O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (13)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (13)
18 views
09 March 2014 - 12:43

evril turon bu tog`lar(давоми)

16
Атрофга қора тўсма ёйилди. Нариги соҳил ҳам ўз ранг,шаклини йўқотди. Ой, юлдузлар ярқираб порлади. Юсуфбек бирдан титраб, қақшади. У шундагина совқатаётгани ва қорни очганини ҳис этди. Оғир дард, алам билан пастга энди. Кийимларини ушлаб кўрди. Ҳали улар қуримаган эди. У ўт ёқиш зарурлигини англади. Аммо гугурт йўқ. “Чақмоқ тош топмасам бўлмайди”, – деди у совуқдан қалтираб.

Юсуфбек қоронғида у қоядан, бу қояга югуриб, оқ тош ахтарди. Тополмади. Совуқ эса борган сари кучаярди. Қор ҳидини олиб келаётган шамол ҳам зўрайди. “Нима қилсам экан?! – деди титраб, – нима қилсам экан?!” Шунда, нагоҳон, унинг хаёлига “Оққоя” келди. Лекин у беш чақиримча нарида, шимол томонда эди. Шундай бўлса ҳам бундан Юсуфбек қувонди ва отининг олдига келди. Шўрлик саман нимадандир қўрққандай, қулоқларини динг қилиб, ўтламасдан турибди. Юсуфбек “Шу яқин ўртада бўри борўв” деб кўнглидан ўтказди. Оёқлаб қолган ёз совуғидан тишлари бир – бирига такиллаб уриларкан: “Ўша бўри қўлимга тушса эди!” деб ўйлади.

Бу ўй Юсуфбекнинг қорнини ғулдиратди. У алам билан энди қурий бошлаган иштон, кўйлак, яктагини кийди. Қалпоғини сув оқизиб кетганди. Тақир бошига шамол ғув – ғув уриларди. Бундан ғаши келди. Юлдузларнинг жирим – жимир ёғдуларида совуқ ялтираётган ханжарини чап кўлига олди, ўнг кўли билан отини етаклаб, Оққоя сари муз ҳидини сочиб оқаётган сой ёқалаб юрди. Бу ёввойи ерларга одам қадами тегмаганлиги сабабли сўқмоқ йўқ эди. У ҳар қадамда синиб, қалашиб ётган шохларга, бутоқ, тошларга дуч келар, баъзан улардан ошиб, баъзан айланиб ўтар ва олдинга интиларди. Атрофда қурбақалар вақиллашар, ҳаққуш(14), тентакқуш(15), пунгқуш(16)лар нотинч қичқиришар эди. Кимсасиз тунда одамни қўрқувга солувчи бу хуник, ваҳимали товушлар сой шовқинига қўшилароқ қояларга урилиб акс садо берарди. Юсуфбек бунга парво қилмай, дилдираганича, юришда давом этди. Елкаси лўқиллаб оғримоқда. Вафодор саман пишиллаб, баъзан пишқириб, бошини солинтириб, унга эргашиб бораяпти.

У баттар совуққотмаслик учун унга минмаган эди.
Анча йўл босгач, қизигандай бўлди. Ҳатто қорнининг қулдираши ҳам қолди. Юсуфбек отига минди ва ўн дақиқа юрмай, “Оққоя”га кўзи тушди. У тун зулматида хира оқариб, яқин жойда турганга ўхшаб кўринса ҳам, аслида унгача хийла масофа эди. Шундай бўлса ҳам бу Юсуфбекка мадад берди. У отини оғочсиз, қоясиз ерлардан жадалроқ ҳайдаб, илгарилайверди.

Ойга қарама – қарши томонда, азалдан қор аримайдиган тоғда чақмоқ чақнади. Яқин – йироқ бир ёришиб, яна қоронғулик қаърига кўмилди. Юсуфбек “Қани энди, чақмоқдан ўт кетса, бир яйраб исиниб олсам”, деб ютинди.

