(Эссе)
Уолт Уитменннинг қумурсқа ва майсалар, гиёҳлар ва чечаклар хақидаги шеърияти тўғрисида ўйларканман, “шоирнинг қалби ҳаёт ишқи билан шу қадар тўлаки, унга майса ва гиёҳлардан, қумурсқа ва бошқа шунга ўхшаш майда жоннзотлардан бошқа хеч нарса сиғмайди, бошқа нарсалар бу лимо-лим қалбга кўплик қилади, катталик қилади”, деган фикр туғилди.
Албатта, шоирнинг бу ҳолати ҳақда бунга том тескари фикрни ҳам айтиш мумкин эди, масалан, шундай: “шоирнинг қалби чуқур изтироблардан, бахтсизликлардан шу қадар чарчаганки, бу қалбни қайғулар шу қадар шип-шийдам қилганки, энди ўт кетиб, култепага айланган ўрмон сингари ҳувиллаб қолган бу қалб учун шу майда гиёҳ ва жонзотлар ҳам катта умид ва малҳам бахш этади, аммо буюкроқ нарсаларни “ҳазм” қилишга изтироблардан ҳаддан ташқари заифлашган бу қалбнинг ҳали қурби етмайди”.
Аммо менда илк бор биринчи фикр туғилди… кейин эса… иккинчи фикр ҳосил бўлди. Хуллас, мутлақо қарама-қарши кўринган бу иккита қутб, биз ўйлаган даражада бир-биридан узоқ эмасдай кўринади. Символизмни ёқтирмасам хам, ўз думини ғажиётган илон тимсоли бошимда доим бир қатор “умумлашган”, “универсал” ғояларни яратади. Символизмни унча ёқтирмайдиган бир одамнинг борлиқни бир илон орқали “умумлаштириш”га бўлган мойиллиги, албатта, ташқаридан бир оз зиддиятли кўриниши мумкин, аммо биз айнан ана шу зиддият, ўз думини ғажиётган илон ҳақида гапирмаяпмизми, зотан?
1980 йилларнинг ўрталарида Тошкентда ёшларнинг бир оммабоп журнали бўларди (балки, ҳозир ҳам бордир). Бир куни мен шеърларимни кўтариб, шу журналга бордим ва журналнинг Ленин комсомоли мукофоти лауреати бўлган Бош муҳарририга шеърларимдан ўқиб бердим. Бир шеъримнинг:
“Бу шафақнинг шомгими – тонгги
эканлигин ким билади, айт,
Буни биздан бошқа ким билар?”
деган сатрларини назарда тутарoқ “лауреат” рус тилида: “Ну и что?” (Хўш, нима бўлибди?) деган бир хитоб-саволни ташлади. Мен ҳам, бу хитобни жавобсиз қолдирмадим: “ҳар қандай асарга, ҳар қандай шеърга, шу жумладан, сизнинг шеърларингизга ҳам шу саволни бериш мумкин”, дедим. Шунда у мендан: “Шу сатрлар билан нима демоқчисан?” деб сўради. Мен юқоридаги шеърий сатрларни яна бир бор ўқиб бердим ва: “шундай демоқчиман”, дедим. Хуллас, шеърларим лауреатга ёқмади ва журналда чоп этилмади, аммо гап бунда эмас; гап шундаки, ҳар қандай савол (ўз думини тишлашга ҳаракат қилаётган илонни эслатувчи шакл – сўроқ аломати)нинг ичида унинг жавоби ҳам ётади, мен буни “лауреат”га тушунтиролмадим, зотан, “шом” билан “тонг” каби қарама-қарши қутбларнинг бир-бирига нақадар ўхшашлигини бу “лауреат”га тушунтириб ўтириш фойдасиз эди – зеҳнияти бир қутбли эди…
Қутблар ҳақида ўйлар эканман, мен худди бўшлиқда муаллақ турган кишидай фикрлаётганимни пайқадим – агар мен ҳавода эмас, ерда турганимда эди, қутблар ҳақида эмас, уфқлар ҳақида гапирган бўлардим: зеро, ерда турган кимсага қутб эмас, уфқ кўринади, шундай эмасми? …
Хуллас, мен уфқни идрок этадиган даражада пастлашиб, атрофга боқар эканман, атрофнинг шип-шийдамлигидан (култепага айланган макондан) сесканиб кетаман ва “бу фақат ўз ичингдаги бўшлиқнинг акси”, деган фикрга ўзимни ишонтиришга уруна бошлайман, аммо қанча урунмай, бунга ишонгим келмайди – мен ўз сезгиларимнинг (улар нақадар ҳорғин бўлмасин) атрофни нотўғри идрок этаётганини сира тан олгим келмайди: “атроф ҳақиқатдан ҳам бўм-бўш, уфқ бўм-бўш”, деган туйғу борлиғимни тарк этмайди…
