Мажбурий тартибда руҳий шифохонага ётқизилган 32 яшар хоразмлик блогер Нафосат Оллашукурованинг адвокати фуқаролик ишлари бўйича Хоразм вилоят судлов ҳайъатига 6 ноябрь куни кассация шикояти топширди.
Нафосатни руҳий шифохонага ётқизиш ҳақидаги суд қарори “Психиатрия ёрдами кўрсатиш тўғрисидаги қонун”нинг 27-моддаси талабларига хилоф. Нафосат Оллашукурова суд мажлисига чақирилмаган. Унинг руҳий холати бузилганига тўлиқ ишонч ҳосил қилинмаган. Психиатрик экспертиза хулосаси олинмаган. Суд қарорига ёлғонлардан иборат ариза асос қилиб олинган, дея билдирилади кассация шикоятида.
Нафосат билан 6 ноябрь куни учрашган адвокат Умид Давлетовнинг сўзларига кўра, психиатрик диспансер шароитлари ва Нафосатнинг аҳволи “яхши”.
Икки фарзанднинг онаси Нафосат Оллашукурова Жахон тиллари Университетини инглиз тили мутахассислиги бўйича тамомлаган. У ўзининг жамиятдаги фаол позицияси билан танилган. Унинг якинлари, илгари ҳеч қачон руҳий касалликка учрамаганини билдиришади.
Гарчи у ноҳақликларга қарши эммоционал ва кескин чиқишлар қилса-да, адолатпарвар инсон бўлганини айтишади.
Нафосат фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро суднинг қарори билан 2019 йилнинг 30 сентябридан Хоразм вилоят руҳий асаб касалликлари диспансерида мажбурий сақланмоқда. Бу қарордан аввал, у журналист Маҳмуд Ражаб ҳимоясига уюштирилган норозилик акциясида иштироки учун 10 кунлик қамоққа олинган эди.
Қатор ҳуқуқ ҳимояси ташкилотлари, жумладан Халқаро Амнистия, “Пахта Кампанияси” коалицияси ва “Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” блогерни руҳий шифохонадан чиқариш талаби билан баёнотлар беришган.
Манба: Eltuz.com