Ақтўбе фожиасидан сўнг ўтказилган йиғилишда Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг Тошлоқ тумани аҳолисини «ҳароми» деб ҳақорат қилгани ҳақидаги материаллар турли сайтларда, жумладан, «KUN.UZ»да ҳам эълон қилингач, Фарғона вилоятида турли таҳририятларга раҳбарлик қилаётган шахслардан вилоят ҳокимининг қилмишини оқлаш тушунтирилган бир неча мурожаатлар тарқалди.
Таҳририятимизга ҳам навбатдаги хат келди. Бу сафар «Бағдод тонги» газетаси бош муҳаррири Давлатжон Полвоновдан:
«Сезаманки, ёзмоқчи бўлганларим поёнига етмаёқ, мениям лаганбардорга чиқарадилар. Тилёғламачиликда, бир ёқламачиликда айблайдиганлар мени-да ёмонотлиқ қилишади: худди журналист Муҳаммаджон Обидовнинг ёзмишларини «халқнинг устидан кулиш» дея талқин этишгандек ва худди Бош муҳаррир Гулбаҳор Саид Ғани сатрларини «пучмоқ»қа менгзаганларидек. Бироқ, на чора, дилдагини тилга кўчирмасанг, юрак қурмағур тош қотиб, бутун вужудингни ғашлик босиб боравераркан», — деб бошлаган у ўз хатини.
Буни бемалол «еб қуйган» вилоятимиз раҳбарини оқлаш, унга пахта қўйишга мажбур бўлиб ёзяпман, илтимос, қаттиқ уришманглар мени», деб тушундим шахсан мен.
Қизиқ ҳолат: Фарғона вилоят ҳокимининг ҳуқуқбузарлигини оқлаб, унинг матбуот котиби Абдулазизхон Абдасов, фарғоналик журналистлар — Муҳаммаджон Обидов, Гулбаҳор Саид Ғани, мана энди, Давлатжон Полвоновгина ёзишяпти.
Нега Фарғона вилояти ҳокими кечиримли халқидан бир оғиз узр сўраш ўрнига «пропаганда аскарлари»га буйруқ бериб, бутун Ўзбекистон аҳлининг ғашига тегмоқда?
Масалан, бутун туманнинг масъулиятсиз фуқароларини «ҳароми» деб ҳақорат қилиш мумкин экан, шу сўзни масъулиятсизлик билан ишлатган ҳокимни ҳам шу каби сўзлар билан бемалол сийлайверсак бўлаверади, деганими буёғига? Замондан ортда қолиб кетган анавиларнинг ёзган мақолаларидан бемалол шундай қилавериш мумкин, деган хулоса келиб чиқмоқда ахир!
«Пропаганда аскарлари»да озгина бўлса ҳам ор йўқ экан. Сўкдими — жаримасини тўлаб, қонун олдида жавоб бериши керак-да ҳоким. Ҳеч ким осилсин демаяпти-ку! Газеталарингиз бош саҳифасида эшакдек ҳарфлар билан шундай сарлавҳалар остида материал берилиши керак эмасми? Сиз ростдан ҳам журналистми ўзи ё лаганбардорми?
Қайсидир фарғоналик ҳамкасбимнинг эсида бўлмаса эслатиб қўйишим мумкин: сизу биз Қўқон хонлигида эмас, ҳуқуқий-демократик давлат Ўзбекистон Республикасида истиқомат қиляпмиз ва бизда қонун олдида ҳамма баробар!
Давлатжон Полвоновнинг бизга йўллаган хатида яна шундай сатрлар бор:
«Менга алам қилган яна бир жиҳат — кўпчилик ҳамкасбларга «чайнаш» учун янги «луқма» топилгани бўлди. Бу ҳолатдан халқни гиж-гижлаш учун қурол сифатида фойдаланаётган, «ётиб қолгунча — отиб қол» қабилида иш тутаётганлардан ранжиганим — бор гап. Мана, мисол: «Мирза-Анвар Абдулла Ҳамид» деган фойдаланувчи «Ғаниевнинг ўз қилмиши учун жавоб беришини ҳукуматдан талаб қилган ҳолда, Тошлоқ тумани аҳолисидан ҳокимни судга бериш»ни сўрайди.
