O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (10)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (10)
201 views
02 March 2014 - 11:42

(давоми)evril turon bu tog`lar

9
Оқшом тумани ёйилди. Чодирларда чироқлар ёнди. Йигитлар овқатланиб бўлишгач, дастурхонга фотиҳа қилишдида, қўлларини сой сувига ювишди.
– Энди отланайлик, йигитлар! – Юсуфбекнинг овози момоқалдироқдай гулдиради.
Новча, хушбичим, бардам йигитларнинг бирортаси ҳам чурқ этмай, ўз отларига дадил миндилар. Юсуфбек синчковлик билан уларга бир – бир кўз югуртирди. Ҳаммасининг кайфи чоғ, кўзлари ёниб турибди.
Юсуфбек мамнун жилмайди ва:
– Саримсоқ, Эгам, Болта сизлар хотинлар билан қоласизлар, бизлар овга борамиз!.. – деди.
Уч йигит ҳаяжон ва қувонч билан қатордан ажралиб чиқишди. Қолган ўн беш киши тик қияликдаги тор сўқмоқдан турнадай тизилиб, “овга” кетишди.
Одатдагидай Юсуфбек олдинда, олча ранг қашқа тўриқни йўрттириб бормоқда.
У ҳар галгидай қаерга кетишаётганлигини ҳеч кимга айтмади. Юсуфбек ўзидан бошқага ишонмас ва қаттиқ сир сақлай оларди.
Улар қоп – қоронғи тун кўйнида даҳшатли кўринаётган кояларни, гўристондай жим – жит чангалзорларни оралаб ўн беш чақиримча йўл босишди. Сўнг “Туман аримас”, деган давонда тўхташди. Юсуфбек шундагина уларга мақсадини айтди:
– Йигитлар, шу давондан ошсак, Офтоб қишлоғи келади. Буни биласизлар. У ерда Онарбой, Акобир, Маллабой деган бойлар бор. Буниям биласизлар. Уларда на эл, на юрт ғами бор. Уларни мусулмонлар томонида, деб бўлмайди. Ўзларингизга маълум, бир неча марта ёрдам сўраганимизда, бизга беришмаган. Қизилларга беришган. Улар бойишдан бошқа нарсани ўйлашмайди. Шундоқ экан, уларни ёвдан фарқи йўқ! Ҳозир биз бу тўнғизларнинг бойликлари билан қизларини олиб, изимизга қайтамиз. Бўлмаса бу нарсалар эртами-кечми шўро қўлига ўтади. Ундан кўра буларни ўзимиз олсак, худо ҳам “раҳмат” дейди. Бунинг учун… – Юсуфбек гапини тугатмай, қоронғи осмоннинг узоқ қаъридан учган юлдузга, кейин этакдаги – ним қоронғи водий тепасидаги ярим ойга тикилиб, бир дақиқа ўйга толди. Сўнг:
– Бунинг учун… – деб чала қолган гапини такрорлади, – уч тўпга бўлинамиз. Ишлар битгач, шу ерда йиғиламиз… Тангри ёр бўлсин, омин!
– Омин!!! – Йигитлар Юсуфбек сингари кўлларини юзларига тортишди.
Улар давондан ошишлари билан тоғ оралиғидаги Офтоб қишлоғи юлдузлар ёғдуларида ғира – шира кўзга чалинди. Йигитлар дарҳол уч гуруҳга бўлиндилар ва ҳадемай чуқур уйқуда ётган кишлоққа кириб бордилар.

Бир гуруҳ йигит Онарбойникига, иккинчи гуруҳ Акобирникига бостириб киришди… Юсуфбек бошлиқ тўрт йигит эса қишлоқ четидаги Маллабойникига келишди, отларини оғочларга боғлашди ва маймунлардай чаққонлик билан темир қопидан (дарвозадан), кенг ҳовлига тушишди. Уларга Маллабойнинг катта сариқ ити вовуллаб ташланди. Юсуфбек элликка кирганига қарамай, қоплондай чаққонлик билан ўнг ёнига бир сакраб, итга чап берди ва зарб билан унинг бўғзига ханжар тиқди. Ит ғингшиб йиқилди.

