Ҳар куни тонг отади. Ҳар бир тонгдан ҳар инсон нимадир умид қилади. Балки шу тонг сабаб, кўпдан бери кўрмай юрган дўстини кўрар, ким билсин, балки шу тонгда у ўзининг ушалмай юрган орзуларидан бирига етадиган кун бошлангандир. Балки аксинча, шу тонгда унинг энг сўнги куни бошланаётгандир.
Бугунги тонг мен учун ҳар кунги тонглардек бошланган бўлсада, бироқ бугун таъбим хира бўлган кунлардан бири бўлди. Шу тонгда, 2013 йилнинг 4 май тонгида Ўзбекистондан, аниқроғи Ўзбекистоннинг Жиззах шаҳридан келган бир шум хабар сабаб, юмшоқ қилиб айтганда таъбим хира, кўнглим ўксик бўлди. Жиззахда қадрдон дўстим бўлган бир инсон, жиззахлик Инсон ҳуқуқлари курашчиси Бахтиёр Ҳамраевнинг оламдан ўтганлиги ҳақида хабар келди.
Бахтиёр аканинг инсон ҳақлари учун олиб борган кураши, унинг босиб ўтган матонатлик йўлини мақтаб ҳам, адо этиб бўлмайди. Зери, уни мақташни ҳам мақсад қилаётганим йўқ. Чунки унинг инсонлар учун қилган хизматлари мақтовларга ҳам сиғмаса керак. Оддий, одмигина ҳаёт кечирган Бахтиёр Ҳамраев саломатлигига ҳам қарамай, ўзгалар дардини осон қилиб юрган инсон эди. Ва энди у йўқ! Адашдим, у бор ва у мангу ҳаёт, фақат хотирамизда мангу ҳаёт.
Ёдимда бор илк учрашув кунларим. Жиззахлик ҳуқуқбон билан 1998 йилнинг ёз фасли эди, Озодлик радиосининг Тошкентдаги офисида танишгандим. Ўша кездан дўстона муносабатларимиз бошланди. Қачонки Тошкент томон сафар қилар эканман, Жиззахда бир тўхтаб ўтиб кетадиган одат ҳам чиқардим ва албатта ҳуқуқбоннинг хонадонида меҳмон бўлиб ўтардим. Бахтиёр аканинг хонадони бирор марта бўлсин, ўз оила аъзолари билангина қолганлигини эслай олмайман. Ҳар куни кимдир келар, ҳар куни уникида кимдир меҳмон ва у кимнингдир мушкули билан банд бўларди.
Яхши хотирлайман, ўша кезларда бирор жойда расман ишлай олмайдиган Бахтиёр ака Жиззах бозорида майиз, ўрику ёнғоқ сотиб, ҳам рўзғорини тебратиб, ҳам чор атрофдаги инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қиларди. Шундай кунларни ҳам ўтказиб, тақдиридан миннаддор бўлиб яшаб келаётган инсон эди у.
Сўнги учрашвимиз ҳам худди кечагидек ёдимда. 2005 йилнинг июнь ойи охирлари, агар хотирам алдамаётган бўлса 24 июнь эди ўшанда. Камина Ўзбекистонни тарк этаётганимдан ҳам бехабар ҳолатда, Қозоғистоннинг Олма ота шаҳри томон сафарга чиқгандим. Янги қамоқдан озод бўлганман ва ҳар бир қадамим кузатув остида ва бир туни ўз уйимдан ҳам ўғрилардек қочиб чиқиб Қарши шаҳрини тарк этдим. Қарши шаҳри атрофидаги, ҳамда Қашқадарё вилояти ҳудудини ҳам худди ўғрилардек, яширин йўллар билан тарк этиб Самарқандгача етиб келдим. Энди ўзимни бироз эркинроқ ҳис эта бошлагадим ўшанда. Чунки ортимда кузатув йўқ эди. Самарқанддан Жиззахгача умумий транспортда етиб келиб, тўғри Бахтиёр аканинг хонадонига бордим.
Шу куни унинг уйида меҳмонда бўлдим. Кун давомида одатдагидек сафдошлар ташриф буюришди, дўстлар келиб кетишди. Эртаси куни тонгданоқ яқиндагина бандаликни бажо келтирган ҳуқуқбонлардан бирининг қабрини ҳам зиёрат қилиб келдик. Ўзбекистон мустақил инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззахдаги фаолларидан бири вафот этганига ҳали бир ой ҳам тўлмаган экан. Афсус, айни дамда ўша ҳуқуқбоннинг исмини ҳам эслай олмаяпман.
Шундан сўнг Бахтиёр ака мени ҳар диомгидек Тошкентга кузатиб қўйди. Тақдиримдаги кейинги ўзгаришлар эса каминани Скандинавия ярим оролигача олиб келди, аммо Бахтиёр Ҳамраев билан алоқаларимиз узилмай келаётганди. Албатта скайп орқалиб бир биримизни кўриб туриб гаплашган кунларимиз бўлди, хат ёзишган вақтимиз бўлди, телефонда ҳам сўзлашганимиз бор. Инсоннинг ҳар бир куни ғанимат экан. Ҳар бир кун ва уни мазмунлик яшаш муҳимдир! Бахтиёр ака эса ўз умрини мазмунлик яшади ва мазмунлик якунлади.
Бахтиёр Ҳамраевнинг соғлиғи панд берди. У жигар церрози билан хасталанганди ва сўнги суҳбатимизда ҳам ўз умрини шундай ўтказганлигидан мамнун эканлигини, ҳеч бир нарсадан норози, ёки хафа эмаслигини ва ҳозирги ҳолатида ҳам ватандаги диктутура режимига қарши турганлигини ҳам билдирганди. Сўнги суҳбатимиз эса шу йилнинг 20 апрель кунида, интернетдаги скайп програмаси орқалик бўлди. Шундан бери унинг Скайп адреси қайта очилмади. Ва энди мутлоқ очилмайди, очилганида ҳам ўша ўзимиз билган Бахтиёр ака Ҳамраев қайтиб биз билан суҳбат қилмайди.
Мазмунлик ўтган умр мазмунлик якунланади. Балки шунинг учун ҳам Бахтиёр Ҳамраев ўз ўлими олдида туриб ҳам, Ўзбекистон келажаги ҳақида қайғуриб гапиргандир менга. Бу инсоннинг қайғуси эса доимо ўзгалар қайғуси билан чамбарчаст боғлиқ бўларди.
Қадрдон дўстимни хотирлаб ёзган бу сатрларим албатта унинг яқинларига малҳам бўлмайди, аммо мен малҳам бермоқни ҳам ният қилмадим. Шунчаки дўстимни эслаб, хотирот уммонида қолиб кетган баъзи нарсаларни сизлар билан ўртоқлашдим холос.
Тўлқин Қораев
Швеция.