O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон): “Қўрқоқнинг ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” (якуний қисм)

Мамадали Маҳмуд (Эврил Турон): “Қўрқоқнинг ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” (якуний қисм)
172 views
16 February 2015 - 2:12

5Темир панжаралар ортида  16 йилу 7 ой тутқинликда ўтирган истеъдодли ёзувчи, миллатпарвар Мамадали Маҳмудов (Эврил Турон) билан суҳбатнинг охири.

Юрт идораларида нафси ўпқон каслар илдиз отган дейишади.

Юрт идораларида ўз тилини билмайдиган, севмайдиган каслар илдиз отган дейишади.

Юрт идораларида миллатининг тайини йўқ каслар илдиз отган дейишади.

“Уларнинг сони қанча?”, деб сўрайман.
“Сонг-мингта” дейишади.
Баъзан кўзларини ёғ босган бу қалбсиз, дардсиз, тўмтоқ башараларни “очун кўзгуси”да ҳам кўриб қоламан. Уларнинг ҳамдга қотилган, чайналган, қуруқ, сохта, тузсиз гаплари энсамни қотиради. “Фақат менга шундай туюладими?”, деб ўйлардим. Янглишибман. Кўп оқил кишилар ҳам шундай фикрда эканлар.

Айни шу маддоҳлар Ўзбекистон ўсувига тўсиқ бўлмаяптими?
Айни шу олчоқлар юртни ғарот этмаяптими?
Айни шу мунофиқлар юқори ва қуйи оралиғида жар ҳосил қилмадими?
Айни шу туллаклар эл силласини қуритмаяптими?
Бунинг оқибатида элда:
Сочилиш,
Бузилиш,
Ўзини-ўзи ўлдириш ҳоллари юзага келмаяптими?

Рауф Парфи, Чўлпон Эргаш, Маъруф Жалилларни очдан ўлган дейишади.

Балки, бу ёлғондир?

Балки, буни ёзарлар ўзича тўқигандир?

Билмадим.

Оллоҳ билгувчи. Оллоҳдан буюк қудрат йўқ.

Халқ қонини ичиб, силласини қуритаётган муттаҳамларни туб-томирлари билан қўпориб ташлаш, улардаги беқиёс мол-мулкларни (бу – эл мол-мулклари) қонун йўли билан олиб, жабрдийда эл аҳволини яхшилаш ва юрт истиқболи йўлида ишлатиш лозим. Эшитишимча, ҳозир юқорида шунга уриниш бор…

“Қирол” Бахтига қайтаман. Ўрта бўйли, ихчам жуссали, кўзи одамга қадалиб боқувчи, жиддий қиёфали бу йигитга бўйнидаги йўғон олтин занжир, бармоғидаги гавҳар кўзли қалин, катта тилла узук ярашиб турарди. Мен уни қўноқ (меҳмонхона), шифохона ва ёки промка(саноат шаҳарчаси)га ёлғиз борганини кўрмаганман. Доим ёнида 10-15 нафар бақувват, келишган ўғлонлар бўларди.

“Қирол” Бахтининг даврида тутқунлар нисбатан эркин яшарди. Агарчи у диний, сиёсий маҳкумларни хушламаса ҳам, уларга ёмонлик қилмасди, секторлар очиқ эди. Полислар томонидан тазийқ, босим сезилавермасди ва уларнинг ўзлари ҳам кўзга чалинавермасди. Ҳар саҳн(сектор)да чойхона бўлиб, газ кеча-ю кундуз ўчмасди. Тутқинлар исташган пайтда чой, қахва ичишар ва турли таом ҳозирлаб ейишарди. Мабодо, мужик мужикка қўл кўтарса, ёки бири-бирини сўкса, “қирол” айбдорни аяб ўтирмасди. Эл ибораси билан айтганда, “онасини Учқўрғондан кўрсатарди”. Криса(қисматдошининг нарсасини ўғирлаган кимсани криса-каламуш дейишарди)ни эса қон қустирарди. Бирорта маҳкум “қирол” ёхуд унинг “апастол”ларини курсга қўймай, (ўзича, берухсат) штабга борса, уни уриб, эмаклатарди. Бошқа колониялардан этап бўлиб келган тутқунларни “қирол” ва унинг ёнидагилар бирма-бир текширувдан ўтказарди. Ичидан сотқин (Каза, лахмач, стукач) чиқса, уни уриб, (махсус тўқмоқ, таёқларда) синдириб ташлашарди. У ойлаб ўзига келмас ва кейин ҳам яккамахов бўлиб, чўрт(мужикларнинг энг тубани)дек хор бўлиб юрарди. Буни мен кўп марта гувоҳи бўлганман. Шу сабабларга кўра зона тинч эди. Мен буни ўзига хос тартиб-интизом шарофати, деб биламан. Бундай бошқарув ортида муассаса бошлиғи полковник Равинский (миллати яҳудий) турганини туйганман. У илимли, ишбилармон киши эди. Унинг оғзидан ножўя гап чиққанини эшитмаганман. Босимлар қуюнида … ишни бу тарзда олиб бориш – бошлиққа ҳам, “қирол”га ҳам осон кечмаган. Бу менинг нисбий фикрим.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА:  ИИВга қарашли муассасаларнинг ходимлари портретларига қандай чизгилар берган бўлардингиз?

