O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (4)

Мамадали Маҳмудов “Бу тоғлар – Улуғ тоғлар” романи (4)
182 views
16 February 2014 - 11:36

evril turon bu tog`lar(давоми)

Тезда йирик мол-ҳол ҳам қайтди. Ҳаммаёқни баттар «мў…му… ба…миии…» деган овозлар тутди. Чол, набиралар қўй-эчкиларни катта қўтонга қамаб, қорамолларни қозиқларга боғладилар. Полвон бияларни олиб келишга кетди. Қодирбек соғиладиган қўй-эчкилар билан қўзи-улоқларни қўтондан ташқаридаги кўкан(28)га кўканлашга тушди. Орзугул уйга борди. У ҳар галгидек бу сафар ҳам сут соғишдан олдин катта энаси сингари қўлини совунлаб ювиб, тоза сочиққа артди. Хумор йиғичи тўртта, Орзугул ҳам шунча сирланган челак олиб, қўтонга келишди. Орзугул қўй-эчкиларни соға бошлади. Қодирбек дам соғилаётган молнинг бўйнидан ушлаб турар, дам унинг боласини бўшатиб эмиздирар эди. Хумор йиғичи ўзидан бошқа ҳеч кимга соғдирмайдиган мода сигирнинг тирсиллаган елини остига челагини қўйди. Жонивор соғув қўшиғига одатланиб қолган эди. Агар Хуморхоним ўша қўшиқни айтиб соғмаса, унинг елини иймас, у типирчилар эди. Хумор йиғичи меҳрибон оҳангда қўшиқ айтиб, шу оҳангга мос тарзда сут соға бошлади:

Ҳўш-ҳўш сигиргинам,
Ҳўш-ҳўш ширингинам,
Одам Ато боққандир, хўш-хўш,
Момо Ҳаво соққандир, ҳўш-ҳўш,
Елин тўла сутгинанг, ҳўш-ҳўш,
Булоқ бўлиб тошсин-эй, ҳўш-ҳўш,
Қаймоқ бўлиб оқсин-эй, ҳўш-ҳўш.

У бу қайсар сигирдан кейин, ювош қора сигирни соғди. – Энди, жўга(29)ларни бўшат, болам,— деди Хуморхоним ва ўзи икки челак сутни олиб, уйга кетди. Қодирбек бузоқларни қўйиб юборди. Улар гоҳ орқа, гоҳ олдинги оёқларини кўтариб, буралиб, дукир-дукир сакраб бориб оналарининг елинларига ёпишдилар. Раҳмат полвон ҳам бияларни етаклаб келди, оёқларидан қозиқларга боғлади ва одатдагидек уларни ўзи соғишга тутинди.

Сув, сутларнинг, гул, ўтларнинг, тоғ-тошларнинг ҳидларига тўлган ерни Юлдузли тоғдан ҳам юксакликда сузаётган ой, қорайиб кўринаётган қояларга тегай-тегай деб турган юлдузлар хира ёритмоқда.

Қўй-эчкилар билан биялар ҳам соғилди. Қодирбек боғ тўридаги тутга боғлиқ бўйни, қорни оқ, қолган танаси қора, думи калта, қулоғи қирқилган итни ечиб юборди. Ит севинганидан улкан гавдасига зид эпчиллик билан у ёқдан, бу ёққа чопди. Бироқ ҳурмади, у фақат, ҳар замонда бир марта «Вофф!» дер, бундай пайтда оғзи тандир оғзидай очилар эди. Ит бор жойга қашқир йўламас эди. У рақибини ўмгани билан уриб йиқитар: бироқ тишламас, эгаси келгунча уни босиб турар эди. Ит ҳаром ўлган мол гўштини емас, ифлос жойда юрмас, инсон олдида қанжиққа яқинлашмасди. Шунга қарамасдан полвон уни қуйма занжирда сақлар, баъзан ит том баравар баландликка сапчиганда занжир ҳам бардош беролмас эди.

Уй эгалари уни кўзи устида иккита сариқ нуқта бор учунми, Tўpткўз деб аташади. Бу итни полвонга тоғ тўрида яшовчи қирғиз ошнаси — Жайноқ йилқичи совға этган. Жайноқнинг айтишича, Тўрткўзнинг онаси йилда бир марта, фақат битта туғаркан. Боласи ниҳоятда кичик, нозик бўларкан. Агар уни минг эҳтиётлаб ўстирмаса, бўрилар ўлдириб кетишаркан. Шунинг учун Тўрткўз то кучга тўлгунча уйдан эшикка назорат билан чиқарилган.

