O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Гулнора ҳали ҳамон Каримовнинг арзандаси…”

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: “Гулнора ҳали ҳамон Каримовнинг арзандаси…”
168 views
01 February 2015 - 16:20

98Яқинда бир қадирдоним, “Сиз аёл кишисизу? Мен сизни аёл кишига – Гулнорага ён босасиз десам, нуқул унга тош отасиз” деб қолдилар.
Бошқаларни билмадиму, менинг Гулнора билан боғлиқ кўнгилсиз ҳотираларим бор.

Мен 2009 йилнинг декабр ойида Каримова хонимнинг отаси ҳукмронлик қилаётган салтанат қонунларига суяниб ЎзМТРКдаги қаллобликларга қарши чиқдим.
Бир ўзим. Тасаввур қилинг: ЎзМТРК раҳбариятининг кирдикорлари ҳақида Бош вазирга 10 варақли шикоят ариза инъом этгандан кейин ҳам айнан ўша раҳбарлар қўл остида “Тишимга тишим, муштимга муштим” дея роппа-роса 13 куни кам бир йил фаолият юритиш… Бунинг ўзи бўлмайди…

Журналистнинг иши ҳам мудом хавф остида. Исталган киши исталган вақтда ЎзЖКнинг 139- (Туҳмат), 140- (Ҳақорат…), 210- (пора), 214- (товламачилик) каби моддалардан бирини бўйнингга маржон шодасидек илиб қўйиши ҳам ҳеч гап эмас.

“Сув келса –симириб, тош келса – кемириб” юрган кезларимда ёлғиз эдим. Худонинг хоҳиши билан 9 ой деганда биттага кўпайиб қолдик – иккита бўлдик.

Бу икки журналист – ЎзМТРК раҳбарларининг олғирлигини оламга овоза қилишдан толмади, Алишер Хаджаев билан Хайрулла Нуриддинов бизни анордек сиқиб сувимизни ичишдан қонмади.
Босимлар кўлами кенгайиб кетгач Каримовнинг қабулига кириш учун 50 дан ортиқ арзнома битиб, очлик эълон қилдик. Эвазига жарима билан жазолангач, билдимки, кекса Каримов аҳолидан иҳоталаб қўйилган.

Бу пайтларда Гулноранинг оёғи узангида эди: энг гуллаган паллалари. Қўлини қаерга чўзса етарди.

Табиийки, биз ёшларни майдонга чорлашдан чарчамайдиган Гулнорадан нажот бўлиб қолар деган умидда хонимга кўз тикдик, йўл изладик. Аммо унинг ҳузурига кириш Каримовнинг қабулига ёзилишдан ҳам машаққат эканлигини англадик. “Ноумид шайтон” дейишади.

Икки журналист Гулноранинг матбуот котиблари-ю, “Фонд ФОРУМ” каби кўплаб номлар билан аталадиган ўнлаб ташкилотларида фаолият юритаётган ҳамкасбларимизнинг айримлари билан хабарлашдик, учрашдик, имкон изладик: муддао ҳақсизлик ҳақида лоақал ёшларни қувватлаётган Гулнорани воқиф этиш, қувватлов кутиш эди.

Каримова билан учрашишдан умид сўнггач, интернетдан унинг сайтлари, саҳифаларини қидириб топдик, топа олмаган кезларимизда ҳамкабсларимиз кўмак қилиб юборишди.
Лоф бўлмаса, аввало ўз тилимизда, яна Гулнора она тилимизни тушунмайди деган ҳадикда рус тилига ҳам ўгирилган саҳифа-саҳифа шикоятларимизни президент қизининг эл. почтаси, шахсий саҳифаларига такрор-такрор йўллаб кўрдик, умидвор кутдик.

Бироқ йил ўтса ҳамки, Гулнора Каримовадан ҳам ёруғлик чиқмади. У ўзининг қўшиқчилик, дезайнерлик, “рэкет”чилик юмушларидан, санъат соҳасидаги ҳорижлик машҳурларни мамлакатга чорлашдан, халқ бойлигини талашдан, ажнабий актёру қўшиқчиларни ўзбекнинг сўмига сотиб олишдан, дабдабали ҳаёт кечириш учун эл ризқини қийишдан, ўмаришдан, меҳмон-меҳмон ўйнашу-у, қаҳрамонликка интилиш истакларидан ҳечам ортмади, ортай демади…

Катта хонимни кута-кута бор умидларимиз ҳам ўлиб бўлди… Биз мамлакатнинг энг чекка қуйруғидаги кимсалар эмасдик.