Табиат унинг истагига тескари “иш” тутди: нақ бошида момоқалдироқ гулдиради, чақмоқ чақди. У бу ёввойи тоғларда ҳаво бот – бот ўзгариб туришини, ёзда ҳам қору ёмғир ёғишини биларди. Ҳозир у ёқда ой чиқиб турса ҳам, тоғ бошидаги ёғин ҳали – замон бу ерга етиб келишини ўзича ҳис этарди. Шу туфайли Юсуфбек отини қичади:
– Чу, жонивор, чу!
Саман лўкиллаб чопа бошлади. Бундан Юсуфбекнинг чап биқинида санчиқ кучайди. У жиловни тортиб, отни йўрғалашга мажбур этди.

“Оққоя”га етиб келганда ҳам чақмоқлару гулдираклар хуружи пасаймади. Кемтик ой ҳам, юлдузлар ҳам ғойиб бўлди. Ер ёмғир ҳидига тўлди. Юсуфбек “Ҳозир жала қуяди”, деб ўйлади. Лекин бундан ташвишга тушмади. Бу ерда тош камарлар билан қуруқ шох – шаббалар етарли эди. Отини камар олдида қолдирди. Ўзи камарга ўтин тўплади. Сўнг иккита оқ тошни олиб, бир – бирига урди. Ўт чақнади. Бироқ қаланган ўтин остидаги тутантуруқ (майин, қуруқ хас) ёнмади. У тошларни талай марта уриштиргандан кейингина, хас секин тутаб, аланга олди. Оқ тошларни чўнтагига солди, гулхан яқинига, табиатнинг ўзи кўк, оқ, қора рангларга бўяган тошга ўтирди ва ҳар бири рапидадай келадиган кафтларини оловга тутди. Ташқарида эса ҳануз яшин чақнар, момоқалдироқ ўкирар эди. Бир пайт шундай қудрату ваҳшат билан момоқалдироқ гулдиради – ки, гўё осмон қулаб тушаётгандай бўлди. Кейин бирдан жала қуйди. Юсуфбекни хаёл босди: “Эсон – омон хорижга ўтиб олсам бўлгани, у ерда бутун дунёни қизилларга қарши қўяман!”

Қуймичига жала урилаётган арғумоқ нотинч кишнади. Юсуфбек ўзига келди. Энди от ер тепиниб, қаттиқ кишнади. Шундагина у саманнинг бежиз кишнамаганлигини сезди, қинидан ханжарини шарт суғурди ва ташқарига отилди. Лекин ёруғликдан чиққанлиги учун ҳеч нарсани кўрмади. Фақат алланиманинг ёвуз ириллаганини эшитди. “Бу бўрими, дейман, – деди, – мен қизилларми, деб ўйлабман”. У большевиклардан қўрқишлигини ҳис этаркан, ўзидан – ўзи жирканди:

“Эркак деган ҳеч кимдан кўрқмай, ҳеч кимга қарам бўлмай яшайди. Бўлмаса яшашнинг кераги йўқ!”

Юсуфбекни жаладан “Оққоя” тўсиб турарди. У камардан гувиллаб ёнаётган ёғоч олиб чиқди ва қоя остидан юрди, шунда ним кўк бўрига кўзи тушди. У Юсуфбекдан сал нарида, ўткир, йўғон панжалари билан ерни титароқ ваҳшиёна ириллади. Юсуфбек беихтиёр тўхтади. Қашқирнинг кўзлари янада совуқ ёнди. У Юсуфбекка ташланиш ниятида тупроқни тўзғитароқ ириллади. Юсуфбек тўхтаб қолгани учун ўзидан нафратланди ва бўри томон юрди. Йиртқич бу девсиёқ одамнинг ҳайиқмай бостириб келаётганини, унинг қўлидаги олов билан ханжарни кўриб, шаштидан тушди, яна бир – икки ириллаб, ерни титиб, орқасига тисарила – тисарила бурилди ва ўзини жала қўйнига урди.

