Маҳмудхўжа БЕҲБУДИЙ
САЁҲАТ ХОТИРАЛАРИ
(16)
47-рақамдан мобаъд
Шоми Шарифдан 3-куни. Яна темур йўли ила Жабали Лубнон аёлат мумтозаси воситаси ила Байрутға келдим. Оқшом Жабали Лубнон тоғларидан кечармиз. Оташ ароба гоҳ тоғ тепасинда бўлуб, андан ҳар тарафдаги қасаба ва қишлоқларнинг чироғи ажойиб суратда кўрунур. Гўёки устимиздаги юлдузлик осмон акси ерга уруб, бошқа тил ила устимизға ва остимизға ҳам ададсиз юлдузлик осмонлар бўлуб ва оқшоми ниҳоятда латиф ва покиза, муаттар бир ҳаво ютармиз.
Қаторимиз гоҳ тоғ тепасидан бош ошоғи сойлар қаърига инар, гоҳ тоғ ямочларинда илонворий юруб, баъзан тоғ тепалариға ўрлаб тирмашар. Баъзан тахтул-жабал* туннеллардан ўтар. Бир замонлар бир тарафи жаҳаннамдек тубсиз тоғ каноридан қиялаб ўтарки, оқшом қоронғулиги ила инсон «лоҳавл»* ўқур. Кичкинагина мухатталар-да турар.
Араб хотунлари ҳар мухаттада мева, қатиғ, сут сотар. Буғдой унидан қилинган иссиқ тунук (юпқа) пишуруб чиқарубдурлар. Бир юпқа 5 тийин ва юпқа устиға бир қошуқ қатиғ (лабан) суртарки, у ҳам беш тийин. Ичиға қатиғ ўралган юпқани еб, лабинг, бурутинг қатиғ ҳўплаган чўпондек оқарур. Оврупойи сайёҳ эру хотунлар, хулоса, ҳар кимни лаби бу юпқа ва бу қатиғ ила оқарур. Мунда арабдан бошқа тил йўқ.
Жабали Лубнон аёлат мумтозасининг масоҳати 6500 мураббаъ километр бўлуб, 400 минг қадар араби сўйлайдургон халқдан иброат бўлуб, ярмидан зиёдаси моруний, яъни қадима сурёний ва финикияли авлодидан бўлуб, мазҳаблари насрониятни(нг) католикига яқиндур. Бақия нисфининг аксари муслим ва дарзи қабиласидан бўлуб, бир ози Рум катўлиги ва бошқалардур. Дарзи аталадургонлар мусулмон бўлсалар ҳам, баъзи жоҳилона одатлар аларға нисбат берилур. Чунончи, ўз яқинларини никоҳ қилмоқ ва бирдан зиёда хотун олмаслик ва бир дафъа талоқ қилган хотунларини қайтиб олмаслик ва …дек мазҳабларининг баъзи ҳукмларини сир ва махфий тутуб, ҳар панжшанба оқшоми, жамъ бўлатургон одат ва ёинки ибодатлари бўлуб, у жамиятға ўзларидан ҳам баъзиларни қўймас эмишлар. Ўз ўрталаринда халқни уққол* ва жуҳҳол*га тақсим этиб, аҳкоми мазҳабия ва баъзи асрорларини фақат уққоллари билиб, жуҳҳоллариға айтмас эканлар. Қуръони каримға иқрор бўлуб, саҳобаи изомдан* Салмон Форсий[1] разияллоҳу анҳуға эътиқодлари зиёдадур. Мазҳаб китоблари ҳам ёширин тутулуб, имо ва ишоратлар ила ёзилиб, ҳатто, ўз жуҳоллариға билдурулмас экан.
Дарзилар катта қабила бўлуб, Шом ва Ҳалаб бодиялариға ҳам сокиндурлар. Жабали Лубнон аёлати Туркия давлагиға тобеъ бўлуб, аммо католик ерли араблариндан бири 5 саналик муддат ила Ҳазрат Султон тарафидан мутасриф — ҳоким тайинланур. Мусулмонларнинг қози ва ҳокимлари ўзидандур.
Қадима Канъон диёри Жабали Лубноннинг бир қитъаси бўлуб, Оқ денгизға соҳилдур. Оқшом соат 11, Байрут шаҳриға етиб, Ал-манзар-ал-жамил ўтелға индим. Ўтел Оқ денгиз соҳилинда бўлуб, денгиз ҳавоси ила муаттар, ужраси* 5 ғуруш — 43 тийин эди.
