“Мен ҳар йили Тошкент шаҳрининг “Ёлонғоч” мавзесидаги “Мардикор бозор”га келиб ишлайман, – дейди олий ўқув юртлардан бирининг талабаси қашқадарёлик Фазлиддин.
Ишлаб топган пулларимни “контракт” учун олийгоҳга тўлайман. Бу бозорда барча вилоятлардан келган мардикорларни топса бўлади. Булар ҳар қандай иш қилишга тайёр.
Яқинда мен иш кутиб тургандим, 35-40 ёшлар атрофидаги иккита йигит келиб “иш бор, бориб, ўз кўзинг билан кўришинг керак, юр” дейишди.
Мен улар билан бирга кетдим. Ҳамма томони чўл, овлоқ бир жойга бордик.
“Киссангда борини чиқар, чиқармасанг, шу ерда ўлдириб, гувоҳларсиз кўмиб кетамиз”, дейишди. Мен уларга қаршилик кўрсатмоқчи бўлдим, биринчи йигит бўғзимга пичоқ тиради, иккинчиси киссамдаги “сотка” телефонимни, 50 минг сўм пулимни олди, устимдаги янги кўйлагим ва шимимни ҳам ечди, ўзининг кийимбошларини ечиб ташлаб, меникини кийиб олди, мени шу аснода қолдириб кетворишди…
Шундан сўнг мен Келесдаги ИИБга шикоят ариза билан мурожаат қилдим, аввалига шикоят аризамни олишмади, сўнг мендан уларнинг кўриниши тўғрисида суриштиришди, мен айтиб берганим бўйича иккита фоторобот тузилди. Орадан 2 кун ўтиб бўғзимга пичоқ тираган жиноятчи топилди, иккинчиси эса қаергадир қочиб кетган экан.
ИИБидан топилган жиноятчи тўғрисида суриштирсам, олдин ҳам бир кишини пичоқлаб ўлдириб, қамоқда ўтириб чиққан экан.
Кейин мен ИИБидан тўғри “Мардикор бозор”га келдим, иш кутдим, иш тезда топилавермаганидан сўнг, вақтинча яшаб турган квартирамга кетдим.
Эртаси куни бозорга келсам, ўртоқларим, “Тез бу ердан кет, сени “шимон” қилганлар ахтариб юришибди” дейишди. Мен ИИБига бориб, “Нега жиноятчини қўйиб юбордингизлар?” десам, “Улар Қозоғистон фуқаролари, биз уларга нисбатан чора кўролмаймиз”, дейишди.
Ноилож уйга қайтдим, 10 кун кўчага чиқмай ўтирдим. Мана бугун, оч-яланғоч қолганим туфайли, иш қидириб яна шу бозорга келдим”.
Биз айрим туман, шаҳар ва вилоятлардан келган мардикорлар билан ҳам суҳбатлашдик. Улар бизга қуйидаги ҳолат юзасидан гапириб беришди. “ ИИБнинг ходимлари келиб, “Ҳужжатингни кўрсат” деб баҳона қидиришади ва қўлимизда бор пулларимизни тортиб олишади. Агар пул бермасак, ИИБига олиб боришиб, ҳибс қилишади. У ерда эса, “Эшматов Тошмат жиноят қилиб бизнинг қўлимизга тушди, у тўғрида бизга маълумот беринг”, деб вилоят, туман ва шаҳарларга телефон қилиб, биз тўғримизда маълумотлар йиғишади. Маълумотлар йиғилгунча, бизга кўча супуриб тозалатишади ва яна бошқа нима иш бўлса қилдиришади.
Вилоят, туман ва шаҳар “Меҳнат биржа”лари томонидан берилган, “Тошкент шаҳрида вақтинчалик ишлаш учун”, дейилган гувоҳномани кўрсатсак, “Бу биз учун бир тийинга қиммат, қани пулдан чўз!”, деб ҳоли-жонимизга қўйишмайди.
Мустақиллик байрами яқинлашаяпти, шаҳарни “тозалаш” операциялари ўтқазилмоқда, “Мардикор бозор”дан ишни бошлашади, бу оперативниклардан ким қочиб қутулса яхши, қўлга тушиб қолса, куни битди деяверинг. Улардан қочиб, кун бўйи Тошкент кўчаларида тентираб юрамиз, қаерга боришимизни ҳам, кимга арз қилишимизни ҳам билмаймиз.
Ишга олиб кетиб, ишлатганидан кейин ҳам ҳаққимизни бермайдиганлар ҳам кўп учрайди”, дейди мардикор йигитлар.
Мансуржон Фозилжонов,
мустақил журналист.