Темир панжаралар ортида 16 йилу 7 ой тутқинликда ўтирган истеъдодли ёзувчи, миллатпарвар Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) билан суҳбатнинг давоми.
Бўронда тутқун денгиз “қутилиш” учун ғазабнок ҳайқиради, осмонга санчийди, қирғоқларни бузиб тошади. Воқеалар қуюнида мен ҳам ўз эҳтиросларимни жиловлолмай қолдим. “Соҳил”дан ошдим. “Из”га қайтаман. Айрим сиёсий маҳкумларга силанг (офицер, зобит) лахмачлар ҳам қўйилади. ИИБ биноси қаърида қарғиш урган лахмачлар мендан “сир” (менда “сир”нинг ўзи йўқ эди) олишолмади. Шунга хата(камера)да бақириқ-чақириқ, ур-йиқит авжга чиқди. ШИЗО бошлиғи, Тоҳир исмли майор (у анча инсофли киши эди) бешинчи ёки олтинчи қаватдан топшириқ олди шекилли, мени икки навбатчи полис ҳамроҳлиги (афтидан улар мендан кўра бир-бирига ишонишмайди) да у камерадан олиб, бошқа хатага бошлаб келди. Тошбақа башара сержантнинг буйруғига биноан мен (оёқларимни йириб, қўлларимни кўтарган ҳолда деворга тираб) юзимни деворга қаратиб турдим. У узун-узун, йирик-йирик калитлар билан тоғдек оғир, тимсоҳ белидек қалин эшикни шарақлатиб очди ва мени елкамдан ичкарига итарди. Сўнг қопини шарақлатиб ёпаркан, унинг овози зиндонда ўликдек совуқ жаранглади:
– Унинг чиқмасин!
– Иккинчи навбатчи ҳам бўғиқ овозда хириллади:
– Қисиб ўтир!
Деворлари ғадир-будур уч кишилик тор хатага киришим билан туалетнинг ачимсиқ хиди димоғимга урилди. Шунга қарамай, у бир ўринга уч киши парчинланган олдинги камерага нисбатан авло ва тинч эди. Темир шконканинг биринчи қатида бир ўрис уст-бошини (қора рўба) ечмаган ҳолда чалқанча ётибди. Озғин, бўйдор, бурни учи сал танқайган бу кас қирқ-қирқ беш ёшлар атрофида эди. Бўшаб қолган (лахмачлар еб битирган, фақат бир пачка сигарет, икки-уч дамлам чой ва эски ички кийимим қолган) қопимни бўш шконка остига тиқдим-да, унга салом бердим.
– Здраствуйте! – У кўзини юмди. Шундан сўнг бир неча соатгача ўлган одамдек оғзини очмади.
Камера ним қоронғи, совуқ ва рутубатли эди. Энди бадбўй ҳид ҳам унча сезилмасди. Кечки емоқ пайти қопи очилди. Бир йўла менга ҳам кўрпа-тўшак олиб киришди. Эшик тарақлаб ёпилди. Юз-қўлимизни ювиб, емоқ едик. Ўрис мириқиб “Астра” чекди. Кейин қаерданлигимни, ким бўлиб ишлаганимни, нима учун қамалганимни сўради. Айтдим.
– Хренавато!- деди менга раҳм кўзи билан боқиб, – Сенга сиёсий айб қўядими, дейман-да. Хренавато. Менимча, газета (Эрк)ни МВДга топширганингда, бошингга бу кулфатлар тушмасди.
– Президент аппарати яна ҳам ишончли эмасми?
– Давлатни МВД ушлаб турибди. Кўрмаяпсанми, ҳар қадамда милиция.
– Қаердан билай бундай бўлишини?
– Бошқа ҳеч кимга уни кўрсатмаганмидинг?
– Йўқ.
– Яхшилаб эслаб кўр.
– Ёлғон ҳаром.
– Мабодо, берган бўлсанг, барибир билишади. Фақат соғлиғингдан айриласан… Бермаган бўлсанг, бироз ушлаб туриб, қўйиб юборишади. Яна Худо билади… СССР даврида бошқача эди. Оҳингни Москва тингларди. Гарбач ҳамма ёқни расво қилди. Гандўн! Сенга шу мустақиллик керакми?
