O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (12)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (12)
173 views
07 March 2014 - 13:35

evril turon bu tog`lar(давоми)

13
– Биз хавф остидамиз, – анчадан сўнг йигитларга муро- жаат этди Юсуфбек. У тушкун ва руҳсиз бир алпозда эканини сездирмаслик учун ўзини мардона тутишга уринди, – бу сафар мен кўнглимнинг райига бўйсунган ҳолда Сизларга режамни очиқ айтаман. Уч кундан сўнг, тунда қизиллар кийимида большевиклар ўрдусига юриш қиламиз. Охирги марта.
– Нега охирги марта? – Сўради Саримсоқ.
– Энди бу ерда қолиш хафли. Афғонистонга кетамиз. Кейин Оврўпага…
– Қолсак яхши бўларди, Бек ака.
– Келдибек, мен сендан бундоқ тутуруқсиз гапни кутмагандим. Бу ерда қолсак, қизиллар ҳаммамизни дорга осишади.
Йигитлар Юсуфбекни Бухоро мадрасасида ўқиганини билишар, шу сабабли кўпинча унга қўшилишарди:
– Тўғри.
– Биз Сиз билан биргамиз!
– Ҳамиша…
Уларнинг бу жавобларидан Юсуфбек руҳланди ва режасини баён этди:
– Бу ўта жиддий, ўта қалтис юриш. Сездирмай соқчиларини ўлдирамиз. Ўзимизга етарли миқдорда озиқ – овқат, кийим – кечак, қурол – яроғ, улов ҳамда олтин – кумуш оламиз. Аслида буларнинг бари ўзимизники. Нимага десаларинг. Ғаним уларни бойларимиздан тортиб олган. Шунга бизни Тангри қўллайди, деб ўйлайман. Сизлар жуда тезлик билан бу нарсаларни ёв отларига ортиб кетасизлар.
Йигитлар уни қувватладилар:
– Ҳақ гап.
– Сиз айтгандай қиламиз.
– Сизнинг сўзингиз бизга қонун.
– Жуда ошириб юбордиларинг. Биласизлар, бу менга ёқмайди.

Яна шуни айтайки, Болта билан Арслон генералнинг қизини ўғирлашади. Мен Каттабек билан бирга заҳира омборларига, отхоналару ётоқхоналарга ўт қўямиз. Тўрт йигит бу ерда қолади. Тушунарлими?
– Тушунарли, – қичқиришди йигитлар.
– Яншанглар азаматлар!
Юсуфбек ўша замонда турк оламида машҳур бўлган шоир Меҳмед Эмин Юрдақулнинг қуйидаги тўртлигини усмонли туркчасига ўқиди:

Эй қардошлар, уйғонинг,
Шу туркликка беринг жон,
Қуш излагай уяни –
Туркларники бу Турон!..

Шундан кейин йигитлар одатдагидай Меҳмед Эмин Юрдақулнинг ушбу қўшиғини жангавор руҳда куйладилар:

Уйғон энди! Нажот кунинг келмишдир!
Бу туркликни фалокатдан қутқармоқ,
Уни қудрат кенглигига чиқармоқ
Сенинг учун энг муқаддас бир ишдир.

Қалқ! Олға бос! Бу оламда ҳар зафар
Фақат арслон бўлганларга берилар,
Ҳурриятлар, саодатлар, севинчлар
Машаққатли манглайларда пориллар!..

Уйғон энди! Бу яшамдан юзинг бур!
Тарихингга, оталарга содиқ қол!
У жаҳонгир турклик шонин қўлга ол,
Янги ҳаёт яратмоқ учун йиқит, сур!

