сабаб номин қўй Муҳаммад.

Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.

* * * * *

Наби отасининг вафоти ва пайғамбарнинг шариф таваллуди 

Кеча оқшом кекса тарихдон,
Қилди менга бу янглиғ баён.
Етгач икки ойга ҳомила,
Рўй берди қайғули воқеа.
Наби отаси ҳазрат Абдулло,
Ёшлик айёми қилмай вафо.
Ота ризоси-ла савдо деб,
Мадина шаҳри қайдо деб.
Кетди ул юртга, бўлди бемор,
Касалидан ўлим намудор[16].
Ғариб шаҳарда топди вафот,
Қолдириб фарзанд, хотин, ҳайҳот.
Тўққиз ойга етгач ҳомила,
Туғиш вақтин билди Омина.
Кўрди ой зиёсидек бир нур,
Ногаҳ чиқди ёқадан масрур.
Кўтарилиб самога бир дам,
Олам зулматига берди барҳам.
Нур етганда ул гардун аро,
Чархда бўлди уч аёл пайдо.
Олиса, Марям, яна бир ҳур,
Ёнида тўкишди савлат, қўр.
Ҳар бири бериб башорат, дер:
Бу боланг жаҳон ғамини ер.
У бўлар башарга далолат,
Ҳомий, шафе рўзи қиёмат.
Бу ўғлингдир ҳабиби Аллоҳ,
Жумлаи жаҳонга раҳнамо.
Бу ўғлинг чироқдир йўл аро,
Халққа раҳбар, русулга[17] пешво.
Бу ўғлингдир шоҳи коинот,
Олам топар файзидан ҳаёт.
Худо лутфи ёр бўлди, шод бўл,
Ўғлинг дилидек сен обод бўл.
Доя бўлибон бу уч пари,
Туғилди икки олам сарвари.
Шариф қадамин қўйгач бу шоҳ,
Замин отди осмонга кулоҳ.[18]
Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.
Ҳар тукинг ости бўлиб оғиз,
Айтгил набига: Хуш келибсиз!
Нур ил-яқинга марҳабо де,
Ҳомийи динга марҳабо де.
Фахри кавну макон, марҳабо,
Файзи икки жаҳон, марҳабо.
Зикри ороми жон, хуш келдинг,
Исми тилда ҳар он, хуш келдинг.
Жабраилга ошно, хуш келдинг,
Рафраф[19] минган доно хуш келдинг.
Барчага абад қибла, марҳабо,
Барча умидга каъба, марҳабо.
Сахо осмонига қуёш, марҳабо,
Динга ҳоми-ю бош, марҳабо.
Файзу русул фахри, марҳабо,
Муршид, ҳиммат баҳри,[20] марҳабо.
Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.

(Давоми бор)

[1] Жаҳим – дўзах; дўзах олови.
[2] Ком – истак, мақсад.
[3] Наим – неъмат.
[4] Саъй – ҳаракат, тиришиш.
[5] Сарбасар – бошдан-оёқ.
[6] Барбар – кўчманчи арабларнинг бир уруғи.
[7] Аҳмад – Муҳаммад пайғамбарнинг (с.а.в.) Инжилда келган номи.
[8] Иршод – етуклик йўлини кўрсатиш.
[9] Пайғамбар хонадони шажараси ушбу шаклдадир: Муҳаммад бин Абдуллоҳ бин Абдулмуталлиб бин Ҳошим бин Абдиманноф ибн Қуссай бин Калоб бин Каъб бин Луй бин Ғолиб бин Фаҳр бин Молик бин Назр бин Канона бин Хазима бин Мадар Катар бин Илёс бин Мазр….Исмоил бин Иброҳим…
[10] Салоҳ – тўғрилик.
[11] Нажот – қутулиш. Бу ерда “рости расти” (тўғри йўлдан юрсанг дўзах азобидан қутуласан) ҳикматига ишора.
[12] Батҳо – Макка, Мадина жойлашган минтақа номи.
[13] Форсча матнда “Мустафо” берилган. Мустафо сўзи “танланган” маъносини билдириб, Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбарга нисбатан айтилади.
[14] Нишин – ўтирувчи.
[15] Ҳадаф – нишон.
[16] Намудор – кўринган, билинган.
[17] Русул – расуллар.
[18] Кулоҳ – бош кийими.
[19] Рафраф – пайғамбарни меърожга олиб чиққан восита номи; Буроқ (оти).
[20] Баҳр – денгиз.