Итнинг қаттиқ акиллаганидан Маллабой уйғониб кетган эди. У тунги оқ кўйлак, оқ иштонда югуриб дераза олдига келди – да, ташқарига олазарак тикилди. Ҳовлиқоронғи эди. Маллабойнинг хира кўзи қора шарпаларни кўрмади. Аммо даҳшат билан бостириб келаётган оёқ товушларини эшитди. У “Қишлоқни қизиллар босишганга ўхшайди”, деб ўйлади. Шунинг учун у қалтираб – қақшаб оқ чойшабга ўраниб ўтирган хотини билан қизига хитоб қилди:
– Ер тўлага бекининглар! Қизиллар босишди! Тез!!!
Она – бола яширинишга улгуришган замон, Юсуфбек ва унинг тўрт йигити шохона уйда ҳозир бўлишди. Уларнинг важоҳатларини ҳамда қўлларидаги тўппонча билан ханжарларини кўрган Маллабой кўрққанидан муздек қотиб қолди. Йигитлар ярим соат ичида хоналардаги энг нодир нарсаларни олишга улгурдилар. Шундагина Юсуфбек юмшоқ ўриндиқда бехол ўтирган, тулкиникига ўхшаш юзи қордек оқарган Маллабойнинг олдига келди ва унинг иягидан кўтариб, кул ранг кўзига ғазаб билан тикилди.
– Қизиллар ҳомийси, сотқин, қизингни қаерга яширдинг! – деб сўради аста, аммо кўрқинчли оҳангда.
– Қизим йўқ, тақсир, – бой  дир – дир титради.
– Ёлғон!
– Ишонинг тақсир.
– Топ! Ё каллангни оламан.
– Тақсир…
– Бўл! – Юсуфбек Маллабойнинг сўзини шарт кесди ва унинг томоғига ханжар тиради. Бойнинг бутун вужуди дағ – дағ титради, хомсемиз, юмолоқ юзига тер тошди, қўз оқи кенгайди ва у дудуқланиб қолди:
– Та… тақсир…
– Айт!
– А… аввал… ха… ханжарингизни о… олинг… Юсуфбек унинг кекирдагидан ханжарни олди, лекин қинига солмади, уни чап қўлида (у чапақай) маҳкам ушлаганича, тишларини қирчиратиб деди:
– Бўл!!!
Маллабой аста букилиб, оёғи остидаги пахта гулли гиламни кўтарди. Шунда тахта эшикча кўринди.
– Шу ерда, – деди Маллабой қаттиқ касал сингари инграб, – фақат… – У гапини давом эттиролмади ва ҳўнграб йиғлаб юборди. Юсуфбек “овозингни ўчир” дея унинг ингичка иягига ўнг кўли билан бир мушт урди. Бой учиб кетди. Юсуфбек шошилмасдан ханжарини ўнг ёнидаги учига кумуш қопланган қора чарм қинига солди. Сўнг йигитларини чақирди. – Ертўлага тушинглар. Қизни олиб чиқинглар.
– Хўп. – Йигитлар кўк саллали бошларини эгдилар ва уч дақиқа ичида ертўладан қиз ва унинг онасини судраб чиқишди.

