O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МАНҚУРТЛАРНИНГ УЙҚУСИ…

МАНҚУРТЛАРНИНГ УЙҚУСИ…
329 views
26 April 2012 - 10:39

Бир шоирга шеър нималигини ўргатишга уриниш тўғрими ёки нотўғрими? Шеър агар бир лирик хомхаёллик ўрнида кўриладиган бўлса, албатта шоирга шеър нималигини ўргатишга ҳожат қолмайди. Чунки хомхаёлликнинг чегараси ҳам, қадри ҳам йўқ. Аммо шеър ҳақиқатни ифодалаш санъати ўрнида кўриладиган бўлса, бундай шеърни тушунмайдиганларга (шоирми, шеърхонми) уни тушунтиришга уриниш фойдали иш ҳисобланади. Чунки бу ҳолда шеър восита, мақсад эса ҳақиқатдан иборатдир…

Шоир Холдор Вулқон ўз усули ва овозига эга ижодкордир. Унинг ҳофиз Шерали Жўраев қўшиқ қилиб айтган анчагина таъсирли “Ватан” шеъри ҳам бор. Унда шоир ватан учун ҳар қандай фидокорликка ҳозир эканлигини таъкидлашга уринган…

Бўлмасин оввора ёв, ойболта қайраб қатлима,
Токи борсан, сенла мен ҳам ўлмас омонингман ватан.
Юртда Вулқон чўққидек бошим булутлардандан баланд,
Ёв учун мангу ўтиб бўлмас девонингман ватан…

Ушбу сатрларда “ойболта”, “қатл”, “ёв” сўзлари бор экан, демак шоир Холдор Вулқон уруш ва қон тўкиш тарафдоридир, деган иддоани айтиш қанчалик кулгули гап бўларди? Бундай иддоага ҳеч ким ишонмаслигининг сабаби ушбу шеърнинг қон тўкиш ҳақида эмаслигидир. Гарчи ушбу шеърда умумийлик ва ҳатто мавҳумлик (абстрактлик) мавжуддир. Чунки шеърда қайси ватаннинг қайси аҳволидан баҳс этилаётганига аниқлик киритилмаган. Шунчаки ватан ҳақида эҳтиросли ҳис туйғулар ифодаланган бу шеърда…

Шундай ватанинг бўла туриб,

Ёзасан юлдузлар ҳақида,

Чароғон кундузлар ҳақида,

Қошлари қундузлар ҳақида.
Ушбу сатрларни ўқиган киши беихтиёр қандай ватан ҳақида сўз кетмоқда ўзи, дейди. Бу шеър сўнгги ўттиз йил ичида ўзбек деган халқнинг ва Ўзбекистон, деган ватаннинг адабий ва сиёсий ҳаётида марказий ўринлардан бирини олган шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳнинг қаламига оиддир. Бу шиор ва сиёсатчи ҳақида сўнгги 30 йил ичида шунчалик кўп яхши ва ёмон гаплар (туҳмат ва иғволар) айтилди ки, улар орасида шоирнинг ижодини ва сиёсатчининг сиёсатини излаб топишнинг ўзи қийин бир вазифа ҳолига келиб қолди.

Шундай ватанинг бўла туриб…

Бу шеър 1986 йилда ёзилган. Яъни, Горбачев бошлатган “қайта қуриш ва ошкоралик” сиёсатининг иккинчи йилида ёзилган. У пайтлар ўзбекларнинг бир асл, бирда қўғирчоқ ватани бор эди. Асл ватан СССР, қўғирчоқ ватан эса Ўзбекистон…

Россия, Россия, менинг ватаним,
Мен сенинг ўғлингман эмасман меҳмон.
Сенинг тупроғингда улғайди таним,
Ҳозирман сен учун бўлмоққа қурбон…

20 аср ўзбек шиорларининг пешқадамларидан Ҳамид Олимжон Ўзбекистон деган ватаннинг аслида йўқлигини, асл ватаннинг Россия эканлигини шу шаклда дабдабали куйлаганди. Бундан фарқли ўлароқ, 1960 йилларда адабиёт майдонига чиққан Абдулла Орипов “Ўзбекистон” шеъри билан ўзбекларнинг ўз ватани борлигини эслашга уринганди. Аммо “Нажот қалъаси” сифатида ўша паайтда маркази Москва бўлган коммунистик мафкурани танлагани учун бу шоирнинг ҳақиқий ватан ҳақидаги мисраларини жиддий қабул қилиш имконсизди…

Шундай ватанинг бўла туриб…

Қандай ватанинг бўла туриб? СССР деган қизил империя таркибида сохта ватанинг бўла туриб…

Ёзасан юлдузлар ҳақида,

Чароғон кундузлар ҳақида,

Қошлари қундузлар ҳақида.

Чингиз Айтматов бизларга “Манқуртларнинг” кимлигини ўргатганди. Манқурт сохта ватани бўла туриб, ўзини бахтиёр ҳисоблайдиган ва “юлдузлар ҳақида,чароғон кундузлар ҳақида, қошлари қундузлар ҳақида” шеър ёзадиган, бундай шеърларни севиб ўқийдиган, қўшиб қилиб куйлайдиган ва бундай қўшиқ мусиқасига ноз билан билан рақс тушадиганлар тоифасидир…

Шундай ватанинг бўла туриб,

Коинот ҳақида сўйлайсан.

