O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мамадали Маҳмудовнинг ҳаёти ва ижодига чизгилар

Мамадали Маҳмудовнинг ҳаёти ва ижодига чизгилар
149 views
12 April 2013 - 9:17

121124121738_mamadali_mahmudov_304x171_bbc_nocreditМамадали Маҳмудов ҳаёти ва ижоди мураккаб кечган ва кечаётган адиблардан бири. Асарларида ўзбек халқининг миллий озодлик курашларини қаламга олган адибнинг ўзи бу озодлик юзага чиққан пайти озодликдан маҳрум қолди.

Унинг номи ҳам, асарлари ҳам тақиқланган Ўзбекистонда бугунги ёш авлод Мамадали Маҳмудов деган адиб борлигидан бехабар бўлса керак. Шунинг учун ҳам унинг ҳаёт ва ижод йўлига назар ташлашни жоиз, деб билдик.

Мамадали мактабни битириб, Россияда ҳарбий хизматни ўтагач, Воронеждаги техника-ҳунар коллежига ўқишга киради. Сўнг Чирчиқ шаҳридаги заводлардан бирида ишлайди. Бу пайтда Чирчиқда рус тилли аҳоли кўпчиликни ташкил киларди. Армияда, ўқиш ва иш жойида демократ русларга ҳам, миллатчи русларга ҳам дуч келган. Миллатчи руслар билан баҳслар, гоҳида муштлашувлар бўлиб ўтганини менга Мамадалининг ўзи ҳикоя қилиб берган эди.

Мамадали Маҳмудов қалбида шовинизмга нафрат, ўзи мансуб бўлган халққа муҳаббат пайдо бўлишида шу даврдаги воқеалар ҳам сабаб бўлган. Адиб ҳаёти ва ижоди шу жараёнда шакллана борди. Миллат ва халқ манфаатини ҳамма нарсадан устун қўйиш, замондошлари онгида мустамлакачиликка нафрат, озодликка муҳаббат уйғотиш унинг асосий ишига айланди…

Ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналаридан бирида сақланаётган Мамадали Маҳмудов шўро даврида “Саодат” журналида адабий ходим, бўлим мудири сифатида узоқ йиллар фаолият кўрсатди. Сўнг ёзувчилар уюшмасида маслаҳатчи, ташкилий-хўжалик ишлари бўйича раис ўринбосари лавозимларида ишлади.

Худди шу пайт Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси биносида “Бирлик” халқ ҳаркати фаолият кўрсата бошлаган эди. Мамадалининг ташкилотчилик фаолияти унинг Ўзбекистон маданият фондига раислик қилган пайтларида яққол намаён бўлди. У деярли фаолиятсиз қолган, молиявий жиҳатдан касодга учраган бу ташкилотни оёққа турғазди, жамиятга фойдали ишлар қила оладиган муасасага айлантирди. Тикувчилик цехлари очиб, кўплаб кишиларни иш билан таъминлади. Афсуски, ғанимлари уни юқори идораларга ёзиб бериб, устидан иш очилди ва турли айблар қўйилиб, турмага ташланди… Жамоатчилик вакиллари, ёзувчи дўстларининг кўмаги туфайли у қамоқдан озод бўлди…

Аммо 1999 йил февралдаги Тошкент портлашларидан сўнг уни яна қўлга олишди. Бу сафар портлашларга алоқадорликда айблаб, 14 йилга маҳкум этдилар. Мамадали Маҳмудовнинг дўсти, таниқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ билан бирга тушган сурати телевидение орқали “ашёвий далил” сифатида намоиш этилди. Ҳолбуки, портлашларнинг асосий гувоҳларидан бири, қамоқда қийноқлардан вафот этгани хабар қилинган марҳум Зайниддин Асқаров Муҳаммад Солиҳнинг бу портлашларга алоқаси йўқлигини журналистларга ҳикоя қилиб берган эди. Ҳукумат вакиллари бу суҳбатда айтилган гапларга раддия билдиришгани йўқ. Бунинг устига, М.Солиҳ Чехияда Интерпол томонидан қўлга олиниб, айбсиз дея бутунлай оқланди ва озод этилди. Шундай экан, Мамадали Маҳмудовнинг шоир дўсти билан суратга тушгани учун айбланаётгани ва жазо муддатини ўтагандан кейин ҳам қамоқда сақланаётгани мантиқсизликдир. Франциялик ноширлар бу ҳақиқатларни билганлари учун бўлса керак, Мамадали Маҳмудовнинг “Ўлмас қоялар” романини фаранг тилида чоп этишди.

