O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мавлуди шариф – 2 (давоми)

Мавлуди шариф – 2 (давоми)
381 views
26 December 2015 - 11:30

ФитратАБДУРАУФ ФИТРАТ            

МАВЛУДИ ШАРИФ
(давоми)

Набавий таваллуди кечаси воқеалари зикри ва унинг кўкалтоши[1] баёни

Кеча тарихга ташлаб назар,
Тушди кўзга бу янглиғ хабар.
Мустафо туғилган ул кеча,
Бўлди ғайри ишдан бир неча.
Порслар оташгоҳида олов,
Мавлуд чоғи ўчди дарров.
Порс шоҳи Ануширвон қасри,
Кўрмаган ул каби ҳеч асре.
Аҳмад ер узра қўйгач қадам,
Ўн тўрт тоқи қулади шу дам.
Бутхоналарда бут ва санам,
Қулашди юз тубан бўлиб хам.

* * *

Жаҳонга келгач наби ул тун,
Эмизди Омина неча кун.
Лек Оминанинг сути қочиб,
Сайба неча вақт кўксин очиб.
Наби тўрт ойга тўлган чоғида,
Бўлди Марвуҳа қучоғида.
Кейинги доя бани Саъддан,[2]
Эди юлдузи равшан, саъддан.[3]
Келиб, жон деб олди зиммага,
Набилар сўнггисин эмизмага.
Элтиб набини саҳросига,
Кўнгил очар об-ҳавосига.
Ул даҳада пайғамбар мудом,
Яйради тинч, иззатда тамом.
Шарафидан уч йилу неча ой,
Яшади Ҳалима ҳам тинч, бой.
Доялик охирига етгач,
Ҳалима ишин адо этгач.
Набини бобосига элтди,
Она илтифотига етди.
Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.

* * * * *

Ҳазрат набавий онаси ва бобосининг вафоти

Олти ёшида Набиуллоҳ,
Онасига бўлиб ул ҳамроҳ.
Мадина бориб, қайтар замон,
Йўлда бир ерни этгач макон.
Омина чарчоқ заҳматидан,
Оғир касаллик меҳнатидан.
Ола бошлаб сўнгги нафасин,
Заиф ҳолда чиқариб сасин.
Видолар айтиб Муҳаммадга,
Бу фонийдан кетди абадга.
Наби қалби ёнди бу дарддан,
Қолди ёлғиз қотиб ҳайратдан.
Аслзода бобо фарзандин,
Сийлаб бошини дилбандин.
Кўп лутф ила қилиб тарбият,
Кўргузди ёрдам-ла марҳамат.
Наби умри саккиздан ўтгач,
Бобо ризқи жаҳондан битгач.
Яна бир ўғлига топшириб,
Наби борасида пандни ошириб.
Асра деб уни ҳар балодан,
Кўз юмаркан ўзи дунёдан.
Бу васиятни адо этди,
Муҳаммад сирин ифшо[4] этди:
Бу бўлғай оламда пайғамбар,
Ўшал баъсат[5] кунга етсанг гар.
Ҳеч шак келтирмай, қил иқтидо[6],
Васиятим сўзсиз эт адо.
Дегач бу сўзни жадди расул,
Дил-жондан қилди ўғил қабул.
Амак севарди набини кўп,
Жон ила асради уни хўп.
Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, салавот юбор.
– Муҳаммадга салом де, эй Худо;
Салом саййидимиз, ал-Мустафо.

