O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МАМЛАКАТДАГИ ВАЗИЯТ ТАҲЛИКАЛИ!

Мамлакатдаги вазият борган сари издан чиқиб кетаяпти. Вилоятлардаги ҳокимларнинг бугунги кундаги энг асосий вазифаси бир нарса: ПАХТА бўлиб қолган. БУГУН Бутун мамлакат аҳолиси учун ялпи САФАРБАРЛИК эълон қилинган.

МАМЛАКАТДАГИ ВАЗИЯТ ТАҲЛИКАЛИ!
32 views
18 September 2011 - 5:18

Мамлакатдаги вазият борган сари издан чиқиб кетаяпти. Вилоятлардаги ҳокимларнинг бугунги кундаги энг асосий вазифаси бир нарса: ПАХТА бўлиб қолган. БУГУН Бутун мамлакат аҳолиси учун ялпи САФАРБАРЛИК эълон қилинган.

Ҳар йили бўладигандек бу йил ҳам бу ПАХТА КАМПАНИЯСИНИНГ ўз қурбонлари бор. Аввалига сурхондарёлик бир фермерни бир бақироқ ВИЛОЯТ Ҳокими мажлисда, кўпчилик олдида(бу ҳам барча туман ва вилоятларда Мирзиёев кўрсатган ана шунақа бақириш, сўкиниш ва ҳатто одамларни кўпчилик олдида уриш ва тепкилаш туфайли одатий ҳолга айланиб бўлган!) уни сўкиб, пахта масаласида қаттиқ уришган, кейин эса Туман Милиция бошлиғига буйруқ бериб(Бундай зўравонлик ноқонуний бўлсада бу ҳам одатий ҳол!)фермерни залдан тўппа тўғри изоляторга судраб кетишган.

У ерда бечора фермер ўз жонига қасд қилган ва нима сабабдан бундай қилганини ёзиб қолдирган. Оддий сабаб, бу унинг кўпчилик олдида ва ҳеч бир асоссиз қаттиқ таҳқирланиши ва иккинчидан унинг пулини бермасдан. у илтимос қилган ёнилғи ва мой топишда ёрдам бермасдан уни ўта ночор аҳволга солиб қўйиб, кейин ундан у бажара олмайдиган нарсаларни талаб қилишлари уни ўз жонига қасд қилишга мажбур қилган.

Иккинчи фожеа ҳам пахта сабабли. Андижон вилоятида биринчи курс талабасини пахта даласида юқори курс талабалари уриб ўлдиришган.

Кўп йиллик тажрибадан маълумки. айнан пахта кампанияси даврида қизларни ўз ўқитувчилари ва зўравон талабалар томонидан зўрлаш ҳоллари ҳам кучайиб кетади.

Бу фақат қисқа 10 кун ичидагина руй берган ва бизга етиб келган энг фожеали, ўлим билан тугаган маълумотлар холос.

Бошқа маълумотлар ҳам кўп. масалан журналист Елена Бондарнинг сабабсиз айбланиши, икки ҳуқуқ ҳимоячисини айнан пахта кампаниясида болалар мехнатини текширишга боргани учун ушланиши каби маълумотлар ҳам келиб турибди.

Агар вазиятга кенгроқ ёндошадиган бўлсак, мамлакатда борган сари бошболдоқлик, зўравонлик(ҳам ҳокимият вакилларининг, ҳам милициянинг, ҳам айрим фуқароларнинг) ҳоллари кучайиб кетмоқда.

Ҳар бир ҳокимият вакилининг ўз билганича, ҳеч нарсадан тап тортмай зўравонликлар қилиши, истаган қонунни истаганича бузиши ва бундай қонунбузарликлар ва зўравонликлари учун Каримов ёки унинг атрофидаги олий мақомли раҳбарлардан ҳеч қанақа дакки эшитмаслигини аниқ билгани учун ҳам бундай ишлар кучайиб кетмоқда.

Аксинча, бундай зўравонликлар олий ҳокимият вакиллари томонидан ими жимида қўллаб қўвватланади аслида! Чунки Олий ҳокимият вакиллари ночорлик, қашшоқлик ва адолатсизликлардан жони ҳиқилдонига келиб қолган халқ истаган пайтда, қаттиққўллик жилови сал қўйворилса халқ ғалаёнлари бошланиб кетиши мумкинлигини сезиб туришибди.

Бир мисол: Яқинда Ургутдаги бир бозорни 15 км тоғ томонга кўчириш учун туман ҳокими бошқариб турган милиция зўравонликларига қарши ўртаҳол ишбилармонлар оддий сотувчилар билан биргаликда кескин бош кўтаришган. Иш ҳатто милиция билан муштлашишгача борган, бир сотувчи аёлнинг қўли синган, кўплар, шу жумладан милиция ходимлари ҳам калтак ейишган…

Эртасига туман хокимини ҳовири пасайиб, ОМОНни ўрнига оддий милисаларни у ерга яна юборган ва охир оқибатда бозор барибир кўчирилган.

