Муҳаммад Солиҳ
ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(9)
МАНҚУРТЛИК МАФКУРАСИГА ЖАВОБ
Совет империяси турли маданиятлардан битта “совет маданияти”, турли миллий менталитетлардан (зеҳниятлар) битта
“совет менталитети”, ва оқибат ўлароқ, турли миллатлардан битта “совет халқи” яратмоқ истаган эди.
Советларнинг бу мафкурасини шартли равишда манқуртлик мафкураси дейиш мумкин. Бу мафкура дунёнинг олтидан бирини эгаллаган совет империясида яшовчи юздан ошиқ миллат ва элатларни битта казармада яшатиш учун асосий қурол эди. Бу қурол воситасида миллатлар онгидан тарихий илдизлар суғуриб олиниши лозим эди, миллатлар ўзларини “совет халқи” ҳис қилиши учун уларнинг империя ташқарисидаги барча илдизлари болталаниши лозим эди.
Бу миллатлар тарихи мустамлакачи миллат тарихидан анча Кўҳна эди. Кучли анъанага эга бўлган бу зеҳниятни йўқотмай туриб, “совет халқи”ни яратиш қийин эди. Шунинг учун, империя биринчи босқичда, бу қадим миллатлардан яп-янги миллатлар ясашга қарор қилди.
Туркистон шу усулда бешта жумҳуриятга ажратилди ва бу жумҳуриятларга бешта “янги” миллат номлари берилди.
Ваҳоланки, Туркистонда (ўз номи айтиб турибди) энг қадимий миллат – турклар яшар эди. Ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз -булар битта ота-онанинг фарзандларидир – турклардир.
Турк халқларининг бирлиги ҳамиша қўшни миллатларга таҳликали кўринган.
Қадим тарихдан бери бизга “бўл ва бошқар” сиёсатини Хитой юритган эди. Туркистон рус мустамлакасига ўтганидан кейин бу сиёсатни чор Русияси, кейин советлар юрита бошлади.
Биз бугун мустақил бўлдик, Оллоҳга шукр, Туркистон жумҳуриятлариниинг БМТда битта эмас, бешта байроғи ҳилпираб турибди ва ҳеч кимда ягона Туркистонни янгитдан тиклаш нияти йўқ, аммо қўшниларимиз ҳамон таҳлика ичида яшаётган кўринади.
Туркистон жумҳуриятларининг баъзи лидерлари эса, бу “таҳлика”ни қандай бартараф этишни ўйламоқда, шекилли. Собиқ “оға”ларимизнинг олдида ўзини оқлаш учун улар ўз миллати тарихидан воз кечишга ҳам тайёрдирлар.
“Ўзбекистон овози” газетининг 20 январ сонида босилган “Ўзбек халқининг келиб чиқиши тарихи” мақоламиз собиқ “оға”ларимизни юпатиш учун ва айни пайтда уларга лаганбардорлик руҳида ёзилган бир мақоладир.
Мутаққақ Ўзбекистон раҳбарияти кўрсатмаси билан ёзилган бу мақола муаллифлари “оғалар, қўрқманг, Туркистон халқлари ҳеч қачон бирлашмайди, биз ўзбеклармиз, қозоқлармиз, туркманлармиз ва асло турклар эмасмиз”, дея илтижо қиладилар.
Улар бу мақолада шоир ва ёзувчилар фикрига киноя билан қарайдилар ва ўзларидан бошқа тарих, миллат тўғрисида гапирса, уларнинг фикрига “ғайриилмий” тамғасини босадилар. “Афсуски, – дейди улар, – бу ҳолат (ўзбекни турк деб аташ) Ўрта Осиё тарихида йигирманчи йилларда, кейинчалик қайта қуриш йилларида… эркин фикрлашга эрк берилган йилларда намоён бўлди”.
Яъни, “худога шукр, бу эркин фикрлаш йиллари тамом бўлди”, деган мантиқ чиқади бундан.
Майли, бу мантиқ мақола муаллифининг виждонига ҳавола. Мақолада бундан муҳимроқ нарсалар бор.
Олимлар шундай деб ёзадилар: “Ўзбеклар, баъзи бировларнинг ноилмий фикр юритишларига қарши ўлароқ, турк эмас, туркийзабондир”.