Полвон уни нуқул гўшт, сўйилган мол-ҳолларнинг қонлари, нон ҳамда ўзга таомлар билан боқади ва ҳар ҳафтада чўмилтйриб туради.

Куч-қудратини сиқиқ вужудига сиғдиролмай чопаётган итга илжайиб қараркан, Раҳмат полвоннинг эсига бурноги йилги воқеа тушди.

Қор қалин, кун совуқ эди. Полвонникига шаҳардан итбоз келди. У чой-пойга ҳам қарамай, боғлиқ турган ит олдига борди ва уни кўздан кечиргач: тилла топган кимсадай севинди.
– Ога, итийиззи эшитиб, атайлаб шаҳри-азимдан келдим, – деди илтифотсизлик билан,— шуни манга сотсайиз.
Ит сотиш тоғликлар одатига ёпишмас, уят эди. Полвоннинг қовоғи уюлиб, ранг-қути ўчди.
– Иккинчи бу гапингизни эшитмай! — деди хириллаб.
Итвоз ялинишга тушди. Полвоннинг қони қайнади.
– Арзимаган нарсага ўзингизни оёқ ости қилманг! – деди титраб.
– Бу ахир арзимаган нарсамас, оға.
Полвоннинг жағларида безлар ўйнади. Одатда, бундай онларда у ўзини тутолмай қоларди:
– Йўқол!—деб бақирди қутириб.
Итвоз унинг ёвуз тусга кирган қиёфасини кўриб, ранги қув ўчди ва қалтираб изига қайтди. Ошхонадан шовқинни эшитган. Хуморхоним югуриб чиқди.
— Ўгилой… ҳеч бўлмаса ўзбекчиликни ҳурмат қилинг,— деди у гап нимадалигини англагач.
– Сенингча ўзбек дегани нима, дегани?! — Раҳмат полвон қўл силтаб, ўшқирди: — ўзбек дегани қўйдек ювош, деганими?!
Хумор йиғичининг дами ичига тушиб кетди. Раҳмат полвон: «Ўзбек деганда нега бундоқ тушунча пайдо бўлди экан,— деди ичида алам билан,— нега?! Душманимизга ҳам ёмонликни раво кўрмаслигимиз учунми?! Ё соддалигимиз учунми?! Ё бўлмаса хаммага кўнглимизни очиб қўйгаиимиз учунми?! Нега?! Ахир, Улугбек билан Темур Малик ҳам, Бобур билан Жалолиддин Мангуберди ҳам турк-ўзбек бўлганку. Ё, эзнди бундоқ ўзбеклар қолмадимикан?»…
— Қонингизда ёвузлик бор, — деди Хумор йиғичи уни ҳовуридан тушди деб ўйлаб,— бир йилиям эски қозининг оғгзини йиртиб юборгансиз, Ўғилой.
– Буям камиди унга, йозиқсиз(30)етимга қирқ қамчи урдиртирганди, меш!
– Барибир ёвузлик да…
– Эшкиллама!
– Катта ота, тойчаларни қўйиб юбордим, – Қодирбек бобосининг қўлидан тутди.
– Балли, бўталоқ,— полвоннинг хаёли тўзғиди.
Чол ва набира ҳар шомдагидек молларни аралаш-қуралаш ҳолда жардан нарига, арчалар ўсиб ётган тог ён бағрига ҳайдашди. Тўрткўзни қоровул сифатида қолдиришди ва ўзлари сут тўла челакларни кўтариб, уйга қайтишди. Оққоя учидаги бир туп қатранғига қаратиб қурилган уй деразалари шамлар шуълаларидан қизғиш-алвон рангларга кирган. Чинор шохига илинган чироқ сўрини хира ёритмоқда. Ўчоқлардаги чўғлар милт-милт қиляпти.