ҚИССА ВА ҲИКОЯЛАР

Ҳақиқатга, Ватанга ва халққа садоқат Мамадали Маҳмудовнинг кўплаб хикоялари, киссаларида ва айниқса, “Ўлмас қоялар” романида бўртиб кўринади.

Совет замонида худди ҳозирги авторитар Ўзбекистондаги каби чинакам халқпарварлик ғояларини куйлаш, ҳаётдаги ноҳақликларни адабиётга олиб кириш қийин эди. Шунинг учун ҳам кўплаб адиблар мавзуни мозийдан олишар ёки рамзларга, турли-туман бадиий воситаларга мурожаат қилишарди. Мамадали Маҳмудовнинг ҳикояларидан бирида шундай воқеа қаламга олинади. Пиллакорлар хонодонлардаги тутларнинг деярли барчасининг новдаларини пилла қуртига емиш сифатида (хонадон эгасининг инон-ихтиёрисиз) кесиб кетишади. Кузгача, тўғрироғи, кейинги йил ёзгача, тут бояқиш яна япроқ ёзиб, новда чиқаради. Кейинги йил яна шу ҳол руй беради, тутлар каллаклаб кетилади…Бу ҳол ҳар йили такрорланади. Мамадали Маҳмудов: “тут бу бедодликка кандай чидаётган экан?” деб савол қўяди ва ўзи: “ўзбек қизлари атлас куйлак кийсин учун, бу бедодликка чидаётган бўлса керак”, деб жавоб беради.

Бу ерда “тут” образи асрлар давомида қирғинга учраб келган ва келаётган ўзбек халқи тимсолидир. Бу хил рамзийликни биз ёзувчининг “Эртам яхши бўлади”, “Ариқ ва терак”, “Сой” каби ҳикояларида ҳам кўрамиз.

Биринчи ҳикоя ўзининг содда ёзилганлиги билан аломат. “Тамара ўн еттида…”, деб бошлайди адиб асарини ва унинг кўзгуга қараб: “эртам яхши бўлади”, деган гапини қистириб ўтади.

“Тамара йигирма еттида…” дейди, ёзувчи ва яна унинг: “Эртам яхши бўлади”, деган киноясини эслатади. Шу тариқа: Тамара тушмагур кўзгу олдига 37да, 57да, қайта қайта “келади” ва ҳар гал “эртам яхши бўлади”, дея такрорлайди… Аммо борган сари унинг юзларидаги ажин кўпайиб, илгариги латофатини йўқотиб боради… Бу ерда Мамадали Тамара тимсолида СССРни кўзда тутгани зийрак китобхонларга тушунарли эдики, бу давлат ёзувчи содда тил билан ифодалаганидек, 70 ёшида қариб-чуриб, ҳалокатга учради… Адибнинг СССР гулла- яшнаётган пайтда битилган қатор ҳикоялари шу тахлит рамзий ва ҳаққоний руҳ касб этган…

Мамадалининг катта ҳажмдаги ҳикояларида ва қиссаларида маъно бу қадар тез англашилмайди. Яъни уларда муаллиф воқеа-ходисаларни борлигича, мураккаблигича тасвирлашга ҳаракат килади. Уларда рамзийликдан кўра тарихийлик, ҳаёт ҳаққонияти кўпрок.

Жумладан, “Ғунча очилди” номли ҳикоясида буюк шоир Рауф Парфининг ёшлик йиллари, адабиётга кириб келишдаги қийинчиликлар ҳақида ҳикоя қилса, “Боғдон қашқири” қиссасида ХХ асрнинг 20-йилларида рус большевикларига қарши миллий-озодлик ҳаракати вакилларининг фаолиятини бадиийлаштиради.

