O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

“Маккаю Мадинани писанд қилмаса…”

“Маккаю Мадинани писанд қилмаса…”
23 views
12 December 2014 - 16:16

1“Шаҳидлар хиёбони”даги масхарабозлик туркумидан

Давоми

Каримбой, яна: “Маккаю Мадинани писанд қилмаса, ҳеч ақлга сиғмайдиган ташвиқотларни ташкил қилса, мусулмонларнинг дунёси, олами нима бўлади?!” дея, томоқ йиртасан. Эскирган поллатасидек шалвираган бақбақангни шишириб, кетингга зўр берасан, маймуннинг ҳалиги жойига ўхшаган қизил башарангга ясама жиддийлик бағишлаб, ўзингни миллат ва мамлакат тақдиридан хавотир олаётган одамдай қилиб кўсатмоқчи бўласан. Нима, халқ ўзингни зўр санасангда, аммо бир чақага арзимас Ёқуб Ахмедов, Сайида Раметова, Эркин Комилов, Теша Мўминовлар каби бир “Йўлчивой”, беҳаё ва андишасиз актёр эканлигингни, ғийбат ва ҳасратдан бошқасини билмайдиган, Миллий театрнинг артистларини чангида қолдирадиган риёкор эканлигингни, билмайдими? “Ўйин экан” дея, олдингга келганини еб, оғзингга келганини қайтармаслигингдан халқни бехабар деб ўйлаяпсами, ёки? Албатта, халқ сенинг Ҳамза Умаров, Соҳиб Хўжаев ёхуд Ҳожибой Тожибой эмаслигингни, хоҳласанг ҳам улар каби бўлолмаслигингни яхши билади. Сен сиёсат оламида ҳам шунақа, ўртамиёнадан пастроқ бир одамсан. Узоққа бормайлик, сиёсий давралардаги савия даражанг, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевдан, камида тўрт-беш калла пастда туради. Бу, айни ҳақиқат, сўзимда заррача лофи йўқ. Артистлик моҳаратинг эса, ундан ўн калла баланд. У хоҳласа, артистликда ҳам сендан ўтадию, аммо Худодан ҳаё этади.

Ўхшатиш учун сиёсат майдонда Обамани Лучано Паваротти деб оладиган бўлсак, сен унинг ёнида Озодбек Назарбеков ёхуд Фаррух Зокировсан. Афсуски, Ботир Зокиров ёки Юлдуз Усмонова эмассан. Шунақа бўлганда, ўзбекнинг бахти кулган бўларди. Ёхуд Путин сиёсий миқёсда Алла Пугачева бўладиган бўлса, сен унинг ёнида Сайёра Қозиева ёки Марям Тангрибердиевадек бир гапсан. Мавлуда Ойнақулова билан Мавлуда Асалхўжаеваларнинг рейтингги сендан бироз юқорида туради. Райҳонники, сеникидан бир бармоқ пастда…

Ҳолини билган ҳормас, деганлари каби, шунинг учун ҳам “ҳа” деб майна бўлавермасдан, қадамингни борлаб боссанг, ўласанми? Нима, битта сен доно, қолган ҳамма аҳмоқми? Ўзинг майна бўлсанг, гўрга эди, йигирма беш йилдан буён ўттиз милёнли бутун ўзбекни дунёга шарманда қилиб ётибсан…

Икки оёғинг бир этикка тиқилгач, кулга бир ағанаб калима қайтариб, Маккаю Мадинани тан оладиган, халққа ислом қадрятидан маъруза ўқийдиган имом хатиб бўлиб қолдингми, энди? Халқ ичида сийқаси чиқиб кетган макр ва ҳийлаларингга шу йўсинда янгидан ниқоб тортмоқчи бўляпсанми? Ўзбек жамиятини янги хавфдан огоҳлантириб, яна бир муддат унинг эрки ва ҳақ-ҳуқуқини тўшингнинг тагига босиб, миллатни аросатда ушлаб туришга шайланяпсанми? Ёлғон халтангдаги қолган-қутган авровларингни ишга солиб, аввалида халқни ваҳимага тушириб, кейин чўзиш учун бир қарич ҳам жойи қолмаган президентлик ваколатингни чўзмоқчимисан? Ўйнашлари назаридан қолган фоҳиша каби имижингни ўзгартириб, яна халқнинг ишончига кирмоқчимисан? Америка ва Россияни сиёсий ўйинларинг билан аврамоқчи бўлганинг каби, энди мусулмон давлатлари раҳбарларининг ҳам эътиборини тортишга уриниб, янги ўйинларни ўйлаб топяпсанми?

