O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мактаб инқирози жамият инқирозидир

Мактаб инқирози жамият инқирозидир
151 views
15 October 2012 - 9:40

  Намоз Нормўмин,
15 октябрь 2012 йил

Мактаб луғатда “ёзишга алоқали муассаса” маъносидадир. Ёзиш эса ўқишдан ажратиб бўлмайдиган бир ишдир. Аммо мамлакатимизни яқинда тарк қилган марғилонлик йигирма ёшлар чамасидаги бир йигит менга “домла, мен кирил ҳарфларида ўқий оламан, аммо ёза олмайман. Баъзи тенгдошларимиз умуман кирил ҳарфини танимайдилар, улардан баъзилари лотин ҳарфларини ҳам эплаб ўқий олмайдилар, кўпчилиги эса лотин ҳарфларида ёзишни эплай олмайдилар”, деди.

Бу йигитнинг айтишича, Ўзбекистонда янги (?) яъни лотин ҳарфларига ўтиш жараёни 2000 йилда тугалланиши керак эди. Аммо мамлакат раҳбарияти бу муддатни 2010 йилгача узайтирган. Аммо ҳозириги кунда эса бу масалага (балки атайин) аниқлик киритилгани йўқ. Расмий ёзув лотин ёки кирил ҳарфларидан қайси бирида бўлишини ҳеч ким билмайди. Бу масалада ким нимани хоҳласа, шуни қилмоқда. Бошқача айтганда, таълим тарбия тизими атайин инқирозга учратилмоқда. Бундай режалаштирилган инқироз яна ўн-ўн беш йил давом этадиган бўлса, жамиятимиз тамоман инсонлар бир-бирларини тушунмайдиган шаклан бир миллат, маънавияти эса инқирозга учраган, тўғрироғи мутлақ маънода маънавиятсизлик ҳукм сурадиган жамиятга айланиб қолиши шубҳасиздир…

Маълумки, ўтган асрнинг 20-йилларида биринчи марта ҳарф ислоҳоти амалга оширилган ва халқимиз минг йиллар давомида қўлланиб келган араб ҳарфлари ўрнига рус (кирил) ёзуви жорий қилинганди. Туркистонда бостириб келган руслар халқимизнинг жоҳил, яъни ўқиш ёзишни уддалай олмайдиган халқ эканлигини иддао қилган эдилар. Аммо бунга маҳаллий халқ (Туркистон округи халқи) кирил ҳарфларини танимасликларини рўкач қилган эдилар. Ҳақиқатан ҳам руслар Туркистонни ишғол қилганларида, Русияга тижорат сафари қиладиган саноқли савдогарлардан бошқа кимса кирил ҳарфида ўқиш ёзишни билмасди. Аммо ўша пайтлар халқимизнинг асосий қисми ўзининг минг йиллар давомида қўлланиб келгани араб ҳарфларида ўқиш-ёзишни эплай олардилар. Бунинг далилини ҳозирда ҳам Шарқий Туркистонлик биродарларимизнинг тажрибасида кўришимиз мумкин. Чунки бу ерда яшайдиган биродарларимизнинг асосий қисми араб ҳарфларида ўқиш ва ёзишни биладилар…

Ўлчовни ўз билганларича тортган руслар шу шаклда туркистонликларни жоҳилликда айблайдилар ва аввал рус (кирил) ҳарфларини, кейин ўн йил давомида (1928 ва 38 йиллар орасида лотин ҳарфларини) ва 1938 йилдан бошлаб кирил ҳарфларини халқимизга “совға” қиладилар. Аммо “бир балоси бўлмаса, шудгорда қуйруқ на қилғай” деганларидек, шўрлик халқни ҳарфдан ҳарфга сакратишнинг сабаби кейинчалик маълум бўлади. Бу ҳам бўлса, совет типидаги бир инсонни яратишдан иборат эди…

Совет инсон типини тарк қилиш мустақилликнинг табиий жараёни ва вазифаси бўлиши керак эди. Аммо бугунги ўзбек миллатини қандай “тип”, дея баҳолаш мумкин? Яъни, мустақил Ўзбекистонда янги маънавият ва маданиятга эга янги бир халқ яратилдими? Бу саволга жавобни юқоридаги марғилонлик ёш биродаримизнинг жавобидан ҳам билиб олишимиз мумкин: янги маънавит ва маданият, уларга асосланган янги халқ яратиш у ёқда турсин ва бошқаларни, яъни дўсту-душманни таниш у ёқда турсин, бугунги ўзбеклар бир-бирларини ҳам таний олмайдиган, отаси ўқийдиган китобни боласи ўқий олмайдиган, боласи ёзадиган ҳарфни отаси танимайдиган ҳолга келди. Бундай шароитда маданият ва маънавиятдан гапириб ўтирмаса ҳам бўлади.

Бундай “кўрлик” сиёсатининг изоҳи эса жуда оддийдир: Диктатор Ислом Каримов аввало жамиятда барқарорлик сиёсати шиори билан ўзининг тахтини мастаҳкамлашни ўйлади. Яъни, мамлакат инқирозга учрайдими, йўқми, халқ янги маънавият ва маданиятга эришадими йўқми, бунга мустақиллик йилларида асосий аҳамият берилмади. Асосий сиёсат Ўзбекистон диктаторининг тахтини қўришга ва мустаҳкамлашга қаратилди. Инсон ҳуқуқлари ва ҳурриятига, мамлакатнинг ижтимоий сиёсий тараққиётига, иқтисодининг ривожланишига фақат шу масала нуқтаи назаридан қаралди: нима бўлса бўлсин, Ислом Каримовнинг тахти маустаҳкам бўлсин!