Яна бошқа интернет фойдаланувчиси: «Бирон бир мард йўқми Тошлоқда?», деган саволни иддао сифатида илгари сурган.
«Шўрлик оналар бошига тушган мусибат ҳокимнинг ҳам бошига тушсин!», дея қарғаниб ёзибди «Малоҳат Эшова» деган линк эгаси.
«Тўра Мурод» линки остидаги ёзувларда Президентга мурожаат этилиб, «Ғаниевни ишдан олиш лозимлигини нафақат тошлоқликлар, балки бутун ўзбек халқи кутиб тургани» баён қилинади.
Ҳой, биродар, Президентга, ҳукуматга ультиматум қўйишга ва бу буни «бутун бир халқнинг хоҳиш-иродаси» сифатида талқин қилишга маънавий ҳақингиз борми? Мен билганим, Конституцияга мувофиқ, халқнинг хоҳиш-иродасини фақатгина Президент ва қонун йўли билан сайланган депутатлар ифода этиши мумкин, холос. Бутун бир халқни тинч қўйсинлар, Тўра Мурод».
Ўзи ҳамкасбларни танқид қилишни жуда ёмон кўраман. Бундай сатрлари билан мен Гулбаҳор Саид Ғани ва Давлатжон Полвоновни журналистдек фахрли ва шарафли касб эгалари эмаслигига тўлиқ амин бўлганим учунгина ушбуларни ёзишга жазм қилдим. Унгача ғашим келиб турган бўлса ҳам, узоқ вақт тишимни тишимга босиб чидаб келаётган эдим. Давлатжон Полвоновники сабр косамни тўлдирди.
Шуҳрат Ғаниевнинг ўзи-ку халқни бир тийинга олмаслиги аён бўлиб бўлди, шотирлари ҳам шу фикрда экан. Интернетда қандай тўлқин юзага келганини кўрмадингларми?! АНА ШУ — ХАЛҚ бўлади. Ҳоким сўкса ҳам, тепса ҳам мунғайиб ўтирган ҳаромхўр раҳбарлару депутатлар эмас! (Шунақанги ишлатгим келдикуя бояги сўзни, асти қўяверинг)
Тўғрисини айтинглар, Давлатжон ака, Гулбаҳорхон опа, мажбурий обуна бўлмаса газетангиз нечта тиражда чиқарди? 15 киши обуна бўлармиди? Сизлар ахир мажбурсиз-ку ҳоким жаноби олийлари ҳақида шундай битиклар ёзишга? Ёзманг қани, бир кунда креслодан учиб кетасиз! Жойингизга кўз тикиб турганлар — юзта! Газеталарингиз эса ҳокимларнинг «Қани, ҳаромилар, қанча обуна қилдиларинг?!» дағдағаси остида, бюджет ташкилотлари ҳалол маош олаётганларнинг моянасидан узиб қолиниб обуна қилинади. Ёлғонми?
Очиқ ва танқидий мақолалар билан халқни гиж-гижламасдан, ҳокимларнинг жиноятларию ҳақоратларини хаспўшлаб юришни журналистика ҳисоблаётган, ҳақсизликни кўриб, чидай олмай қўлига қалам олган ўтюрак журналистларни ҳам Сэм тоғанинг малайлари деётган экансиз, ҳали ҳам ХХ асрда юрганингизни сезмаяпсизми?
Модомики вазият айнан шундай экан, ҳамма қолиб, сиз ўзингизни маънавий ҳақдор ҳисоблаяпсизми?! Одамларга эркин фикрлари учун ёрлиқ ёпиштиришга қандай жазм этяпсизлар? Аслида Қаламга (компьютер олдига) умуман яқинлашмаслигингиз керак эмасми?