ЎзМТРКнинг бир эмас икки журналисти “дод”ига бутун дунё қулоқ тутди, бироқ Ўзбекистон музофотида на шоҳ, ва на шаҳзода мамлакатнинг қоқ киндигидаги – Марказий ТВнинг бир эмас, икки журналистига “Исминг нима, муддаонг не?” демади, дейишни кўнглининг кўчасига ҳам келтирмади….

Ҳақ истаб хўрланиб қолабердик…

Бу билан мен “Гулнорадан қасд олишга имкон туғилди, йўлим бўлиб қолди” демоқчи эмасман.

Гулнора Каримованинг бир пайтлардаги ўша “УРА!УРА!”лари, бош силашлари сохтакорликдан бошқа нарса эмасди. У ўз кўнгилчоғлигидан ортмасди. Гулнора ҳаётда ўзидан ўзга ҳақида ўйлаган эмас, бирор бир бандага зиғирча нафи теккан эмас, бунга бизнинг бошимиздан кечирган воқеалар исбот, мана – биз шоҳид демоқчиман.

Ваҳоланки, ЎзМТРКдаги икки журналистнинг бир пайтнинг ўзида телекоммуникация, Соғлиқни сақлаш, Халқ таълими, Олий таълим, Маънавият ва Спорт, Оммавий ахборот воситалари, хусусан, телеведение ва радио каби мамлакатнинг деярли барча соҳаларини ўз назоратига олган кимсан Бош вазир Ўринбосари Абдулла Негматович Ариповнинг истеъфосини сўраб норозилик намойишига чиқиши, бу – мамлакатда кунда содир бўлаётган одатий ҳодиса эмасди! Хўш, бундан Каримова хоним бехабар эди деб ўйлайсизми?

Энди-энди кенгроқ фикрлаб кўрсам: ўша паллалардаги Гулноранинг элим дея жон куйдиришларида ростанам ЖОН бўлганида эди, у энг аввало жамиятнинг “кўзи, қулоғи” бўлган марказдаги икки журналистга эътибор қаратган бўларди?

Гулноранинг элпарварлиги ёлғон. Гулноранинг ёшларни қўллаб-қувватлаши ҳам рост эмас. Каримова хонимнинг саҳоватпешалиги ҳам рўё. Ҳаммаси алдам-қалдамдан иборат эди, холос.
Юзлаб болаларга суннат тўй уюштирган, ўнлаб келин-куёвларнинг бошини бириктирган, “Асрлар садоси”, “Олтин Гепард” каби катта-катта тадбирларга елка тутган ўзбекнинг ўзи, ўзбекнинг тадбиркори бўлади, Гулнора Каримова эмас! Бунга эл гувоҳ, миллат гувоҳ!

Қачонки Каримова хонимнинг ўзига қарши от суришганларида, оҳ уриб қолди, ягона ҳақиқат мана шу…

Биз эса, алқисса, Ислом Каримовга суянганимиз, қонунларга ишонганимиз учун ҳам оқибатда қон қақшаб қолганимиз ҳозиргидек эсимда. Ўша пайтлардаги руҳий қийноқлар ҳамон унут бўлган эмас… Ўшанда етказилган кўнгил жароҳатлари ҳалиям қонталаш бўлиб турибди….

ЎзМТРКда адолат ўрнатиш истагида курашиб, куни кечагина бошимиздан кечирган қаро кунларимизда, бор кўргуликларимизда қайсидир маънода Гулноранинг ҳам ҳиссаси бордек, унинг лоқайд ва бепарволиги, сохта элпарварлиги, юзаки жонбозлиги, қалбаки қаҳрамонлиги юрагимга тош каби ботгандек….

Куни кечагина эмасмиди мамлакатнинг минглаб ёшлари Гулноранинг ортидан у ёқдан бу ёққа терлаб-пишиб югургани, чопгани? Кечагина эмасмиди, Гулнорани миллат қаҳрамони даражасига кўтаришга интилишганлари! Ўнлаб ҳамкасбларимизни Гулнорани улуғлаб, кўкларга кўтариб ёзган мақолаларининг ҳали бўёғи қотиб улгурмаган. Бугун, Гулнора уй қамоғига маҳкум этилганида қани ўша маддоҳлар? Қаерга қуён бўлишди? Нега тилларини ютиб юборишди?