Албатта, бундай инсоний ва ижтимоий кўрлик инсоният тарихида илк марта ўртага чиқаётгани йўқ. Тарихда ўтган Фиръавнлар ва ҳозирда мавжуд бўлган бутун диктаторликлар аввало ўзларининг тахтини қўриш мақсадида сиёсат олиб борганлар. Натижада эса жамият инқирозга учраган, халқнинг бошига тушмаган қийинчиликлар қолмаган, илму маърифат, маданият, адабиёт ва санъат таназзулга юз тутган. Ўзбекистондаги бугунги таълим тарбия тизимига баҳо беришда ушбу ҳақиқатларни ҳисобга олсак, ҳозирда ватанимиздаги мактаблар ва олий даргоҳлардаги аянчли аҳволининг сирлари ўз-ўзидан маълум бўлади…

Яна бир ҳамюртимизнинг айтишича ҳозирда коллежларда ва универститетларда таълим олиш учун ўқув даргоҳларига оёқ босишнинг умуман кераги йўқ экан. Ҳатто талабалар Русияда ва бошқа хорижий давлатларда мардикорлик қилиб, ўзлари ўқийдиган илм даргоҳларига пул юбориб туриш йўли билан бемалол “дипломли” мутахассис даражасига эришишлари мумкин экан. Бундай “талабалар”лардан ўз соҳасини биладиган мутахассиликни ҳам, маъавият ва маданиятни ҳам талаб қилиб бўлмаслик ўз-ўзидан тушунарлидир…

Таълим тарбия соҳасини ривожлантиришни жамиятнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришдан ажратиб бўлмайди. Шундай экан, бу соҳадаги ачинарли ҳолат танқидини тугатиб, соҳани ривожлантиришнинг аниқ таклифларига ўтайлик. Аввало жамиятни бир вужуд деб оладиган бўлсак, бу “вужуднинг” барча органлари ривожланишининг асосий шарти – уларга тенг ва талаб қилинган миқдорда “тоза ҳаво” (кислород) етказилиб туришидир. Жамият ҳаётининг бундай мутаносиб ривожланиши эса унда “кислород” вазифасини ўтайдиган эркинлик ва инсон ҳуқуқларининг таъминланиши билан амалга ошади. Бошқача айтганда, бугунги ўзбек жамиятининг олға кетиши учун ватанимизда Каримов диктатурасининг тугатилиши шартдир.

Диктатура тугатилгандан кейин жамиятнинг табиий ривожланиши учун йўл очилади ва бугун бўғилишдан “ўлим” даражасига келган ижтимоий соҳалар аста-секинлик билан қайта тирила бошлайди. Бундай тирилишнинг аввалги шарти албатта эркинлик ва кўпфикрлилик шароитида сиёсий истиқрорга эришишдир. Бу – ҳозирда Каримов диктутураси инсон ҳуқуқларини умуман рад қилиб ва ҳар қандай ташаббусни зўравонлик билан йўқ қилиш асосида ўрнатган “қабристон истиқрори”дан тубдан фарқ қилади.

“Эркинлик” истиқрори дин масаласида ўрта йўлни танлаш ва сиёсий соҳада фирқаларнинг радикал йўллар ва чақириқларсиз ўзаро рақобатини йўлга қўйиш билан таъминланади. Инсонларга иқтисодий эркинликлар бериш (кичик ва ўрта тадбиркорликнинг тамоман хусусийлаштирилиши, тижорат учун саёҳатларнинг қулайлаштирилиши, божхона ва солиқ сиёсатини ислоҳ қилиш ва ҳ.к.) билан истеъмол бозорида тўкинликка эришилади. Мана шундай эркинликка асосланган истиқрор шароитида таълим тарбия тизимини ислоҳ қилиш учун ҳам қулай шароит ўртага чиқади.

Бунинг учун аввало ҳарф муаммосини узил-кесил ҳал қилиш мақсадга мувофиқдир. Яъни, мустақилликдан кейин танланган лотин алифбосига ўтиш жараёни, унга катта маблағ ажратилгани ва жамиятнинг бир қисми бу ҳарфда маълумотга эга эканлигини ҳисобга олган ҳолда, тугалланиши зарур.

Лотин алифбосининг афзалликларидан бири ўқувчиларнинг бу ҳарфлар воситасида дунё тилларини (инглиз, немис, француз) ўзлаштиришини қулайлаштириши ҳамдир. Шунингдек, мактабларда дунёвий фанлар билан бирга  ўқувчиларга маънавият ва яхши ахлоқ  дарсларини ўргатиш ҳам мақсадга мувофиқдир. Бунинг учун эса Қуръони Карим ҳарфларини ўрганиш тақозо қилинади. Бу айни пайтда келажак авлодларга халқимизнинг минг йиллик тарихини ўрганиш имконини ҳам беради.

Мактабларда дунёвий ва маънавий фанларнинг биргаликда ўқитилиши ҳозирги ёшлар ўртасида кўринаётган ахлоқсизлик, худбинлик ва ўзгалар ҳисобига яшаш каби салбий хислатларнинг ўртадан кўтарилишига олиб келиши шубҳасиздир. Бу эса ўз ўрнида иқтисодга юк бўлаётган текинтомоқлик (ишлаб чиқаришда қатнашмаслик), фойдали иш ва ижобий ҳаёт тарзига тўсиқлик қиладиган жиноятчилик, порахўрлик, ароқхўрлик, наркотик моддаларга ружуъ қўйиш каби ҳозирги ёшлар орасида шиддат билан тарқалиб бораётган иллатларнинг аста-секинлик билан тугатилишига ҳам сабаб бўлади.

Бундай илмий, маънавий ҳамда ахлоқий тараққиёт жамиятнинг бутун соҳаларига ижобий таъсир қилишига эса асло шубҳа қилмаймиз.