Эртаси Байрут шаҳрини гашт ва гузор этдим. Мактаб ва дорулфунунлар таътил ва боғли эди. Ушбу шаҳар Туркиянинг Байрут вилоятини[2] маркази бўлуб, илм ва маориф жиҳатидан Мисрдан сўнг Шарқда биринчи шаҳар бўлуб, аммо маорифнинг бониси Оврупо ва Амрико мисйўнерларидурки, тарафона мактаб ва дорулфунунларини тараққийсиға саъй этарлар.
Байрут дорулфунунлари Оврупо ва амрикойилар тарафидан идора қилинса ҳам, лисон, тадрис араби бўлуб, франсавий ва немис ёинки англис алоҳида бир фандек ўқулур. Байрут дорулфунунидек олами исломнинг Туркистон ва Бухоросидан бошқа ҳар тарафидан талаба бор экан. Ҳатто, Шарқнинг Ёпунидан талаба бор экан. Тотор биродарлардин ҳам дасталаб талабалар бордур.
Бухоро ва Туркистондан мунда одам бор, аммо ишлари ҳожиларни шикор этмоқдур.
Шаҳарда юз мингдан зиёда халқ бўлуб, учдан бири муслим ва бошқаси катўлик, ўртўғус, прўтистант мазҳаблик насоролар ва бирози яҳудий бўлуб, барчасининг тили, исм ва инжилиғача арабийдур.
Англис ширкати шаҳарға таҳвил моъ* ила сув келтирган, яъни сақоси* — англис. Ва Байрут лимон—парахўд хавзини франсуз ширкати бино этгандур. Темур йўл ва қўша хатлик трамвай немис ва белжикники. Фақат мамлакатни исми усмонлиги тобеъдур. Ажнабийларнинг минглаб талабалик ҳар навъ дорилфунуни ва неча юзлаб талабалик ҳар навъ мактаби 50 дан зиёда бўлуб, мунтазам расадхона, кимёхона, ташриҳ ва жарроҳи ва ҳикматхоналари бордур. Туркларнинг ҳам мулкий рушдияси, аскарий рушдияси, мактаби султоний, 2 қизлар рушдияси, 4 ибтидоия мактаби ва ўттуз қадар мусулмон мактаблари бордур. Мунда матбаа ҳам кўб бўлуб, хейле араби қадим ва жадид, диний, адабий, фанний ҳар навъ китоблар ва 20 қадар мажалла ва жаридалар нашр бўлинадур.
Шаҳарнинг ўртасинда кичик, фақат зийнатлик боғчаси ва аъло бир чорсуси ва 4-5 табақалик олий иморат ва катта маҳозинлари ва тош фарш қилғон катта йўллари бордур. Тараблиси Шом, Лозқия, Аъко, Балқо уездлари Байрут вилоятиға тобеъдур.
Денгизда араб ширкатининг попури (ал-он англис қўлинда) ҳозир экан, кирдим. Истанбулдан Байрутғача 3-мавқеға миниб, ҳожи юруши ила юруб, азият чекиб эдим ва бироз нотоблик-да бор. Онинг учун 2-мавқеға белат талаб қилдим. Йўқ. Ночор Ёфа шаҳриғача 20 соатлик йўл учун 13 сўмға биринчи даражадан жой олдим. 3-си 2 сўм 40 тийин эди.
Парахўдда мисрий, шомий, истанбулий кибор мусулмонларда бир хейле бор. Биз-да 13 сўм бериб, бу дафъа киборға қўшулдук. Иттифоқо, уч кишилик бир уйча (қамара)ға бир ўзум кириб, аъло бир уйқуға толдим. Таом вақти ходим уйғотди. Катта солунға чиқдук. 4 катта устол, бирига парахўд маъмурлари, иккисиға оврупойи хамулалар*, бириға кештидағи* мусулмонлар ва ҳар кимни уйи ва карават рақами табақи олдиға ёзилгандур. Ходим нўмирамизни кўрсатди, ҳамхоналар саломлашиб ўлтурдук.