У менга тузик кишидек кўринса ҳам, мен уни “Қулоқми?” деган хавотирда эдим. Шунга қарамай, ўз виждонимга қарши бормадим. Унинг самимийдек туюлган саволига тўғри жавоб қайтардим:
– Сизнинг уйингизга ёт одам хўжайинлик қилса, шу сизга ёқадими?
– Саволга савол… Сен ўз сўзингни пардага ўрамай айт.
– Мен ўз уйимда ўзим хўжайин бўлишни истайман.
– СССР даврида ёмонмиди? Ишсиз, нонсиз қолган, чет элларда хор бўлиб юрган бирор кимсани кўрганмидинг? Ўзбек хотин-қизларини бу даражада айниб кетганини кўрганмидинг? Ҳаммаси йўқлик сабабли. Қама-қамага қара. Кооррупцияга қара. СССР даврида мамлакат тинч, халқ тўқ эди. Ҳар уйда газ, свет, сув бор эди. Ўзинг ҳам ўша замонда ўқигансан. Прессада ишлагансан. Болаларинг ҳам олий маълумотли бўлган. Энди бундай гап қиласан.
– СССР оёққа туриб олгунча халқ қийналмаганми? Бошда оғир бўлади, кейин яхши бўлади.
– Сен менга ишонмаяпсан. Шунга ўз кўнглингга қарши сўзлаяпсан. Қўрқма, мен каза эмасман. Ҳарбий жарроҳман. Ичаклари йиринглаб, чириб кетган солдатни ўлимдан олиб қололмадим. Отаси шишка экан. Мени қаматди. Озодликка чиқсам, Россияга кетаман. Энди бу юртда нормал киши яшолмайди.
– Нимага?
-Жаҳаннам.
– Ошириб юбораяпсан.
– Эртами, кеч, ўзинг ҳам шу қарорга келасан.
– Йўқ, у ҳар қандай ҳолатда ҳам менинг Ватаним бўлиб қолади.
-Баландпарвоз гаплар… Ўзбек менталети (зеҳният) қизиқ…
Мен унга нафрат билан совуқ қарадим. У ўз гапини ҳас-пўшламоқчи бўлди:
– Мен ҳам шу юртда туғилганман. Чирчиқда. Лекин… Энди… СССР тикланса бошқа гап эди!… Чирчиқда 90 фоиз рус яшарди. У буюк саноат шаҳри эди. Энасиникига кириб кетди. Йўлга пул йўқ бир-иккисини айтмасам, Ўзбекистон бўйича шундай. Бу – мамлакат эканомикасини издан чиқарди.
Айнан шундай гапни менга Ўзбекистон Республикаси Министрлар Совети раиси Ғани Қодиров (отаси ўзбек, онапси насроний) ҳам айтган эди. Ўшанда мен унга қуйидаги мазмунда жавоб қайтаргандим:
-Тарихдан маълум: қоринларини тўйғазишга келган келгиндилар, муҳим бурилишларда, доим шундай йўл тутганлар. Қочганлар. Туркистон эли минг-минг йиллар мобайнида ўриссиз яшаб келган, бундан кейин ҳам яшайверади.
Қодиров менга дардини ёрганига пушаймон еди шекилли, бўзарди. Шундан кўп ўтмай, унинг ўзи ҳам юртимизни ташлаб кетди. Чамаси она қони устун чиқди…
Зиндонда ўрис билан суҳбатимиз (юқоридагига ўхшаш суҳбат) икки кун давом этди.
Учинчи кун тушга яқин камерага кўзлари кишига ғалати боқувчи, истараси иссиқ ( менга шундай туюлган бўлиши мумкин), қорагина бир йигитни ташлашди.
Салом-аликдан кейин у:
– Мен Қора Бахтиман, – деб ўзини таништирди.
Мен ҳам унга кимлигимни айтдим. Бу чоғда ўрис уйқуда эди. Қопини тарақлаб очилиб, тарақлаб ёпилишидан ҳам кўзини очмади. Балки, атайлаб ўзини уйқуга солиб ётгандир? Қайдам?
– Мен Сизнинг бирор китобингизни ўқимаганман, – деди Қора Бахти (Бахтиёр) менга сингчил қараб, – номингизни ҳам эшитмаганман. Ёзувчи, шоир деганиям кўп-да ўзи. Аммо пичоққа илинадиганини кўрмадим. Мен бекорга вақт сарфлашни ёмон кўраман. Жек Лондонга ўхшаши бўлса, бошқа гап. Эрнест Хемингуэй ҳам ёмонмас. “Старик и моря”сидан қувват олдим. Бизда шундай ёзувчилар бўлса қани?
