Расмий версияга кўра, ўтган йилнинг охирида Ўзбекистонда бошланган “режимни кучайтириш”га халқаро экстремизм хавфи сабаб бўлди. Милиция ижарадаги хонадонларни бирма-бир текширмоқда, кўчада йўловчиларни тинтув қилмоқда, бемаҳалда юрганларни ёппасига қўлга олмоқда. Тошкентдаги “комендант соати” аслида қандай амалга оширилади, кўчадан кимлар милиция бўлимига олиб кетилмоқда, уларга қандай чора кўрилмоқда? Бунга муштарийларимиздан бири аноним тарзда жавоб беради.
“Ҳикоя қилганларимнинг ҳаммаси ҳақиқат.
Ўзбекистон – менинг ватаним. Тошкент шаҳрида туғилиб ўсганман, ўқиганман, университетни тамомлаганман. Мен ўзбекман.
“ИГИЛ-контроль”
Ҳозир бошқа мамлакат фуқаросиман. Аммо иш юзасидан Тошкентга кўп келаман. Бу сафар ҳам қариндошларим ва бизнес ҳамкорларимнинг таклифига кўра, 2015 йилнинг 30 декабрида янги йилни кутиб олиш учун келдим.
Қўнганимиздан сўнг аэропортда паспорт назоратидан ўта бошладим. Навбатда турган вақтимда юкларни бериш хонасидан аёл кишининг бақир-чақири эшитилди. Аёл “Менга барибир, жонимга тегдиларинг!” деб шовқин соларди. Паспорт назоратидан ўтгандан кейин бир тўда одамлар юклари билан қандайдир хонанинг олдида туриб, навбатма-навбат киришаётганини кўрдим. Аёл кишининг овози қаердан келганини англадим. Аэропортдан чиққанимдан кейин тушунганим шу бўлдики, бу хонада “ИГИЛ-контроль” ўтказилиб, барча шубҳали шахслар сўроқ қилинар экан.
Хуллас, янги йилни нишонладик. 2016 йилнинг 1 январида эса дўстларимнинг таклифи билан Тошкентнинг қоқ марказидаги ресторанга бордим. Соат 23:00 да ресторан ёпилди, биз эса ташқарига чиқдик. Биз маст эмасдик, умуман спиртли ичимлик ичмадик, бор-йўғи кечки овқатни шу ерда еб, уй-уйимизга тарқалмоқчи эдик. Эрон элчихонаси ёнидаги кўчада кетаётиб, такси тўхтатдик.
Кутилмаганда, олдимизга такси эмас, “OTOYOL” туридаги автобус келиб тўхтади, ундан милиционер чиқиб, паспортларимизни кўрсатишни талаб қилди. Менинг паспортим ёнимда эди, кўрсатдим. Дўстимнинг паспорти ёнида эмас экан, аммо у ҳам Тошкентнинг марказида яшайди.
Милиция ходими бизнинг тушунтиришларимизга қулоқ ҳам солиб ўтирмасдан, мажбуран автобусга чиқариб, ТИИБ (РОВД) га йўл олди. Бизни тутиб туришга нима асос борлигини сўрасак, милиция КОМЕНДАНТ СОАТИГА ЎХШАГАН ҚОНУН АМАЛ ҚИЛАЁТГАНИ ВА 23:00 ДАН КЕЙИН КЎЧАДА ЮРИШ МУМКИН ЭМАСЛИГИНИ айтди.
Комендант соати уруш ёки фавқулодда ҳолатлардагина жорий қилинади деб ўйларканман, аммо тинчлик пайтида, байрам пайтида ҳам бунақа чоралар қўлланар экан. Бизни қўлга олишга асос бўладиган ордерни кўрсатишни талаб қилганимизда, милиция ходимлари бизни сўроқ қилгандан сўнг қўйиб юборишларини, хавотирга ўрин йўқлигини айтишди. Амалда қонунлар қандай ишлашини билганим учун вазиятни таранглаштиргим келмади ва дўстимни қаршилик кўрсатмасдан автобусга чиқишга кўндирдим.