Қиз беҳуш. Узун, сарғиш сочлари ёйилиб, райҳон гулли оқ кўйлагини қоплаган. Юсуфбек унинг муз тусига кирган чиройли юзига, нозик қаддига ёввойи ҳирс билан тикилди. Кейин ундан кўзини узиб, икки йигитнинг қўлидан чиқолмай, қизи томон додлаб талпинаётган онасига заҳарли нигоҳини санчди.
– Қичқирма мегажин! – деди у босиқ овозда илжайиб. Бироқ Юсуфбекнинг бундай товушидан қўрққулик эди. У одатда қаҳри келганда ёхуд ёмон кўрган одами билан гаплашганда, майинлашар, кулимсирар ва оқибат бирор ёвуз иш қиларди.
– Каттабек, Арслон, сизлар мана бу қанжиқ билан анави инграётган тўнғизни қўл – оёғини боғлаб кўйинглар.
– Хўп! – дейишди нодир нарсаларга тўлдирилган беш хуржуннинг ёнида туришган икки йигит.
Улар арқон йўқлиги учун дераза олдига келишди, қизил бахмал пардани тортиб туширишди, уни ханжар билан тўртга бўлишди ва эр – хотинни боғлашди.
– Кетдик, йигитлар! – Юсуфбек эр – хотиннинг нолали йиғисига парво қилмай, қизни кўтарган бўйи эшик томон юрди.
– Кетдик! – Йигитлар ҳам хуржунларини елкаларига олишди.
Бир пасдан кейин улар отларига кетма – кет қамчи босишиб, зулмат қўйнига учдилар. Одамларнинг қийчувилари, итларнинг вовуллашлари, эшакларнинг ҳанграшлари кўмилган қишлоқ орқада қолди. Юсуфбек бошлиқ тўрт йигит “Туман аримас” довонига чиқиб олди. Бу ерда уларни ҳалиги икки гуруҳ кутиб турган эди. Юсуфбек олдидаги икки қўли орқасига боғланган, оғзига дўппи тиқилган қизнинг типирчилашига парво қилмай, йигитларга хотиржам нигоҳ юритди. Ўсар билан Қўйбоқарнинг олдиларида ҳам икки қиз боғланган ва оғзига дўппи тиқилган ҳолда ўтиришибди. Барининг хуржуни қаппайган, тўла. Шундай бўлса ҳам Юсуфбек:
– Ов яхши ўтдими? – деб сўради.
– Ҳа – жавоб беришди бирин – кетин икки гуруҳ ҳам.

Йўлга тушдилар ва тонг қоронғисида чодирларига етдилар. Кейин ўтлоққа отларини тушовлашди – да, хуржунларини олишиб, оқ чодирга киришди. Ўсар эса уч қизни бошлаб, ялпиз ранг чодирларга кетди.

Одатдагидек Юсуфбек “ов”ни ҳаммага тенг тақсимлади. Сўнг ўзига тегишли олтинларни олиб, яланғоч қоялар орқасидаги оқ тошга борди ва ҳалиги чуқурчага тиллаларини яширди. Шундагина Юсуфбек қорни ўлгудай очганини, сонларининг ораси ачишиб оғриётганлигини сезди. Лекин руҳи тетик эди. У кун бўйи ҳўкиздек тинмай юрса ё ишласа ҳам, руҳи тетик бўлса, асло чарчамас эди. Агар ҳеч иш қилмаса ҳам, руҳан тушкинликка учраса, ўзида қаттиқ ҳорғинлик сезар, юзи буришиб кетар, кўзи нурсизланиб, уйқиси келаверар эди.

10
Юсуфбек дадил қадамлар билан сой бўйига қайтди. Дастурхон атрофида йигитлар уни кутиб ўтиришган эди. Юсуфбек сойда қўлини чайиб, тўрга қават – қават беқасам кўрпачалар устига “уф!..” дея чўкди. Бир дақиқа ўтмай икки ошпаз тўрт лаганда буғланиб турган эт келтиришди. Иккови ҳам айрим ошпазлар сингари хушомадгўй, мақтанчоқ, семиз ва шум эди. Уларнинг бир – биридан ажраладиган томони – бири новча, иккинчиси пакана эди. Новчаси ўрта ёш, паканаси йигирма бешларда эди.
– Жайноқ, майдан қўй! – буюрди Юсуфбек новча ошпазга.
– Сен, Райимберди аччиқ кўк чой келтир!
– Хўп – хўп.
– Хўп – хўп.
Иккала ошпаз ҳам кўлларини кўксиларига қўйиб, эгилиб – букилишди. Барча хўжайинлар каби Юсуфбек ҳам ўз амрини ҳеч эътирозсиз, тез бажарадиганларни ёқтирарди. Бироқ ортиқча хушомадни хушламасди.