Уларнинг ҳам анойи эмасликларини, Путин билан Обамадан қувликда қолишмасликларини билмайсанми, ҳали? Сенингча, Путин ва Обама кабилар ҳар қанча аҳмоқ бўлган тақдирларида ҳам, сендан юз баробар ақли эканликларини, шунча йиллар асносида англаб етмадингми? Уларнинг Қундуз бобога эҳтиёжлари йўқлиги, кимлигингни ўзингдан кўра яхшироқ билишлари, сени фикрлашга, масъулият ҳис қилишга мажбурламайдими? Уялмайсанми, сенда заррача бўлсин ор-номус деган туйғу борми, ўзи?! Бемаъно ўтаётган умрингдан ачиниб, халқнинг кўзига кўзинг тушганда, ёлғончилигингдан, субутсиз ва риёкорлигингдан изза тортмайсанми? Ҳийла-найрангнинг қулига айланиб, дунёда фитна ва тубанликлардан бошқасини кўрмасдан ўтиб кетаверасанми? Чин ҳаёт нима, инсон бу дунёга нима учун келади, яшашдан мақсад нима, деган саволлар хусусида бош қотириб, ҳақиқий инсон бўлишга, мард ва тўғрисўз бўлишга тиришмайсанми, хотинчалиш ҳувайри…

Кундуз куни туйнукдан омборга тушган ўғри мушук каби халқнинг қолган-қутганини талон-тарож қилиб, ҳомийларингга ўзингнинг пихини ёрган туллак эканингни – ҳали ҳам куч-қувватга тўлалигингни намойиш этиб, баробарида фуқароларнинг эътирофига сазовар бўлмоқчимисан? Сенга мукофот, мол-дунё ва шон-шуҳрат керакми? Сен мақтовга, мол-дунё ва шон-шуҳратга қачон тўясан?!

Чорак асрдан буён миллатни поракандаликка учратиб, бегуноҳларнинг қонини дарё этиб, ҳали ҳам кўнглинг таскин топмадими? Қонга тўймадингми, зулмга қонмадингми…

Малъун, кўп чиранма, ўзинг-ўзингни авраб, халққа ҳам ўзингга ҳам ортиқ жабр этма! Мард бўлиб, аллақачонлар кунинг битганини, тан ол, раҳбар сифатида кўп замонлар аввал ўлгангигингни эътироф қилиб, Аллоҳга тавба-тазарру қилгин. Бир куни муқаррар бошингни кесажак, ўлиб қутулсанг, мурдангни кавлаб олиб кулингни кўкка совуражак, оилангни ва уй-рўзғорингни ер билан яксон қилажак жабрдийда халқдан, омонлик тилагин. Унинг ичида йиллар бўйи олов бўлиб ёнаётган интиқом ўтига, кутмаганда рўй бериши мумкин бўлган қасосга чин юракдан иқроринг ила банд босиб, ундан меҳр-шафқат тилаб, унинг қаҳру ғазабини сўндиришга шошилгин. Миллатни ваҳшийликлар содир этишга, зулмга зулм билан жавоб қайтаришга мажбурлама, уни ўзингнинг тубанликларингга бошламагин. Сабри-тоқатини, ғазабини синаб, уни кўзи қонга тўлган бир йиртқичга айлантиришга шайланмагин!

Самимий иқроринг ва кутилмагандаги мардлик-матонатинг билан миллат келажаги, мамлакат ободлиги ҳаққи, фуқарога озодлигини, эркини қайтариб, бер. Сенинг зулмингдан хорижларга чиқиб кетган мухолифлар, меҳнат муҳожирлари ва ўн минглаган мужоҳидлар ватанга қайтсинлар. Сен мамлакатда юзага келтирган муаммоларга уриш ва тўс-тўполонлар йўли билан эмас, тинчлик йўли билан, миллий бирдамлик йўли билан ечим изласинлар. Бир мушт бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб, халқнинг, мамлакатнинг келажаги учун миллий сафарбарлик эълон қилсинлар…

Сени “Қундуз бобо” дея, “улуғлайдиган” ўзбеклар, аллақачонлар “ўлдим” деганларингга ишонмайдиган бўлиб қолганлар. Кимдир, фалончанинг эркак эшаги туғибди, деса, ҳамма ишонади. Сен Қуръони каримга кафтингни босиб: “Агар яна ёлғон гапирсам, халққа зулм қилсам, илоё, мени Қуръон урсин, тил тортмай, ўлай. Сўзимда турмаганим учун Аллоҳ мени шол қилиб, деразага термултириб, қўйсин” десанг, сенга ҳеч ким ишонмайди. Чунки, сенинг Қуръонга қўл қўйиб қасам ичганларингга тескари, кўз кўриб-қулоқ эшитмаган ваҳшийликларни амалга ошириб келаётганингни, мусулмонларни шунча йиллардан буён тўхтовсиз қирғин қилиб келаётганингни халқ йигирма беш йил-ки, ҳар куни кўриб турибди.

