O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Мардикор ишга чиқди, милиция “ов”га чиқди!

Тошкент шаҳрига келган ёш йигит-қизлар, талабалар ва мактаб ўқувчилари, иш излаб мардикор бозорларига ўзларини урмоқдалар. Уларни эса, ИИБининг ходимлари қўлларида дубинкалар билан, “очиқ юз” билан, “меҳмондўст” сифатида, “табассум” билан кутиб олишади.

Мардикор ишга чиқди, милиция “ов”га чиқди!
142 views
11 November 2012 - 12:22

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасида шундай дейилади:“Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонуларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари даҳлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас” (олинган манба: Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 5-боб, 2-бўлим, 9-бет).

Мустақил Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари олдида турган энг долзарб муаммоларидан биттаси бу – ишсизликдир. Ишсизлик даражаси Ўзбекистонда  кундан-кун авж олиб бормоқда.

Ҳозирги кунда фуқароларимиз ўртасида, ўз оила ва аъзоларини бир бурда нон топиш илинжида хамда  кундалик эҳтиёжларини қондириш мақсадида, Ўзбекистонда “кураш” кетмоқда.  Пойтахтимиз Тошкент шаҳрига, вилоят,  шаҳар, туман, ва қишлоқ хамда овулларидан келаётган фуқароларнинг сони кун сайин ва йилдан-йил ўсмоқда. Тошкент шаҳрига келган ёш йигит-қизлар, талабалар ва мактаб ўқувчилари, иш излаб мардикор бозорларига ўзларини урмоқдалар. Уларни эса, ИИБининг ходимлари қўлларида дубинкалар билан, “очиқ юз” билан, “меҳмондўст” сифатида,  “табассум” билан кутиб олишади.

Ҳар бир фуқаро Тошкент шаҳрига келганидан сўнг, унга қўйиладиган биринчи талаб: “Тошкент шаҳрида вақтинчалик  прописка қилиниши  шарт. Бўлмаса, уч кун ичида фуқаро, Тошкент шаҳрини тарк этмоғи “фарз” дейилмоқда. Тошкент шаҳрига келган ҳар бир мардикор йигит-қизларимиз, албатта ИИБининг тегишли идорасидан рўйхатдан ўтмоғи даркор. Фуқаронинг паспорти, расми, бармоқ излари ва имзоси асосида “СЎРОВНОМА” ташкил қилинади.

Бу ҳам етмаганидек, фуқаролар “Паннельний” вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига олиб борилиб,  у ерда Республиканинг  ИИБи томонидан суриштирилади. Фуқаронинг жиноят қилганлиги ёки бўлмаса, қидирувда бўлганлиги аниқланади. Шундан сўнг, “вақтинчалик озодсан” деб қўллига, “патта”сини бериб идорадан чиқариб юборишади… Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси “Фуқаро паспорти”нинг 33-бетида “Паспорт Ўзбекистон Республикаси Мулкидир. Ушбу паспортнинг эгаси Ўзбекистон Республикаси ҳимоясидадир” деб кўрсатилган бўлса-да, паспорти мавжуд бўлган фуқаро, албатта  Ўзбекистоннинг қаерида яшаши ва ишлашидан қатъи назар, у  Ўзбекистон фуқаросидир.

Ўзбекистонда бугунги кунгача давом эттиб келаётган собиқ Иттифоқдан қолиб кетган, эски “анъана”, сарқит, “ПРОПИСКА” масаласи фуқароларимизнинг ҳаётига  сунъий равишда қўйилган тўсиқдир. Ўзбекистонда бу масалага барҳам бериш вақти келмади-микин?

Оддий меҳнаткаш  ҳалқни эзиш, унинг ҳақ-ҳуқуқларини оёқ-ости қилиш ва унинг “қул” сифатида ишлатиш, унга нисбатан “монополист” сифатида қараш, у ким бўлишидан қатъи назар, бунга ҳеч қанақанги тўсиқ ёки ғов бўлиши мумкин эмас. Қонун нуқтаи назаридан келиб чиққан холда, фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва конституцияда кўрсатилган қонун асосида, яъни, Қомусимизнинг 22-моддасида кўрсатилганидек, “Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам ўз фуқароларини ҳуқуқий ҳимоя қилиши ва уларга ҳомийлик кўрсатишини кафолатлайди” дейилган бўлса-да.