Қалқ! Олға бос! Маданият, шараф, шон
Ёш – қариси миллий руҳли элники!
Эски, янги, хур ва масъуд Туркистон,
Бу Осиё, бу истиқбол сеники!.. (7)

– Энди, йигитлар, емоққа.
Юсуфбекнинг таклифига биноан йигитлар қизил жиякли, узун, йўл – йўл оқ терги теграсига ўтирдилар. Янги ошпазлар: Қанот, Лочинлар бир зумда лаган – лаган қўй эти, коса – коса шўрва ва кўза – кўза май олиб келишди. Шунда Болта:
– Бир йигитимиз йўқдай, – деб қолди.
Ҳамма: “Ким экан” деб ўйлаб, бир – бирига қаради.
– Балхибек йўқ! – деб қичқирди чўтир юзли Эгам.
– Нега қичқирасан, хўроз? Бу ерда кар йўқ – ку.
Даврани совуқ сукунат қуршади. Юсуфбек хотирижам оҳангда деди:
– Балхини мен ўлдирдим. У тилламни ўғирламоқчи бўлди.
– Ит эмган – эй!
– Очкўз!
– Ҳароми!
Ҳамма Юсуфбекнинг тарафини олди. Бундан унинг руҳи яна ҳам кўтарилди. У иштаҳа билан овқатланди, бўза ичди. Йигитлар ҳам. Улар дарров Балхини унутдилар.

Оқшом ёйилди. Йигитлар шира кайф ҳолда чодирларга тарқадилар. Юсуфбек ҳам.
Бу кеча ҳам оқ чодирда шам ўчмади…
Иккинчи тун ҳам…

14
Қуёш осмоннинг қоқ ўртасига қадалди. Юсуфбек уйғониб, Сонияга қаради. У тотли уйқуда. Юсуфбек оқ, юмшоқ тўшакдан секин турди. Енгилгина кийинди. Шалолага ёнди. Яйраб чўмилди. Сўнг Балхининг бошсиз танаси олдига келди. Лекин мудҳиш тана йиртқичларга ем бўлган, ундан қизғиш суякларгина қолган эди. У заррача ачинмади. Сой бўйига, ёввойи оғочлар кўланкасига тушлик қилгани борди. Қалтис юриш олдидан овқатланишди. Ичишмади. Бунга Юсуфбек таъқиқ қўйди.
– Шу олти йил ичида ёввойилашиб кетдик, – деди у ўз гуноҳига иқрор бўлган ва бундан афсусланаётган киши каби ҳасратли овозда, – энди, йигитлар, ичмаймиз, бу Тангрига ҳам ёқмайди, энди, имонга қайтамиз, Яратганга ибодат қиламиз.
Йигитлар бир – бирларига қараб иккиланиб қолдилар.
Каттабек ўз фикрини дадил айтди:
– Бу гапни анчадан бери кутиб юргандим.
– Мен ҳам, – Эгам унга қўшилди.
– Намоз ўқийман, – деди Арслон.
– Сўзингизни икки қилмаймиз, – дейишди бирин – кетин қолган йигитлар ҳам.
– Қизларга жавоб берамиз.
– Сотишлари мумкин, Бек ака.
– Тўғри, Болта, – деди Каттабек.
– Юришдан кейин.
– Маъқул, Келдибек, – деди Юсуфбек, – кўнгилларинг бўлса, балки, уйланарсизлар.
– Олдимизда узоқ, оғир, хатарли йўл… – Норози оҳангда тўнғиллади Саримсоқ, – тушов бўлади.
– Менимча ҳам шундай, – деди Юсуфбек Саримсоқнинг ажинли, қарамсиқ ва файзсиз юзига боқмай, – бўлмаса қизларни бир чодирга ташланглар.
– Сонияниямми?
– Ҳа, Сонияниям. Юришдан соғ – саломат қайтсак, бу ҳакда яна бир ўйлаб кўрамиз. Ҳозир эса пича дам олайлик. Қоронғи тушмай, йўлга чиқамиз.

Йигитлар ўз чодирларига йўналдилар. Юсуфбек ёлғиз қолди. Пар ёстиққа беҳол бош кўйди.

