Ўзбекистонлик фаол Вазирлар Маҳкамасининг вояга етмаган болалар, таълим ва тиббиёт соҳаси ходимларини бу йил пахта йиғим-теримига жалб этмаслик тўғрисидаги қарорига худди ана шундай муносабат билдирди.
“Масалан, шахсан мен шундай воқеълик содир бўлганига ниҳоятда хурсандман. Лекин “ҳар яхшининг аммоси, ҳар ёмоннинг лекини бор”, деганларидек, Ўзбекистонда ҳамма қонунларимиз яхши. Ҳамма фармонлар аъло даражада. Ҳаммаси инсонларнинг манфаатларини кўзловчи қонун ва қарорлар…Гап уларнинг қабул қилинишида эмас, масала, Бош масала унинг амалга қай даражада тадбиқ этилишида…”, – дейди Тошкентдан фаол Малоҳат Эшонқулова Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида.
Вазирлар Маҳкамасининг қарорига таянилган расмий хабарларда айтилишича эса, жорий йилда бу иш қатъиян маън этилади.
“2017 йилги пахта йиғим-теримига вояга етмаган ёшлар, шу жумладан, ташкилотлар, соғлиқни сақлаш ва маориф тизими ходимларини жалб қилиш мутлақ тақиқланади”, – дейилади Ўзбекистонда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг билдиришномасида. Маълум бўлишича, бу хусусдаги протокол 8 август куни имзоланган.
Пахта йиғим-терими Ўзбекистонда, одатда, сентябрь-октябрь ойларига тўғри келади.
Ўзбекистонда пахта терими дохил қишлоқ хўжалик юмушларида мажбурий меҳнатнинг доимий тарзда давом этиб келаётгани эса, йилларки, ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро миқёсда танқидлар, махсус норозилик кампанияларига ҳам сабаб бўлиб келади.
Аммо Ўзбекистоннинг янги Президенти Шавкат Мирзиёев ислоҳотларни ваъда қилди ва вилоятларга ташрифлари пайти пахтадан воз кечилиши ҳақида айтмоқда.
Аммо лекин…
Бироқ Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбек-Герман форуми 2017 йилнинг апрель ва май ойларида янги мажбурий меҳнат ҳолатларини қайд этган.
Хусусан, Жиззах, Фарғона, Андижон вилоятлари ва Тошкент шаҳрида ўқитувчилар, тиббиёт муассасалари ходимларининг ғўза яганаси, қовоқ ва помидор кўчатларини экиш, пилла териш, кўча ва бошқа жойларни тозалашга, шанбаликларга мажбурланганлари хабар қилинган.
Anti-Slavery International, Марказий Осиёда Инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Cotton Campaign, Human Rights Watch, Инсон ҳуқуқларига доир Ўзбек-Олмон форуми тўплаган маълумотларга кўра, 2016 йилда Ўзбекистон юз минглаб аҳолини пахта теримига мажбуран сафарбар қилган.
Мажбурий болалар меҳнати сабаб, сўнгги йилларда қатор йирик хорижий ширкатлар Ўзбекистон пахтасини бойкот қилишган.
Бир неча йиллардан бери халқаро ташкилотларнинг Ўзбекистон ҳукуматига болалар меҳнатидан фойдаланмаслик талаблари ва дунёда Ўзбек пахтасини бойкот қилиш чақириқлари орқасидан мамлакатда болалар меҳнатидан фойдаланиш расман тўхтатилишига эришилган.
Шу йил июнь ойида Европа парламенти депутатлари Ўзбекистон ҳукумати охирги уч йилда Халқаро Меҳнат Ташкилоти билан биргаликда болалар меҳнатига “деярли тўла барҳам берганлиги”ни олқишловчи қонун кучига эга бўлмаган алоҳида резолюцияни ҳам қабул қилган.
Шу йил бошида эса, икки нуфузли халқаро ташкилот Ўзбекистонда болалар мажбурий меҳнати аста-секин тугатилгани ва бу амал эндиликда жамият томонидан қабул қилинмас ҳолатга айлангани ҳақида баёнот чиқаришган.
Жаҳон Банки ва Халқаро Меҳнат Ташкилотининг деярли бир маънодаги баёнотларида Ўзбекистон ҳукумати пахта йиғим-терими соҳасини ислоҳ қилиш йўлида илгари силжишга муваффақ бўлган.
Фаоллар хавотири
Фаоллар эса, охирги йилларда болалар меҳнатидан фойдаланишга чек қўйила бошлаганидан бери давлат хизматчилари, ўқитувчи ва шифокорларнинг теримга олиб чиқилиши миқёслари кенгайганидан хавотир билдиришган.
Шунингдек, пахта териш асосий касби бўлмаганлар учун бу каби меҳнат анчайин оғир эканлиги, айниқса, уларга қўйилган кундалик “норма”ни бажариш мушкул вазифа эканлиги билан ҳам огоҳлантиришганди.
Ўзбекистондан фаол Малоҳат Эшонқулова эса: “Биласизми, ҳар қандай қабул қилинган фармон ёки қонун нимаси билан қадрли? – ҳаётга тадбиқ этилиши билан, ижроси билан қадрли-да…мен умид қиламан…”, – дейди суҳбатимиз сўнггида.
Фаолга кўра, бу йил ҳам “имкон қадар, имкониятдан келиб чиқиб, пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнат борасидаги мониторинг-кузатувларини олиб боришади”.
“Умид қиламан, шу чиқарилган қарор ўз ижросини топади ва биз мажбурий меҳнатга дуч келмаймиз пахта далаларида…шуни умид қилиб қоламан…”.
Агар, http://www.worldstopexports.com/ нинг ўтган йилги маълумотларига таянилса, Ўзбекистон ҳозир четга пахта сотиш бўйича дунё давлатлари орасидан 14-ўринни эгаллаб турибди.
Пахта ишлаб чиқариш бўйича эса, жаҳоннинг энг йирик олтита давлатидан биттаси экани айтилади.
Манба: Би-Би-Си Ўзбек