Жайноқ нилуфар гулли пиёлаларга тўлдириб – тўлдириб май қуйди. Сўнг биринчи пиёлани Юсуфбекка, қолганларини ўнгдан узатди.
– Йигитлар, овимиз яхши ўтганлиги учун ичамиз!
Пиёлалар жаранглади.
Уларга бу одат ўрисдан ўтган эди.
Йигитлар икки кўза май ичишди, олти лаган эт ейишди. Юсуфбек пар ёстиққа ёнбошларкан, майнинг кучи билан ўзларига эрк бериб ғужурлашаётган йигитларга нохуш қаради. Кейин энг четда ўтирган қизлардай нозик, кўркам, ингичка қошли ўспиринни олдига имлаб чақирди.
– Янгибой, оёғимни уқалаб қўй, – деди Юсуфбек унга ғалати мулойимлик билан.
Янгибой юқори лаби четини ғалати қимтиб, “тр” деди – да қийшанглаб ўрнидан турди ва йўрғалаб Юсуфбекнинг олдига борди:
– Жоним билан, бегим. – У оқ сурп кўйлагининг енгларини шимариб, ингичка, нозик бармоқлари билан Юсуфбекнинг оёғини уқалашга тушди.
Хиёл ўтмай, Юсуфбек ухлаб қолди.

11
Қуёш сойдаги нурини йиғиштира – йиғиштира ёввойи бодомзор устидаги чўққига чиқди. Юсуфбек кўзини очди. У аста ўрнидан туриб, кечаги шалолага борди ва ечинди – да, муздек сув тагига кирди. Шунда унинг ғовлаб турган боши тиниқлашди, сассиқ терга ботган чуқур чандиқли (кўп пичоқ еган) бадани яйради.

Юсуфбек ўзини хийла енгил сезиб, сувдан чиқди. Шу он у тасодифан юз қадамча юқоридаги арча шохлари сезиларли силкинганини, бир бош мўралаб бекинганини қўриб қолди. Аммо Юсуфбек ҳеч нарса сезмаган кишидек шошмай кийинаркан: “Ҳим!.. Ким экан бу? – деди энсасини қашиб. – Тилламни ўғирламоқчи бўлипти – да, тўнғиз! Қани, майли, калласи олтита бўлса, ўғирласин, терисини тириклай шилиб оламан!”

У ўзини дунёда энг зўр, энг ақилли одам деб билар ва шу сабабли унча – мунча одамни назар – писанд қилмас эди. Бироқ шундай бўлса ҳам унинг юрагига ғулғула тушди ва вужудига секин ёйила бошлади. Агар ростдан ҳам олтини ўғирланса, чет элга бориши, у ерда большевикларга қарши курашга тайёргарлик кўриши ҳақидаги фикрлари пучга чиқарди.

Юсуфбек тез кийинди. Қияликдаги қизғиш қоя томон йўл олди. У ўзини бепарво кўрсатишга тиришиб, ҳеч қаёққа алангламасдан тошдан – тошга сакраб бораркан: “Э, афсус, тўппончам чодирда қолипти!.. – деб кўнглидан ўтказди ва бироз юргач, ўзига – ўзи тасалли берди, – ҳар қалай ханжарим бор!..”

Қизғиш қояга етди. Атайлаб теварагига аланглаб қаради ва чипор тош олдига чўккалади. У шошмасдан кўлига учи ўткир тош олиб, беш – олти дақиқа чипор тош тагини кавлади. Сўнг ўрнидан туриб, у ёқ, бу ёққа аланглаган бўлди – да, қоя ёнига ўтди ва камар тагига бекинди. Бу ердан чипор тош кўриниб турар эди.