15
Қуёш қайтса ҳам ҳаво қайнаб кетди. Тўрт – беш кундан бери иссиқ бўлаяпти. Ўтган ҳафта эса устма – уст ёмғир ёғиб, атрофни пайдар – пай туман қоплаб турган эди. Бу ёввойи тоғларнинг табиатига тушуниш қийин. Ҳозир кун жуда исиб кетганиданми, сой узра шумкар(8), қирғий(9), қарчиғай(10)ларнинг, арчазорлар узра қоравой(11), қораялоқ(12), зағча(13)ларнинг чинқириқларию чуғур – чуғурлари авж олди. Ботар ёқдаги чўққиларни кул ранг булутлар қуршади. Қарғага бенгзовчи, соқолли (томоғида сақоли бор) қузғунлар қоялар ораларидан бежо учиб чиқишди. Калхатлар осмонни тутди. Қатранғи орасида бир ваҳимали чинқириқ теграга титрабёйилди. Юсуфбек чўчиб уйғонди. Отилибтурди.

Чўққи учидаги қатранғи остига шошиб қаради. Лекин бир нарса қилт этмади, бир шарпа кўринмади. Шундай бўлса ҳам унинг кўнгли бир ёмон нарсани сезгандек, қовоқлари тортиб, лаблари уча бошлади. У ихтиёрсиз бир тарзда одамнинг белидан келадиган ўтлар ўсиб ётган мовий ўтлоққа чопди. Шундагина отларнинг қулоқлари диккайганини, ер тепинаётганини ва арчазор томонга безовта қараётганини кўрди. Шу он қулоғига соқчиларнинг: “Қизиллар!..” деган узуқ – юлуқ товуши чалинди. Юсуфбек: “Олтиним маҳкам ерда” деди беихтиёр ва телбадек югуриб бориб, арғумоғи тушовини ечди, унга тизгин солди ва бир сакраб минди. Сўнг бор овози билан қичқирди:
– Қизиллар бости, қизиллар!!!
Бу гулдуракли овоздан тоғу – тошлар акс садо берароқ ларзага келди, чодирларда қўрқинчли шовқин – сурон кўтарилди. Худди шу сония арчазору нокзор ичларидан момоқалдироқдек гулдираб большевиклар чиқдилар.
Юсуфбек: “Режа амалга ошмай қолди! – деди мислсиз алам билан, – анави манжақиларга илакишиб қолдик – да. Ҳаром – ариш юришнинг оқибати бу! Аттанг – аттанг!

У учқур оти сағрига кетма – кет қамчи босаркан, ўз йигитларига яна қичқирди:
– Сойга чекининглар, сойга сакранглар!
Ўн олти бўз ўғлон отларига минишга улгуришмади. Сой сари яёв чопишди.

Юсуфбекнинг тенгсиз самани олд оёқларини осмонга кўтариб кишнаб сўлга – чангалзорга учди. Бироқ у ёқда ҳам “Ура!” садоси янгради. Юсуфбек отини орқага тез бурди. Худди шу он ўқ овози чийиллади. Юсуфбек чайқалди, лекин ўзини тутди ва тағин отига қамчи тортди. Жонивор кўкка сапчиб, пишқириб, сойга учди. Шундай онда ҳам унинг миясида қарама – қарши фикрлар парракдек айланиб борарди:

“Йигитларнинг уволига қолдим. Уларга ибрат бўлиш ўрнига, ишратдан бош кўтармадим. Шунга бу ерда ушланиб қолдик. Бўлмаса эсон – омон Афғонга етиб олардик. Аттанг – аттанг! Бироқ, ҳали мен тирикман! Ҳали қизиллар билан ҳисоб – китоб қиламан!”

Юсуфбек қутилиш йўлини излаб ён – верига боқди. Қутилиш қайда?! Уч томондан ҳам қизиллар бостириб келишмоқда. Олдинда эса сой, тошларни оқизиб учаётган сой! Энди у ўзини сойга ташлаб, бир тасодиф билан қутилмаса, қутилолмайди.