Полвон билан Қодирбек ювиниб, артиниб сўрига чиқишди. Хуморхоним билан Орзугул терчига икки чинни лаганда кулчатой олиб келишди. Улар япроқларнинг сирли шитир-шитири тагида овқатландилар ва сўнг ёнбағирга бордилар. Тўрткуз маймунсимон тошда чўнқайиб турибди. Унинг бу кўриниши устига пўстак ёпиб қўйилган тандирни эсга солади. Моллар ёйилмоқда. Чол, набира икки тошга юзма-юз ўтириб, “у ёқ-бу ёқдан” гап сотишди.
– Ўнғар полвон қозининг қизини олиб қочаркан, катта ота,— деб. колди-бир найт Қодирбек.
– А?! Кимдан зшитдинг?!— Полвон ўзи билмаган ҳолда товушини баландлатиб, қўзғалди. – Ботир айтувди, катта ота,— Қодирбек ундаги ғалати ўзгаришдан чўчиброқ жавоб қайтарди.
– Ботиринг ким?
— Ўнғар полвоннинг иниси-да, катта ота.
– Ҳимм…— полвон дағал қўллари билан набирасининг пешонасйни силади,— Ҳимм…
«Нечун мунча қизиқаётир?..» – деб ўйлади бола, бироқ бу саволни бобосига беришга журъат этмади.
Бобо билан набира мол-ҳолларни қўтонларга қамаб, қозиқларга боғлашганда, интиҳосиз қоронғи бўшлиқда йилт этган ёруғ кўринмас эди. Улар ювиниб, артиниб, сўрига чиқдилар, тоза ички оқ кийимларда шойи-атлас кўрпаларнинг ораларига кирдилар.

Тегирмончининг соҳилдаги толга боғлаб қўйган кўк эшаги ҳангради. Полвон кўзини очди: тонг ҳиди келса ҳам, ҳали қоронғу эди…Тоғ, Оққоя, бир туп қатранғи қорамтир туман оғушида яна ҳам сирли кўринади. Ҳар ёқдан шабнамларни ташналик билан симираётган ўсимликларнинг ҳўл, соғлом бўйлари сузиб келмокда. Хуморхоним «гулдур… гуп…
гулдур… гуп…»латиб куви пишмоқда. У онда-сонда пича-пича қайноқ сут қуяр, сўнг пишкакни енгил кўтариб, енгил туширишда давом этарди. Орзугул қозонларда сут қайнатмоқда.

Полвон ариқдаги муздек сувга мириқиб ювинаётганида, қулоғига: «Оллоҳу акбар… Оллоҳу акбар…» деган узуқ-юлуқ товуш чалинди: «Саттор сўфи азон айтаётир», дея ғўлдиради у ва ўзининг шунча ёшга кириб ҳам намоз ўқимаганлиги эсига тушди. Юзи буришди. Кейин: «Бир мен эмас-ку!..» – деб ўзига-ўзи таскин берди.

Полвон ювиниб, артиниб, кийиниб бўлган ҳам эдики, Қодирбек уйғонди. Орзугул шабнамдан тупроғи намчил тортган ҳовлини супураяпти. Хуморхоним кувидан ҳандалакдек келадиган сап-сариқ ёғ олиб, бўш сузмахалтага ташлади. Кейин унга кувидаги айронни ағдарди-да, сузмахалтани чинор шохига осди.

Раҳмат полвон билан Қодирбек қўтонлар ва қозиқлардаги мол-ҳолларни бўшатдилар. Эрталаб улар сигир, бия, қўй, эчкиларни соғмас, балки болаларига эмиздиришар эди.

Кўп ўтмай, ёйилиб қишлок, моллари ўта бошлади. Бобо билан набира қўй-эчкиларни, қўзи-улоқларни, бузоқ ва сигирларни алоҳида-алоҳида боқувчи чўпонларга топширдилар. Нонуштада улар бир косадан сутчой ичишди, ялпиз сомсалар ейишди. Орзугул билан Қодирбек озода-озода кийиниб, мактабга кетишди. Хумор йиғичи яна куви пишишга тушди. Раҳмат полвон чакалакзорга жўнамоқчи бўлиб, ўрнидан турди: кўзи Ўғиртош устидаги йўлда келаётган бир хотинга тушди.