Мен Қора Бахтининг фикрига қарши бир сўз дейишга ўзимда рағбат топмадим.
– Алихонтўра Соғунийни ўқиганмисиз? – Қора Бахти ўртага чўккан қисқа сукутни бузиб, менга синовчан боқди.
– Ҳа.
– У киши билан бир маҳаллада яшаймиз. Себзорда. Қўшнимиз. Бошқача инсон. Болага ҳам, кексага ҳам қўлини кўксига қўйиб, салом беради. Ўзини кўрганмисиз?
– Йўқ.
– Тарихини биласизми?
– Қисман. Улуғ одам. Чин ватанпарвар. Шарқий Туркистонимизнинг биринчи президенти бўлган. Маршал. Кечмишимизни теран билади. “Муҳаммад тарихи”ни эҳтирос билан ёзган. “Темур тузуклари”ни форсчадан ўзбекчага ўгириб, жасорат кўрсатган.
Қора Бахтининг юзи ёришди. Менга тиниқ самимият билан боқди.
Шунда зил-замбил қопи осмонни кўчиргудай даранглаб очилди. Ўрис уйғонди. Бет-юзини ювди. Бетонга парчинланган темир стол теграсига чўкдик. Эшик оламни бузғудай бўлиб ёпилди. Этсиз карам шўрва ичарканмиз, Қора Бахти ўрисга негадир уч-тўрт марта нохуш қаради.
Тушлик битгач, Қора Бахти қалқиди. Минг марта шимон (тинтув) қилинган қора қопининг қаеридандир ярим мойка (лезвия) олди. Ва ўлжасига човут солмоқчи бўлган бўридек ўриснинг қаршисига шаҳд борди.
– Подполковник, ярим соат ичида хатадан чиқиб кетмасанг, – деди беомон овозда, – башарангни а… қилиб ташлайман! Орқадан ортиқча бир сўз десанг, кўчага прагон (хабар) юбораман. Оқибатини биласан… Хана!”
Ўриснинг юзи қор тусига кирди. Сўнг қон рангига. У индамай лаш-лушларини йиғиштирди-да, эшикни қаттиқ тақиллатди. Мен: “Бир фалокат бўлади” деган ўйга бордим. Юрагим бежо ура бошлади. Эшик ағдарилган машинадай тарақ-туруқлаб очилди. Уч полис ёввойи важоҳат билан камерага бостириб кирди. Тўнғиз кўз беомон хириллади:
– Нимаг гап?!!
Қора Бахти пинагини ҳам бузмади. Подполковник оловга сув сепди:
– Юрагим пристуб бераяпти.
– Сиз давлат учун хавфли одаммисиз? – сўради Қора Бахти қопи ёпилгач.
– Нимага бундай деяпсиз?
– Сизга “Подполковник “қулоқ” қилиб қўйилгани учун.
– Ўзларича шундай ўйлашса керак.
– Тўғри, юқорига чумолини туя қилиб кўрсатишади.
– Сабаб?
– Баҳоларини ошириш учун. Ўзларини қанча ишчан, топқир, фидойи қилиб кўрсатишса, нуфузлари шунча ошади-да.
– Бу – чайқовчилик-ку.
– Нима ҳам дейсиз? Ҳақиқат осмонда. Мана, мен чўнтаккесарман. Шу билан тирикчилик қиламан. Бошқа ҳунарим йўқ. Лекин камбағалга тегмайман. Худодан қўрқаман. Қорни катталарни, хорамхўрларни тунайман.
– Қўрқмайсизми?
– Қўрқоқ одам бир иш қилолмайди. Қолаверса, кўп ҳолда ортимиздан “посбон”лар юришади.
– Тушунмадим.
– Милисалар.
– Йўғ-э!
– Шуни ҳам билмайсизми? Ёзувчи одам синчил бўлади. “Криша”сиз иш қилиш қийин. Мабодо қўлга тушиб қолсак, шулар қутқаришади-да.
– Қандай?