Юсуфбек хаёлини йиғиштиришга улгурмай, сойга келиб қолди. Бор кучи билан жиловни тортди ва ваҳшат ичра: “Тир – р – р!” деб хириллади. От тўхтади. Баланд қирғоқдан сойга боқди. У Юсуфбекка селни, қутирган селни эслатди. “Ундан мен – ку мен, шайтонам тирик чиқмайди”, деди ўзига – ўзи. Аммо Юсуфбекнинг бошқа иложи ҳам йўқ, орқа ва икки ёнидан қизил аскарлар сиқиб келишмоқда. “Булар сувдан ҳам хавфли – кўнглидан ўтказди Юсуфбек, – балки, сувдан тирик чиқарман, бироқ улардан қутилолмайман”.

У саманинг қорнига икки оёғи билан қаттиқ ниқтади ва сағрига қарсиллатиб қамчи босди:
–Чу!!!
От жон талвасасида олдинги оёқларини осмонга тик кўтарди. Қояларни кўчиргудек бўлиб кишнади ва сойга учди.
– Ё раб!!! Ўзинг асра!!!
Юсуфбекнинг оғзидан учган бу сўзлар тиниқ ҳавога сочилиб кетди. У от билан сой қаърига ғарқ бўлди. Бироқ қудратли тўлқинлар зарбидан Юсуфбек эгардан қулади ва оқимга қотилди. У ерда оқ тўлқинларнинг яшиндай тез югуришига қарамай, кичкина ўрам (гирдоб) ҳосил бўлди. Бироқ у шу зоҳати сўнди, телба тўлқинлар ҳеч нима кўрмагандек, бир – бирини қувлашда давом этди.

Сониялар ҳам шу қутирган тўлқинлар билан тенгма – тенг чопар, зангор қирғоқлардаги тоғ – тераклар сирли шовуллар, аммо Юсуфбек сув юзига чиқмас, от эса олдиндан лопиллаб оқиб борарди. Қизил аскарлар қирғоқда зир югуришарди. Уч – тўрт дақиқадан сўнг ялпиз ранг қоялар уларнинг йўлини тўсди.

Ниҳоят Юсуфбекнинг боши кўринди. Лекин ўша он чўкди. Ярим дақиқа ўтгач, яна бир кўриниб, ғойиб бўлди. Шундан кейин Юсуфбек оч тўлқинлар қучоғида дам кўриниб, дам кўринмай оқишда давом этди. Шундай танг ҳолда ҳам у соҳилга талпинар, тошга урилар, яна талпинар ва бу ҳол узлуксиз такрорланарди.

Бир гал Юсуфбек соҳилга етай деганда, уни кучли тўлқин суриб кетди. У шунда ўзидан сал нарида оқиб бораётган саманни кўриб қолди. Ёлғиз ўзи соҳилга чиқолмаслигини сезди ва бор кучи билан оти томон сузди. Агар бешик – бешик тўлқинлар уни коптокдек ўйнаб бориб саманга урмаганда, унинг сўнгги умиди ҳам пучга чиқарди. У саманнинг бўйнига тиш – тирноғи билан ёпишиб олди. Бечора арғумоқ жон ҳолатда қирғоққа интилди. У ҳар гал соҳилга етай деганда, уни тўлқинлар суриб кетар, у тағин пишқира – пишқира қирғоққа интиларди.

Энди қоясиз, қичитқи ўтлар босган соҳил бошланди. Асов саман ҳолда тойиб қолган бўлса ҳам сўнгги кучини сарфлаб, қирғоққа интилди. Шунда, туйқус, отнинг қуймучи қояга урилиб, от айлана бошлади. Юсуфбекнинг боши гангиб қолди. Кўз ўнгида осмон ҳам, сой ҳам, тоғ ҳам, сап – сариқ тусга кириб, айланди.

Аммо тасодиф юз берди. Кудратли тўлқинлар уни оти билан ўйнатиб бориб, соҳилга урди. Эсли саман сапчиб қирғоққа чиқди. Аммо Юсуфбек отдан учиб кетди ва қичитқи ўтлар устига юз – тубан йиқилди.