Қундузчалар униб-ўсиб, ҳаётнинг Қундуз бобо айтиб берган эртаклардан айрича бир нарса эканига ақли етадиган бўлган. Қовурғалари синган эшак каби шарти кетиб-парти қолган, қариб қуйилмаган Қундуз бобонинг шон-шуҳрат ишқи билан ёнаётгани ҳам, уларга аён. Ўзининг эртакларига ўзи ишонадиган Қундуз бобонинг ҳаёт ҳақиқатига фаҳми етмаслигини билмайдиган одамнинг ўзи қолмади, ҳисоб. Бошқа томондан эса, шайтоний чўтир башаранг ва шоғолникига менгзаб кетадиган хиёнаткор кўзларинг, ҳамиша ичингни фош этиб туради. Тилинг бошқа нарсани гапириб тургани билан, одамлар, сенинг кўзларингга боқиб, ичингдагини ўқийдиган бўлиб қолганлар…

Маккаю Мадинани билар экансан, мусулмон экансан, ўз халқингни қўя турайлик, нима учун давлат бошига келган кунингдан буён, қўшниларнинг қонини ичиб, еган-ичганига оғу қотиб ётибсан? Туғишганимиз ва жонажонимиз бўлган тожикларни тупикка тиқиб, қутурган итга ўхшаб йўлида ётиб олиб, бечораларга на ўтиб қайтишга, на Ўзбекистондаги қариндош-уруғлариникига келиб кетишга изн берасан.

Маккаю Мадинанинг мусулмонларнинг муқаддас шаҳарлари эканига, у ерларда яшаётган аҳолининг мусулмонлар эканига йигирма беш йилда, энди ақлинг етдими? Тожикистонликларнинг мусулмон эканини, уларнинг ҳам ўзбеклар каби ўз шаҳарлари ва қишлоқларини Маккаю Мадинадан кам кўрмаслигини, ҳали ҳам билмасмидинг?! Ўзбекистонда ҳам Самарқанд, Бухоро, Хива каби мусулмонларнинг муққаддас ва қадим шаҳарлари бўлиб, уларда ўзбеклар сингари тожикларнинг ҳам ҳаққи борлигини, уларнинг зиёрати учун қўшниларга йўл очиб қўйиш, чин мусулмон раҳбарининг бурчи эканлиги ҳам, сенга шу пайтгача маълум бўлмаганмиди, ёки?

Сенга содир қилаётган жиноятларингнинг барча-барчаси маълум эди. Сен ўзбегу тожикнинг икки тилда сўзлашгувчи бир миллат, муштарак тарихга эга қошу кўз эканлигини, биздан кўра ҳам яхшироқ билар эдинг. Мақсадинг, бирлаштириш эмас, икки халқни бир-биридан ажратиш, тожикларнинг бошига қора кунларни солиб, ўзбекларни дунёда яккалаш, қўшниларнинг кўзига ёмон кўрсатиш эди. Шунинг учун ҳам Тожикистондаги урушларга ўз вақтида, мой сепиб, борҳо авж олдириб турганинг каби тожик халқининг душманларини рағбатлантиришдан ҳалигача ўзингни тия олмайсан. Тожик халқининг мувафақияти сени ғам-ғуссага ботириб, юрагингни ўртагани каби, унинг бошига кулфат тушса, хурсандлигингдан боғ-боғ очилиб, тилларинг сайраб кетади. “Тожикистондаги урушларни кўринглар. Осмонимиз мусаффо, бизда тинчлик” дея, палапартиш гапириб, ўзбекни туғишганининг айби учун муттаҳам этишга уринасан. Гўё барчасига тожиклар айбдордек, уларни ўзбекнинг кўзига ёмонотлиқ қилиб, ўлкадаги тинчлик учун ўзбекнинг қўлига кўринмас кишанларни уриб, елкасидан ерга босишга тиришасан. Аслида, Ўзбекистондаги вазиятнинг урушдан ҳам ёмон бир аҳволда эканини, Тожикистондаги урушларда сен ва сенга ўхшаганларнинг манфаати борлигини, ҳамма кўриб билиб ўтиради…

Эргаш Сулаймон