O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мактаб – билим эмас, давлат сиёсатини тарғиб қилиш масканига айлангани ачинарли

Мактаб – билим эмас, давлат сиёсатини тарғиб қилиш масканига айлангани ачинарли
246 views
14 October 2021 - 11:07
Мактабларнинг бирида ўтказилаётган тадбирга болалар ёзувчиси сифатида таклиф этишди.
Хурсанд бўлиб, китобларимдан олиб учиб борсам яна тўрт киши чақиртирилган экан. Бири ҳокимиятдан, иккинчиси туман халқ таълими бўлимидан, учинчиси маҳалла, тўртинчиси имом…
Табиийки сўз аввал катталарга берилди. Уччала катта ҳам минбарга чиқиб, мағзаваланиб сайлов, маънавият хақида эзмаланиб гапиргунча зални ярми бўшаб қолди. Навбат имомга келди.
Уни маърузаси ҳам аввалги учтасидан қолишмади. Фақат, Давлат яхлитлигига тахдид қилувчи душманлар динда ҳам қаттиқ қораланиши, дўзахий бўлиши хақида гапирганда мудраб ётган ўқувчиларнинг кўзлари мошдай очилиб кетди.
-Хуллас, Подшоҳ Аллохнинг ердаги соясидир… Хўш менга саволларингиз борми? Маъзур тутасиз, шошиляпман. Номоз вақти бўлиб қолди.
Ҳеч ким савол бермади. Ҳамма жим. Адашибман. Олдинги қаторда ўтирган болакай типирчилаб қўл кўтарди:
Пилдираб юрган устозлардан бири хурсанд бўлиб сўз берди:
– Марҳамат Абдуллаев, саволингни беравер!
Сўнг меҳмонларга юзланиб изохлади:
-Абдуллаев Нодир энг аълочи ўқувчиларимиздан бири. 3- “Б” ни синфкоми! Марҳамат Абдуллаев!
Бола яна типирчилаб, айтайми-айтмайми деб хижолат билан овоз чиқарди:
-Устоз, ташқарига чиқсам майлими? Кўнглим айнияпти. Қусвораман.
Рости мени ҳам тўрт валломатнинг маърузасидан сўнг кўнглим айниб зўрға ўтиргандим. Чопиб чиқиб кетаётган боланинг холатини тўғри тушундим.
Нега мактаб тадбирларига меҳмон таклиф этилаётганда ўқувчиларнинг ёши, руҳияти инобатга олинмайди?
Хозир катталар аранг хазм қилаётган мавзуларни 9—14 ёшдаги болалар кўтара оладими? Мактаб – билим, маърифат эмас, давлат сиёсатини кўр-кўрона тарғиб қилиш масканига айлангани ачинарли эмасми?
Энди бунақа тадбирларга чақиришса бормайман.
Болалар билан ўз тилида, ўзи кутган, онги қабул қиладиган мавзуларда мулоқот қилиш керак
ПЕДАГОГЛАР!
Муаззам Иброҳимова
Манба: Facebook