Аммо… Лекин…

ИИБи томонидан қилинаётган қаттиқ таъқиб ва тайизиқлар туфайли, Тошкент шаҳридаги “ИБН-СИНО”, “ЎРИКЗОР”, “ФЕРУЗА”, ҚЎЙЛИҚ” каби мардикор бозорларида фуқароларимизнинг  катта трасса йўлларида кетма-кет,  “колонна” бўлиб, ўтаётган автомобиллар остида қолиб кетиб, ҳаётлари билан видолашмоқдалар.

Биз фуқароларимизни қийнаётган муаммолари тўғрисида, бугунги кунда Ўзбекистонда долзарб бўлиб турган ишсизлик юзасидан суриштирдик. Улар бизга қўйидагиларни гапириб беришди:

“Биз жойларда ташкил этилган, “Меҳнат биржа”ларидан рўйхатдан ўтганимиздан сўнг, улар бизга “вақтинчалик ишсиз гувоҳномаси”ни беришади. Бу ҳужжатларни кўрсангиз,  худди-ки, итларга берилган паспортга ўхшаб кетади. Фуқаронинг расми, Ф.И.Ш қайси манзилдан келганлиги кўрсатилади. Иш масаласига келсак,  ўзимиз иш қидирамиз.  Биржа  бизга ҳеч қанақанги иш топиб бермайди. Бу ерда Тошкент шаҳар хокимияти томонидан ташкил этилган, “ҳудуд” мавжуд. Яъни атрофи симлар билан ўраб олинган, “граница”да биз фуқаролар эртаю-кеч турамиз. Биржа ходимлари “шу жойда иш берувчи, клиентнинг ўзи келади. Сизлар билан учрашиб,  ишга олиб кетади” деб қуруқ ваъдалар беришади, Аҳир, келган клиент аввалом бор, бу ерга келмайди. Чунки, арзон ишчини атрофда юрган мардикорларнинг ичидан ўзлари излаб топишади. Агар биз шу жойни ташлаб чеккага чиқсак, албатта милиция ходимлари бизларни “панельний” деган авахтага олиб кетишади. У ерда боргандан сўнг, ота-онамиз ва қариндошларимизни чақириб олишиб, штраф тўлатишади. Нима эмиш? “Ўғлингиз, ишламасдан милиция ходимига бўйсинмаганлиги туфайли, ИИБи ходимларидан қочиб юргани учун, энг кам иш ҳаққининг фалон ва фалонигача штраф тўлаши шарт” дейишмоқда. Агар биз қўлимиздаги меҳнат биржасининг хужжатларини ИИБи ходимларига кўрсатсак, “бу билан орқангни тозала” дейди. Нима қилишимизни ҳам билмаймиз. Бизни ким ҳам ҳимоя қиларди? Кимга бориб мурожаат қилишимизни ҳам ўзимиз билмаймиз…”

Шу ўринда икки оғиз сўз: Мақоламизнинг “кириш” қисмини Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг моддаси ва банди билан бошлаган эдик. Хотима якун қисмини эса, “ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ УМУМЖАҲОН ДЕКЛАРАЦИЯСИ”нинг 23-моддаси билан якунламоқчиман: “Ҳар бир инсон меҳнат қилиш, ишни эркин танлаш, адолатли ва қулай иш шароитига эга бўлиш ва ишсизликдан ҳимоя қилиниш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон  ҳеч бир камситишсиз тенг меҳнат учун тенг ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир ишловчи киши ўзи ва оиласи учун инсонга муносиб яшашни таъминлайдиган адолатли ва қониқарли даромад олишга, зарур бўлганда ижтимоий таъминотнинг бошқа воситалари билан тўлдирувчи даромад олиш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон касаба уюшмалари тузуш ва ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун, касаба уюшмаларига кириш ҳуқуқига эгадирлар”. (Олинган манба: БМТнинг Ўзбекистон Республикасидаги Ваколатхонаси. Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси  Миллий  Маркази. Тошкент шаҳри, 1998 йил  33-бет).

Фахриддин Тиллаев
Ўзбекистон “Эрк” Демократик партиясининг Марказий Кенгаш аъзоси
uzbekistanerk.com