Ярим соат ўтар – ўтмас чипор тош олдида бир дароз, барзанги кимса пайдо бўлди. Юсуфбек уни ўзининг яқин дўсти – Балхи эканини кўриб, бир дақиқа қотиб қолди. Ўзига келгач, ғазабдан дағ – дағ титради, бурун катаклари кенгайди: “Ит эмган!.. Кўрнамак!.. Ҳароми!..” деб сўкинди ва ханжарини кўлига олди – да, оёқ учида юриб, унинг бошига борди. Балхи жон – жаҳди билан чипор тош тагини титкилаётгани учун буни сезмади. Унинг қоплонники сингари қаттиқ тирноқлари остидан қон сизиб чиқаётган ва бу қон бутун бармоқларини белаётган бўлса ҳам, у зўр бериб ерни тимдалар эди.
– Ҳа, оғайни, тинчликми?! – деди Юсуфбек аста.
Бу гапдан Балхи қиздирилган темирга бехосдан ўтирган кимсадек сапчиб турди ва Юсуфбекнинг заҳар томаётган қонсиз юзини кўриб, тошдек қотиб қолди.
Юсуфбек унинг кенг юзига, муштдай бурнига, сира шумлик аримайдиган ола кўзига чексиз нафрат билан қаради, сўнг:
– Яхшимас оғайни! – деди ниҳоятда юмшоқ оҳангда тиржайиб, – яхшимас, ахир!
Балхи унинг юмшоқ, кулимсираб, “оғайни” сўзини қўшиб гапиришидан билдики, оқибат ёмон бўлади. Бундай кезда Юсуфбек ҳеч кимни, ҳатто ўз боласини ҳам аямайди, унга ҳеч кандай ёлвориш ҳам таъсир килмайди. Балхи буни яхши билади. Шу сабабли у “Энди биримиз ўламиз”, деб миясидан ўтказди ва бирдан Юсуфбекнинг ханжар тутган кўлига зарб билан тепди. Ханжар жаранглаб учиб кетди. Шу заҳоти Балхи маймундай чаққонлик билан унинг ияги остига мушт урди. Юсуфбек орқага тисарилиб бориб йиқилди. Балхи унга ўқдек отилди. Юсуфбек ётган ҳолда унинг киндигидан пастни мўлжаллаб тепди. Балхи орқасига ағдарилди. Юсуфбек қоплондек абжирлик билан отилиб туриб, Балхига ташланди ва тишларини даҳшатли ғижирлатиб, жунли йўғон бармоқлари билан унинг бўйнига ёпишди. Балхи ҳам буқадай кучли ва чаққон эди. У жон ҳолатда Юсуфбекнинг киндигидан пастини чангаллади. Бирдан иккови ҳам хириллаб, бўқириб бир – бирини қўйиб юборишди. Балхи эпчиллик билан унинг остидан чиқиб олди. Энди улар оёқда турардилар. Иккови ҳам қонга, ғазабга, аламга тўлган кўзларини бир – бирига найзадай санчишиб, хириллашиб, қон томаётган бармоқларини ёзишиб, бир – бирига ёввойи шиддат билан яқинлашиб келишарди. Кутилмаганда Бахли орқага тез чекинди, ердан сапчадай тош олди ва Юсуфбекнинг манглайига отди. Юсуфбек энкайиб қолди. Тош унинг устидан зувиллаб ўтди. Балхи шиддат билан унга отилди. Юсуфбек ҳам қафасни бузиб чиққан йўлбарсдек қутириб, унга ташланди. Улар бир – бирларига қаттиқ урилдилар. Бахли гандираклаб кетди – да, тошга чалишиб ағдарилди. Юсуфбек икки қадам орқага тисарилиб бориб ўзини тутди. У шу он Бахлининг устига отилди ва жон – жаҳди билан унинг бўғзига темир панжаларини санчди. Балхи қаршилик кўрсатишга улгуролмади, кўзлари косасидан чиқгудай каттариб, типирчилаб қолди. Юсуфбек бармоқларини тобора чуқурроқ суқа бориб, Балхининг кекирдагини юлиб олди. Сўнг унинг бошини шарт кесиб, сойга улоқтирди. Қутирган тўлқинлар қонга бўялган каллани тошдан – тошга уриб, узоқларга олиб кетди.

(давоми бор)