Ҳа, сиз халқнинг устидан куляпсиз! Лавозимингиз илинжида лаганбардорлик, тилёғламачилик, бирёқламачилик қиляпсиз. Боз устига, бундан асло уялмаяпсиз ва севимли раҳбарингиз каби хатингизни бошиданоқ таъна қилиб қўймоқдасиз.
Вилоят ҳокими матбуот котиби Абдулазизхон Абдасов эса ҳокимнинг ҳақоратини ҳақорат ўрнида қабул қилган барчани ақли оқсаганликда айблабди. Ҳақоратни ҳақорат эмас, деб қабул қилиш ақли расолик бўлса, Фарғонада ҳокимлик ва руҳий касалликлар шифохонасини омихта қилиб юбораверинглар.
Халқ оёқ учида кўрсатиладиган эски замонлар ўтди. Шуҳрат Ғаниевнинг мавжуд қонунчиликка кўра жазоланиши шу билан ҳам аҳамиятлики, ундай оғзи шалоқ раҳбарлар, афсуски, республикада ҳамон кўп. Прецендент ҳосил бўлиши керак ва бундан буён раҳбарлар халқ ва фуқаролар билан муомала қилишда маданиятли бўлишлари керак. Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ўз чиқишларида бот-бот такрорлаб турибди. Халқимизни рози қилайлик, дейди Президент. Буни «Халқимизни норози қилмайлик», деб ҳам тушуниш керак, ахир!
Тўра Мурод ҳам Президент олдига ультиматум қўймаяпти, давлат раҳбарининг ёниб-куйиб сўзлаётган сўзларини йўққа чиқараётган, мазлум халқнинг ишончию умидини ўлдираётган раҳбарлар чангалидан қутқаришни илтимос қилмоқда.
Аслида, ўша азали кунларда ҳоким халқнинг чинакам етакчиси бўлганида, халқпарвар бўлганида, нотиқ бўлганида, билимли ва маданиятли бўлганида шундай нутқ ирод қилар эдики, бутун халқнинг кўнглидан жой оларди. Ҳозир эса нафратга гирифтор. Шундай оғзи шалоқ раҳбар қўл остида ишлаш кимларгадир маза бўлса, билмадим, билмадим…
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 2 мартдаги 62-сон қарори билан Давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ходимларининг одоб-ахлоқ намунавий қоидалари тасдиқланган.
Унинг дастлабки уч бандини Фарғонада журналистман деб керилиб юрган БОШ муҳаррирлар рангли принтердан чиқариб, столи устидаги ойнанинг остига қўйиб олишларини маслаҳат бераман:
-давлат хизматчилари хушмуомала, илтифотли, одобли, эътиборли, фуқаролар ва ҳамкасблари билан муносабатда сабр-тоқатли бўлиши, уларни ҳурмат қилиши шарт.
-Давлат хизматчилари ўзига бўйсунувчиларга ва фуқароларга нисбатан қўполлик қилмаслиги, одамларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмаслиги, уларга асоссиз психологик ва жисмоний таъсир кўрсатиш ҳолатларига йўл қўймаслиги лозим.
-Сиёсий, иқтисодий жиҳатдан мақсадга мувофиқлик, шунингдек, шахсий важлар ва бошқа субъектив сабаблар давлат хизматчиларининг қонун ҳужжатлари талабларини ва Одоб-ахлоқ қоидаларини бузиши учун асос бўла олмайди.
Хуллас, Шуҳрат Ғаниев ўз эгосини енгиб, «пропаганда аскарлари»ни бирин-кетин майдонга тушириб, шарманда қилаверишни бас қилиши керак. Мана, полвонзодасиям енгилди.
Ҳокимдан ҳамон тошлоқликлардан бир оғиз узр сўрашни кутмоқдамиз. Бутун Ўзбекистон халқи номидан қўрқмай гапираман — ҳамма кутяпти. БОШ муҳаррирлардан бошқа.
Шуҳрат Шокиржонов,
журналист.
Манба: kun.uz