O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МАЗОХИЗМГА АЙЛАНГАН МАДДОҲИЗМ

МАЗОХИЗМГА АЙЛАНГАН МАДДОҲИЗМ
171 views
04 June 2012 - 17:16

Азалдан тирикчилик қилишнинг энг осон йўлларидан бири маддоҳлик бўлиб келган. Бу касб ўғирлик, бузуқчилик ёки йўлтўсарлик қилишдан осонроқдир. Ўғри қўли билан, кўча хотини вужуди билан, қароқчи пичоғи ёки тўппончаси билан тирикчилик қилса, маддоҳ тили билан турмушини тебратади. Тилдан бошқа ҳеч нарса талаб қилинмайдиган бундай ғаройиб касб билан ҳозир Ўзбекистонда юзлаб журналист ва ёзувчилар тирикчилик қилмоқда. Уларнинг юзлаб тиллари занглаган тузумни бир оз бўлса-да ялтиратиш умидида ялаб-юлқаб ётибдилар. Бу маддоҳлар ўзларининг қавариб кетган тилларига вазиятга қараб, гоҳ асал, гох заҳар суртиб туришади. Тилнинг асал суртилган томони билан улар тузумни яласалар, заҳар суртилган томони билан тузумни танқид қилганларга қарата заҳар сочадилар.

Тилдаги заҳар микдори, одатда, тилдаги асал миқдорига пропорционал равишда оша боради. Бу – лаганбардор ва маддоҳлар табиатининг ўзгармас қонунидир. Шундай асалли ва заҳарли тил, тўғрироғи, лексикон билан танишишни истаган киши оқсоқол адибимизнинг ёзганларига бир назар ташласин. Аслида, уни оқсоч адибимиз деб аташ деб аташ тўғрироқ бўлади, чунки, у киши соқол қўймаганлар, қолаверса, “оқсоч”, яъний, “хизматчи” деган сўз, аниқроғи, “тузум хизматчиси” деган калима унинг тасвирига кўпроқ уйғун келади.

Оқсоч адибимизнинг(у киши вафот этганлар, номини келтириб руҳини чирқиллатмайлик) “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган “Улуғ айём арафасидаги ўйлар” номли мақоласи ана шундай “ибратли” мақолалардан биридир. Бу мақоласида оқсоч адибимиз ўзининг мустақиллик байрамини нишонлаш бўйича тузилган Ташкилий Қўмита мажлисида иштирок этгани ва у ерда мажлисга раислик қилган Ислом Каримовнинг пурмаъно насиҳатлар ва оқилона йўлланмалар бергани ҳақида меҳр билан ёзади. Мақолада, хусусан, шундай дейилади:” Самимий суҳбат давомида юртбошимиз:”Халқнинг-ку мустақил давлатимизга муносабатини юқорида айтган эдим”, дедилар ва кулимсираб:”Сизларчи?” – деб сўрадилар. Биз у кишига:”Ахир бизнинг муносабатимизни яхши биласиз-ку, Ислом Абдуғаниевич”, деб жавоб бердик. “Биламан, – деди Ислом Абдуғаниевич, – лекин бу чиқишларингиз оз. Халқимиз “ўзингдан чиққан балога, қайга борасан давога” деганидек, гулдай диёрига хиёнат қилиб, хорижга қочган кимсалар ҳар куни, ҳар хил овозлардан юртимиз ва халқимиз шаънига не-не бўҳтонлар ва туҳматлар ёғдирмоқдалар”. “Ҳақиқатан ҳам,- дея давом эттиради оқсоч адибимиз ўз мақоласини – ғанимларнинг туҳмати шу даражага бориб етдики, гўё бизнинг халқимиз ҳали миллат бўлиб шакллангани йўқ, фақат қорин тўйдириш билан банд, деган гапларгача бораяптилар. Хўш, бизлар-чи? Нега сукут сақлаймиз? Нега телевидениеда кам кўриниб қолдик? Халқ шаънига айтилаётган бу туҳматлардан элимизни огоҳ этайлик… Энди ўз она юртини, ёру-биродарларини, халқи ва ватанини, виждонини сотиб кетиб, узоқдан туриб, ота юртига тош отаётганларга келсак, улар туғилганидаёқ хоинликка маҳкум этилган кўрнамаклардир. Албатта, халқимизда “ит ҳуради, карвон ўтади” деган нақл бор. Лекин мен ўйлайман-ки, карвон ўтаверади, деб, уларни акиллатиб қўйиш ҳам тўғри эмас. Бу масалада суҳбат чоғида ёзувчиларга айтилган (яъний, Ислом Абдуғаниевич тарафидан айтилган. Муаллиф) гаплар, душманни вайсатиб, индамай, сукутга тушиб ўтириш яхши эмас, деган фикрларга тўла қўшилмоқ даркор”…

Ҳа, оқсоч адибнинг бу гапларини ўқиб, биз ҳам “ит ҳурар, карвон ўтар”, деб қўяверишимиз ҳам мумкин эди, аммо гап итда эмас, итга “олкиш”, “бос” деб гиж-гижлаётган итнинг хўжайинидадир. Президент Ислом Каримовнинг йўлланма ва рағбатлантиришларидан боши кўкка етгудай бўлиб севинаётган оқсоч ва қорасоч адиб ва адибчалар, журналист ва журналистчалар бугунги тузумнинг пойдеворини ташкил этмоқдалар. Аммо доимий тилёғмалик, яъний, ялаган тиллардаги ёғнинг ҳаддан ташқари кўплиги, ҳатто ит эгасининг ҳам кўнглига уради, уни бездириб қўяди…

Оқсоч адиб президент айтган гапдан шундай иқтибос келтиради: “Мустақилликни улуғловчи енгил-елпи мақтовларга тўла чиқишлар, ҳамду-саноларнинг даври ўтди, – дейдилар юртбошимиз, – энди халқимиз сизлардан мустақил давлатимиз моҳиятини чуқур таҳлил қилиб берадиган, олдимизда турган мураккаб масалаларни дадил кўтариб чиқадиган фалсафий-теран чиқишларни кутади”. Шундай. Ҳаддан ташқари кўп ёғ, ёғли тил, яъний, тилёғмалик ҳатто юртбошининг ҳам меъдасига урар экан. Аммо жаноб лаганбардорлар ҳеч меъёрни билмайдилар. Улар учун давлат тепасига келган ҳар қандай ўткинчи дарров “Аллоҳнинг ердаги сояси”га айланади. Бироқ сиз адашасиз, жаноб лаганбардорлар, Аллоҳнинг сояси ҳар келиб-кетаётган раҳбар билан бирга келиб-кетавермайди, у сиз ўйлаганчалик, сизнинг рахбарингиз каби ўткинчи эмас. Аллоҳнинг сифатларини бир куфр байроқдорига нисбат бериб вайсайверишдан бир оз тийилинг. Тўғри, сизга ҳам оғир, чунки, ялаб-юлқаб ўрганган тилни тўхтатиш осон эмас, зеро, маддоҳлар учун ялаб-юлқаш, юқорида айтганимиздек, қорин тўйдиришнинг, тирикчилик қилишнинг бир усулидир.

Мақсуд Бекжон