O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Маиший ҳаётда ҳам қатағон бошланди

Маиший ҳаётда ҳам қатағон бошланди
271 views
11 July 2016 - 6:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(17)

Маиший ҳаётда ҳам қатағон бошланди. Инсонлар жаноза намозига ҳам боролмайдиган бўлишди. Нима эмиш, хурофот эмиш. Айниқса, киши бирор давлат идорасида ишлайдиган бўлса, у ўз онасининг жанозасига ҳам боришдан қўрқарди. Борса, дарров ишдан ҳайдаларди.

Бу воқеалар, юқорида айтганимдек, ижодкор синфни бир нечта гуруҳга бўлди ва бу гуруҳлар ўзларининг актив ёки пассив ҳаракатлари билан жумҳуриятдаги ижтимоий набзнинг юксалиши ёки пасайишини кўрсатиб турди. Бу набз, менинг назаримда, 1984 йил охири ва 1985 йил бошларига келиб ўзининг энг юксак
нуқтасига чиқди..

Албатта, ташқаридан қараганда, 1985 йил Ўзбекистонда диққатга сазовор ҳеч қандай воқеа рўй бергани йўқ. Ташқаридан қараганда, жимгина пахтасини тераётган қўймижоз халқ ва унинг тепасида қамчи ўйнатёатган амазон хотин кўринарди. (Ҳа, амазон хотин кўринарди, чунки жумҳуриятнинг расман Биринчи Одами жуда ҳам каризмасиз – ҳайбатсиз одам эди). Лекин пахта термаётган бир қанча инсон бор эди. Уларнинг кўпчилиги пойтахтда юритилаётган сиёсатни муҳокама қилишарди. Умуман, бутун совет жумҳуриятларида қандайдир ўзгариш ҳавоси пайдо бўлганди. Бу ҳаво сал кейинроқ Горбачевни иқтидорга олиб келди. Яъни, Совет Иттифоқига ўзгаришни Горбачев келтирмади, аксинча, ботинда рўй берган ўзгариш Горбачевни ҳокимиятга келтирди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_22Ҳар қандай ўзгариш ҳидини ҳаммадан олдинроқ сезадиган КГБ ҳам анча жонланиб қолди. Ёшлар ичидаги ҳукмрон кайфиятни тасбит этиш учун очиқроқ ҳаракат қила бошлади. 1984 йил май ойида мени илк бор КГБга чақиришди. Қорақамишда шоир Омон Матжон ижарага берган икки хонали уйимда оилам билан яшардим. Соат 10-ларда телефон жиринглади. Олдим. «Я майор госбезопасности Клищенко, мы хотели бы с вами побеседоватъ», деди овоз. «Қайси масала бўйича?», дедим. майор бир оз чайналди, «шунчаки, суҳбат», дея яна такрорлади. Мен «майли» дедим ва майорга «қаерга борай» десам, у Дзержинский майдонидаги «маршрутка» бекатига келинг, мен сизни топиб оламан, деди. Мен келдим, ҳақиқатан «топиб олди». КГБ биноси томон юра бошладик. Йўлда кетаркан йўлнинг қарши тарафидан кетаётган битта рус майорнинг дўсти, шекилли, «ҳў, фалончи, яхшимисан?» дея унга бақирди. Майор унга қайрилиб ҳам қарамади. Чекистлар ўз вазифасини ўтаётган пайтда таниш-билишликни «танимаслиги»ни кўрдим. Майор билан КГБ биносининг бир хонасида бир соатча «мулоқот» қилдик. Ўша пайтлари Тошкентда стажёрлик қилаётган ва шоир Ҳусайн Хоразмий ижодидан диссертация ёзаётган америкалик ёш олим Девин Дэвис билан танишган эдим. КГБни бу америкаликнинг «дунёқараши» ва албатта, менинг унга «қарашим» қизиқтираётган экан. Менинг айтганларим майорга унча маъқул бўлмади. Шунга қарамай, суҳбат ниҳоясида майор менга «тез-тез суҳбатлашиб турсак яхши бўларди», деди. Мен бу илтифотни рад қилдим. «Бу ерга нафақат сиз, балки ёши улуғ машҳур шоирларингиз ҳам келиб туради», деди майор. «Мана, сиз ёшлар Лазиз Қаюмовни ёмон кўрасизлар, у миллатчиликка қарши ўз фикрини айтаяпти, тузумни ҳимоя қилаяпти, бунинг нимаси ёмон?», деди. Мен Лазиз Қаюмовга ҳеч қандай хусуматим йўқлигини билдирдим. Лекин унинг миллатчи деган шоирлари бизнинг энг яхши шоирларимиз эканлигини айтдим. Буни эшитиб майор жонланди ва «марҳамат қилиб, шу айтганларингизни ёзиб берсангиз», деди. Мен буни рад қилдим.

Хайрлашар экан, майор «илтимос, бизнинг кўришганимизни ҳеч кимга айтманг,» деди. Мен эса «КГБга кетаяпман деб, хотинимга аллақачон айтдим», дедим. Майор буни эшитиб жуда мулзам бўлди.

Эртаси куниёқ КГБ билан бўлган «мулоқот»имни бутун дўст ва дўст эмасларга айтдим. КГБга такрор чақирилмасликнинг бошқа йўли йўқ эди. Қўллаган усулим тўғри бўлди шекилли, мени қайтиб «учрашув»га чақирмадилар.

(давоми бор)