* * * * *

Ҳазрат набавийнинг илк бор Шом томонга Абутолиб билан сафари

Наби ёши ўн иккига равон,
Етгач бўлиб расо бир ўғлон.
Амакисига берай деб мадад,
Тижорат ишин қилиб мақсад.
Шом сафарин ихтиёр этди,
Амакиси ул диёр элтди.
Шом йўлида учради бир шайх,
Исми Буҳайро, Худо дер шайх.
Калисо[7] эрди жой-макони,
Динда мазҳабидир насроний[8].
Шайх расулга назар солган он,
Ҳаракотидан қилгач аён.
Деди: – Эй араблар, бу ўғил,
Эрур оламда Ҳақдан расул.
Бахтли ул шахс, дилу жон ила,
Эргашса унга бор имкон ила.
Яна деди амакисига:
– Иш олмасин десанг аксига.
Сен уни Шом шаҳрига элтмагил,
Яҳудларга дучор этмагил.
Янги расулга улар ғаним,
Кўрса тез билар бу бола ким.
Янги расулни қавми Яҳуд,
Ўлдирмоқ истар қилиб ҳасуд.
Қўрқаман бу бадният қавмдан,
Етказмагай зарар деб зимдан.
Ишни бу янглиғ кўргач амак,
Англаб етди недир келажак.
Буҳайро пандин этди қабул,
Буни наби ҳам топди маъқул.
Амак Шом шаҳри йўлин тутди,
Расул уларни даштда кутди.
Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор:
– Муҳаммадга салом де, Худо,
Салом саййидимиз, Мустафо.

* * * * *

Жаноб пайғамбарнинг Хадича томонидан Шомга иккинчи марта сафари

Расул йигирма тўртга тўлди,
Яна сафар насиби бўлди.
Хадича исмли саййида,
Олий мақомли ўз элида.
Набини ўз ишига ёллаб,
Тижорат юмушига чоғлаб.
Юборди карвонда шаҳри Шом,
Аммо етмай манзилга тамом.
Кўриб йўл устида бир мақом,
Тушди унга олай деб ором.
Шайх Буҳайронинг хонақоси,
Эрди бу йўлнинг кенг яқоси.
Бу оламдан кетиб Буҳайро,
Қолдириб ўрнида настуро[9].
Янги роҳиб том узра туриб,
Бахт асар тожир юзин кўриб.
Наъра тортди: Эй аҳли корвон,
Худо бўлсин сизга меҳрибон.
Ул олийжаноб ёш туфайли,
Яралмиш замин, замон хайли.
Меҳри ўрнашди бошу дилда,
Келиб, жой тутинг бу манзилда.
Пайғамбари охири замон,
Бўлди тез роҳиб сари равон.
Шайх Аҳмадга бўлгач рўпара,
Гаплашди ҳар бобдан бир пора.
Наби елкасин очгач ўзи,
Нубувват муҳрин кўрди кўзи.
Деди: бу шахс пайғамбар бўлур,
Барча халқларга раҳбар бўлур.
Шом шаҳрига қилмасин сафар,
Бор анда яҳудлардан хатар.
Роҳиб айтганин жаноби расул,
Қилди ўша кун дилдан қабул.
Шом йўлидан воз кечиб бутун,
Шунда дам олди икки-уч кун.
Маккадан келтирган бор молин,
Худо очиб бахту иқболин.
Барин қиммат баҳога сотди,
Сўнг дарҳол ватан сари қайтди.
Неки сафарида берди рўй,
Хадичага қилди гўфтигўй.
Наби сидқига бўлгач амин,
Меҳрин тутиб дилига яқин.
Хадичада бўлди бу хаёл:
Берса унга имкони висол.
Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.
– Муҳаммадга салом де, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

* * * * *
Ҳазрат расул алайҳиссаломнинг Хадичага уйлангани

Тарих сирин билгувчи доно,
Сўз мағзин бу тарз қилди адо.
Кўргач ул саййидаи Макка,
Наби меҳри тушганин юракка.
Нафисага ҳам қилди баён,
Нафиса ҳам бўлди кўп шодон.
Сўнг етказди бориб расулга,
Набидан ҳам етиб қабулга.
Билгач пайғамбар амакиси,
Битди никоҳ расмин камкўси.
Топиб Хадича висол бахтин,
Қувончдан хуш қилди ўз вақтин.
Наби ҳам бўлди бу ҳолдан шод,
Хадича уйин этиб обод.
Эй, набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.
– Дуруд де Муҳаммадга, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