Юсуфбек изига қайтди, отни камарга олиб қирди. Энди унинг қорни жуда очди.

Инсон бўронда сукунатни, саҳрода сувни, ўлим олдида ҳаётни, очликда нонни қадрига теран етади. Юсуфбек “Қани бир бўлак нон бўлса” деб ўйлади. Бора – бора бу ўй унинг миясида тинмай айлана бошлади. Бундан қутилиш учун қалқди. Шох – шаббаларни тиззаларида қайириб сипдириб, гулханга ташлади. Ўт гувуллаб ёнди. Қайта ўтирди. Ёлқинда саман сағри ялтираб кўринди. Юсуфбек унга оч, совуқ кўзларини тикди. Шунга унинг сўлакайи оқди, қорни қулдиради. У ўзи сезмаган ҳолда чапақай қўли билан қинидан ханжарини суғирди. От унинг ёвуз ниятини сезди, аячли кишнади. Юсуфбек шошиб ўзини қўлга олди. “Энди, мени бу ерда қизиллар омон қўймайди, – деб кўнглидан ўтказди, – хорижга кетаман. Бунинг учун олдин уйга бораман, елкамдаги ўқни олдираман. Шунда бир йўла хумдан олтин ҳам оламан. Уйга эса анча йўл. От керак!”

Бу фикр унга хиёл таскин берди. У ханжарини қинига солди, бошини орқасидаги тошга қўйди, кафтларини ўтга тутди. Чарчоқ ва уйқу очлик, оғриқ, совуқдан устин чиқди.

16
Саҳар чоғи Юсуфбек бақириб, қўрқиб уйғонди. Яна ёмон туш кўрди: ёввойи одамлар қуршовида қолганмиш, ўқ – ёй, сунги билан бостириб келармиш, у орқага чекинай деса, елкасига найза қадалармиш, йиқилармиш, шунда ёввойи одамлар бўриларга айланармиш, тишларини шақиллатиб Юсуфбекка ташланармиш.

У бу мудҳиш тушдан анчагача ўзига келолмай, довдираб ўтирди. Сўнг секин қалқди, сўнган гулханга ўтин ташлади, у аланга олди. Юсуфбек тик турган оти олдига келди, унга ғамгин боқди. Саманнинг кўзидан ёш томчилади.

Энг яхши кишида ҳам қандайдир даражада ваҳшийлик бўлганидек, энг ваҳший одамда ҳам қандайдир даражада меҳр бўлади. Юсуфбек отнинг ёлини, манглайини силади, ўпди ва сўнг камардан чиқди. Жала тинган. Ер ўликдай жим – жит, ўликдай совуқ тун тўсма(17)сида кўринмайди. Гўё олам зимистон бўшлиққа айланиб қолганга ўхшайди. Бу тагсиздек туюлган бўшлиқдан жала, ўт – ўлан, тоғ – тошларнинг ҳўл ва шаффоф бўйлари унсиз оқиб келади. Булар ва йироқ осмонда милтираётган бир митти юлдуз очунда ҳаёт борлиғидан дарак беради.