Умуман мамлакатда бозорларни ёппасига, эски, халқ кўникиб қолган 50…100 йиллардан бери турган жойидан бошқа, халқ эмас ҳокимият танлаган жойларга кўчириш ҳам одат тусига кириб бормоқда. Бу эса фуқаролар учун кўп қийинчиликлар туғдирмоқда.

Навбатдаги хокимият бузғунчиликлари дарахтларга қарши ҳужумлардир.

Ўзбекистондек иссиқ ўлкада дарахтларнинг нақадар мўҳимлигини ўзларининг кондиционерлар ўрнатилган муздеккина хоналарида ўтириб уларни ёппасига кесдиришга буйруқ бераётган вазирлар ва ҳокимлар тушунмайдилар. Ўзбекистон ҳукуматининг дарахтларга қарши кураши уларнинг Табиат ва фуқароларга қарши оғир экологик жиноятлари деб таърифланиши лозим ва бу учун жавобгар шахслар жиноий жавобгарликка тортилишлари керак!

Ана шу каби оғир муаммоларнинг кучайиб ва кенг тус олиб кетаётгани бир нарсадан ишора бермоқда: Мамлакат бошқарувининг марказий ҳокимият томонидан қонунларга асосланган ҳолда бошқарилиши кескин издан чиқиб кетмоқда. Бундай ҳоллар илгари ҳам бор эди албатта аммо бугун бу кенг тус олиб кетмоқда.

Бунинг асосий сабабларидан бири бу диктатор Каримовнинг қарилиги, беморлиги ва ҳолсизлиги туфайли шундоқ ҳам зўравонлик ҳукмрон мамлакатда бу зўравонликларни янада кучайиб кетаётганлигидир.

Диктатор Каримовнинг буйруқлари, якка бошқарувига ва биргина унинг зўравонликларига ўрганиб қолган вазирлар ва ҳокимлар энди унинг кучсизланиб бораётганини кўриб ва сезиб туришибди. Шу сабаб энди уларнинг ўзлари зўравонликни борган сари кучайтирмоқдалар.

Бу ҳолатни Армиядаги «дедовщина»га тенглаштириш мумкин. Унинг маъноси шуки, Армияга чақирилган аскарлар ёппасига биринчи ярим йили «қари» аскарлардан калтак, тепки еб, улар нимани буюрса, ўша нарсаларни бажаришга мажбур бўлиб яшайдилар. Аммо орадан ярим йил ўтгач янги аскарлар келиши билан уларнинг ҳаёти сал бўлсада енгиллашади. Чунки энди қулдек эзилиш навбати ана шу янги келганлар зиммасига тушади. «Дед»лар «дембел» бўлишади(демобилизация, яъни уйга кетиш) ва 1..1,5 ярим йил хизмат қилганлар «дед» бўлишади. Кечагина ўзлари «зеленый» бўлганлар энди “дед” бўлиб олишадида, илгари ўзлари қандай азоб чеккан бўлсалар энди улар ҳам янги келганларга худди ўшандай азоб берадилар. Айрим зўравонликка ўч муттаҳамлар эса янада ошириб зўравонликлар қила бошлашади ва натижада ҳар йили Армияда бир неча ўнлаб аскарлар оғир жароҳатлар оладилар, айримлари ҳатто қийноқлардан жон таслим қиладилар ҳам.

Ўзбекистоннинг бугунги ҳукумати “дед”лардан ташкил топган Бандитлар Тўдасини ўзи бўлди, қўйди. Аввал бир “дед” бор эди ва у қарийб ҳамма вазирлар ва ҳокимларни уришиб, сўкиб ва ҳатто тепиб “тарбия” қилар эди. Бугун ана ўша, бир пайтлар бақувват “дед” бўлган Каримовдан калтак еган, сўкиш эшитган вазирлар ва ҳокимлар энди бу шарти кетиб парти қолган “дед”дан қўрқмай қўйишган.

Энди бугун ўзлари “дед” бўлиб олган бу зўравон ҳокимлар ва вазирлар ўзлари бир пайтлар еган калтаклар ва сўкинишларни ўчини оддий фуқаролардан, фермерлардан, завод ва фабрикаларни ва ҳатто мактабларни директорларидан олишмоқда!

Уларни мушугини “пишт” дейдиган одамнинг ўзи йўқ атрофда! Республика бош прокурори тепага, Каримовга қараб иш кўради ва у ўз ташаббуси билан бирорта бўлсин жиловини йўқотиб қўйган вазир ёки ҳокимни танобини тортиб қўя олмайди.