– Оломон олдида ёлғондакам уриб, сўкиб, қўлингизни орқангизга қайириб олиб кетишади… Сўнг қўйиб юборишади.
– Ишонгим келмайди.
– Гастролга чиқсак ҳам уларнинг ҳимояларида бўламиз.
– Қизиқ.
– СССР пайтида Москва, Ленинград, Самара… ларни ҳам “айланиб келардик”. Ўзимизда-ку Самарқанд, Бухаро, Урганч… ҳамма шаҳарлар бизга зелёний эди… Квартира кражаларда ҳам ментлар наколька беришади. Одам ўлдирмаслик шарти билан…
– Тушумми, ўнгимми?
– Бундан мўмай даромад олишади-да.
Хотирам панд бермаса, мен 15-20 кун Қора Бахти билан бир камерида бирга бўлдим. Кейинроқ у Тоштурмада ҳам, Чирчиқ зонаси (64/6)да ҳам мендан ўз холис ёрдамини аямади. Қора Бахти жиноятчилар олами (приступный мир)да “Вор закон”дек обрў (авторитет)га эга эди десам, янглишмасман. Тўғри сўз, довюрак, кўнгли ҳам, қўли ҳам очиқ бу йигит мени кўп лахмачу казалар хуружларидан қутқазган. Ҳеч кимга, ҳеч вақт ичимни ёрмаслигимни уқтирган. Тангри умр берса, Қора Бахти ҳақида алоҳида тўхталаман…
Тоштурма, ШИЗО, зоналарда турли хил ўғриларни кўрдим. Улар орасида Вагиф (77 ёшда, Олмалиқ шаҳридан), Фурқат (68 ёшда, Самарқанд шаҳридан), Аликсей (66 ёшда, Тошкент шаҳридан) каби кекса кисаввурлар ҳам талайгина эди. Бола-чақали, набирали, ҳатто чеварали кишиларнинг бу “иш”лари уят ва шармандаликдай туюлади. Бироқ улар ўз “ҳунар”лари билан фахрланишади. Бир-бирларига кимни қандай тунашгани-ю, қайси уйни қай “усул”да ўмаришганини айтиб, оғиз кўпиртиришади. “Бўлишув”да бели оғримаган полислар “улуш”нинг кўп қисмини олиб қўйишганидан нолишади. Баъзан уларни “Чув туширдик”, деб ҳам мақтанишади. “Тушум”дан етим-эсирларга улашганини ҳам айтишади. Бу ўғриларнинг дедикларидан Қора бахтининг “Криша…”, “паноҳ…”, “посбон…”, “Қалқон…” деган сўзлари чинлигига яна бир марта ишонч ҳосил қилдим. Ҳозир озодликда бўлсам-да, бу гаплар бот-бот эсимга тушиб туради. Шундай дамларда ихтиёрсиз бир тарзда дейман:
“Ё, алҳазар!”
Беш ой ўн саккиз кундан кейин мени ер остидан МВДнинг орқа ҳовлисига олиб чиқишди. Ёруғликдан кўзларим қамашиб, жимирлаб кетди. Беихтиёр кишанли қўлларим билан кўзларимни бекитиб, очдим. Кўм-кўк япроқларга бурканаётган оғочлару эмин-эркин юрган одамлар менга афсоналардагидек ғаройиб кўринди. Уларга ич-ичимдан ҳавас қилдим:
“Қандай бахтиёр кишилар-а!”
Тоштурманинг 4-овули (корпус)да 9 ой лахмачлар ичида ўтирдим. Уларнинг аксари ўрислар эди. Қонимни ичишди. Тишимни-тишимга қўйиб чидадим. Бироқ тўнғизларнинг мана бунга ўхшаш таҳқирларига чидаб бўлмасди:
– Чучмекларга туриб сийишни ўргатганмиз!
– Яқинда СССР тикланади.
– Яна “мама”латамиз!…
Бир сафар мен ўзимни тутолмай қолдим. Маразнинг тақир бошига кружка отдим. Қавоқ калласи қонга бўялди. Бунга қаноат этмадим. Уни дўппаслай бошладим. У камера айлана “мама”лаб қочди. Сўнг хушидан кетди. Мен бундан яйраб лаззат олдим. Эсимга тушганида, ҳозир ҳам бу тотни туяман.
Мени карцерга ташлашди.
