O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Маданият вазирлигидаги коррупцион схемалар

Маданият вазирлигидаги коррупцион схемалар
263 views
27 May 2020 - 12:19

МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИДАГИ КОРРУПЦИОН СХЕМАЛАР

4-қисм

Камала Акилованинг парвоздаги қулаши

Бир неча кун аввал ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментида Самарқанддаги аҳоли орасида “яҳудийлар мозори” деб аталувчи археологик тепалик мухофазаси учун қурилган деворларни қулагани акс этган видео-фотолар оммалашди. Биз мазкур масалани ўрганиш давомида юзага қалқиб чиққан айрим фактлардан сиз азизларни воқиф қилмоқликни жоиз деб билдик. Зеро, кейинги вақтларда Ўзбекистонда бино-иншоотларни сифатсиз қурилиши соҳани ўта коррупциялашганидан дарак берсада, коррупция маданият соҳасида ҳам чуқур илдиз отганлиги маданият соҳасини том маънода “қулата” бошлади. Демак, шундай қилиб…

Ҳасан Холмуродов ва Камала Акилова тандеми

Самарқанддаги яҳудийлар мозори деворлари Самарқанд вилояти Ободонлаштириш бошқармаси томонидан қурилиши бошланган эди. Орадан кўп ўтмай, бу қурилишни молиялаштириш билан юзага келган муаммо туфайли қурилиш тўхтаб қолади. Маданият вазирлиги қошидаги Маданий мерос департаменти бош инспектори вазифасида ишлаган Хасан Холмуродов мазкур деворни қуриш ишларини давом эттириш ташаббуси билан чиқади.

Хасан Холмуродов

Деворни қуриш ишлари билан боғлиқ барча хужжатларни тайёрлаб, Маданий мерос департаменти раҳбари – Маданият вазири ўринбосари Камала Акилова билан жиноий тил бириктириб, 300 млн сўмга яқин маблағ ажратилишига эришиб, бу маблағлардан бизга номаълум қисмини ўзига қарашли қурувчи ташкилоти орқали ўзлаштиради.

Табиийки, қурилиш талаблари даражасида маблағ сарфламаслик уни сифатсиз қилишни тақазо қилади, натижада девор техноген хусусиятдаги фалокатга учраб қисқа муддатда қулайди.

Ўрганишларимиз давомида де факто қурилиш ишларига бош бўлган Хасан Холмуродов бу қурилиш учун маблағни ўзининг ҳамкори Акилова орқали ажраттиради. Қурилиш ишларидан мутлақо хабари йўқ, маданий мерос соҳасидаги реал вазиятни хоҳласа ҳам тушунолмайдиган Акиловани Холмуродов ҳар қандай йўриққа йўргалата олади, Акилованинг Хасан Холмуродовга бўлган мустаҳкам ишончи уларнинг жиноий шерикларга айлантирди.

Акилова Камала

Бундан ташқари, кейинги пайтларда яна бир воқеа, яъни Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент шаҳарларида жойлашган маданий мерос объектларини, тарихий қийматга эга маданий мерос объектларини маҳаллий тадбиркорлар томонидан бузиш, ўрнига янги бинолар қуриш билан боғлиқ можаролар ҳам кўпайиб қолди.

Хусусан, Тошкент марказидаги “Полкушка” номи билан машҳур ҳозирги “Лолазор” маҳалласида жойлашган кўп қаватли уйларни бузиб, ўрнига замонавий турар-жой қуриш билан боғлиқ ишлар марказида ҳам Акилова-Холмуродов тандемини иштироки бор.

Яъни, Холмуродов ўзининг югурдаги Фарҳод Жуматурдиев орқали мазкур кўп қаватли уйларни “тарихий қимматга эга эмас” деган Маданий мерос департамент қошидаги илмий-экспертизия кенгаши қарорини олиб бериш учун маҳаллий тадбиркор-қурувчидан 60 минг АҚШ доллари ҳамда Мирзо Улуғбек тумани ТТЗ-1 мавзедига 3 хоналик уйни пора тариқасида олади. Квартирани турмуш ўртоғининг қариндоши номига расмийлаштириб, нақд пулларни Камала Акилова, Фарҳод Жуматурдиевлар билан бўлишади.

Бунинг эвазига илмий экспертизия кенгаши кўп қаватли уйларнинг “тарихий қийматга эга эмас”, деган қарор қилиб беради.

1966 йилги зилзилага дош бериб, ўтган вақт давомида ўзининг қиёфасини йўқотмаган мазкур кўп қаватли уйларда яшорвчи фуқаролар ўз уйлари бузилишини эшитиб, норози бўлишади. Аҳоли ва тадбиркор ўртасида юзага келган низо сабаб бузиб-қуриш ишлари тўхтаб қолади.

Хасан Холмуродов тадбиркордан пора тариқасида олган пулларини тўлиқ қайтармаганлиги бизга маълум. Ҳозирда бир томондан тадбиркор, бошқа томондан уйлари бузилишдан норози фуқаролар Хасан Холмуродов устидан ҳуқуқ тартибот идораларига мурожаат қилганлиги ҳақида маълумотлар мавжуд.

Акилова-Холмуродов кирдикорлари бу билан чекланиб қолмайди. Маданий мерос объектларини реконструкция-таъмирлаш ишлари билан шуғулланадиган қурувчи фирмалар учун Маданий мерос департаментидан лицензия олиш тартибини жорий қилишди.

Қизиқарли томони департамент томонидан лицензия бериш фаолияти билан шуғулланишга руҳсат берувчи ҳуқуқий асос мавжуд эмас. Буни жорий қилишдан мақсад, лицензияни Акилова-Холмуродов ўзлари истаган фирмага бериб, эвазига пора олиб, истамаганига лицензия бермасдан соҳани ўз монополиясига айлантиришга уринади.

Ўтган мақолаларимизда Камола Акилованинг ўзи куратори ҳисобланган республика музейларидан қандай устамонлик билан ўзлаштириш ишларини олиб боргани ҳақида сўз юритгандик. Бу гал маданий мерос объектларидаги бизга маълум бўлган айрим нуқталарни ҳавола этдик.

Шу ўринда бир хушхабарни ҳам келтириб ўтишни лозим топдик. 2019 йил тегишли қарор билан Маданият вазирлиги қошидаги Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш илмий ишлаб чиқариш бош бошқармаси Маданий мерос департаментига айлантирилганлиги, департамент раҳбари лавозими бўйима Маданият вазири ўринбосари ҳам ҳисобланиши, шунингдек, у республикадаги музейлар фаолиятига ҳам умумий раҳбарлик қилишини баён қилгандик.

Маданият вазири ўринбосарининг ноқонуний ҳатти-ҳаракатлари, соҳани ривожлантириш учун етарли билим, малака ва тажрибага эга эмаслиги амалиётда ўз исботини топа бошлади. Бу ва бошқа фактлар инобатга олиниб шу кунларда Маданий мерос департаменти фаолиятини такомиллаштириш бўйича ҳукумат қарори эълон қилинади. Маданият вазири ўринбосари сифатида Камала Акилова умумий раҳбарлик қиладиган республикадаги мавжуд музейлар ҳам унинг ваколатларидан соқит қилиниб, Маданият вазирининг биринчи ўринбосарига ўтказилиши кутилмоқда.

Шубҳасиз, Камала Акилова, Хасан Холмуродов каби жиғилдон васвасасига учраган кимсаларни масъулиятли лавозимлардан четланиши, том маънодаги парвоздаги бу бизнинг, халқнинг, маданиятнинг ютуғи десак муболаға қилмаймиз.

САРВАР ПИСКЕНТИЙ