Юсуфбек “Ҳали жўнашимга эрта”, деди ичида ва камарга кирди. Бояги жойига ўтирди ва мизғиш учун кўзини юмди. Ухлолмади. Оғриқ, очлик бунга йўл қўймади. У тонг бўзаргунча тўлғониб ўтирди. Кейин саманга миниб, тоғлар ортидаги уйига жўнади. Осмон деган давонга чиққанда, қорли чўққидан қонга бўялган улкан қуёш қўринди. Юсуфбек яқин ўртада сўқмоқ бормикин, деган умидда атрофга олазарак боқди. Йўқ. Теваракни кул тусли қоялар қуршаган. Уларнинг ораларидаги эркин ўсаётган ёввойи хина, чумчуқкўз, жамбил каби ўсимликлар шудринглар оғушида яшнаб кўринади. Этакда одамга бўйсунмас сой, оқ шаршаралар кўнгилга севинч бағишлайди. Олис юксакликда кўм – кўк, қуюқ, сўнгсиз ўрмон кўзга ташланади. Булар ва ҳув ғуборсиз чўққиларга кўксини қўйгани осмон ҳам тунги ёмғирда “чўмилганликлари” сабабли мусаффо. Бироқ Юсуфбекнинг бу ибтидоий, бу мунис гўзаллик қизиқтирмайди. У юқоридаги ўрмонга етиш ва у ерда ёввойи мева ейиш учун отини ниқтайди. Сағрига қамчи босади. Арғумоқ аввалгидай икки оёғини осмонга кўтариб кишнамайди, пишқириб олдинга отилмайди. У оч, чарчаган ҳамда ғамнок бир алпозда ўрта тезликда йўртишда давом этади. Юсуфбек унинг қорнини тўйдирай – деса, вақт кетади, ўзи очдан ўлади, ўлиги бўриларга ем бўлади. Шунга отини тез юришга қистарди. Саман эгасининг амрига бўйсуниши истасада, юқорига шитоб билан ўрлашга қуввати етмасди.

Юсуфбек отни тушунди, қайта зўрламади, ўз ҳолига қўйди. Саманнинг туёқлари тегиб бораётган яшил ўтларга, улардан тўкилаётган шудрингларга қараб борди. Бироқ бундан завқ олмади, теграга таралаётган чечаклар ҳидини ҳам туймади. Оғриқ, очлик олдида Юсуфбекка бу гўзаллик татимади.

Ниҳоят ўрмонга етди. Сарғиш, қизғиш, қорамтир дўланаларга беқиёс очкўзлик билан тикилди. Шунга қарамай, биринчи ўринда отининг айилини бўшатди, тизгинини ечди, ўтларга қўйди. Сўнг ўзи эгик шохлардан маймундек тез дўланаларни юлиб олиб, маймундек данак – панаги билан ютишга киришди. Бироқ кўп ўтмай, ғойибдан миясига ушбу сўз урилди:
“Оч қоринга кўп дўлана ема, кўнглинг айнийди”.

Ноилож нафсини тийди. Саман бўлиқ ўтдан бош кўтармаётгани учун унга ярим соатча тегмади. Кейин уни жиловлади, айилини тортди ва узангига чап оёғини қўйиб, эгарга чиқди. Сўнг арчазор ўрмон ёнидаги ёввойи ҳайвонлар, тўғрироғи олқорлар изидан ҳосил бўлган. Сўқмоққа бурди. Сўқмоқ минг бир буралиб қорли тоққа ўрлаган ва унинг четларини ўт – ўлан босган эди. Сўқмоқнинг ўнг томонида Ажалдара гувулламоқда. Юсуфбек: “Кўзим тиниб, отдан учиб кетмай” деган ўйда тубсиздек кўринаётган дарага бир марта ҳам қарамади. Унинг сўлида ва боши томонида узун – узун асрларни кечиб келаётган қақшоқ қоялар ваҳшат билан осилиб турибди. Уларнинг тирқишларидан тариқдек осмон дам кўриниб, дам йўқолади. Онда – сонда у қояларга тирмашиб ўсган ёввойи олма, ёввойи бодомларга дуч келади. Бодомнинг аччиғлигини билади, емайди. Бандларида узилмай қолган олмаларни узиб ейди.