Суфрада мисрий, араб даъво вакили — закўнчи бир араб дўқтур. Бир араб бонка мудирининг ноиби, 2 турк зобит — офисар, бир турк, 2 араб бойбачча ва тамоман сақоли тарошланган саллалик бир араб катта мулло ва бир-да ман. Хонимиз* устинда ҳар навъ маскаротлар-да бордур. Таомлар бирин-бирин келдики, шундан иборатдур: макарон, кабоб пиёз, кабоб танури, бир навъ шўрбо, кабоб маъ картўшка, балиғсардника, панир*, янғоқ, мева, қаҳва, канфет, печени. Ҳар ким бўғўзигача тўлдурди. Аммо шишадаги маскоратдан на ул бойбаччалар ва на ул оврупомижоз бўлган араб ва турклар бир қатра бўлсун ичмади.
Дедим: «На учун ичмайсизлар?»
Дедиларки: «Алҳамдулиллоҳ, мусулмонмиз. Оллоҳ азим-уш-шон Ҳазратлари Қуръони каримда афандимиз воситалари илан наҳйи этибдурки, 1300 сана сўнгра оврупойилар бу хабисларинг* зарарини билиб, ўзларини сақламоқдадур. Биз қандай ичармиз. Анварбегимизда ичган афисарларни силки* муқаддас аскарийдан тард этар».
Дедим: «Эй, мисрийларға на бўлди?» Унлар дедиларки, бизнинг мактабларда мунинг зараридан баҳс этарларки, инсоннинг ичкиси келмайдур.
Дедиларки: «Туркистону Бухоро қандайдур?»
Мажбуран тўғрисини сўйладим…
Дедилар: «Астағфурулло!»
Таомдан 3 соат сўнгра мукаммал чой, оқшом яна 3-4 навъ таом. Эрта бирлан яна мукаммал чой, сут… парахўддан берилди.
Қабл аз аср* Хайфоға етдукки, бул Ҳижоз темур йўлининг аскаласидур. Баҳойию бобийларни каттаси Эроний Абдулбаҳо Аббос афандининг мунда эканлигини сўнградан билдим. Валлоҳи, парахўд 3 соат турдики, тушуб бу машҳур киши ила суҳбат этардим.
Оқшомғача парахўд Сурия соҳилини бўйларди. Сайдо, Сиво, Аъко, Хайфо, Қайсария, Арсуф шаҳарлари кўрунуб қолди. Парахўдға эллик қадар катта ва кичик оврупойи мактаб қизлари бордурки, роҳиба ва муаллималари ила Қуддуси шариф зиёратиға кетарлар. Бир вақт денгиз бироз ҳаракатға кирди. Бу қизларни бир қисми лоқайд ва бир қисмининг боши айланиб йиқилмоқда ва қусмақда, кичкиналари йиғламоқда бўлуб, ажойиб манзара ташкил этар эди.
Эртаси соат саккиз, Ёфа шаҳриға етдук. Парахўд соҳилдан 3000 қадам узоқда турди. Ёфанинг фўртанасини ваҳмлик этиб сўйлардилар. Аммо ҳеч фўртана йўқ, фақат денгиз бироз ҳаракат этиб, қайиқ солланир, қўрқилатургон бир нимарса йўқ. Аммо қиш мавсумида ойни аввал ва охирида жозибаи қамар* қонуни ила 3-4 кун қатиғ фўртана бўлур экан, ёзда хотиржамъликдур. Қишники ҳам кўп бўлса, ойда бир ҳафта.
20 тийин ила Абдулрауф исминда бир насоро қайиғига миниб, ондан чиқиб, бир ўтелға соат 2 ғача истирохат этиб, 3-мавқеъ оташаробаға икки сўмға белат олиб, Қуддуси шарифға мутаважжиҳан ҳаракат қилинди.
“Ойна” ж., 1914 йил,
48-сон, 1142—1148-бетлар.
*
Тахтул-Жабал – Жабар тоғи ости
“Лоҳавл” – қўрққанда ўқиладиган дуонинг илк сўзи
Уққол – оқиллар
Жуҳҳол – жоҳиллар
Изо – озор, азоб; изза қилмоқ
Ужра – ҳақ, ижара пули
Таҳвил моъ – сув келтириш воситалари
Сақо – сув машинаси (водовоз)
Хамула – йўловчи
Кешти – кема
Хон – стол
Панир – пишлоқ
Хабис – қабиҳ
Силк – саф, қатор
Қабл аз аср – аср намози олдидан
Жозибаи қамар – ойнинг тортилиши
[1] Салмон Форсий – илк мутасаввуфлардан
[2] 1914 йилда Байрут Туркия тасарруфида бўлган