ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(88)
5. Маккага бориб ҳожи бўлиб келган вилоят ҳокимининг айтганлари
Пошшо – Худонинг ердаги сояси, деган эканлар. Биз авваламбор ўша сояга бўйсунишимиз керак.
Унинг сиёсати тўғрими-нотўғрими, қора кучларга ўхшаб муҳокама қилиш катта гуноҳдир. Шундай кўрнамаклар бизнинг вилоятимизда ҳам йўқ эмас. Уларнинг биттасининг уйига одамларимни юбориб оттирган эдим, жойида йўқ экан, ўқ ёстиққа тегибди. Барибир тинч қўймадим, ишдан бўшатиб, бадарға қилдим. Унга яқин бўлган элликта кишини ишдан ҳайдадим. Ғалабани ювиб, роса ичдик.
Дарвоқе, Маккага бориб кўрдик-ки, у ерда ароқ ичмас эканлар. Биз анча қийналдик. Уйга келгандан кейин роса тўйиб ичдик. Бу асло ҳожилигимизни бузмайди. Чунки, пайғамбаримиз «ароқнинг ўзи эмас, мастлиги ҳаромдир,» деганлар.
Аммо тунов куни, пошшомизнинг туғилган кунида роса отибмиз. Ҳожи бўлганим учун менга сўз беришди. Барча вилоят ҳокимлари ўтирган эди. Озгина кайф қилибман, шекилли, эллик беш ёш ўрнига олтмиш беш ёш деб юборибман. Эртасига роса сўкинч эшитдим. Сиёсий хато қилганимни тушундим.
Умуман, сиёсатга аралашмаган маъқул экан. Бизнинг ишимиз қишлоқ хўжалиги бўлиши керак. Халқнинг қорнини тўйдириш лозим. Ўрни келганда шуни айтиш керак-ки, халқимиз ҳам анча мечкай халқ. Маккага борганда кўрдик, у ерда одамлар жуда кам овқат ейишади. Бизда-чи, ойда бир марта албатта гўшт ейдилар. Нон ҳар куни, чойни айтмасангиз ҳам бўлади.
Маккадан келиб вилоятда мечкайликни йўқотиш ҳақида фармон чиқардим. Халқ хурсанд бўлди, бозор қиммат замонда озиқ-овқатга пул йўқотмайди.
Бу ташаббус тепадан қўллаб-қувватланди. Иқтисодий масалалрни шундай ҳал қилиш лозим, деб алоҳида таъкидланди. Сиёсий хатомни шу билан ювдим. Пошшомиз ақлли, доно одам, мени кечирдилар.
Биз Маккага бориб кўрдик, Саудияда пошшосининг қўлидан ўпар эканлар. Бизда ҳам бу одатни жорий қилиш керак. Биз ҳозир вилоятимиз марказида пошшомизга ҳайкал ясаяпмиз. Фуқаролар унинг қўлини ўпишсин. Чунки, пошшомизнинг вилоятга келишга вақтлари бўлмаслиги мумкин.
Фарғонада шунга ўхшаган бир иншоот қуришибди. Фақат жуда баландда, дейишади. Одамлар нарвон қўйиб ўпаётган эмишлар. Бу демократияга тўғри келмайди. ҳайкални сал пастроқ қўйиш керак, шунда ёш-қари, бола-чақа – ҳаммаси ўпиш имконига эга бўладилар. Буни кофирлар «шахсга сиғиниш,» деб айтишлари мумкин. Биз шахсга эмас, сояга сиғинамиз!