O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мамадали Маҳмуд: ‘Омонсиз йиллар’ (2-қисм)

Мамадали Маҳмуд: ‘Омонсиз йиллар’ (2-қисм)
170 views
25 January 2015 - 17:46

Мамадали Маҳмудов аввалига совет КГБси, кейин эса ўзбек махсус хизматларининг таъқибига учраган

Зоҳир Аълам ўз миллати озодлиги учун, яъни том маънодаги озодлиги учун умрини тиккан одам эди. У қаерда бўлмасин, ким билан қўшилмасин, қайси даврада ўтирмасин, Туркистон Бирлиги ҳақида ўйларди ҳам сўйларди.

Ўз қобилиятига яраша шу мавзуда қалам тебратарди. Аввалда ҳам, ҳозирда кўтар-кўтар қилинган, қилинаётган “адиб”чаларнинг баридан устун ёзувчи эди у. Мен уни миллатимизнинг фахри дейишга арзигулик инсон, деб биламан.

Тўғри, Зоҳирнинг феъли оғир эди. У бирмунча тажанг ҳамда бетга чопар эди. Бироқ унинг бу “камчилик”лари ватанпарварлик фазилатлари олдида унча сезилавермасди. Шунга дўстлари Зоҳирдан узоқлашмасдилар. Жумладан, мен ҳам. Зоҳир билан орамизда гап қочган кунлар ҳам бўлган. Лекин шунга қарамай, маълум муддат кечгач, биз юз кўришаверардик.

… Ҳозир мен унинг уйига кўмак истаб келганимда, у ўз одатига кўра ичидагини яширмади. Аччиқ ҳақиқатни юзимга айтди: “Кейин кеч бўлиши мумкин…” Мен баттар қўрқув қуршовида қолдим. – Ароқ ичамиз, – Зоҳирни мендан кам эзилмаётганини туйдим. – Рулдаман. – Ҳайдарали ҳайдайди. Бир шиша бўшатдик. – Калламда бир нарса пишди, – деди у қизарган кўзларини менга тикиб. – Айтинг, – мен жонландим. – Эртага… Менда қандайдир даражада умид учқуни пайдо бўлди. Пича енгил тортдим. Бунга ароқнинг ҳам таъсири бўлгандир, балки? Уйга қайтдик. КГБчилар билан учрашишимдан икки соатча олдин Одил Ёқуб билан уландим. – Мени олиб кетишаяпти,- дедим. – Ким? Қаёққа? – КГБ, номаълум томонга. – Эҳтиёт бўл. Ортиқча гапирма. Ён бос. Қайта ишлайман де. Бу билан бир еринг камайиб қолмайди. Қайтишинг билан менга сим қоқ.

Мен билган кишиларнинг ичида энг соддадили, беғубори Одил оға эди. Ҳозир мени йўқ этишга олиб кетажаги унинг хаёлига ҳам келмади. Мен буни Одил Ёқубовнинг гапи оҳангидан илғадим. – Насиб этса, Одил оға… – дея гўшакни жойига қўйдим. Муҳаммад Солиҳни телефонда зўрға топдим. У замонда унинг уйи йўқ эди. Адашмасам, Қорақамиш мавзесида яшашарди. Камбағал эди. У ўз мураккаб шеърлари билан энди тилга тушаётган чоғлар эди. Ўшанда унинг дўст, душманлари орасида шундай гаплар юрарди: “Муҳаммад Солиҳ ўзбек адабиётига янги поэзия олиб кираяпти”. “Муҳаммад Солиҳ ўзбек адабиётига Оврўпо модернизмини олиб кираяпти”. “Муҳаммад Солиҳ иқтидорли шоир”. “Муҳаммад Солиҳ шоир эмас”. Муҳаммад Солиҳнинг феъл-атвори тўғрисида ҳам турли фикрлар қанот ёярди:

“Муҳаммад Солиҳ иродали одам”. “Муҳаммад Солиҳ худбин одам”. Ким нима деса десину, менинг назаримда, Муҳаммад Солиҳ ўз дўст, душманларидан бўйи жиҳатидан ҳам, ақли жиҳатидан ҳам бир бош юқори турарди. Беклар уруғидан чиққан бу йигит табиатида миллий ғурур устивор эди. Яна буюк Турон ғояси… Мени у билан боғлаган нарса ҳам шу эди.

Солиҳнинг яна бир жиҳати: қасоскор эди. У ўша донгли авлодлари-хоразмшохларга тортганмидики, ўзига ноҳақ хуруж қилганлар билан ҳисоб-китоб қиларди: Ақли билан, Тили билан, Мушти билан… Унда орият қуввати беқиёс эди. Солиҳ ўзига заҳарли тош отган, Ватан, миллат дардлари билан суғорилмаган шиғирлар тўқувчи шоирлардан бирини уриб, оёғи остида эмаклатганига гувоҳ бўлганман.

Пушкин Дантеснинг бир ножўя сўзи учун уни дуэлга чақирган.

Мана шоир ғурури! Ўша омонсиз йилларга қайтаман… Мен Муҳаммад Солиҳга икки оғиз сўз билан вазиятни англатдим.

– Қўнғироқ қилганингиз яхши бўлди… Эшитиб туришгандир?.. Балки?.. Оллоҳ паноҳига… Ундан бошқа қутқазувчи йўқ.

Унинг ўғуз лаҳжаси бўртиб турган йўғон овозида мени қўрқмасликка ундовчи куч ва яна ҳамдардлик туйғуси мужассам эди. Мен буни туярканман, кўнглимдан шу гап кечди:

“Қўрқсам ҳам, қўрқмасам, куним битган бўлса, ўлимдан қочиб қутулолмайман. Битмаган бўлса, КГБ мени йўқ этолмайди. Ҳамма нарса Тангридан. Унинг измисиз менга бир тикон ҳам кирмайди”…

Собир Маҳмудовнинг қизил “Жигули”си (Андижон номерли)да Қўйлиқ орқали Роҳат Кўлига ёндик. Мен орқа ўриндиқда ўтирибман. Собирнинг ёнида Москва КГБсидан келган “вакил” ўтирибди. Баланд бўйли, кенг елкали, жиддий қиёфали бу каснинг оти: Цуркан, миллати украин.

Мени қўрқув исканжасига олаяпти. Сўл тиззам ўзимга бўйсунмаяпти. Титраяпти. Юрагим бежо ураяпти. Ёнимда ўткир пичоқ. Уни ушлаб-ушлаб қўяман, хаёлим қочади: “Вақт ғанимат. Икковига ҳам тиқаман! Йўқса кеч бўлади. Мени сўяди. Ё отади. Мен пичоқ сопини сиқаман. Қаттиқ. Жуда қаттиқ. Лекин менда журъат етмайди. Иккиланаман: “Балки ўлдирмас?..” Шу аснода Цуркан мени саволга тутади:

– Ота-онангиз борми?

– Отам урушдан қайтмаган. Онам дунёдан ўтган.

– Ака-ука, опа-сингиллар?

– Йўқ.

– Болалар?

– Бир ўғил, икки қизим бор.

– Хизматда бўлганмисиз?

– Ҳа.

– Қаерда?

– Украинада, – мен Цурканнинг саволидан негадир енгил торта бошладим.

– Украина улкан юрт?

– Новгород-вольинскда.

– Леся Украинка туғилиб-ўсган шаҳардами?

– Ҳа, мен унинг уй-музейида ҳам бўлганман. Китобларини ҳам ўқиганман.

– Украинлар сизга ёқадими?

– Ажойиб халқ.

– Ким бўлиб хизмат қилгансиз?

– Танк командири.

– Павло Мовчанни танийсизми?

– Дўстим, борди-келди ҳам қиламиз.

– Миллатчимасми? – Ўсмоқчилади Цуркан.

– Ўз элини севади. Яхши шоир. Яхши одам. Унинг хотини Елена ҳам хушфеъл аёл, адиба.

– Почты мы земляки (Бизлар деярли юртдошмиз) – Цуркан менга қайрилиб қаради. Шунда унинг туманли юзи менга ёришгандай кўринди. Овози ҳам юмшагандай, самимийдай эди.

– Елена Мовчан “Дружба народов” журналида ишлайдими?

– Қаердан биласиз?

– Қариндошлиги бор.

– Ростданми? – Мен севиндим. У буни чин айтдими? Ё ёлғонми? Билмадим. Аммо мен унга инонгандай бўлдим.

– Мен бир нимани тушунмайман. – Цуркан менга қараган бўйи гапида давом этди, – Елена ўғли билан Москвада яшайди, Павла Киевда.

– Эркин ҳаёт. Бироқ улар бир-бирини севишади.

– Эркин ҳаёт?.. Шу сизга ёқадими?

– Эрк кимга ёқмайди?

– “Ўлмас қоялар”дан ҳам шунинг ҳиди келади. Мен шундагина Цурканнинг мақсадини англадим. Яъни у менинг ичимни билиш учун гапни узоқдан айлантириб олиб келган. Мен ортиқча бир сўз демаганимга, ташвишга тушмадим. Билъакс, бу суҳбат бир қадар менга ёқди ҳам.

Цурканга хотиржам жавоб қайтардим:

– Мен тарихий ҳақиқатга қарши ёзмадим. Ёзолмайман ҳам.

– Рус босқинчими?

– Чор ҳукумати.

– Русга тош отгансиз-ку.

– Йўқ. Сизга ёлғонни сўқишган.

– Ёлғонни?

– Сиз Павло Мовчаннинг қариндоши бўлсангиз, у билан адабиёт ҳақида ҳам қўнишиб турарсиз?

Цуркан мендан кўзини узмаган ҳолда ўйланиб қолди. Сўнг:

– Аҳён-аҳёнда, – деди.

– Персонажлар тилида айтилган гапларни менга тўнкашаяпти. Бу бадиий адабиёт-ку, ахир. Лев Толстойнинг “Ҳожимурод” асарини ўқигандирсиз?

– Ўсмирлигимда.

– Черкеслар Чор аскарларини: “Чўчқа ўрислар!..” деб сўкишади. Бу билан Лев Толстойни айблаш керакми? Шолоховнинг “Тинч Дон”ида казаклар русни қарғашда черкеслардан ҳам ошиб тушишади. Бу билан Шолоховни жазолаш керакми? Рус деганда рус халқини эмас, босқинчи русни тушуниш керак. “Ўлмас қоялар”да бу нарса ғира-шира кўзга ташланади. Бир-икки марта. Салбий қаҳрамон тили бор… Бусиз бадиий адабиёт бўладими?

– Сизни англагандайман.

“Роҳат” кўлига етдик. Собир машинаси билан тепада қолди. Цуркан мени сувсиз кўл тубига бошлади. Кузнинг совуқ изғирини этни жунжиктиради. Тегра қорайиб келаяпти. Цурканнинг ўнг қўли чарм курткаси чўнтагида. Афтидан, овозсиз отиладиган қурол тепкисида. Мен ҳам ҳужумга шайман. Кўнглимда қўрқувдан кўра нафрат кучли: “Шунчаки ўлиб кетмайман, – дедим ўзимга-ўзим, – Цурканнинг юрагига тиғ тортаман. Кутилмаганда. Сўнг тўппончада Собирни йитаман!”

Мен бокс, кураш, футбол каби спорт ўйинларида ўзимга яраша пишган бўлсам ҳам махсус тайёргарликлардан ўтган дев сиёҳли бу одамга бас келмаслигимни сезмаётган эдим.

– Ислом динига қандай қарайсиз? – Цурканнинг кутилмаган бу саволидан ўзимга келдим. “Яхшиям ташланмадим, – дедим ичимда ва ихтиёрсиз бир тарзда “У-ф-ф-ф” тортдим. Сўнг унга жавоб қайтардим:

– Муқанна ҳақида китоб ёзаман.

– Муқанна?.. Ким у?

– Араб босқинчиларига қарши курашган ботир.

– Менинг саволимга шу жавоб бўладими?

– Зийрак одамсиз…

Шу он бизга қарши томонда, кўлнинг юқори қисмида уч киши кўринди. Қўлларида ов милтиқлари. Ўртадаги одамни танидим:

Зоҳир Аълам!

Севинганимдан йиғлаб юборай дедим. Цурканнинг юзи гезариб, кўз қорачиқлари кенгайиб кетди. У титроқ бир овозда сўради:

– Бу сизнинг ишингизми?

– Йўқ, овчилар шекилли?

– Ишонмайман.

– Ихтиёрингиз.

– Ўзи сизни қутқазиш кўнглимга келиб турувди. – У чўнтагидан кичкина тўппончани олиб, қўлтиғи остидаги қора ғилофга солди, – Павло Мовчан билан ошносиз… Украин халқини ҳурмат қиласиз… Рус элига ҳам қарашингиз ёмонмас. Мен ўттизинчи йиллардагидек салла ўрнига калла олмайман. Бундан ҳукуматга ҳам фойда йўқ. Гап кўпаяди… Чет эл матбуот, радиолари: “СССРда яна репрессия бошланди” деб айуҳаннос солишдан ҳам қайтишмайди. Бу ғовғанинг кимга кераги бор? Романни қайта ишланг.

– Хўп, – Цуркан очиқча гапга ўтганига, мендан яроғини сир тутмаганига ажабландим. Нима учун шундай қилди? Балки бу менинг ҳаётим қил устида турганлигига, эҳтиёт бўлишимга, топшириқларни бажаришимга ишорадир? Акс ҳолда, бугун бўлмаса, эртага мени йўқ этиб кетажакларига билдирмадир? – Ислом динининг зарарлиги тўғрисида мақола ёзинг, – у “овчи”ларга кўз қири билан қаради. Юзига хавотир белгиси тошди. Аммо менга сир бергиси келмади. Ўзини хотиржамдай тутиб, гапини улади, – адашганингиз ҳақида ҳам. Марказий газеталарда бостирамиз. Ўйлаб кўришингизга вақт бераман. Эртага кеч соат олтида бояги учрашган еримизда ҳозир бўлинг. – Хўп.

“Овчи”лар бизга яқин келиб қолишди. Оралиқ юз қадамча ҳам чиқмасди. Қайтдик. Шошилинч.

“Зоҳир Аълам мени бир ўлимдан олиб қолди” деб ўйладим. Ярим йўлда Цуркан ўзи сезибми, сезмайми ғудранди: – Ишачий мозг!… У буни кимга, нега айтди? Мен уни ўзимча: “Собирга айтди” деб таҳмин қилдим. Нимага? Менинг оғзимни қаттиқ ёпмаганига. Бу эса “овчи”лар келишига сабаб бўлганига…

(Давоми бор)http://www.bbc.co.uk/uzbek/uzbekistan/2015/01/150125_mamadali_mahmudov_blog6?ocid=socialflow_facebook