Тошга уриш керак бўлган бошни

Гулчамбар учун шайлайсан…

Эй манқурт, шундай ватанинг бўла туриб, қайси юз билан коинотдан сўз юритмоқдасан?. Ҳолбуки, сен ўзингга ватан, дея берилган шу коинотнинг кичик бир парчасига хиёнат қилдинг. Бу хиёнатингнинг моҳиятини тушунганингда, ҳеч шубҳасиз бошингни тошга урган бўлардинг. Аммо сен бу сотқин, ақлсиз, галварс бошни Ленинг мукофотини, Комсомол мукофотини, яъни советларнинг гулчамбарини тақиш учун шайлайсан…
Шундай ватанинг бўла туриб,

Қурол йўқ қўлингда.

Албатта, манқурт бўлганингдан кейин, сенга советларнинг ифлос кўчасини супуриш ярашади. Зеро, қурол, агар у адолат ва эркинлик учун қўлга олиниши керак бўлса, манқуртларга эмас, адолат ва эркинлик мардларига ярашадиган воситадир. Ҳа, қурол бир воситадир. У адолат, эркинлик, ҳуқуқ ва фуқаровийликни ҳимоя қилишда ишлатиладиган сўнгги восита бўлгани каби, зулм, ҳуқуқсизлик, диктаторликни қўришда ишлатиладиган биринчи ва асосий воситадир. Шунинг учун ҳам ҳозирги Ўзбекистоннинг диктаторлик режимининг асосий воситаси ўзбекларга қарши қаратилган, Ислом Каримовнинг миршаблари ихтиёридаги тўппончалар, калашниковлар, 2005 йилда Андижонга “пойга қўйган” танклардир…

Шундай ватанинг бўла туриб,

Қўрқасан ўлимдан!

(1986)
Баттар бўл, эй манқурт! Сен ўз қафасингда, ўзлигингдан бегона, ўзгаларга қул, ҳаётнинг маъносидан бехабар “яшамоқдасан”. Ҳамда шу “ҳаётинг” учун ўлимдан қўрқасан! Баттар бўл, эй манқурт!

Муҳаммад Солиҳнинг ушбу шеъри таъсирида инсонларимизнинг бир қисмининг манқурликдан қутилганига менда ҳеч қандай шубҳа йўқдир. Ушбу шеър Ўзбекистон деган ватаннинг мустақиллигини ҳимоя қилиб ёзилган энг яхши адабий асарлардан биридир…

Аммо бугун 2012 йилнинг апрели, бу шеър ёзилгандан бери 26 йил ўтди. Ва бу шеърни шоир Холдор Вулқон “Муҳаммад Солиҳ қуролли уруш тарафдори” (www.muvozanat.info, http://zamondosh.com/), дея ёзган мақоласига асос қилиб кўрсатмоқда…

Мен бу сатрларни Ослода, ҳали баҳор яхши етиб келмагани учун бироз совуқ хонамда чопонимни елкамга ташлаган ҳолда ёзмоқдаман. Маълумки иккинчи жаҳон урушида Норвегия Оврупонинг кўпгина давлатлари қатори Ҳитлер фашистлари тарафидан босиб олинган ва норвегиялик ватанпарварлар фашистларга қарши қўлларига қурол олиб, ўз ватанларини ҳимоя қилгандилар. Холдор Вулқоннинг юқоридаги иддоаси “эй норвегияликклар, сизлар бекорга Ҳитлерга қарши қўлларингизга қурол олгансизлар”, деган маънони билдирмоқда…

Ёки эй диктатор Ислом Каримов, сиз ўзбек халқига қарши ўз миршабларингиз қўлидаги тўппончалар, калашниковлар,танкларни тўғри ишлатдингиз. Баракалла, шундай зулм сиёсатингизни давом эттиринг, ўзбекларни қаманг, ўлдиринг, қиринг, нима қилсангиз қилинг, аммо ўзбеклар “манқуртликдан” чиқмасинлар, деган маънони билдиради…

Ҳолбуки, Холдор Вулқон 2005 йилги Андижон қирғини баҳона бўлиб, муҳожирлик имконини қўлга киритганлардандир. Ҳолбуки, босаверса, қурбақа ҳам вақ, дейди. Аммо Холдор Вулқоннинг ушбу иддоаси бугун Сурияда қатлиом қилинаётган инсонларга “сизнинг диктаторингиз Башар Асад сизни қириб ташлашга ҳақлидир, сиз эса бу золимга қарши намойиш қилиш ҳаққига ҳам эга эмассиз”, деган маънони билдиради…

Қурол золимлар учун илк, мазлумлар учун сўнгги воситадир. Фақат бугун дунё бўйлаб террор эстираётганлар, ушбу дунё террорини тўхтатишни истаганларни террорист эълон қилмоқдалар. Ажиб дунё бўлди бугунги дунё…

Шоир Холдор Вулқон “Муҳаммад Солиҳ қуролли уруш тарафдори” мақоласи билан ўзининг адабиётнинг ҳам, сиёсатнинг ҳам ҳақиқатидан қанчалик узоқ эканлигини кўрсатган, деб ўйлайман. Қолаверса, бугун Муҳаммад Солиҳни кимлардир тошбўрон майдонига чиқартишга уринмоқдалар. Холдор Вулқоннинг ушбу мақоласи ҳаётини ва ижодини эркинлик ва адолат йўлига бағишлаган Муҳаммад Солиҳга тошбўрончилар отган тошлардан биридир. Шунинг учун ҳам Холдор Вулқон ушбу мақолани ёзгандан кейин кечалари ҳеч безовта бўлмасдан уйқуга кетиши мумкин. Чунки уйқуларнинг энг роҳатлиси манқуртларнинг уйқусидир…

 

Намоз Нормўмин, 26 апрель 2012 йил.