Полвон кўз илгайдиган масофада бирор одамни кўрса, хоҳ у пиёда, хоҳ эшакда, хоҳ отда бўлсин, унинг ҳаракатидан, эшак ёхуд отининг юришидан нима мақсадда келаётганини деярли бехато айтиб бера олар эди. Бу хотиннинг келиши эса унга равшан: кеча, тушда тегирмончи «Сув хотин» ҳақида гan очган эди. Бу — шунинг меваси.
– Қудратнинг хотини сени олиб кетгани келаётир,— деди у қовоғини уйиб,— улар сенсиз маросим ўтказолмайди.
Ҳумор йиғичининг кишига майин, меҳрибон боқувчи итоаткор кўзларига ёқимли табассум ёйилди. Қизилмағиз юзи ёришиб, йиллар изи тарқади. У кувини «гулдир…гуп»латиб пишаркан, эридай сўради:
– Борайми, Ўғилой?
– Борақол.
Хуморхоним ҳар севинганидаги каби, бу сония ҳам кулча юзига ярашиб турган чиройли бурни учидаги кичкинагина, қоп-қорагина холини чинчалоғи билан нозик сийпади ва эрига миннатдорчилик ҳисси билан боқди. Полвон ихтиёрсиз илжайди. Бир зумда тунд юзи ёришиб, кўркамлашиб кетди. Бу кўркамликни унинг қалин лаблари орасидан бир кўриниб,
ғойиб бўлган бақувват-бақувват, йирик-йирик, нотартиб тишлари ҳам бузолмади.
– Бўлмаса, Ўғилой, бизга «Сув хотин»ни ясаб берииг.
Бу хира иш полвонга ёқмаса ҳам, у хотинининг раъйини синдиришга ботинмади. Пичанхонадан санчқи олиб чиқиб, уни «қўриқчи одам» қиёфасига келтирди: санчқига ўзининг эски-туски устбошини — куйлак, иштон, чопон ва телпагини кийдирди. Чопон устидаи белбоғ боғлади.
– Вой, барака топинг, Ўғилой!— деди қувониб Хумор йиғичи кувидан ёғ оларкан.
Полвон ширин, чучмал, силлиқ гапларни ёқтирмас эди. Гарчи Хуморхонимнинг ташаккури ғуборсиз бўлса ҳам, унга қовоғини уйиб қаради. Ойгул келди. У Қудратнинг тескариси эди: юмалоқюз, икки ёноғи қип-қизил, ҳушрўйгина аёл бўлиб, ёши эллик учлар чамасида эди. Садаф-садаф оқ тишлари тўла-текис сақланган эди. Бир иайтлари барқ урган ақиқ лаблари билан ҳумор кўзларидаги ўтлар, эндиликда сўлишга юз тутса ҳам, улардаги табиатан берилган табассум сўлишга юз тутмаган. Узоқ бир йиллари Ойгул билан Хумор Каттабоғнинг куйдирмажон сулувларидан эди.

Ойгул бадавлат оилада униб, ўсади. Унинг отаси — Олтибек йирик савдогар эди. Ойгул ўн олти-ўн етти ёшга тўлиб, тўлин ойдай етилганда, уларникига Хиротдан Берди деган хушсурат йигит келади. У Олтибек билан савдо-сотиқ ишлари юритади… ва сўнг Ойгулни олиб қочади. Аммо, Бердининг қўш хотини бўлади. Ҳиротда уни «Берди қаллоб» дейишади.

Қочоқлар тунаш учун Турк(31)қишлоғига қўнишади. Бу ерда Берди қаллоб қимор ўйнаб, бор-будидан айрилади, Ойгулни ҳам ютқизади. Ойгул қочади ва йўлда Жиззахга кетаётган карвонга дуч келади. Бахтига карвонбоши имонли одам бўлади: Ойгулни эсон-омон Каттабоғга, етказади. Бу воқеа қишлоқда дув-дув гапга сабаб бўлади.

Шунга қарамай, бир ҳафта ичида Қудратбек отаси оқ қилган Ойгулга уйланади. Унинг бошқа иложи ҳам йўқ эди, хотини туғолмай ўлган, икки йилдан бери уйланолмай юрган эди. Ой-куни тўлиб, Ойгул туғади. Исмини Мирзабек қўяди. Аммо у Берди қаллобдан бўлиб, буни Ойгулдан бошқа ҳеч ким, ҳатто Қудратбек ҳам билмайди, балки билса ҳам дарди
ичидадир.

Хумор эса ўзига тўқ, ўқимишли деҳқон оиласида камол топади ва ўз хоҳиши билан Раҳматбекка турмушга чиқади.

Ойгул Хуморхоним билан қучоқлашиб кўришаркан, қадимдан айтила бериб, эндиликда хотин-қизларнинг қон-қонларига сингиб кетган сўзларни ҳиссиз такрорлади:
– Омонмисан, эсонмисан, эсон-омон юрибмисан?

27 Ботар – ғарб, мағриб, кун ботиш.
28 Кўкан – бир-биридан хийла масофа билан ажралиб турадиган иккита қозиққа арқон тортиброқ боғланади. Унинг ҳар икки-уч қаричида ҳалқа бўлади. Уларга моллар
бўйинларидан ўтқазиб қўйилади.
29 Жўга – бузоқ.
30 Ёзиқсиз – гуноҳсиз.
31 Турк қишлоғи – ҳозирги Ғаллаорол районида жойлашган.

(давоми бор)