Ўша пайтда Тоштурма бошлиғи, полковник (таги Форишлик) Ражаб Қодиров эди. У Киевда (хотини украинка) куч ишлатар тизимида ишлаган. Ўзбек ҳукумати уни Тошкентга чақириб олган. Ражаб Қодировда миллий ғурур кучлилиги ҳақида ЗЭКлар орасида гап юрарди…
У мени қамоқ ичидаги қамоқдан озод этди. Лахмачни эса: “Авантюрист!”дея айблаб, карцерга тиқди.
Шундан сўнг менга нисбатан “Қулоқ”ларнинг зуғуми сусайди. Мен Ражаб Қодиров номига дуо қилдим.
У генерал даражасига эришди. Ички Ишлар вазирининг ўринбосари лавозимида талай йил ишлади.
Лахмачларнинг “попук”лари пасайишига яна бир кас ҳам сабабчи бўлди. У ИИВнинг собиқ ходими, майор Алишер Бегабоев эди. У ўзи маҳбус бўлса ҳам, олдинги ҳурмати учунми ёхуд бошқа сабабми… 4-овул камераларига бемалол кириб юрарди. Жумладан: бизнинг ит катагидек тор хатамизга ҳам. Унда учов яшардик: Икки лахмач ўрис ва мен. Ўртадан паст бўйли, бақалоқ, бўрсиқсимон ўриснинг исми эсимда қолган: Володия.
“Эрк” газетаси бўйича мендан айб топишолмади.
Номини сир тутишимни сўраган бир мулозим: “Энди кўчага чиқасиз” деди. Қувончдан бошим айланди. Лекин бир ой ҳам ўтди-ки, мени қўйиб юборишмади. Кунлардан бир кун ўша мулозим яна мени ёнига тортди ва паст товушда қуйидагиларни айтди:
– Муҳаммад Солиҳ билан ўралашиб қолмаганингизда, ҳозир уйингизда роман ёзиб ўтирардингиз. Афсус!… У номардлик қилди. Депутат эди. Номзодини президентликка қўйдирди. “Эрк” учун уч қаватли бино, хизмат машиналари берилди. Бу – юртбошимиз шарофати билан бўлди. Нимаси етмай турувди? Етарли овоз ололмагандан кейин аламига чидолмади. Иғво билан шуғулланди… Ўзбекда: “Ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” деган гап бор. Оқибатини кўриб турибсиз… Унинг касофатига сиз қолдингиз. У бўлса Европада ялло қилиб юрибди.
Мен мулозимга фикр билдирмадим. Туркистонда: “Ортиқча гап эшакка юк” деган ибора бор. Дамимни ичимга ютдим. Аммо миямдан шу фикр кечди:
“Ким ҳақ, ким ноҳақ, вақт кўрсатади”.
Шу гап-сўздан олти кун кечгач, оқсоқ терговчи менга ачиниш ҳисси билан боқиб, ушбу сўзларни айтди:
– Иложсизмиз… Бир кичкина госхищения билан сизга янги иш очамиз. Бошқа йўли йўқ. Мажбурмиз. Кўрсатма…
Олти сўм 30 тийин билан жиноий иш қўзғатишди. Бунинг тафсилоти қуйидагича:
Биздан олдинги ташкилотдан (занг босган) 4 метр темир қолган. Бош бухгалтер уни рўйхатга олган. Буни мен билмаганман. Уч қаватли бинони давлатнинг бир сўмисиз ўз кучимиз билан таъмир қилдик. Меҳмонхонага қўшиб бир кичик хона ҳам қурдик. 4 метрли темирни шунга ишлатдик. Бундан бехабар бош бухгалтер уни расман ҳужжатлаштириб, рўйхатдан ўчирмаган. Шу англашилмовчилик сабабли менинг устимдан жиноий иш қўзғашди. Мен оқсоқ терговчига ўша темирни кўрсатдим.