Президент қизининг пичоғи мой устида бўлганида оёғига бош урганлар, товоғига қўл солганлар, пойига-да пойтава бўлишга кўз тиккнлар қани? Оғиз-бурун ўпишганларчи? Амал, унвон, тирикчилик илинжида Гулнорага умид кўзларини тиккан тиланчилар, нафс қуллари, амал оворалари, мансаб овчилари, унвон умидворлари, манфаат гадолари қайда қолди? Каримова хонимнинг олтин товоғидан ош ошаганлар қаерга йўқолди? Гулнорадан қаҳрамон ясашга уринган ҳамкасбларимиз қаерга гум бўлишди? Осмонга учишдими, ерга киришдими?

Элимизнинг пешона терини ҳориж банкларига ташмалаган Гулнора ҳақида нега энди бугун айнан унинг падари томонидан ёт юртларга бадарға қилинган мухолифат ва ё инсон ҳуқуқлари фаоллари қайғуриши керак? Ватангадо этилганлари каммиди? Сохта айбловлар алами ариб, армонлар яраси битганмиди? Янаям ўша – мамлакатдан сургун қилинганлар, айбсиз айбдор этилганларда қасосу кин йўқ, алам оташи кенг кўнгилларини куйдирмаскан-да.

Бугун ўзини минг мақомга солаётган Гулнорани янаям ўша ватангадолик қисматига гирифтор этилганлар ҳимояга олмоқда, президент қизи тақдирига куйинмоқда: соддаликми бу, сўқирликми, билмадим, тағинам хон қизига ишонишмоқда. Айтингчи, нега энди миллатни қон қақшатган Гулнорага бегона элларга дарбадар этилганлар, қон ютганлар яна қалқон бўлиши керак?!

Менга қўйиб беришса, хонанда сифатида хасчалик салоҳияти бўлмаган, дезайнерлик дунёсида шунчаки дарбадар кезган, мода оламини мотамсаро қилган, элчилик мақомини калака этган, сиёсатни ўйин деб билган, халқ дардига ҳаётда қулоқ солмаган, ўз билганидан қолмаган, зиғирчаям ўзбекона тарбия олмаган, ўзбекнинг пешона терини ёт юртнинг таниқли кишиларига туҳфа қилишдан толмаган, бутун бир мамлакат аҳолисининг йиллик даромадини бир кунлик дабдабали дастурхонига тўкиб солган, қисқа қилиб айтганда, пул қутиртирган, текин даромад девона қилган тантиқ қизни куни кечагина Кўҳи Қофнинг чўққисига қаҳрамон қилиб чиқариб қўйган нафс қуллари Гулнорахоним қулаган кезларида ҳам уни қўллаш илинжида бўй кўрсатишсин деган бўлардим….
Миллатимиз маддоҳлари, қорин қуллари, қўлингиздан келса, шоҳ қизини айбдорлик оламидан сутга чайгандек оппоққина қилиб, жазолардан халос этишга уриниб кўрмайсизми, тубанликни такрор намоён қилмайсизми?

Эй, сиз, сохта миллат қаҳрамони ясашга уринган лўттибоз лўлилар, қанисиз? Эй, Сиз, хоинлик бозорининг доимий харидорлари, ҳаромдан бўлса-да ҳазм қилган ошингизни оқламайсизми энди?
Оз бўлсаям элдан уялинг, номига бўлсаям сасингизни чиқаринг, Гулнорангиз ҳимоясига отилинг, уни ўз паноҳингизга олинг энди.

Кечагина тинмай чулдираган тилингиздан чипқон чиқдими? Жон қурбон қилишга шайлигингиз қаерда қолди? Ҳали ҳам ҳеч нарса ўзгарган эмас: Сиз сайраган кезларида ҳам Гулнора Ўзбекистон президентининг арзандаси эди, ҳали-ҳамон Каримовнинг қизи. Отасини ўзгартирган эмас, фамилияси ҳам ҳали ҳамон ўша-ўша! Падарининг ҳам ҳали бери “тахт”дан тушадиган чўти йўқ….

Шундай экан, қамчини иссиғида босмайсизми? Ким ўзарга пойга қилмайсизми? Куни кечагина Гулнорани оғзидан бол томиб мақтаб эси кетган эсини еганлар,мунофиқлик, юзсизликнинг сўқмоғидан юрмайсизми, қабиҳлигу қаллоблик томон такрор қадам қўймайсизми? Беорлик бозорига кирмайсизми, бебурдликдек бебаҳо “матоҳ”ингизни мукофотга айрибош қилмайсизми, шошмайсизми энди?! Йўқса, улоқни олиб қочишади…

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА
мустақил журналист