Мени доим “бизнинг миллатимизнинг қиёфаси қандай?” деган савол қийнаган. Рус совет империяси даврида бунга жавоб бериш унчалик қийин кўринмасди; “халқим босқинчиларнинг колониал сиёсати остида ўзлигини йўқотди, аммо мустақил бўлгани замон у яна ўзининг бутун улуғворилги билан майдонга чиқади”, деган умидга ўхшаб кетувчи бир нарса бўларди, шу нарсага таяниб, нимадир қилишга тиришар ва ватан, халқ хақидаги ҳар бир калима шахсиятимиз ҳақида айтилаётган калимадай ичкин қабул этилар, бу калималар етказадиган озор ҳам шунга яраша эди. Шу маънода, Андропов бошлаб берган ва бир рус ва бир арман миллатчиси раҳбарлик қилган машъум “ўзбек иши” даврида ўзбек халқи устига тўкилган чексиз мағзава ва бўҳтонларни кечириш( бошдан кечириш) имконсиз кўринарди, аммо бу дўзах ҳам, фақат ” эртага озод бўлсак”, деган умид туфайлигина ошиб ўтилди ва биз бугунгача етиб келдик…
Аммо “эртага озод бўлсак”, деган гап биз билан қолди… Мен бу ерда мустақилликка эришиб, ўз “миллий” золимига эришган Ўзбекистоннинг бугунги жинояткор режимини назарда тутаётганим йўқ, балки, шу режимни кўтариб турган миллионлаб каллалардаги тутқунликни назарда тутаяпман. Гап бу золим режимга қарши курашиш ҳақда ҳам кетаётгани йўқ, гап энг жўн бир шаклдаги тўғрилик ва ўғрилик ҳақидаги тасаввурларнинг мутлақо барбод этилгани ҳақда кетмоқда.
Бир киссавур ёки бир йўлтўсар бир автобусда ёки кўчада, барча одамларнинг кўзи олдида, уларнинг лоқайд гувоҳлигида ҳеч қандай жазосиз, ҳеч қандай таъна-дашномсиз бир бева-бечорани талар экан ва ўғри ўзининг ўғрилигини яшириш ўрнига ундан ғурур туяркан, бундай юртда бугунгидан бошқача бир тузумни тасаввур этиш қийин, деган оғир бир туйғу ҳеч кўксимни тарк этмайди. Ҳар қандай ўғри ва каззоблар ҳокимияти кўчада майда ўғри ва каззобларнинг бемалол юришидан бошланади, деган фикр тинимсиз миямни кемиради. Кўчадаги ўғрига “ур ўғрини!” дея таҳдид этилгани заҳоти бу ўғрилар хокимиятининг ҳам шохи зириллайди, деган жуда жўн кўринган бир хулоса миямда тинимсиз айланади. “Шохи билан туёғи бир, думи билан боши бир”, деган фикр миямда чарх уради…
Шу ерда мен Уолт Уитмен шеъриятидан ўғри-каззобларгача бўлган йўлнинг қандай ўтилганини сезмай қолганимни англадим. Чиндан ҳам, масофалар инонилмас даражада нисбий, улар бир сароб сингари бизни чалғитади. Мен бу ерга ҳам (айни замони, айни ўрни!!) ўзимнинг ўша юқорида келтирилган ўз думини ғажиётган илон ҳақдаги “универсал” концепциямни тиқиштиришим мумкин.
Бу ерга, шуниндек, 32 йилча олдин “Ёш ленинчи” номли газетада чоп этилмай қўлимга қайтариб берилган бир адабий мақоламдаги: “Ўртамиёна мутафаккирни фикрлар ғажиб ташлайди, буюк мутафаккир эса, фикрларни бир-бирига едиради”, деган гапни ҳам қистиришим мумкин, истасангиз. Бу фикрнинг ўз думини ғажиётган илон ҳақдаги фикрдан кам жойи борми?
Мақоламни қайтариб берган ўша газета муҳаррири, газета ходимининг айтишича, мақолам хақда: “Жуда ўтлаб кетибди”, деган фикрни айтибди. Балки, муҳаррирнинг гапи тўғридир? Бошқаларни билмадим-у, аммо коммунист муҳаррирлар ўз “яйлови” чегараларини доим яхши билган ва улар ҳеч қачон “ўтлаб” кетмаганлар. Балки, мен хам бир оз ўз “яйловим” чегараларини билганим маъқулдир?
Ҳар ҳолда, қутбларни илонга ўхшатиш яхши гап бўлмаса керак…
Мақсуд Бекжон