Эврил ТУРОН: Мен бу саволингизга юқорида мисоллар билан жавоб қайтардим, деб ўйлайман. Унга қўшимча равишда яна, майли, шуларни қисқа баён этай. Ички ишлар ходимларисиз давлатни бошқариш қийин. Мумкин ҳам эмас. Шу сабабли, ҳар мамлакатнинг ўз ИИВси бор. ИИВ – халқ қўриқчиси, давлат таянчи. Лекин бор муаммо -сифатда. Бизда қонун йўли билан иш тутадиган, эл-юртига жон куйдирадиган, мустақил фикрли, тоза полислар озмас. Бироқ ўз нафси йўлида ўз лавозимини қурол қилаётган очофат, йиртқич, жоҳил миршаблар ҳам каммас. Улардан мосуво бўлмай туриб, жиноят йўлини кесиш қийин. Сифат ҳисобига тозалаш лозим. Ҳозир ҳукумат шунга сезиларли эътибор қарата бошлади.

Мен сангородда тўшакка михланиб ётганимда “ёвуз одам” сифатида “ном қозонган” бир катта зобит (Адашмасам, унинг оти Дилшод эди. Фарғоналик) шом маҳали 80 ёшдан ошган чолни уриб ( ўрнидан туриб, ҳурмат кўрсатмагани учун) қонга белади. Чол хушига келгач, қўлларини ёзиб, осмонга қараб, Дилшодни қарғади:

Илоҳо, Яратганнинг қахрига йўлиққин!
Палатамиздаги хасталар  “Омин” дейишди.
Шу куни тонгда Дилшод муассасага киришга ошиқади. Постда турган соқчи уни тўхтатишга уринади. Яъни расман 3 марта:
“Тўхта!”, дея огоҳлантиради. У тўхтамайди. Бунинг устига “Кўзинг кўрми, ман катта лейтенантман! Онангни с…” деб соқчини  сўкади. Ўз аскарлик қасамига содиқ қолган аскар автоматдан унга ўқ узади. Ўқ зобитнинг оғзи-бурнини бузиб ўтиб, орқа миясини қўпориб ташлайди.

Текширилганда, бу манфур зобитнинг чўнтагидан тахлам-тахлам героин чиқади.

Зарафшон колониясининг тезкор бўлими бошлиғи (исми эсимда йўқ. Самарқнадлик) тутқунларни одам ўрнида кўрмай, уриб, тепиб, таҳқирлаб, қутиргандан-қутириб борарди. Бир кечқурун номоз ўқиётган кекса кишини: “Пидараз!” деб сўкиб, оғзи-бурнига тепади. У хушидан айрилади. Ётоқдаги диний маҳкумлар зобитни қарғайди:
Қон қусиб ўлгин илоё!

Шу куни тунда ўз нексияси рўлида ўтирган  зобит Самарқнад йўлида катта машинанинг тагига кириб кетади.

Текширилганда, оғзи-бурнидан гупиллаб ароқ анқийди.

Чирчиқ (64/6) зонасининг тартибот бўлимида Илҳом отли ёш, озғин, чиройли лейтенант ишларди. Асосан, ўз нафси ўпқонига …. Бир нима ундириш илинжида тирноқ остидан кир қидириб, маҳкумларга осилиб юрарди. Айниқса, диний тутқунларнинг қонини ичарди. Яхши-яхши кийим-кечаклари(уйлардан келган)ни тортиб олиб, ўзларини ШИЗОга ёптирарди. Шўрликлар Худога соларди. Бундан бошқа қўлидан нима ҳам келарди?
Ҳар томони метин девор, тиконли сим, соқчилар билан ўралган бўлса?

