O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Сизларга айбдорни топиш керакми?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Сизларга айбдорни топиш керакми?
24 views
10 January 2015 - 21:47

11Агар ҳақиқий айбдорни топиш, жазолаш керак бўлса, энг аввало, ТВни тирикчилик ўчоғига айлантирган ЎзМТРК раҳбарларини жазога тортиш керак бўлади!

Менгина ёмон сизга битта яхшигина маслаҳат берайми?:

Ҳеч қачон! Хотирангизга михлаб қўйинг, ҳеч қачон мулкингизни бировнинг номига расмийлаштира кўрманг. Ноиложликда ҳам. Негаки, айнан ўз ишонганларингиз сизнинг имконсизлигингиздан, ишончингиздан фойдаланишга уринишлари мумкин экан. Ўзингиздан ўзгага ишонманг экан. Ҳеч-қа-чон!

Тошкентда пропискасиз истиқомат қилувчилар яхши билишади. Кимда-кимнинг паспорти доимий рўйхатдан ўтмаган бўлса, мамлакат ички қонунлари (бу қай бир ҳужжатда қораланганлигини кўрмаганман, ҳарҳолда, нотариуслар ўша “кўринмас” қонунга мувофиқ ишлашади!) ундай шахсга пойтахтдан мол-мулк, яъни, ҳовли-жой, квартира сотиб олишни таъқиқлайди. Шу сабаб Тошкентда “прописка”сиз истиқомат қилаётган аксарият фуқаролар сотиб олган уйларини доимий “прописка”си бўлган энг ишонган кишисининг, бирор бир қариндошининг номига расмийлаштиришга мажбур бўлишади.

Ана шундай манглайи “ярқираган”ларнинг бири мен эдим.

Қачонлардир бўлиб ўтган бир суҳбат ҳечам хотирамдан кўтарилмайди:

Унда ЎзМТРКда ишлардим. Энг яқин ҳамкасбим бўларди.

У ҳам пойтахтда доимий “прописка”си бўлмаганлиги сабабли, сотиб олган уч хонали уйини устозининг – бир аёлнинг номига расмийлаштиришга мажбур бўлганди.

Мен харид қилган кулба эса акамнинг Тошкентда доимий рўйхатдан ўтган ўғлининг номига расмийлаштирилганди.

Бир кун ўша ҳамкасбим билан Самарқанддан қайтаётиб, “Озожон, пойтахтда ишонган жигарингнинг “прописка”си бўлгани қандай яхши. Менинг уйим-ку, ишончли қўлларда, лекин, биласиз, ҳозир одамлар инсофини, иймонини жиғилдонига уриб кетган. Сиз ўзингиз Фарғонадан бўла туриб, Туркманистоннинг Тошовузидан келган нотаниш бир аёлга – устозингизга қандай қилиб мулкингизни ишониб тапширдингиз? Эртага бебурдлик қилмайдими, мабодо? Куйиб қолмайсизми?” дедим ҳамроҳимга ачиниш билан қараб….

Имммм!!! Ўша пайтда унга эмас, ўз-ўзимга ҳамдардлик кўзи билан қарашим лозимлигини ким билибди дейсиз?!

Орадан қанча вақт ўтди, билмадим, билганим шуки, ҳамкасбим ҳеч бир гап сўзсиз, ҳеч бир қаршиликсиз, ҳеч қандай кўнгилсизликларсиз, ўз уйини ўз номига расмийлаштириб олди.

Ҳамкасбим ишононч билдирган инсофли, киши ҳақига, бировнинг омонатига кўз олайтирмайдиган иймонли аёл – шоира Қутлибека Раҳимбоева эди.

Тошкентдан жиянимнинг (битта-ю битта акамнинг ўғиллари) номига расмийлаштирилган шу бошпанамни харид қилганимга 14 йилу 9 ой бўлибди.

Ўз туғишганларимга Худога ишонгандек ишонганим учун шу чоққача уйни ўз номимга расмийлаштиришга ҳечам шошилмаган эканман. Бунга доимий “прописка”га қўя олмаганим ҳам сабаб….