Жонивор ўн қадамча чопиб бориб тўхтади, силкинди, ҳорғин – ҳорғин, пишқирди. Унинг бутун танаси муздек сув таъсири – ю қўрққанидан дир – дир титрарди. Шўрликнинг қорни сувга тўлган, таранг шишган, оғиз – бурнидан сув оқар, кўзлари жонсарак боқарди. Бироқ у дунёда эгаси борлигини унутмади.

Жонивор аста бурилиб, Юсуфбекнинг бошига келди, ер депсиниб, заиф кишнади. Юсуфбек қимирлагандай бўлди. Саман яна кишнади. Юсуфбек қимирлади, аста кўзини очди. У қия қирғоқда, қалин қичитқилар орасида пастга осилган ҳолда юз – тубан ётганлиги учун ҳеч нимани кўрмади. Унинг оғзидан сув оқмоқда. У соҳилда эканлигини сезди.

Сониялар кечиши билан Юсуфбекнинг мияси тиниқлаша борди. Энди у елкаси, юз – қўли, борлиғи ачишиб, куйиб оғриётганлигини ҳис этди. Сойнинг бемажол гувиллашини эшитди. Аммо туролмади. Оғзи – бурнидан сув оққанча ётди, анча ётди. Сўнг бир амаллаб ёнига ағдарилди. Кўзига қичитқилар орасидан бир бўлак осмон кўринди. У бир зум оғриқни унутди:
“Тирикман! – деди севиниб, – тирикман!
Демак қизиллар билан ҳисоб – китоб қиламан!”
У зўрға қалқди, отнинг бўйнидан қучоқлади ва: “Бир ўлимдан қутқардинг, жонивор”, дея унинг оқ қашқа манглайидан ўпди. Сўнг юз қўлини қонга белаган қичитқилар ораси- дан юқорига – яланг жойга чиқди. Саман ҳам бўйнини эгиб, унинг олдига келди. Юсуфбек нариги соҳилга қаради. У ёқда сувга томир отган яшил қоялар, қояларга тирмашган харчалар, улардан ҳам юксакликда эса осмонга туташган тоғлар кўринди.

Юсуфбек чодирлар анча орқада қолганини сезди. Шунинг учун у отини етаклаб қирғоқга қарши юрди. У ҳар қадам ташлаганда, елкасига нимадир қадалаётгандай бўлар, суяклари зирқирар, боши лўқиллар эди. Бундан унинг юзи буришар, кўзи қисилар, лекин қадамини секинлатмас эди. У оғриққа чидамли эди.

Юсуфбек баданига пичоқ санчилганда ҳам, ўқ текканда ҳам ёҳуд бошида таёқ синганда ҳам инграмасди. У инграшни сир бериш ва ожизлик деб биларди. Ҳозир эса олдида ҳеч ким йўқлиги учунми, даҳшатли оғриқдан инграб юборди ва беихтиёр елкасини ушлади. Қўли ғадир – будир жойга тегди, шилимшиқ қонга ёпишди. “Қояга урилибман!” деб куйинди.
Бироздан кейин Юсуфбек елкасига ўқ текканлигини фаҳмлади. Тишларини оч бўридек ғижирлатди ва сўкди:
“– Тўнғизлар!! Ҳаромилар!!! Қўлимга қайси бири тушса ҳам, маягини тошда янчаман! Тилини суғириб оламан! Кўзини ўяман!”

У оқ яктаги устидан боғланган белбоғини ечди. Худди шу дафъа унинг тиши шақиллаб, қалтирай бошлади. Шунга кийимларини ечди, сиқди ва тошга ёйди. Елкасидаги жароҳатларини эрмон барглари билан ёпди, белбоғи билан боғлади. Оғриқ хиёл босилгандай, мияси тиниқлашгандай бўлди.

“ Энди нима қиламан? – деб савол берди ўзига – ўзи, – энди, йигитлардан хабар оламан” деб жавоб берди ўзига – ўзи.

