Мардикор ёлланма ишчи бўлиб, иш берувчи билан фақат иш ҳақи бўйича оғзаки шартнома тузувчи шахсдир. Иш берувчи мардикорни ишлатиб, шартлашган иш ҳақини бермаслиги ҳам мумкин. Нега-ки мардикор мамлакатида ҳеч қандай ҳуқуқий ҳимояга эга эмас.
Мардикор мамлакатимизда ишлаб чиқариш ривожи мутлақо йўлга қўйилмаганлиги ва ишчи ўринларининг йўқлиги оқибатидан вужудга келган ижтимоий қатламдир. Мамлакатдаги оммавий ишсизлик нафақат фуқароларимизнинг ижтимоий аҳволини оғирлаштираяпти, шунингдек уларнинг бошқа ҳаётий тушунчаларига ҳам, таъсир қилаяпти.
Ислом удуми бўйича ўғилнинг отадан бешта ҳақи бор:
-Туғилганда, яхши ном қўйиши,
-хатна(суннат)қилдириши,
-ўқитиши(имонга),
-касбга ўргатиши,
-уйлантириши.
Ота ўғилни уйлантириши билан ўз зиммасидаги оталик бурчини адо қилган бўлади. