Темир панжаралар ортида 16 йилу 7 ой тутқинликда ўтирган истеъдодли ёзувчи, миллатпарвар Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) билан суҳбатнинг давоми.
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: – 16 йилу 7 ой қамоқда ўтирдингиз. Гуноҳингиз шунчалар оғирмиди?
Эврил ТУРОН: – Менимча, ер юзида айбсиз кишининг ўзи йўқ. Ёлғиз Тангри янглишмайди. Менинг ҳам ўзимга яраша ёзиқларим бор. Бироқ мен ҳеч қачон ўз Ватанимга, ўз миллатимга хиёнат қилмаганман.
Бир оилада ўз феъл, ўз фикрига эга турли болалар ўсади. Ота-она: “Сен ундайсан, сен бундайсан…”, деб уларнинг кўкракларидан итармайди. Билъакс, камчиликлари бўлса, тузатишга уринади.
Бир хиллик – ўсув бўғови.
Турли фикрлик – тараққиёт калити.
Шу ўринда яна бир бор Каримовнинг шу сўзини қўллайман:
“Кечиримли бўлиш керак”.
Ҳинд йўлбошчиси Махатма Гандининг қуйидаги сўзлари унга ҳамоҳанг бўлиб жаранглайди:
“Кучлиларгина кечира олади”.
Мен учун ўз элимга, ўз юртимга хиёнат қилиш – ўлим! Ўз эл-юртини беқиёс севувчи дўстларимни ҳам шундай деб ўйлайман. Бизлар умримиз бўйи Ватанимиз, миллатимиз ғурури, эрки, ҳақ-ҳуқуқи, озодлиги учун курашиб келдик. Бунга:
Асрларимиз гувоҳ,
Тарих гувоҳ,
Элимиз гувоҳ.
Чўлпонларни “Халқ душмани” деб, туҳмат билан қаматган тузум жаллодлари қани?
Тарих ахлатхонасида.
Энди уларнинг ўзлари “Ватан хоинлари”га айланди.
Минг йил ўнжа ат Замахшарий ушбу сўзни билиб айтган:
“Қуёш нурини беркитиб бўлмаганидек, ҳақиқат чироғини ҳам сўндириб бўлмайди”.
Ўзбекнинг “Кимга чуқур қазисанг, ўзинг шу чуқурга йиқиласан” деган гапи бор. Ҳозир қанча-қанча ҳаромтамоқ терговчи, судья, прокурорлар қамалаётганини гувоҳи бўлаяпмиз.
Ҳали бу – “Хамир учидан патир”.
“Дўст ачитиб гапиради, душман кулдириб”. Бу – эл сўзи. Ким чин дўст, ким ёвуз душман экани оғир кунда билинади. “Ишонган тоғлар” хиёнат қиладилар…
“Одамнинг оласи ичида”. Темур ҳоқон ялтоқни ўзига яқинлаштирмаган. Чингизхон ялтоқнинг терисига самон тиққан. Ўғизхон ялтоқни ёққан. Шунинг учун ҳам уларнинг салтанати гуллаб-яшнаган.
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: – Қамалишингиз сабаби ва сизга қўлланилган қийноқлар?
Эврил ТУРОН: Мен бу ҳақда жаҳон сайтларида ёзганман. Менга қандай қийноқ қўллаган бўлса, шундай, яъни, оқизмай-томизмай. Бу гал бироз туброқдан келиб саволга жавоб берсам, балки, моҳият яна ҳам ойдинлашар. Мен биринчи қамалишимдан олдин (1991-1994) Ўзбекистон Республикаси Маданият Жамғармаси раиси эдим. Москвада, Оқ уйда, Пленумда бу лавозимга расман сайланганман. Сўнг Тошкент Тўплантасида. Демак, мени ишдан бўшатиш керак бўлса, Пленум бўшатади.
Лекин мени кутилмаганда, прокурор санкциясиз Ички Ишлар вазирлигининг тўппонча, автоматлар билан қуролланган бир тўда (Адашмасам, 12 та) ходими қамоққа олди. Бу воқеа 1994 йил, 3 март куни тонгда юз берди.
Сабаб?
Сабаби: КГБнинг собиқ ходими, Самарқандлик (Титов кўчасидаги 1-уйда яшарди) Ахтам Розиқов бизнинг уйга махсус топшириқ билан (Икки қути тўла) “Эрк” газетасини ташлаб кетган. Бу пайтда мен ишда эдим. Буни тушда, уйга келиб билдим. “Уюштирилган” деган гап кўнглимдан ўтди. Шунга дарҳол президент девонига – эски танишим Мавлон Бобожонович Умрзоқовга сим қоқдим.
У: – Тез етказинг, – деди.
Етказдим.
Махсус топшириқ…
Нима учун?
Бунинг замирида, адашмасам, ҳасад ётади.
Қоп-қора ҳасад.
Қонга, йирингга қотилган ҳасад…
Яна Муҳаммад Солиҳ билан дўстлигим…
Яна Одил Ёқубовни ёқлаганим…
Яна миллатимиз илдизи – Турклигимизга қарши чиққан Бўрибой Аҳмедов, Иззат Султон, Асқарали Амедовга ўхшаш академикларни “лойга қорганим”…
Яна Озод, Саид, Гул, Хайри каби “адиб”чаларнинг тўдабозликлари-ю, ўртабузарликларини қоралаганим…
Шу ўринда Шекспирнинг қуйидаги сўзларини мисол келтиришни истайман:
Харом тавоқ бўлсанг, алқаб, сал ҳалол бўлсанг,
Қувлайдилар, оёғингни ерга тегизмай.
Адолатнинг қўли етмас, ҳуқуқларингиз
Қонхўрликда қонун билан қойимлашгандир!…
Мен Жамғармани қабул қилганимда, унинг ҳисобида, ҳатто, маошга етгулик пули ҳам йўқ эди. У собиқ Қизил майдонда жойлашган санъат институти биноси(уч хона)да ижарада турарди. Ўшанда миямдан ушбу гап кечган: “Мени Фондга чўктириш учун юборган….”
Ўз феъл, одатимга кўра, бутун куч-ғайратим билан ишга шунғидим.
“Чўктириб бўлибсан!…”
Биринчи галда, кадрларни етти пушти тоза ўзбеклар ҳисобига янгиладим. Боз устига, эътиқодли, ғурурли, илимли ўзбек-йигит қизлари ҳисобига. Сўнг зўр қийинчилик, намойишлар билан эски ҳайвонот боғи яқинидаги (Маяковский кўчаси-6) бўш бинони, 17 ўринли отельни, улкан омборларни қонун йўли билан Жамғарма номига ўтказиб олдим. 33 та телефон рақами ҳам очдирдим. Фондни иқтисодий ботқоқдан олиб чиқиш учун иккита Турк, битта Корейс қўшма корхонаси, халқаро туризим бўлими, ўнлаб фирма, тикув, тўқув, ҳунармандчилик цехлари, кўплаб савдо шаҳобчалари ташкил этдим.
Бу алоҳида гап.
Кейин…
Бироқ мана бу уч нарсани алоҳида қайд этаман:
Ўрта Осиёда биринчи бўлиб ТУРК МАДАНИЯТ МАРКАЗИни ташкил этдим. Фонд ҳисобидан унга иш ўринлари очдим, ойлик маошлар белгиладим. Уни офислар, телефонлар билан таъминладим.
Ҳозир ҳам ТУРК МАДАНИЯТ МАРКАЗИ ҳаракатда.
“Ипак йўли” газетаси (унинг номини “Буюк Турон” қўйиш учун курашдим. Изин беришмади…) нашрини йўлга қўйдим. Бунда илк Хун-Турк кечмишларини ёрита бошладик. Ўзи туб мақсадим ҳам шу эди.
Бироқ…
Томирга болта уришди…
1992 йилда бутун дунё турк тарихида биринчи марта Фонд биносида “Ўрта турк тили” тўплантисини ўтказдим. Унга 17 та турк юртидан ёзар, олимлар қатнашди.
Тўпланти 7 кун давом этди. Иккита китоб нашр қилинди.
Биз, тўпланти қатнашчилари – Сибр, Дунай, Кавказ, Болтиқ бўйи (Қорайим), Болқар, Қозон, Чуваш, Уфа, Қирим, Ахси, Туркистон турклари бир-биримизни тилмочсиз, қийналмай тушундик. Ҳаммамиз бир овоздан бутун турк оламида бир тил – Ўрта турк тили бўлишини ўз олдимизга Бош мақсад қилиб қўйдик.
Бу буюк, қудратли, БИРЛИКдан ўзбек ниқобида юрган тайлар дахшатга тушишди ва юқорига мени ёмонлаб чиқишди…
Бу – биринчи марта эмас эди…
Оқибат…
Юқорида айтганимдек, қамоқ…
Америка Бирлашган давлатлариникидан ҳам улкан ИИБ биноси…
Бешинчи қаватда кўринишидан тўғри одамга ўхшаб туюлган бир силанг (зобит)га мурожаат этдим:
– Ёрдам беринг.
– Қўлимдан келмайди, орқангизда катта одамлар турибди… Мен сизнинг китобларингизни ўқиганман… Ер остида лахмачлар бор… Эҳтиёт бўлинг….
Ҳалиги 12 полис қўлимга кишан солиб, Жамғармага олиб борди. Санкциясиз тинтув ўтказди. Китоб жавонимдан ўзларича героин “топиб олишди”.
– Ҳали сиз ширавоймисиз? – деб ҳиринглади тўнғиз кўзини чақчайтириб бир полис. Янглишмасам, унинг оти Собир эди.
– Ўғири бўл, ғар бўл, эви билан бўл.
– Тилинг узунга ўхшайди.
– Бўлмаса, туҳмат қилма.
– Подвалда гаплашаман!
– Шундан бошқа қўлингдан нима ҳам келади?
– Ўшанда кўрасан!
Аламим зиёда эди. Агар қўлимда яроғим бўлганда, ҳеч иккиланмай, унинг ахлат анқиган оғзидан отардим. Афсус, йўқ. Шунга тилим билан уни оёқ ости қилишни истадим:
– Ит итлигича, эшак эшаклигича, маймун маймунлигича қолади…. Китобларим орасига героин ташлаб, менга тўнкаяпсан, ҳайф сенга пагон!
– Ҳали ўзбек милицияси пагонини ҳақорат қилаяпсанми?! – у бор кучи билан менга ташланди.
– Ғовға кучайиб кетишини истамаган полислар тўнғиз кўзни ушлаб қолишди. Мени қайта “Жигули”га ўтқазишди.
Ходимларим йиғлаб қолишди.
Уйимга олиб боришди. Тағин санкциясиз тинтув ўтказишди. Тўнғиз кўз Собир ёстиғим остидан тўппонча “топиб олди”.
– Ҳали сен президентга суиқасд қилмоқчимидинг?! – у оғзини кўпиртириб, бўкирди.
– Туҳматинг ўзингга қайтсин!
– Оғзингни бузиб ташлайман!
– Ўзингда шундай ният бўлган. Менга тўнкаяпсанми?
Мени ИИБга қайтариб олиб келишди. Ва уриб, тепиб, етти қат ер остига – зиндонга тиқишди. Бу ерда қачон тун кирганию қачон тонг отганини билмайсан. Камералар хира свет нурида ўргамчак уясидай титрайди.
Камераларда:
Лахмачлар,
Казалар,
Стукачлар,
Қулоқлар ҳукмрон.
Ортиқча гапириб кўр. Мажақлаб ташлайди. Уларни олдида полислар холва.
Бу булғанчлар орқали полислар ўз жиноий ишларини битказадилар….
Улар кўз олдимда томирларига героин уриб ўтирардилар. Қора дори ютардилар. Яна тинсиз наша чекардилар.
Сотқинлар сир олиш учун туну кун қонингни сўради.
Емоғингни ҳам,
Чой-чекишингни ҳам,
Ширинлигингни ҳам,
Иссиқ усти-бошингни ҳам тортиб олади.
Бу лаънати лахмачларга чексиз эрк берилган.
Бу қоронғу, машъум зиндонда тутқунлар мисилсиз қийноқдан кеча-ю кундуз аянчли:
Инграйди,
Бўзлайди,
Чинқиради,
Ёлворади…
Додингни ҳеч ким эшитмайди.
Мен буни ўз бошимдан кечирдим. Яра излари менга ҳамон азоб беради.
Ўз миллати фарзандларини хўрлаган амалдорлар вақти келиб халқ қарғишига, халқ қахрига йўлиқади.
Хор бўлади, Бунга тарих гувоҳ.
Ҳеч бўлмаса, кечаги тарихга боқинг. Саддаму Муборак лайчалари қани?
ИИБ зиндонида маҳбусни 15 кундан ортиқ ушлаб туришларига қонунан ҳақлари йўқ.
Мени эса 5 ойу 18 кун зиндондан чиқаришмади.
Мени прокурор санкциясиз генерал Зокир Алматов бўйруғи билан:
Хибсга олди,
Уйимда,
Ишхонамда тинтув ўтказди.
Қани одил қонун?
Кейинча Тоштурма ва зоналарга чиқиб билдимки, қора ниқоб кийган, автоматлар билан қуролланган палачлар яна шундай усул билан, яъни қурол, героин, варақалар билан минг-минглаб диний, сиёсий маҳкумларни ҳеч бир санкциясиз қамоққа олишган.
Халқда беқиёс нафрат уйғотгувчи усул!
Қамоққа олинганларнинг қанча-қанчаси бегуноҳ кишилар.
Мен бу ҳақда номаълум қамоқхонада (тергов пайтида) Ўзбекистон Республикаси Ички Ишлар вазири ўринбосари полковник Сайфулла Асадовга айтган эдим. У менга айнан шундай жавоб қайтарди:
– Ўрмонга ўт кетса, қуруғи ҳам ёнади, ҳўли ҳам ёнади.
Ана савия!
Полковник савияси!
Вазир ўринбосари савияси!…
Инсон ҳаёти, инсон тақдири Сайфуллолар учун пиёз пўчоқ. Ўзи омон бўлса, бўлди.
Бола-чақаси омон бўлса, бўлди.
Эл ёниб кетмайдими!
Юрт ёниб кетмайдими!
Шу қовоқлар кечагина Совет ҳукуматига хизмат қилаётган эди.
Шу қовоқлар кечагина Совет ҳукуматини кўкларга кўтариб мақтаётган эди.
Бугун?:
Бугун Мустақиллик ниқобини кийдилар.
Тангри кўрсатмасин, замон ўзгарса… Яна “Янги замон” ниқобини киядилар.
Қорин бандалари!
Миллатни:
Хор,
Қул қиладиган шулар!
Охир-оқибат:
Миллатни сотадиган шулар,
Ватанни сотадиган шулар.
Шу қорин бандалари миллат номидан иш кўриб, миллат тақдирини ҳал қилаётганидан кейин оҳингни кимга айтасан?
Айтсанг:
Қамоқ,
Қийноқ,
Ўлим.
Йўлсизлар йўлдоши, толие негун,
Ҳеч қачон тўярми ахир ёвузлар?
Бу – халқ душмани, деб тутсалар бир кун
Бари бир, у халқнинг номидан сўзлар…
Чўлпон
Бу қорин бандалари Ўзбекистон Республикаси қонунига амал қилмайдилар. Зўравонлик билан иш кўрадилар. Бу – илимсизлик, эътиқодсизлик, ўз эл-юртини севмаслик оқибатидир.
Илимсизликдан:
Зўрлик,
Зулум,
Жаҳолат,
Одамкушлик туғилади.
Қонун устивор бўлган ерда, илм билан, ақл билан иш кўрилган ерда, кўрсатмага амал қилинмаган ерда, порага, таниш-билишчиликка ўрин йўқ ерда адолат бўлади.
Оврўпача адолат,
Америкача адолат.
Бизда?:
Шўрлик қонун!…
Кимнинг, кимларнинг оёқлари остида топталаяпти?
Қайси олчоқларга хизмат қилаяпти?
Мунофиқларгами?
Муттаҳамларгами?
Порахўрларгами?
Тайларгами?
Ватан хоинларигами?
Халқ душманларигами?
“Қонун устивор бўлган ерда адолат бўлади”
“Қонун гадога ҳам, подшога ҳам тенг”.
Бу – Ислом Каримов сўзи.
Сайфулолар бунга амал қилишдими?
“Ўрмонга ўт кетса, қуруғи ҳам ёнади, ҳўли ҳам ёнади”…
Сайфуллоларнинг ўзлари ўт қўйишмадими?
Ўзбек: “Ҳар нарсанинг вақти-соати бор” дейди.
Келажакда жавоб оласиз.
Давоми бор