* * * * *

Набавий алайҳиссаломнинг пайғамбарлик ваколати 

Наби қирқ ёшга тўлган айём,
Келди ҳазрат Яздондан[10] паём.[11]
Қилдим сени, – деди ул Худо,
Жаҳон халқларига раҳнамо.
Халқ йўлдан адашди, йўл кўрсат,
Не бўлса хароб, обод қил, тузат.
Жаҳонни қоплади жаҳолат,
Жаҳд қил, тириш, йўқолсин зулмат.
Башар қавми тутди хато йўл,
Сен ҳидоят воситаси бўл.
Рамазондан ўн еттинчи кун,
Рўй берди ул нубувват бир тун.
“Фатаҳно”[12] туғли шоҳга мақом,
Бўлиб Ҳиро ғори шул оқшом.
Ибодат қиларкан Худога,
Қулоғи тўлди бир садога.
Товуш узоқдан келар эди,
Наби ҳар ёққа қарар эди.
Кўринмади ҳеч нарса, лек боз,
Эшитилди ул ногаҳ овоз.
Наби дилига тушиб қўрқув,
Кўз-ла этиб ҳар ён тинтув.
Овоз эгасидан ҳеч хабар,
Топмади-ю кўрмади асар.
Уч бор қараб олду изига,
Тушди кўзи нур денгизига.
Ногаҳ ундан ҳазрат Жаброил,
Чиқди бўлиб башар шамоил.
Деди: Мен Жаброил, бўл бардам,
Юборди ул яратган эгам.
Ҳақ сенга саломин юборди,
Мўл-кўл қилиб неъматин берди.
Пайғамбарлик давлатидир у,
Раҳбарликнинг шавкатидир у.
Бўлгайсан жаҳонга раҳнамо,
Тур, илоҳий ишни эт адо.
Буту бутхонасин бузғил сен,
Тур, бузилди жаҳон, туз қил сен.
Олам кутар сени интизор,
Тур, бузуқ дайрга бўл меъмор.
Эй ер юзининг раҳмати, тур,
Назар сол оламга сен бир қўр.
Ер жаҳолат ўтида ёнди,
Тамаддун нури ортга ёнди[13].
Тур, эй нажоти инсоният,
Дунё ободлигин қил ният.
Маданият-ла ерга бер зеб,
“Наср мин Аллоҳ, фатҳан қариб.”[14]
Бу башар – бу умидли, бодил[15],
Недин бўлди ожиз, ноқобил.
Дунё, ободлик боиси одам,
Сайъи дунё обрўси одам.
Ўз тадбир панжаси-ла ҳар дам,
Пўлат кўксини тилгувчи одам.
Жанг майдонига кирганда ҳам,
Тошни талқон қилгувчи одам.
Недин бўлди бунча хароб, зор,
Шарафу иззатсиз, беэътибор.
Нега бўлғай бу каби ғофил,
Худову дин ишидан зоил.
Жаҳолат олдида нега у,
Заифу бемор, ланжу мажруҳ,
Тур, эй набиларга хотимат,
Замину замонни янгилат.
Эй Батҳо саййиди, қил мадад,
Башар қавмига сен беадад.
“Вад-дин ҳув-вал-ақл” наърасин,
Уриб ёр бединлик заҳрасин.
Дегил ул башарга: Даҳр аро,
Худо амри етмас биздан айро.
Муҳаммад билди ёлғиз Худо,
Элчиси қилмиш олам аро.
Йўлга тушди Хадича томон,
Келиб, бу сирни қилди аён.
Эй набига дили вафоли ёр,
Тур ўрнингдан, саловот юбор.
– Муҳаммадингга салом де, Худо;
Салом саййидимиз, Мустафо.

(давоми бор)

[1] Кўкалтош – кўкракдош; Бу ерда бировнинг боласини эмизувчи энага кўзда тутилган.
[2] Бани Саъд – Саъд авлоди.
[3] Саъд – бахт.
[4] Ифшо (фош) – аён.
[5] Басъат (баъас) – пайғамбарликнинг келиши.
[6] Иқтидо – эргашиш.
[7] Калисо – масиҳийлар ибодатхонаси; черков.
[8] Насроний – масиҳий; христиан.
[9] Настуро (насроний) – масиҳий; христиан.
[10] Яздон – икки оламни яратган Худо.
[11] Пайём – хабар.
[12] Фатаҳно – очдик. Қуръони карим оятларига ишора.
[13] Ёнмоқ – қайтмоқ.
[14] Наср мин Аллоҳ, фатҳан қарибан – ғалаба Аллоҳдан, фатҳ яқиндир. Қуръони карим ояти.
[15] Бодил – довюрак, қўрқмас, ботир.