Бундай қип-яланғоч фикрни ҳатто ашаддий душманларимиз ҳам айтгани йўқ эди. Ҳатто улар ҳам ўзбекнинг асли турк эканини қийналиб-қийналиб изоҳ этишга мажбур бўлгандилар.
Агар ўзбеклар турк бўлмаганда эди, руслар пантуркизмга қарши курашни айнан Ўзбекистонда бошламаган бўлар эдилар.
Олим-мухолифларни қўйиб турайлик, ҳатто телба-тескари гаплари билан машҳур бўлган шовинист туркшунос Жириновский ҳам ўзбек тарихини бизнинг академикларимиздан яхшироқ билади. Жириновкий ўз интервюсида шундай деган эди: “Ўзбек деган миллат йўқ, Ўзбекистонда туркларнинг қабилалари бор, холос, уларни бир-бирига уриштириб қўйилса бас, олам гулистон.”
Албатта, Жириновский “турк қабиласи” ибораси билан биз ўзбекларни ҳақоратламоқчи бўлган. Аммо “турк” калимаси биз учун ҳақорат эмас, шарафдир. Бунга шовинист “ўзбекшунос”нинг фаросати етмайди, албатта.
Бунга зиёлиларнинг фаросати етаяптими?
Оллоҳга шукр, етаяпти.
Ўзбекнинг кимлиги хусусидаги баҳс бугун эмас, кеча эмас, балки академикларимиз ёзганидай, 20-чи йилларданоқ бошланган.
Лекин академиклар 20-чи йилларда бу хусусда баҳс қилган зиёлиларнинг отларини айтишдан қўрқишади. Чунки, уларнинг номлари миллатимиз севган номлардир.
Ўзбек буюк турк дарахтиниинг катта бир шохи эканлигини 20-чи йилларда бизнинг жадидларимиз айтган. Шу боис Абдулҳамид Сулаймон Чўлпон, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар Қори, Мустафо Чўқай, Абдурауф Фитратлар рус мустамлакачилари томонидан “пантуркистлар” дея аталиб, “шунга яраша” жазо олган эдилар.
Аммо ўзбекнинг “турк ёки турк эмас”лиги баҳсини жадидлар эмас, рус мустамлакачилари бошлаб берган эди. Зотан, жадидлар учун ўзбекнинг кимлиги ҳеч қачон сир бўлмаган.
Ўзбекнинг кимлигини совет даврида ҳам, бугун ҳам айтаётган миллиятчи зиёлиларимиз бор.
Ўзбекнинг кимлигини сирга айлантиришга уринаётганлар, юқорида айтганимиз, мустамлакачилар мафкурасидир.
Бу мафкура тутқинлари бўлмиш академиклар А.Асқаров ва Б.Аҳмедовлар ўзбекнинг турк эмаслигини исбот қилиш учун мақоласини рус олими С.Толстов фикри билан бошлайдилар:
“Ҳозирги замон Ўрта Осиё халқларининг биронтаси ҳам қадимги этник гуруҳларга бориб тақалмайди, уларнинг шаклланишида ерли халқ ва кўчиб келган халқлар ўз аксини топган”.
Хўш, айтингчи, ҳурматли академиклар, дунёда бошқа уруғлар билан қоришмаган бирор бир миллат борми? Бугун ўзини инглиз, франсуз, олмон деб атаётган миллатлар қонига бошқа этник гуруҳлар қони аралашмаганми? Бугун ўзини Туркия турклари деб атаётган миллат қонига-чи?
Бизга бир тоза қонли халқни топиб беринг-чи.
Тополмайсиз.
Ҳатто орада бекиниб олган япон миллати ҳам ташқи этник таъсирдан қутилиб колмагандир.
Фақат ирқчиларгина миллатни қон билан белгилайди.
Бизнингча, миллатни қон эмас, балки бошқа нарсалар белгилайди: миллат дегани тил бирлиги демакдир, урф-одат яшаш тарзи, зеҳният бирлиги демакдир.