Вилоят прокурорлари ва вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқлари вилоят ҳокимларининг, туман прокурорлари ва туман ички ишлар бошқармаси раҳбарлари эса туман ҳокимларининг югурдакларига айланишган.

Хўш, бундай вазиятда бирор фермер, директор, ўқитувчи ёки ўқувчини калтаклаётган ҳоким ёки прокурорни бирор милиса ходими тўхтата оладими? Бир оддий милисани бир зўравонни, у ҳатто ҳоким бўлса ҳам, шартта қўлидан ушлаб, унинг зўравонлигига қарши чиқишга, уни тўхтатишга ҳадди сиғадими?

Оддий халқнинг ғамини еб, халқ ва қонун тарафида туриб ишлайдиган ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишига қарши дадил туриб қарши чиқадиган ва фуқароларнинг ҳақ ва ҳуқуқларини қонун, адолат ва хизмат вазифаси юзасидан ҳимоя қиладиган бирорта милиса борми бугун Ўзбекистонда?

Каримов илгарилари эрталабдан “разборка” ўтказар эди, яъни ҳамма ҳокимлар, вазирлар, бош директорларни телефон орқали обдан сўкиб хумордан чиқар, уларни шу йўллар билан бошқарар эди.

Энди қариб қолган диктаторнинг эрталабки телефонлари жирингламай қўйган, гоҳи гоҳида у телефонда айрим ўзига яқин бўлган ҳокимларга ҳирқираб у , бу нарсани сўраган бўлади холос. Товушлари эшитилмай қолган, дўқ пўписалари борган сари камайиб кетган диктаторнинг вазирлари ва ҳокимлари бугун ўз жиловларини борган сари йўқотиб қўймоқдалар.

Ўзларининг талантлари ва билимлари туфайли эмас балки лаганбардорликлари, таниш билишлари, пора беришлари ва ялтоқхўрликлари сабабли вазирлик ёки ҳокимлик курсиларини эгаллаб олганлар, ўз соҳасини юзаки биладиган, умрида Конституция ва қонунларни очиб ўқиб кўрмаган ва уларни заррача бўлсин ҳурмат қилмайдиган раҳбарларнинг бугун куни туғди.

Улар бугун мамлакатни бошқариш, фуқаролар ҳаётини яхшилаш каби маъсул ишлар билан эмас, балки ўз ҳаётларини янада яхшилаш, янада бойроқ бўлиш, иморатларни янада гўзалроқ қуриш, бола чақалари, қариндош уруғларини аҳволларини янада яхшилаш каби ишлар билан банд бўлиб қолмоқдалар.

Шу сабаб бизни курашимизнинг янги босқичга ўтиш вақти келмадикин?

Ёки мен вазиятни нотўғри талқин қилаяпманми? Ватан ичидагилар, сизлар нима дейсизлар? Менинг четдан туриб кузатишларим тўғрими?

Сизлар ўз фикрларингизни бу ерда ўз номингизни кўрсатмасдан қолдиришингиз мумкин. Улар мен ва бошқалар учун ўта мўҳим. Балким кемани ортиқча чайқатишнинг ҳожати йўқдир? Ёки аксинча, кема чўкиб кетаётган бўлса, тезроқ чўкаётган инсонларга ёрдам бериш керакдир?

Мени кузатишларимга қараганда мамлакатдаги вазият кундан кунга издан чиқиб кетаяпти. Агар бизлар Вазият буткул издан чиқиб кетишини кутиб ўтирсак, у ҳолда мамлакатда тўсатдан кенг қамровли фожеалар юз бериши мумкин.

У ҳолда тўсатдан кўтарилган халқ ғалаёнларини бошқаришни иложи бўлмаслиги хавфи кучлидир. Ундан кўра режали равишда халқ норозилигини тўғри тайёрлаш ва уни бутун мамлакат миқёсида амалга ошириш ҳақида фикрлашиш керак деб уйлайман.

Шведларнинг бир ўткир гапи бор. Улар бирор инсоннинг ҳаётида бирор таҳликали вазият юзага келганини кўришса ундан:”Har du råd att tolerera detta?” деб сўрашади. Бунинг маъноси: Сенинг шу қалтис вазиятни кўтаришга, шунга чидаб яшашга қурбинг етадими? – деганидир. Бошқача қилиб айтганда улар “Наҳотки шундай таҳқирлашларга чидаб яшайверасан? Эй, ҳайф сенгаей!” демоқчи бўладилар аммо уни юқоридагидек маданиятлироқ қилиб айтадилар ҳолос.

Ҳўш, биз, Ўзбекистон фуқаролари, ҳокимлар, вазирлар, прокурорлар ва милисаларнинг мана шунақа зўравонликларига ва бизларни таҳқирлашларига чидаб яшайверишга ҳаққимиз борми?

Сиз нима дейсиз?

Ҳазратқул Худойберди
2011-09-18