– Ғалвани кўпайтирманг, – деди қатъий оҳангда, – ўзингизни ўтга урасизми, сувга урасизми, фойдасиз, барибир қамашади. Каттанинг номига нолойиқ сўз айтди, деб ҳужжат тахласак, ёки, кабинетингизга бир нима тиқиб қўйсак, нима қилоласиз? Бўлмаса, бирон бир фоҳиша: “Номусимга тегди!” деб осмонни бошига кўтариши, бирон бир безори ёқангиздан олиши мумкин. Ўзингиз сиркаси сув кўтармайдиган одамга ўхшайсиз. Ўйлаб кўринг. Унутманг. Куч кимнинг қўлида бўлса, ўшанинг гапи гап. Эскидан шундай, шундай бўлиб қолади доим. Ғашиқса, ўн йилга кесиворади. Бир сўз деёлмайсиз. Додингизни ҳеч ким эшитмайди. Давлат билан, сиёсат билан ўйнашиб бўладими? Бу арзимас нарса билан эса, судда қўйиб юбориши ҳам мумкин. Ишдан четлатилганингизни ҳам ҳисобга олишади-да. Бўйнингизга олаверинг. Ўзингизга ҳам, бизга ҳам ортиқча ташвиш орттирманг.
“Одил суд” мени 4 йилга озодликдан маҳрум этди. Бошим изалятордан чиқмади. Оҳим Тангрига етди. Узр, мавзудан бироз четлаб кетдим-а?
Алишер Бегабоев камерамизга эмин-эркин кириб юргани ҳақида гап очгандим. Уни кўрганда, лахмачларнинг ўлик, итдек сассиқ, илон тилидек узун, заҳар тиллари айланмай қоларди.
Уйдан узатма олгандим. Хароми “қулоқ”лар товуқ патидек юлиб-юлқилаб ташлашди. Бахтни қаранг, шунда хатага пишиқ гавдасини ғоз тутиб Бегабоев кириб келди. Воқеани англагач, лахмачлардан нарсаларимни қайтариб олиб берди. Ва сўнг казаларни тиз чўктирди:
– Агар бу одамнинг дачкасига яна бир марта қўл чўзсаларинг, икковингни ҳам К.. қиламан! Уқдингларми?
– Ҳа,
– Ҳа.
– Қаранглар, чўчқа миялар!…
Ўшанда мен буни сенариялигини сезмаганман. Бегабоев арқонни узун ташлаган экан. Тобора ишончимга кириб бораверган…
Юқоридаги гап-сўздан кейин у камерага тез-тез кирадиган бўлиб қолди. Баъзан бирга чой ҳам ичардик. У ширинликни яхши кўрарди. Бир куни менга:
– Аёлим (Дилфуза) Марзия билан университет(ТошДУ)да бирга ўқиган, дугона, – деб гап очди.
– Мен уни танимайман, – дедим.
– Муҳаммад Солиҳнинг келини, Мақсуд Бекжоннинг хотини.
– Э, ҳа.
– Бошимга бу иш тушиши билан Муҳаммад Солиҳ Дилфузага 2 минг доллар (АҚШ) жўнатибди. Бундан ортиқ одамгарчилик бўладими? “Дўст оғир кунда билинади”, деб бекорга айтишмас экан. Энди мен Муҳаммад Солиҳни қўлламай, кимни қўллайман? Соғ-саломат қамоқдан чиқсам, у кишининг хизматида бўламан. Шоир одам ваҳший бўлмайди. Ҳозир мамлакатни кўрвотсиз. Алғов-далғов… Ишсизлик… Очлик… Репрессия… Эркаклар қамалвотти. Тўп-тўп бўлиб. Қўрқоқлар юртни ташлаб қочвотти. Ҳорижда сарсон юрганлар қанча? Миллионлар эмасми? Нага? Бир бўлак нон илинжида-да аёллар бузилиб кетвотти. Нага? Йўқлик шунга мажбур қивотти-да.
– Бундай гапларни қўйинг, Алишер. Деворнинг ҳам қулоғи бор. Сизни билмадиму, менга ёмон бўлади. Ўзи емаган сомса учун ўтирибман.
– Сиз ёмонламавотсизу, нага чўчийсиз?
– Тинч ўтирганга нима етсин, ука.
– Эл оғзида шу гапда, ока. Ҳаммани қамаб бўладими? Ҳамманинг оғзини ёпиб бўладими? Нима, буни сиз билмайсизми?
– Йўқ, билмайман.
– Ёлғон сўзламанг, кўнглингизни кўзингиздан кўрвобман.
– Илтимос, бундай мавзуда гаплашмайлик. Қўрқаман дедим-ку. Ўтинаман, – ўрнимдан қалқидим.