Ўша пайтларида бошпанам баҳона кимлардир қачонлардир нақд кекирдагимга чанг солишини билганимда борми?… Ўз ишончим кези келиб оёғимга тушов, бўйнимга дор бўлиши етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди…. Шу бошпана баҳонасида мени бепичоқ бўғизлашларини, чўкка туширишга уринишларини ҳаёлимга ҳам келтирмагандим….

Сўнгги пушаймон…

Ўзи битта-ю биттагина акам бор.

“Уйимни сотмоқчиман, хасталигим сабаб 5-қаватга чиқиб-тушиш ҳансиратиб қўймоқда, кўнглим пастки қаватлардан кулба олишни тусайди” дея ўз уйимни сотишга бўлган уринишларим бефойда кетди.

“Сенинг шу телба фолиятинг деб менинг ўғлим 8 йилга кесилиб кетди. Боламнинг тақдирини сен синдирдинг! Сенга минг марта айтдик, тинч юр, юқоридагиларга тил теккизма деб. Мана, оқибати! Боламнинг номидаги уйда истиқомат қилишинг уни бошига еди! Ўғлимни бошини сен единг!!!!…”…

Адоғсиз, адолатсиз таъналардан юрагим тилим-тилим бўлиб кетади!

– Мен ҳам шундай бўлсин дебманми? Бу кўргуликда менинг қандай гуноҳим бор? Бунинг барисига Али учун Валидан ўч олаётганлар айбдор, менинг ёзиғим нима?!

“Шу уй ҳалиям сизники… Фақат биз айтган ташкилотга бориб тавба қиласиз, кечирим сўрайсиз. Бундай номаъқулчиликларга қайтиб қўл урмаслик учун ортга қайтмас бўлиб қасам ичасиз…”

Нима бу?: Тегишли идораларнинг молиявий таҳдидими?

Нима бу?: Тегишли идораларнинг, адиб тили билан айтганда, “Ўзини ўзига едириш” усулими?

Нима бу: Бошпана баҳонасида қўрқитиш, эмаклатишга уринишми?

Нимани исташади ўзи булар мендан?

Кураш “объекти”ни ўзгартиришимними?

Ўз туғишганларим билан талашиб-тортишиб, ўз қобиғим билан ўзим уралашиб қолишимними?

Муддао шуми?

Ҳам бошпанадан, ҳам битта-ю битта акадан, жигардан айрилиш осонми сизга?

Йўқотиш устига йўқотиш!….

Очиғи, нима деб ўйлашимни ҳам билмасдан қолдим.

Тавба-тазарру қилишга мажбурлайдиган қандай улкан айб қилиб қўйдим ўзи мен?

Гуноҳим, менинг кўнглимда тузумга нисбатан норозилик кайфиятини уйғотган, адоғсиз адолатсизликларига нисбатан нафрат туйғусини “тарбиялаган”, ҳадсиз ҳақсизликлари эвазига Малоҳат Эшонқуловадан “исёнкор журналист” бунёд қилган ЎзМТРК раҳбарларининг айбидан ҳам улканмикин?

Агарда айбдорни топиш, жазолаш жоиз бўлса, энг аввало, ТВни тирикчилик ўчоғига айлантирган ЎзМТРК раҳбарларини жазога тортиш лозим бўлади!

… “Молиявий босим” силсиласидан омон қолиш илинжида нажот истаб умид билан муштипар онажонимнинг ҳузурига чопқиладим:

– Энажон, болаларимнинг бошпанасини акам бермайман деяпти-ку, нима қилдик энди? – дедим ҳотиржам, ўпкалаш оҳангида, – Ўғлингизни бир уришиб қўймайсизми?

Минг ичингиз ёниб, тутаб турган бўлсангиз ҳам онамга, бутун бир бошли ишонган бошпанасидан эмас, арзимаган даканг хўрозидан ажралиб қолаётган одамдек бепарво оҳангда гапиришга мажбурсиз. Акс ҳолда, ака-сингил оқибатсизлиги ҳақидаги хабар ёши 90 дан ошган онани бир умрга турмайдиган қилиб, йиқитиб қўйиши мумкин….