Ширавой(томирларига шприцда гироин урувчи бангилар)лар Илҳомни “Наркоборонча” дейишарди. Бироқ бу гап ўз исботини топмасдан у рихлатга кетди.

Қандай?

Илҳом муассасанинг ташқаридаги ётоқхонасида ётиб юрган. Тунда шприцда ўз томирига героин урган.

Тушга яқин унинг ўлигини ваннадан топишган.

Бу гап яшин тезлигида зонага ёйилди.

Ширавойлар ачинди:
Ўзимизнинг бола эди!… Эсиз!
Ундан  зор қақшаган маҳкумлар ушбу гапни айтишди:
Қарғиш урди. Оллоҳ ҳақ!

Мен бу мисолларни бежиз келтирмадим. Сабаб шу: Ўзбекистон зоналарида, умуман, ИИВ ходимлари ичида қонунни қалқон қилиб, қон ичадиган қонунбузарлар озмас. 6-муассасанинг ўзидан Дониёр, Элдор, Суҳроб, Қанот, Рашан, Шурик каби бир қанча зобитлар пора билан қўлга олингани сир эмас. Юқорида мен сифат ҳисобига тозалаш керак дегандим. Бу иддомнинг мағзини энди чаққандирсиз?

Ислоҳ ҳаводек лозим.

Бу – жамият кирларини тозалашга омил бўлади.

Бу – ўз Ватанига, ўз миллатига хизмат қиладиган ғайратли, илимли, тоза полислар ўрдусини вужудга келтиради.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА:  Қамоқдаги энг азобли онларингиз ҳақида яна нималар деган бўлардингиз?
Эврил ТУРОН: Буни эслашнинг ўзи оғир. Осмонни бутунлай қуршаб олган қора булутдан-да оғир. Ўтган ўтди. Уни эслаб, мажруҳ юрагимни баттар қонга ботиришни истамайман, узр. Бироқ мен учун дажжолий қийноқлардан ҳам оғир бўлган, бўлаётган мана бу нарсани ўла-ўлгунимча унутмайман. “Бўзбўри”, “Қутирган ит”, “Синиқ қалб” романларимни тортиб олишди, ўғирлаб кетишди. Яна 21 та ҳикоямни ҳам йўқ этишди.

Бу – мен учун ҳар қандай азоб ва қийноқдан оғир.

Бу – мени уч марта ўлиб, тирилишимга сабаб бўлди.

Уч марта инфаркт олдим.

Ҳозир бунинг азобини чекаяпмна.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқларга барҳам бериб бўладими?
Эврил ТУРОН: Модомики, Ўзбекитсон ўзини демократик давлат деб ҳисобларкан, Оврупа, Америка қамоқхоналаридан андоза олиши лозим. Яъни:
Режимни ўзгартириши керак.
Кадрларни янгилаши керак.
Юқорида қайд этилганидек, ислоҳ лозим.
Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: – Мамадали ака, олдиндан қамалишингизни сезганмисиз?
Сезган бўлсангиз, ҳорижга чиқиб кетишни, бирор бир мамлактадан сиёсий бошпана олишни ўйлаганмисиз? Ўйлаган бўлсангиз ҳам чиқиб кетаолмаганмисиз?
Эврил ТУРОН: – Бир куни менга Ўзбекитсон телеведениеси бошлиғи Абдусаид Кўчимов ўз уйида: “Муҳаммад Солиҳдан узоқ юринг, Мамадали ака!, – деди, – Бўлмаса, бошингизга бало орттирасиз.”
– Ҳамма ўз йўлига, Абдусаид, – дедим, – Мен оғир дамда дўстим-ку дўстим, душманимни ҳам ташлаб кетмайман.

Абдусаиднинг гапи таъсирими, шундан сўнг ён-атрофимга қараб юрадиган одат чиқардим. “Қўрққанга қўша кўринади” дейишади. Кўзимга ҳар хил шарпалар кўринадиган бўлиб қолди.