– Бўлди, ока, бўлди, – у бир дақиқа унини чиқармади. Кейин мендан илтимос қилди, – бир косачка сизга нима деган гап? Йўқ деманг, ока.
Уч кун ичида ёзиб бердим.
Тергов пайтларида, баъзан, Диндро паркидаги отишмалар “қаҳрамонлари” – Маҳмуд, Акбар, Авазлар билан қўнишиб қолардим. Бирда Аваздан Бегабоев тўғрисида сўрадим. У менга ўз фикрини айтди:
– Мент зотига ишонманг. Сиздан сир олиш учун турли гаплар қилади. Тепани ҳам, тузмни ҳам ёмонлайверади. Шунга дабро олган-да. Бу ер қамоқхона. Сал адашсангиз, жаҳаннамга кетасиз….
Шу-шу Алишер боягидақа гап қилса, ўрнимдан туриб кетадиган бўлдим. Лекин, у сабабли лахмачлардан қулоғим тинч эди. Шунга шукур қилардим…
Бегабоев мендан кейин қамоқдан чиқди. У Мавлон Умрзоқов билан бирга Косон (ўшанда куч ишлатар тизмлар зонаси Косонда эди) зонасида ўтирган. Алишер тепани, сиёсатни ланъатлаб, ундан гап олишга уринган. Мавлон Умирзоқов қатъий овозда Бегабоевга жавоб қайтарган:
– Каримов Ельцинга нисбатан ҳам иқтидорли раҳбар. Унинг ўрнида бошқа киши бўлганда, Ўзбекистон Афғонистондай гражданлар уруши ўчоғига айланарди. Бундай гапни йиғиштиринг. Очиқ айтсам, МХХ бошлиғи Ғулом Алиев об-ҳаво қилаяпти…
Бегабоев биздан кейин қамоқдан чиқди. Мавлон Умрзоқов билан бирга (бозор қилиб) унинг уйига ўтдик. Алишер аввалгидек тетик, кўркам, ўзини олдирмаган эди. Анча гаплашдик.
Шу-шу у билан борди-келдимиз узилмади. Бир куни Алишер мендан илтимос қилди:
– Мамадали ака, “Тико”ингизда Паркентга бориб келсак. Онамни соғиндим.
Бордик. Унинг озғин, ихчам жуссали, сўзлари жўяли онаси менга мунис аёлдай кўринди. Супада бир пиёла чой устида қўнишдик. Сўнг хайр-хўшлашиб, изимизга қайтдик. Қорасув бўйига етганимизда у:
– Бироз гурунглашсак, – деди.
“Тико”ни кимсасиз қирғоқда тўхтатдим. Кўкактлар устига ўтирдик.
– Эсингиздами, Мамадали ака, қамоқдан чиқсам, Муҳаммад Солиҳнинг хизматида бўламан, дегандим, – сўз бошлади Бегабоев, – Худо олдида болаларимни ўртага қўйиб қасам ичаман: Муҳаммад Солиҳга, сизга, Мавлон акага ҳеч қачон хиёнат қилмайман. Мен энди “Эрк” йўлидан бораман. Келажагимни, тўғрироғи, Ўзбекистон келажагини шунда кўраяпман.
– Ҳар кимнинг ўз йўли бор.
– Сизнингчи?
– Мен Муқанна ҳақида роман ёзаман.
– Бурчингизчи?
– Қанақа бурч?
– Бурчингизчи?
– Қанақа бурч?
– Мен сиз билан очиқ гаплашишни истайман, Мамадали ака. Сиз “Эрк” асозосисиз-ку?
– Янглишасиз.
– Муҳаммад Солиҳ ака билан яқинлигингизни ҳамма билади.
– Бу бошқа гап, Алишер. Мен уни миллий шоир сифатида ҳурмат қиламан. “Эрк” партиясига аъзо эмасман.
– Адашибман-да… бироқ барибир у кишига сўзингиз ўтади.
– Қайси маънода?
– “Эрк”га аъзо бўламан.
– Муҳаммад Солиҳ Ҳорижда, менимча, буни “ЭРК” партиясининг бош котиби профиссор Отаназар Орипов ҳам ҳал қилади. У Тошкентда.
– Отаназар акани танийсизми?
– Йўқ. Орқаворатдан биламан.