У қип яланғоч ҳолда кўкимтир чўққига тирмашиб чиқа бошлади. Ёз бўлса ҳам ҳаво совуқ. Чунки кеч кира бошлаши билан бу овлоқ тоғлар орасига куз совуғи ёйилади. Юсуфбекка жунжиктирувчи шамол сой шовқинига қотилароқ мунгли гувуллаётгандек туюлди. Негадир бу унга: “Дунё ўткинчи, дунё ўткинчи” деётгандай эшитилди. Юсуфбек совуқдан қалтираётганига қарамай, тишини – тишига қўйиб ўрлашда давом этди. Чўққи баланд эди. Унинг устида бир туп наъматак бемажол чайқалар ва сирли шовулларди. Юсуфбек аҳён – аҳёнда юқорига қарар ва у ёқда наъматакнинг зангори баргларини, бир парча осмонни ҳамда уч – тўртта юлдузнинг милтираётганини кўрарди. У кўзи тинишидан қўрққанига, пастга қарамай, юқорига ўрларди. Юсуфбек чўққининг ярмига етганда, тартибсиз “кўкарган” ибтидоий қоялар “пасайди”. Энди у исий бошлади. Энди тез – тез нафас олар, ўқ теккан елкаси санчиб оғрир, аммо ҳаракатдан тўхтамасди.

Ниҳоят чўққига чиқди. У наъматак остига ётиб олиб, ҳоллослаганича қўшни соҳилга нигоҳ ташлади. Аммо бирдан боши айланиб, кўз олди қоронғилашди. Атрофида қояли тоғлар ҳамда қутирган сой лопиллаб айлана бошлади.

Негадир унга булар сариқ тусга кириб қолганга ўхшаб туюлди. У ўқтин – ўқтин ўқчиди ва қусди. Шундан сўнггина кўз олди ёришди ва у юпқа, сийрак, сарғиш туман ичида нариги соҳилни кўрди. Аста – секин туман ҳам тарқади. Юсуфбекнинг ўткир кўзи олтини кўмилган оқ тошга тушди. У ёқлар жим – жит.
– Қизиллар дунёни ағдар – тўнтар қилишсаям, тилламни топишолмайди! – деди у ишонч билан ўзига – ўзи ва бундан нотинч кўнгли таскин топди.
Чодирларга кўзи тушди. Оқ чодир олдида қўллари орқаларига боғланган йигитлар бош эгиб туришарди. Бир неча қизил аскар уларни қўриқлашмоқда. Бундан Юсуфбекни титроқ босди. Манглайига совуқ тер тошди.
– Йигит деган ёв кўлига тириклай тушадими?! – деди ижирғаниб, – йигит деган ноилож қолганда, ўзини – ўзи ўлдиради.
Шунга қарамай у бу ҳолдан эзилди, уларни қутқара олмаслигини ҳис этиб, ич – ичидан ўкинди.
У алам билан чўққидан сойга тупурди. Кўзи баланд қирғоқдаги сон – саноқсиз қизил аскарларга урилди. Қизлар уларнинг олдида тиз чўкиб турардилар. Бундан Юсуфбекнинг бағри қон бўлди.

7. Ҳар жанг олдидан Юсуфбек у тўртликни ўқир, сўнг йигитлар у қўшиқни куйларди эдилар. Шеърларни ўзбекчага туркчадан шоир Тоҳир Қаҳҳор ағдарган.
8. Шумкар – лочинсимон, тумшуғи лочинникидек, йиртқич қуш. Овчи уни овга ўргатади.
9. Қирғий – Қарчиғайга ўхшайди, йиртқич.
10. Қарчиғай – йиртқич, осмонда қуш тутади, каптар, какликларга ўч.
11. Қоравой – оёғи кураксимон, сувда ўрдакдек сузади, тумшуғи узун, юқори учи қайрилган.
12. Қораялоқ – ола, бўз, кўк қораялоқлар бор. Тош қораялоқлар ҳам бор. Қоялар орасида яшайди.
13. Зағча – Ўрдаксимон. Қоялар ва баланд қирғоқларга уя қуради. Олтитагача тухум қўяди.

(давоми бор)