“Милиция, планни бажар!”
Йўл-йўлакай автобуснинг темир панжара қопланган деразасидан кузатиб келдим, милиция ҳар қандай пиёданинг олдида тўхтаб, суриштириб ўтирмасдан автобусга тиқарди. Автобусда ўтириб, милиционерларнинг “одам йиғиш плани тўлмаётгани” ҳақидаги суҳбати қулоғимга чалинди. Йўл бўйида такси тўхтатаётган одамлар автобусни кўриши билан қочаётгани, автобус яқинлашганида тўхтаган таксига шошиб чиқиб олаётганини кўрдим.
Буларни кўриб, ҳайратга тушдим. Илгари бунақа ҳолатни мардикорларда кўргандим, худди шу тарзда милиция автобуси келиб, уларни олиб кетарди. Энди бўлса ҳаммани шунақа қилишяпти, бу ким, қаерга, нимага кетаётгани ҳеч кимни қизиқтирмайди! УМУМАН ФАРҚИ ЙЎҚ. Ҳаммани ушлашяпти!
Автобусда пиёниста ва бошпанасиз одамлар ҳам бор эди. Автобуснинг орқа ўриндиқларида маст одамлар жимгина ухлаб ётарди. Қолганлар эса ичмаган, шунчаки иш бўйича қаёққадир кетаётганлар эди. Милиция планни бажариши керак, шу сабабли ҳамма ёқдан одам излади. Ҳатто уйидан нон олишга чиққан кишини ҳам ушлаб олишди. Бу кишининг ҳам паспорти йўқ экан, у автобусда ўтириб, энди уйга қандай қайтишни ўйларди. Чунки ёнида фақат нонга етарли пули бор экан!
“Автобус” планни бажаришга етадиган одамни йиғмагани учун, милиционерлардан бири кафе ёнида тўхташни маслаҳат берди, чунки у ерда “доим одам кўп бўлади”. Автобус кафе ёнида тўхтади, учта милиционер ичкарига кириб кетди, биз ёпиқ автобус ичида қолдик.
Беш дақиқадан сўнг улар қайтиб чиқди, ҳар бирининг қўлида озиқ-овқат ва нон солинган пакет бор эди. Ҳеч кимни ушлашмабди. Ҳамма автобусга ўтириб, энди тўғри РОВДга йўл олдик.
Йўл-йўлакай ўртоғим танишларига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрай бошлади. Бошқаларга ҳам ҳеч бўлмаганда яқинларига қўнғироқ қилиб, вазиятни тушунтиришига имкон берилди.
Ушлаб келтиришга сабаб топиш
Бизни РОВДга олиб келишди. У ерда яна элликтача одамни кўрдим, ҳаммасини сўроқдан ўтказишаётган эди: бармоқ изларини олиб, ён тарафидан, рўпарадан суратга олишарди ва ҳоказо. Скамейкаларда мастлар ётарди. Ўртоғим ҳам шу жараёндан ўтказилди. Ёнида паспорти бўлмагани учун оғзаки маълумотларини ёзиб олишди. Менга навбат келганида, бошқа мамлакат фуқароси эканимни кўриб, бошқа хонага боришим кераклигини айтишди.
У хонада ҳеч ким йўқ экан. Мен қайтиб келиб, у ерда ҳеч ким йўқлигини айтдим. Улар умуман мужмал вазиятга тушиб қолишди, хорижий фуқарони нима қилишни билишмасди. Мени қандай расмийлаштириш кераклигини бир-биридан сўрашарди. Бирма-бир менинг олдимга келиб, ичган-ичмаганимни сўрашарди… Мен ичмаган эдим, шунинг учун ҳаммасининг тарвузи қўлтиғидан тушди. Мени қўйиб юборгилари келарди-ю, аммо қўйиб юборолмасди. Чунки ҚЎЛГА ОЛИНГАНМАН, АММО БУНГА САБАБ ЙЎҚ. Сабаб ўйлаб топиш керак эди.