Оқибатини юқорида айтганман. Яъни менинг уйимга “Эрк” газетасини ташлаб кетишган. Аммо этаги очилиб қолган… Шунга қарамай, мени 6 сўм 30 тийин билан қамоққа олишган.
Қочиш хаёлимга келган. Бунга имкониятим ҳам бўлган. Икки-уч марта Чимкентга борганман. Дўстларим ҳорижга кетишимни маслаҳат беришган. Киевда Муҳаммад Солиҳ ҳам шу фикрни айтган. Бироқ қочишдан ўзимни тийганман. Балки, юртим азизроқ кўрингандир? Бола-чақам тақдирини ҳам ўйлаганман, албатта.

Малоҳат ЭШОНҚЛОВА: Ҳориждан бошпана олмаганингиз учун ҳам 16 йил 7 ойни қамоқда ўтказганингизга ачинасизми?
Эврил ТЎРОН: Албатта куйинаман, қаттиқ куюнаман. Аммо тақдирдан қочиб қутилиб бўладими, Малоҳат? Чет элга кетмаганим ҳақида ҳам ўйлайман. Балки, кетмай тўғри қилгандирман? Бу ҳам бир қисматда, синглим. Бироқ ҳозир: “Ҳорижда бирор муддат даволансам, соғайиб кетарман?” деган фикр кўнглимда йўқ эмас.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Умрининг 16 йил 7 ойини тиконли симлар ортида ўтказган иқтидорли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг юртига кўпроқ нафи тегдими,  ёки ўз вақтида сиёсий бошпана олганда унинг ўз халқига кўроқ фойдаси теккан бўлармиди? Умрингизни беҳуда бой бериб, ютқазиб қўмадингизми?

Эврил ТУРОН: 16 йил 7 ой умримни елга совурдим. Соғлиғимдан айрилдим. Умрим ҳам поёнига етиб қолди. Афсус!… Агар қамалмаганимда, албатта, элимга, юртимга арзигулик ишлар қилардим деб ўйлайман. Умрни орқага қайтариб бўлмаслигидан ўкинаман.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Қамоқхоналарда умрларини азоб-уқибатда ўтказаётган қисматдошларингизга истагингиз борми?
Эврил ТУРОН:  Яратган Эгам уларга сабр берсин, чидам берсин. Пушкиннинг ушбу тўртлиги фикримни тўлдиради:
Агар сени алдаса ҳаёт,
Сен умидсиз бўлма ҳеч қачон.
Ғамгин кунга чидагин фақат,
Ёруғ онинг келар бегумон.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Қайси бир асарингизда “Қўрқоқнинг Ватани ҳам, миллати ҳам бўлмайди” деб ёзгансиз. Шунга изоҳ берсангиз.

Эврил ТУРОН: Қўрқоқнинг Ватани ҳам, миллати ҳам – қорни.
Еб тўймас қорни. Эл-юрт бойлигини таг-туги билан еса ҳам тўймас қорни.
Бундай кас ўз нафси ўпқони учун ҳар қандай замонга буқаламундек мослашади. Доим “думини ликиллатган” ҳолда оёқ ялашга мойил туради. Замон ўзгариши билан ўзи сажда қилиб келган саждагоҳини сотади.

Ватанини сотади,
Миллатини сотади,
Динини сотади,
Худосини сотади.

Буни СССР замонида кўрдингиз.

Мустақилликка эришганимизда эса, “бир юмалаб” миллий қиёфага кириб олди. Инсон қиёфасидаги бу шайтонлар замон ўзгариши билан ўзгараверади. Улар учун муқаддас нарса – қорни.
Фақат қорни,
Фақат қорни.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА:  Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат, Мамадали ака. Ҳамиша соғ-омон бўлинг. Сиздан ўлмас асарлар кутиб қоламиз.

Эврил ТУРОН: Раҳмат, синглим.

Малоҳат ЭШОНҚУЛОВА: Қадирли ўқувчи, ўзбек халқининг миллий қахрамони, миллий ёзувчиси Мамадали Маҳмудов билан кечган суҳбатдан ўзингизга керакли нарса олишингизга шубҳа қилмайман. Зеро мен буни келажак авлодга ҳам бир тирик тарих сифатида етиб боришига ишонаман.

Тангри сизу, биздан, элимиздан ўз меҳри-муҳаббатини аямасин, омин.

Тамом