Руслар, худди ўтган асрнинг 70 йилларида ўз юртини ҳимоя килаётган афғон жангчиларига “душман” деб ном берганларидай, бу харакат қатнашчиларига ҳам “босмачи” деб ном қўйишганди. “Боғдон қашқири” қиссасида туркий ўзбекларнинг уюша олмагани, айримларнинг мол-мулкка ўчлиги учун рус большевикларидан енгилгани акс эттирилган. Муаллифнинг қаҳрамони ўзича мард, жасур киши. У босқинчиларга қарши курашиш, фаолият кўрсатиш учун аввало, уюшиш, қолаверса, катта маблағга эга бўлиш лозимлигини тушунган киши. Юсуфбек: “Эркак деган ҳеч кимсадан қўрқмай, ҳеч кимга ялинмай, ҳеч кимга қарам бўлмай, ўз эрки ўзида яшаши керак”, деб билади. Ўқувчи Юсуфбекнинг миллатимизни озод килиш учун бел боғлаган курашчи эканлигини дабдурустдан тушуниб етавермайди. Чунки биринчидан, Мамадали бу ҳаракатнинг кенг тасвирини бермайди. Иккинчидан, ёзувчи Юсуфбекни қўй оғзидан чўп олмаган киши тарзида эмас, қизиллардан енгилиб, аламзадалиги ортган бир киши сифатида тасвирлайди. У мол-дунё тўплаш учун ҳеч кимни аямайдиган, айни замонда, ҳузур-халоватни яхши кўрадиган киши. У миллий озодлик харакати лидерлари Шермуҳаммад, Эргаш қўрбошилар билан “бир ёқадан бош чиқариб курашиш” масаласида гаплашиб кўради. Аммо қўрбошилар ўзаро тил топа олишмайди ва оқибатда енгилишади.

Ёзувчи Юсуфбекнинг кечмишларини бироз бўрттириб тасвирлайди. М. Маҳмудов Юсуфбекнинг асосий мақсади юрагида она юрт ҳисси бўлмаган бойларни талаб, бойлик орттириб, чет элга қочиш, у ердан куч тўплаб “русларнинг ўзларининг орасидан олов чиққач”, яъни ўзаро тил топиша олмай қолганларидан сўнг уларга зарба бериб, юртни озод қилиш. Адиб барча мусулмонлар қатори қизиллардан енгилган, ҳатто йиққан олтинларини чет элга олиб кетолмаган бу зотнинг оғир аҳволини ҳаққоний тасвирлаган.

М. Маҳмудовга бу образ миллат ҳақида айрим ҳақиқатларни айтиш учун керак бўлганлиги синчков китобхонларгагина сезилади. “Тўғриси, элимиз авом, ишонувчан, оқ кўнгил. Ким нима деса, шунга ишонади. Ким нима буюрса, шуни қилади. Билсанг, овсар қизиллар элнинг қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириб алдаётибди” ,- дейди у ўз йигитларидан бирига. Юсуфбек бошқа бир ўринда: “Большевиклар билан инглизларнинг бир-биридан ҳеч фарқи йўқ. Икковининг ҳам мақсади бир: бизнинг бойлигимизни талаш…” деб тушунтиради. Асар шу хил гапларни айтиш учун ёзилгани аниқ кўриниб турмайди. Аксинча, муаллиф ўз қаҳрамонининг салбий жиҳатларини, хотинбозлиги, раҳмсизлигини бўрттириб кўрсатади. Бунинг сабаби аник.

Муаллиф ўз қаҳрамонини ваҳший, қаттиққўл қилиб кўрсатмаганида совет даврида бу қиссанинг чоп этилиши амри-маҳол эди.

“ЎЛМАС ҚОЯЛАР”

“Боғдон қашқири”да, айниқса, “Ўлмас қоялар” романида Ватан табиати, унинг тоғ ва ўрмонлари, бу ерлардаги дарахтлар, ўт-ўланлар, майсалар, қушлар ва ҳайвонларнинг номлари кўп учрайди. Мамадали ҳар бир сўзга, образга маъно юклашга, сўзлари орқали юртга муҳаббат уйғотишга ҳаракат қилади. Романнинг бош қисмидаёқ “Ўлмас қоялар билан сирли ўрмонлар кўрк бериб турган” Юлдузли тоғининг табиати тасвирланади. “Мангуга занжирланган бу тоғда Оққоядан улуғроқ қоя йўқ. Унинг учида шоҳга кийдирилган тождек бир туп қатранғи қад керган… Жарнинг нариги қирғоғи итбурунга ўхшаш митти, сертикон харчалар (бодомлар) билан қопланган…Жар ёқасида қовуллар ўсиб ётибди… Уйнинг яқин атрофи гулзор. Айниқса ялпизга ўхшаш, лекин унга қараганда поя-барглари ингичка-ингичка пидина, хинагул, райҳонлар кўп экилган” каби экзотик тасвирлар оз эмас.

Аммо бу хил тасвирларнинг ҳаммаси бизда она юртга муҳаббат уйғотиш учун битилаётгани кўриниб туради. Шу маънода марҳум адабиётшунос олим, филология фанлари доктори, профессор Очил Тоғаевнинг “Романда ватан, юрт образи гавдаланади. Қир-адирлардан мусаффо шамоллар эсаётгандай, муздек шаршаралар шовқини эшитилаётгандай, ранг-баранг ўтлар ҳиди уфуриб тургандай туюлади”, каби фикрларига қўшилмоқ лозим.