Бундан беш аср аввал бобомиз Мир Алишер шундай хитоб қилган эди:
“Гар қавм юз йўқса, мингдур,
Муайян турк улуси манингдур”.
Академиклар мақоласида айтгандай, “туркийзабон улус” эмас, турк улуси, демоқда Навоий. Ёки Навоий ҳам шоир бўлгани учун ҳам ҳиссиётга берилганмикин?
Ҳўп, ҳиссиёт “ғайриилмий” бўлса, кам ҳиссиётли бир тарихий шахс сўзларини келтирайлик:
“Биз ким мулки Турон,
Амири Туркистонмиз.
Биз ким, миллатларнинг энг қадими,
Энг улуғи – Туркнинг бош бўғинимиз”.
Бу сўзларни бобомиз Амир Темур айтганлар. Ўзини “туркийзабон” эмас. Турк демоқда аждодимиз.
Академиклар ўқувчини у қадар оми санайдиларки, “турк” деганда фақат Туркия туркларини англатмоқ истайдилар.
Ваҳоланки, ўзбеклар ўзини Туркия туркидан келиб чиққанмиз деётганлари йўқ, аксинча, Туркия турклари Туркистондан чиққанлар, демоқда.
Академиклар ўзбек тили хусусида ҳам содда муғомбирлик қиладилар: “ўзбек тилини соф турк тили деб бўлмайди”, дея иддао этадилар.
Уларга яна Навоий сўзи билан жавоб берамиз:
“Турк назмида мен тортиб чўҳ қалам,
Айладим ул мамлакатни як қалам”.
Дейди буюк шоиримиз.
Бугунги ўзбек тили -буюк турк тилининг том марказини ташкил қилади.
Нега?
Бугунги қозоқ, қирғиз тиллари асосида қипчоқ лаҳжаси ётади, бугунги туркман, озари, Туркия турклари тиллари асосида – ўғуз лаҳжаси, бугунги уйғур тили тамалида эса, қарлуқ лаҳжаси ётибди.
Бугунги ўзбек тили тамалида ўша саналган учта – қипчоқ, қарлуқ, ўғуз лаҳжалари – ҳаммаси мавжуддир. Шу боис, бугунги ўзбекчамиз турк тилининг қоқ марказидир, ҳурматли олимлар. Ёки тилимиз сиз айтгандай, “Туркий тиллар негизида шаклланган” бир янги тил эмас, турк тилининг ўзгинасидир.
Тан олиш керакки, кирил алифбоси қабул қилинганидан кейин ўзбекчамиз сезиларли даражада лат еди ва турк тили табиатига хос сингармонизм қонуниятлари бир қадар бузилди, аммо тилимиз омон қолди. Буни билиш учун академик бўлиш шарт эмас, ўз она тилида ўқиш, ёзиш керак, холос.
Абдулҳамид Чўлпон Туркияга ҳеч қачон сафар қилмаган, аммо унинг Туркия туркчасида ёзилган ўнлаб шеърлари борҳурматли академикларимиз шу шеърларни ўқиганда эди, Туркия туркчаси билан ўзбек туркчаси ўртасидаги фарқ фақат талаффуз ва баъзи янги яратилган неологизмларда эканлигини англаган бўлур эдилар. Аммо улар бу шеърларни ўқишни истамайдилар, бутун дунё илмини Толстов, Якубовский ёки бошқа мустамлакачи мафкура соҳиблари асарларидан ахтарадилар.
Шунга қарамай Асқаров ва Аҳмедов мақоласида бир бошқа ғаройиб нарса бор. Улар келтирган тарихий манбаълар ўзбекларнинг турк эмаслигини исботлаш ўрнига, турк эканлигини қатъий ҳужжатлар билан исбот қилади. Мақола бошида айтилган “ўзбеклар турк эмас, туркийзабон” қабилидаги яланғоч жумладан бошқа бирорта ҳужжат муаллифларга хизмат қилмайди. Лекин бу яланғоч иддаони ҳам бир неча савол билан чил-парчин қилиш мумкин:
– Сиз ўзбекларни Шайбонийхон билан келган қабила дейсиз ва улар Туркистондаги ерли халқ билан қоришиб кетди, дейсиз. Хўш, ерли халқнинг исми нима эди? “Туркийзабон” дейсиз, аммо бундай бир миллат тарихда йўқ-ку?