Пировардида, автобусда биз билан келганларнинг ҳаммасини қўйиб юборишди. Ўртоғим ҳам кетиши мумкин эди, аммо мени қўллаб туриш учун ёнимда қолди. Энди нима бўлишини кутиб, кўчадаги скамейкада ўтирдим. Милиционерлар ўзаро суҳбатда ҳозир яна битта автобус келиши кераклигини, шунинг учун бинодан олдингиларни чиқариб юбориш кераклигини айтишарди. Шуни тушундимки, бу автобуслар худди жамоат транспортига ўхшаб, шаҳар бўйлаб қатнайди, фақат одамларни уйига эмас, турмага олиб келади. Яъни, бу автобуслар бир нечта бўлиб, улар жадвал бўйича кўчалардан юриб, жадвал бўйича РОВДга келади. Менинг тушунчамга кўра бу ўтакетган бемаънилик ва аҳмоқликдир. Бу милиционерлар ўз ишини қанчалик билиши ҳақида гапириб ҳам ўтирмайман: бу алоҳида муҳокамага лойиқ мавзу.
Бир соат кутганимдан сўнг, менинг муаммоимни ҳал қилиш керак бўлган одам келди. Паспортимни олиб, ўзининг кабинетига кириб кетди. Эшигини ёпмагани учун нима қилаётганини кўриб, гапларини эшитиб турдим. Паспортимни роса варақлади, визаларимни диққат билан текширди, яна бир марта саҳифаларини қараб чиқди, кейин турли жойларга қўнғироқ қилиб, сўрай бошлади. Кейин кабинетидан чиқиб, паспортимни бошқа ходимга берди ва мени бир нечта милиционерлар ўтирган бошқа хонага олиб борди. У ерда фуқаро кийимидаги 22-23 ёшдаги ходим ҳам бор эди, у мени кўриб “қувониб кетди”. Кейин бошқа ходимлардан менга нисбатан баённома тузиб, депортация ҳақида қарор чиқаришни талаб қила бошлади. ДЕПОРТАЦИЯ!!!
Тушунтириш хати
Бу йигит милиция ходимларининг жонига теккани кўриниб турарди, ҳҳеч ким унга қулоқ ҳам солмасдан, ўз ишлари билан машғул эди. Яна ҳамма паспортимни йигирма марталаб текширишга тушди, бошқа жойларга қўнғироқ қилиб сўрай бошлашди ва ҳоказо. Паспортни менга қайтаришди, кейин олишди, яна беришди, яна олишди. РОВДда ҳеч ким менга нисбатан қандай йўл тутишни билмасди. Бу менинг ғазабимни қайната бошлади!
Менинг масалам ҳал бўлавермаганидан кейин, ўртоғим кутишдан чарчади ва паспортимни олиб, туман милиция бўлимининг бошлиғи билан гаплашгани кириб кетди. Бу суҳбатдан кейин аниқ бўлдики, мен Ўзбекистон ҳудудида рўйхатдан ўтмасдан 5 кун давомида бўлишим мумкин экан. Бу хулосадан милиция ходимлари ва айниқса фуқаро кийимидаги анави ифлоснинг ҳафсаласи пир бўлди. Мен Ўзбекистонда уч кундан бери юргандим, менга ҳаттоки расмиятчилик учун ҳам ҳеч қандай айбни ёпиштиришнинг иложи йўқ эди. Аммо бўлимга олиб келинганимни асослаш керак эди, шунинг учун мен 23:00 дан кейин кўчада юрганим учун айбдорлигим ҳақида милиция ходимлари томонидан огоҳлантирилганим тўғрисида тушунтириш хати ёзишни талаб қилишди…
Бу жиннихонанинг чиқиш эшигига бордим, ташқарида қариндошларини кутиб турган одамларни кўрдим. Бизни кўрганлар қўлимизни сиқиб, бу ахмоқликдан қутулганимиз билан табрикларди.
Мана сизга юриш эркинлиги, мана сизга яшаш эркинлиги.
Тамом!
Ўқувчингиз
Манба: “Фарғона” АА