ХIХ асрнинг 50-80 йилларидаги чет бир қишлоқда яшаган, шаҳар тамаддунидан узилиб қолган, аммо дунёда бўлаётган воқеаларни ўзича тушунадиган мард, жасур, дангалчи туркий ўзбекларнинг ҳаёт тарзи тасвири ҳам ҳозирги ўзбекларнинг қишлоқларига ва ҳаёт тарзига ўхшамайди. Ёзувчининг қатор қаҳрамонлари ҳам ғалати, дангалчи, ортиқча мулозаматни ёқтирмайдиган, ҳатто бир-бирига кўпол муомала киладиган, аммо буни кўнглига олмайдиган кишилар. Жумладан, роман бошидаёқ асарнинг бош қаҳрамонларидан бири Раҳмат полвон ўзининг дўсти бўлган тегирмончи Кудратга дабдурустдан “Қимизингдан олиб чиқ, ҳўкиз”, дейди. У эса “Айрон ичсанг тешиб чиқадими махлуқ?”, деб қўпол ҳазилга қўпол жавоб беради. Бу роман қўлёзмаси нашриётда муҳокама қилинганда, мен шу хил ўринларини силлиқлаш керак, ўзбеклар бир-бирига бундай муомала килмайди, деб каршилик билдирганман.

Мамадали эса “биринчидан, бу одамлар ўтган ХIХ аср кишилари, иккинчидан, сизлар шаҳар кишилари билан қишлоқдагиларнинг муомаласи бир хил эмаслигини, уларнинг ҳазиллари ҳам қўполрок эканлигини билмайсизлар”, деганди. Энди ўйласам, муаллиф ҳақ экан. Қолаверса, муаллифнинг инсон образини қандай тасвирлашда ҳақ-ҳуқуқлари кўпроқ.

Айтайлик, унинг қаҳрамонларидан бири ўз фарзандларига туркча исм қўйганини шундай асослайди: “Ўзим тушунмайдиган арабча, форсча яна аллақандай чучмал отларга тоқатим йўқ. Ўғлим туркми, унинг оти туркча бўлади”, дейди.

Маълумки, рус босқини пайтида ва ундан кейин ҳам босқинчилар: “Ўрта Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбеклар маданиятсиз, аҳолисининг 99 фоизи саводсиз, улар ювинишга, кийинишга эътибор беришмайди, биз уларга маданият олиб келдик” тарзида тарғибот юргизишган. Мамадали эса ўзининг рус босқини арафасида яшаган қаҳрамонларини мактаб ва мадрасаларда ўқиган, озода ва маданиятли кишилар сифатида тасвирлайди. “Раҳмат полвон озодаликни меъёридан ортиқ севадиган одам эди. Бир-икки артинган сочиғига, у қайта ювилмагунча артинмас эди. Агар уйнинг бирон жойида гард кўрса ҳам, хотинини уришар, гард йўқотилмагунча овқат ҳам ея олмас, иш ҳам қилолмас эди”. Раҳмат полвон, унинг ўғли Бўронбек барча эпизодларда шу хил маданиятли кишилар тарзида кўрсатилади.

Асарда ўтган асрларда ўтказиладиган маросимлар тасвири (“Сув Хотин”, “Наврўз”, “Момоқалдироқ” маросимлари) ҳам ибратли тарзда берилган. Жумладан, яқин-яқинларгача Ўзбекистоннинг тоғли ва чўлли ҳудудларида вақтида ёмғир ёғавермаса “Сув Хотин» маросимини ўтказишган. Қўлига Сув Хотин тимсолини кўтариб олган хотин-қизлар уйма-уй юриб: “Ёмғир ёғсин, сув Хотин, Экин ўссин сув Хотин, Омбор-ўра ҳосилга, Лиқ-лиқ тўлсин сув хотин”, тарзида қўшиқлар айтишган. Уй эгалари эса, уларга ўзларининг ҳадяларини беришган. Ҳадялар кўпинча эчки, улоқ, қўчқор ёки бузоқдан иборат бўлган…

Маросим тугагач, барча қишлоқдошлар йиғилиб, бу маросимда ҳайрия қилинган жониворларни сўйиб, таомлар тайёрлашган. Мамадали бу маросим тасвирини бераркан, ўз қаҳрамонларининг ички дунёларини, уларнинг нақадар жўмард, ҳотамтой эканлигини ҳам кўрсатади. “Маросимга бешта туя, еттита эчки, учта тақа тушган эди”, дейди муаллиф ва кейинги эпизодларда ўзига хос меҳмондорчилик тасвирини беради.