– Акангми? Сени уйингни бермайман деяптими?, – онамнинг нигоҳларида ҳайрат ва ҳайронлик аломати зоҳир бўлди, менинг сўзларимга ишонмади, ишонишни истамади ҳам, – Аканг-а? Менинг ўғлим-а? Менинг болам ўз синглисининг омонатига хиёнат қиладиган, жигари ҳақига кўз тикадиган даражада иймонсиз эканми?… Ўз аканг-а?… Ҳечам-да, бу гапни шунчаки сени жиғингга тегишга айтгандир-ов, сени ҳовлиқтирмоқчи бўлгандир. Бари бўлмаган гап, мен бировнинг ҳақига кўз тикадиган диёнатсиз, инсофсиз, бебурд бола катта қилмаганман…. Ундай дема, ўз аканг ҳақида ҳазиллашиб ҳам ундай дема… Ҳатто ҳазиллашиб ҳам айтма… Бундай беътамиз гапларни гапирма…, – дедилар гуё ўзлари билан ўзлари гаплашаётгандек пичирлаб…

– Агар акамнинг лафзсизлиги рост бўлса-чи?

– Ундай бўладиган бўлса… Агар ростанам шундай бўладиган бўлса… бундай исондни ҳечам тишларинг орасидан чиқара кўрма, бировга ёрилма, ҳеч бир бандага айтиб юрма… мол топилади, одам топилмайди… Бошларинг омон бўлгурлар, қани, мени ёндириб, қайтмас бўлиб куйдириб, ёшгина кетган бир акангни вагон-вагон пулга тупроқ остидан олиб чиқ-чи, қайтариб кўрчи?… Қўлингдан келармикан? Мол-дунё деб тор қориндан талашиб чиққан жигарларинг билан сен-менга бориб юрмагин тағин, – онамнинг кўзлари менга шунақанги ялинчоқ термуладики, алланечук бўлиб кетади киши….

– Эййй, энажон-эй, акам, жигарим деб, рўйхотирчилик қилиб, кўчада қолайми? Икки бола билан пойтахтда ижарама-ижара саргардон бўлишни ўзи бўларканми? Бу осонмас… Сиз насиҳат қилаверасиз-да. Агар бошпанам учун акам билан судраклашсам-чи, судлашсам-чи, буғишсам-чи? Акамнинг бебурдлиги ҳақиқатдан ҳам чин бўлса-чи? Унда нима бўлади?

Номаълум нуқтага узоқ, унсиз тикилиб қолган онам маъюс деди:

– Агар акангнинг лафзсизлиги чин бўладиган бўлса, ўз туғишганингни судга судрагудек бўлсанг, бу – менинг 90 йиллик умрим, боққан-бовлиганларим, берган тарбиям, чеккан заҳматларим, еган азобларим, бор кўргуликларим бесамар кетди, бутун ҳаётим ҳавога соврилди, умрим зое кетди… жами кўрган қийинчиликларим изсиз, эсиз кетди, ҳаммаси тамом, “Омин” дегани…., – шусиз ҳам қоқсуяк онамнинг ожиз елкалари мунғайиб, боши эгилиб, мушттеккина бўлиб қолган жуссаси янада икки букилиб қолди….

Уй талашиб ўз акам билан судлашгудек бўлсам, жигарларимни биру нольга урадиган инкор қилиб бўлмайдиган далилим қўлимда.

Бироқ… Судда ғолиб бўлганим билан, онажонимнинг орини бой бериб қўймайманми? Муштипаримни армонлар бўҳронига отмайманми, тириклай гўрга тиқмайманми?

Болаларимнинг бошпанасини танлайми, ё онамнинг ори, орбрўини, кўнгил ҳотиржамлигиними?

Сиз қай бири учун курашган бўлардингиз?

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА

мустақил журналист

ЎХҲ таҳририяти почтасидан