2007 йилда Россия бюджетидан 5,4 миллиард рубл ўғирланган, бу тарихдаги Россия давлат бюджетидан энг катта маблағларни ўғирлаш ҳисобланади.
Ушбу жиноятни биринчи бўлиб кашф этганлар Hermitage Capital Management инвестиция фондининг қонуний манфаатларига хизмат қилувчи Файрстоун Дюнкан (Firestone Duncan) компаниясининг ходимлари эди. Улар орасида Эдуард Хаиретдинов, Владимир Пастухов, Жэймисон Файрстоун (Jamison Firestone) ва Сергей Магнитский бор эди.
Улар бюджет маблағларини ўғирлаш бўйича тергов-суриштирувни бошлайдилар, унинг доирасида жиноятда иштирок этганларнинг рўйхати, шу қаторда Россиянинг турли ижро этувчи ҳокимиятининг ўнлаб ходимлари ҳам аниқланди.
2008 йил 24 ноябрда Сергей Магнитский Эрмитаж сармоясини бошқариш фонди раҳбари Билл Браудерга (William Felix Browder) солиқ тўлашдан бўйин товлашда ёрдам берганликда айбланиб ҳибсга олинади. 11 ойлик тергов ишларидан пайтида Сергей Москва шаҳридаги 1-тергов ҳибсхонасида вафот этади. Уни ҳибсга олиш ташаббуси ўғирликнинг асосий иштирокчиларидан чиққан. Айбимизни билиб қолди деб йўқ қилишган.
2010 йил апрел ойида сенатор Бенжамин Кардин АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтондан ушбу ўғирликда ва Сергейнинг ўлимида иштирок этган 60 нафар Россия амалдорлари учун АҚШ визаси йўлагини ёпишни сўраган. Ўша йилнинг май ойида марҳум С. Магнитскийнинг оиласига Президент Барак Обамадан расмий ҳамдардлик билдирилган. 2010 йил сентябр ойида АҚШ Конгресси Кардиннинг ташаббуси учун овоз берди. Кейинчалик Eвропа Парламенти ҳам декабр ойида ҳам шундай қилди.
Мана, қисқача “Магнитский” иборасининг тарихи. Ҳозирда ушбу резолюция кўплаб давлатларда амал қилмоқда.
“Магнитский рўйхати”, “Магнитский акти” деган ибораларни эшитсангиз, нима экан бу деб юрманг. Дунёда шунақа рўйхат бор. Ва унга ўз давлати мулкини ноқонуний йўл билан талон-тарож қиладиганлар киритилади. Уларнинг хориждаги барча ҳисоблари музлатилади. Бу рўйхатга киритилганларга виза берилмайди.
Мабодо, сиздан шу рўйхатга мамлакатингиздан кимни киритиш керак деб сўраб қолишса, нима деб жавоб берган бўлардингиз? Илтимос, битта-битта…
Шовқин бўлмасин.
Баҳодир Элибоев
Манба: facebook.com