Шунингдек, ёзувчи (Ҳумор йиғичи, Қодирбек каби персонажларнинг ўлими баҳонасида) ўзбек удумларига ҳос айтимлар, марсиялардан бир қанчаларини келтирадики, улар роман матнига сингиб кетгани сезилиб туради.

Мамадали Маҳмудов муҳаббатга боғлик эпизодларни, (Раҳмат полвон ва қозоқ қизи, Бўронбек ва Райҳон ўртасидаги висол онларини) шарқона усулда тасвирлайди.

Шунинг учун ҳам адабиётшунос олим Очил Тоғаевнинг: “Романда ўринли келтирилган халқ қўшиқлари янгилиги, табиийлиги, воқеа ва кишилар мижозига айни мувофиқлиги билан китобхонни ҳаяжонга солади”, деган фикри асослидир.

Ўзбек, қозоқ, туркман халқларининг ўзига хос меҳмондўстлигини тасвирловчи эпизодларни Мамадали айрича ихлос билан ёзади. Хусусан, Раҳмат полвон ва Қудрат тегирмончи иккови Бухорога бориш олдидан қозоқ овулида меҳмондорчиликда бўлишади. Ёзувчи туркий-қозоқларнинг меҳмондўстлигини қўноқларнинг ҳурмати учун албатта бир мол, қўй ёки туя сўйишларини таъкидлаб кўрсатиш билан бирга, ўша пайтдаги ижтимоий-сиёсий масалаларда, рус босқини, туркий халқлар бирлиги масалаларидаги баҳсларини атрофлича ифодалайди.

Охирги муаммо бўйича бўлиб ўтган баҳсда бир-бирига қарама-қарши икки хил фикр ифодаланади, баъзилар Амир Темур пайтидаги каби, туркий халқлар бир бўлиши лозимлигини айтишса, бошқалар қарши фикр билдиришади. Бунинг устига, бир-бири билан қўшни бўлган халқлар (ёки уларнинг ғанимлари) турли-туман латифалар, мақоллар тўқиб, уларни бир-бирига ёвлаштиришга хизмат қилишади. Бу суҳбатда ҳам ўзбек ва қозоқ орасини бузадиган латифа айтилади. Бошидан кўп кийинчиликлар ўтган, оқпошшонинг зулмини кўрган туркий қозоқ йигити Бўрибойга бу қаттиқ таъсир қилади.

“Мана шунга ўхшаш иркит аскиялар оға-ини, уруғни бир-биридан совутади”,- дейди алам билан. Бу фикрга қозоқ зиёлиси ҳисобланган Валихон ҳам қўшилади. “Биз бир туғишган – турк бўлатуриб: “ҳой сарт, ҳой қайсақ, ҳой қирғиз” деб бир- биримизнинг жиғимизга тегамиз. Тағин: “Қўнғиротмисан, Ёвмутмисан, Ўғизмисан?!” деб тинмай уруғ суриштирамиз. Биз туркларнинг шўрини қуритаётган нарса шу эмасми?” дейди.

Роман охирларида тасвирланган асосий ижобий қаҳрамонлар ( Бўронбек, Бўривой, Уйғокбек, Яшарбек) Туркистонга руслар бостириб кирганида оёққа туришади, маънавий тубан кимсалар (Мансур пучуқ, Нурҳез) эса бу босқиндан ўз манфаатлари йўлида фойдаланадилар. Романда яхши қуролланган рус армиясига қарши деярли партизанчасига жанг олиб борган туркийларнинг жанг лавҳалари қисқа бўлса-да, ишонарли ифодаланган. Зеро ёзувчи асар охиригача ўз қаҳрамонларини шу жангга “тайёрлаб” келади. Асардан она юртнинг рус чоризми оёғи остида топталишига қадим Туроннинг бир қанча хонликларга, уруғларга, юзларга бўлинганигина эмас, юрт ғамини ўз қайғуси деб билган кишиларнинг камлиги, уюшмаганлиги ҳам сабаб қилиб кўрсатилганки, бу ҳол ҳозирги лидерларга ҳам тааллуқлидир. Шўро даврида ёзилган “Ўлмас қоялар” романи Мамадали Маҳмудовнинг ўзига хос жасорати эди. Агар Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланиб, узоқ йиллик қамоққа ташланмаганида, ҳеч бўлмаса, қамоқ муддати тугагандан кейин озод қилинганида эди, адиб аввалгидан ҳам етукрок, буюкроқ асарлар ёзган бўларди…

bbc.co.uk/uzbek