Юсуфбек тоққа кўтарилган сари совуқ шамол кучая борди. Кўнгли дўлана ва шўр олмадан айниди. Елкаси бўлса шишган ҳамда аввалгига нисбатан қаттиқ оғрирди. У: “Ишқилиб йўлда қолиб кетмай – да”, деб ўйлаб отга қамчи босди. Саман ноилож бир тарзда юксаклик сари тезроқ йўртди. Лекин жонивор иккита давондан ошгандан кейин ҳолдан тойди. Юсуфбекнинг бўлса кўнгли бадтар айнир, ўқчир, кекирар, қайт қилгиси келарди. Бунинг устига ниҳоясиз очган қорни чидаб бўлмас даражада оғрирди. У қанча чидашга уринмасин, ҳар уч – тўрт юз қадамда отдан тушар, қорнини чангаллаб, у ердан, бу ерга чўнқайиб ўтирар… ва қусар эди. Шундай онларда оқ тош тагидаги ҳамда уйидаги олтинлари кўз олдидан йилт этиб ўтар, бундан қандайдир даражада руҳ олар, отига осилиб минар, от эса эгасининг ҳолатини тушунар ва бир амаллаб юришда давом этарди.

Бора – бора жониворга қамчилар ҳам таъсир қилмай қўйди. У Юсуфбекка кичрайиб, бужмайиб қолгандай туюлди. Унинг оёқлари, гавдаси дир – дир қалтирай бошлади. Ҳаво совуқ бўлса ҳам ҳамма ёғидан тер оқмоқда эди. У энди имиллаб, зўрға – зўрға қадам босарди.

Саман Яримой давонига етай деганда, юролмай, тўхтаб қолди. Энди унинг бутун вужуди музлаб бораётган одам ҳолига тушди. Жониворнинг тор сўқмоқда омонат туриши жўрға(18) учида осилиб қолган музга ўхшарди. У эгасини тубсиз дарага ағдариб юбормаслик учун сўқмоққа чўккалаб йиқилди. Юсуфбек оёқларини кериб ерлади. Унинг ҳеч ери лат емади.

У дам ўлим талвасасида ётган отга, дам ярми қорли чўққи орқасига ботган қуёшга маъюс термулиб, бир дақиқа жим турди. Ҳаво совуб кетган, осмонни нуқра ранг, юпқа, ола – чалпоқ булут қоплаган, тоғлар ораларига эса ним қоронғулик чўка бошлаган эди. Қўрқмас одамнинг ҳам кўнглига ғулғула, қайғу, ёлғизлик ҳисларини солувчи дара, энди даҳшатлироқ гувилларди. Бундан Юсуфбекнинг кўнглига мунг, алам чўкди. Ваҳм ҳам. Бунинг устига оти ўлаяпти.

У ҳар бир ўзбек каби ҳалол молнинг ҳаром ўлишига йўл қўймади. Қинидан ханжарини суғирди ва жониворнинг бўғзига тортди. Шўрлик бир – икки типирчилаб, жон берди.

У жониворнинг бўғзидан тирқираб оқаётган қип – қизил, иссиқ қонга оғзини тутди ва уни қултиллатиб ичди. Қорни тўйгунича ичди ва ўзини енгил ҳис этди. Сўнг тун, туман, булут ҳидларини олиб келаётган совуқ шамолнинг кучаяётганига ҳам эътибор бермай, отнинг терисини шилди, унга анча этни ўраб олиб, сўқмоқдан юз қадамча наридаги ( ғарб томондаги) тош қамарга борди. Шунда бўриларнинг увлашаётганини эшитиб қолди. Афтидан улар қон исини сезишган эди. Бундан Юсуфбекнинг юрагига ғулғула тушди. У бу хатарли тоғлар орасида ёлғизлигидан, ёнида ўзини ўлимдан қутқарган вафодор оти йўқлигидан эзилди.

14. Ҳаққуш – сой бўйларида қоронғида яшайди, кундузлари бекиниб ётади, сув жониворлари билан кун кечиради. Бештагача тухум қўяди. Урғочиси ва эркаги босади.
15. Тентакқуш – иккита тухум қўяди. Эркаги ва урғочиси босади. Қўнғиз, капалак, пашшаларни ейди. Кундузлари коваклардан чиқмайди.
16. Пунгқуш – боши катта, юмалоқ, кўзи тангасимон катта, зарарли кемирувчиларни ейди. Кундузлари кўзга кўринмайди.
17. Тўсма – парда.
18. Жўрға – тарнов.

(давоми бор)