– Сиз “сарт” деган қалимани қўллайсиз. Аммо сарт ҳам миллат эмас, шаҳарлик кишиларга қўйилган лақабдир.
– Яна бир жиҳат: Сиз “ўзбек” термини этимологиясини Олтин Ўрда хони Ўзбекхонга боғлайсиз. Хўш, ўзбек сўзининг ўзи қаердан келган?
“Ўзбек” баъзилар тушунган “ўзи ўзига бек”дан эмас, балки “оғузбек”, яъни ўғуз беклари номининг сўнгги кўринишидир.
Демак, ҳатто “ўзбек” калимаси тарихи ҳам сиз айтган тарихдан анча қадимийроқдир.
Бу тарихни янада чуқурлаштиришимиз мумкин: юнон тарихчиси Ҳерадот битикларида ёзилган “қадим узлар” (древные узы) ҳам – ўғузлардир.
Ниҳоят, бу кўчиб келган ўзбеклар ва кейин уларнинг номини олган ерлилар (туркистон сартлари) ўзбек номини қайси ном билан аталар эдилар?
Сўғдми, массагетми, сакми, форсми – қайсиниси сизга хуш келади?
Бизни битта ном билан атанг, токи биз осмонда муаллақ қолмайлик!
Ҳа, бизнинг қонимизда сўғднинг ҳам, массагетнинг ҳам, сакнинг ҳам қони бўлиши мумкин. Аммо бизнинг қонимизда асос ўлароқ қадим турклар – хунлар ва кўк турклар қони оқаяпти. Буни яхши билинг.
Академикларимиз ўз ғоясини исбот қилиш учун ўзбекнинг жисмоний суврати хусусида сўз юритадилар. Ҳа, миллатимиз сувратида андронов типи ҳам, монголоид типи ҳам учрайди. Аммо миллат инсоннинг бош суягига қараб белгиланмайди. Андронов ва монголоид типлари ирқ масаласидир.
Миллат тушунчаси эса, ирққа нисбатан анча кенг тушунчадир. Биз икки минг йил давомида турк деб аталган миллат тилида гапираяпмиз, шу миллат урф-одатлари ила яшаяпмиз ва ўзимизни ўзбек турклари, деб биламиз ва бундан фахрланамиз.
Ўзини турк деб билган боболаримиз Алишер Навоий, Амир Темур, Заҳириддин Бобур, Маҳмуд Қошғарий ва ўнлаб буюкларимизнинг манқуртликка қарши айтган яна кўп сўзларини келтиришимиз мумкин, аммо бундай баҳсга киришиш – шам ёқиб қуёшни ахтаргандай гапдир.
Агар сизлар ўзбекнинг турк аслидан эканлигини яширмоқчи бўлсаларинг, унда Тошкентда қад кўтарган Амир Темур ҳайкалини йиқитинг, чунки, Амир Темур ўзини турк, деб билган.
Агар сиз туркликдан уяладиган бўлсаларинг, буюк Аҳмад Яссавийни “бизнинг шоиримиз” деманг, чунки у ўзини турк деб билган, Алишер Навоий асарларини ҳам йўқ қилингиз, чунки Навоий ўз турклигидан фахрланган.
Бутун классик адабиётимизни, бутун қадим тарихимизни таъқиқлангиз, чунки, бу қадим адабиёт ва бу қадим тарих ўз турклиги ҳақида баралла гапириб турибди.
Сиз фақат Якубовский ва Тостов билан янги “миллат” яратинг, бу “миллат”нинг янги “тарих”ини ёзинг ва унинг жилдига “Манқуртлар тарихи”, дея ном қўйинг ва ўзингиз ўша “янги тарих”нинг қаҳрамони бўлинг.
Фақат, ўзбекнинг кимлигини яшириш учун деразамизга пардалар осиб, овора бўлманг. Чунки, миллатимиз тарихини нафақат бу николайдан қолган чирик пардалар билан, балки темир парда билан ҳам беркита олмайсиз.
Тарихимиз шу қадар порлоқдир.
1994. Январ.