– Ҳар ҳолда Солиҳ аканинг ўзи-ўзи-да. Бироз пул ҳам олардим. Қарзга. Сизни ҳам, мени ҳам ҳеч ерга ишга олмайди. Бунинг устига назоратдамиз. Изимизда одам…. Ишлаб чиқариш қилардик. Собиқ ҳамкасбларимдан бири менга садоқатли. Унинг қўли билан иш қилардик. МВДга ким “ғинг” дейди?
– Мен пулли ишга аралашмайман.
– Бусиз иш битмайди. Ишлаб чиқариш қилсак, “Эрк”га таянч бўлади. У қанча бойиса, шунча кучга киради. Ҳамма гап шунда. Биз ҳам ёмон бўлмаймиз.
– Муҳаммад Солиҳ билан эскидан танишсиз. Нега мени орага суқаяпсиз?
– Сизнинг ўрнингиз бошқа-да, ока.
– Кўнглимга ўтирмаяпти, Алишер.
– Бунда криминал йўқ. Хўп денг. Қолаверса, буни икковимиздан бошқа ҳеч ким билмайди. Қорасув бўйида қасам ичдим-ку, ахир. Тирикчилик ҳам керак-да.
– Бегабоев билан ҳар учрашганимизда у шу масалада сўз очарди. Мен бундан зада бўлдим. Аммо, Алишер уйимга келишдан чарчамасди. Охири Муҳаммад Солиҳга телефон қилишга мажбур бўлдим.
– Алишер яхши йигит, – деди у гапимни эшитгач, – Мен ҳозир Киевдаман, келинглар, маслаҳатлашамиз.
– Сизга йўл очдим, – дедим уни ўзимдан соқит қилиш учун,– Бугуннинг ўзида ҳам учишингиз мумкин.
– Сизсиз иш битмайди.
– Мен назоратдаман. Ортиқча ғавғони кимга кераги бор?
– Солиҳ аканинг Киевдагилигини ҳеч ким билмайди. Украина даҳлсиз давлат. Бизни таъқиб этмайди. Бир ҳаво алмаштириб келамиз, Мамадали ака.
Киевга бормаслик учун қанча важ кўрсатмай, у: “Сизсиз бу иш амалга ошмайди”, деб оёғини маҳкам тираб олди. Охири:
– Муҳаммад Солиҳга Тоштурмадаги гапларингизни қилмайсиз, – дедим қатъий тарзда. – Ёзувчи халқи ёвузликни ёмон кўради.
– Яна қасам ичайми?
– Йўқ.
Учдик. Олти кун Киев нон-тузини едик. Бегабоев: “Эрк”га таянч” деб билган фирма масаласи оғзаки ҳал бўлди. Лекин Муҳаммад Солиҳ Алишерга:
– Ҳозир пулим йўқ, – деди, – Иншолло, кейин бир йўлини топарман.
– Олти кун ичида Бегабоев уч марта эрталаб чиқиб кетиб, кеч қайтди. Қаерга? Нимага? Сўрагандим, “Бир хахлушка билан танишиб қолдим”, деб кулди. Мен бунга бир ишониб, бир ишонмадим. Чунки унинг кўзида бунинг тасдиғини кўрмадим. Кўнглимда шубҳа уйғонди:
“Бизга қўйилганмикан? … Ўлдими?… Хотини Муҳаммад Солиҳнинг келини билан дугона. Оғир кунида Муҳаммад Солиҳ унинг жонига оро кирган. Икки минг доллар ёрдам қилган. Тағин кўмак бермоқчи. Шунда ҳам хиёнат этса, Яратганнинг қарғишига йўлиқади. Адашаяпман. У тоза йигит. Адашмасам-чи? Қўли ҳар ерга етадиган ишини тиклаш ниятида сотилган бўлса-чи? Ваҳима қилаяпман. Қамалган полис қайта тикланмайди. Тўғри. Лекин МВД: “Бизга хизмат қилиб юрасан, Солиҳ билан Маҳмудовни тузоққа илинтириб берасан, пичоғинг ёғ устида бўлади…” деган бўлсачи? Йўқ, янглишаяпман. Қорасув бўйида дахшатли қасам ичган. Одамга бола-чақадан ҳам азиз нарса борми? Қасам ёмон нарса. Сўзида турмаса, уради. Урганда ҳам қон-қақшатиб уради.
Давоми бор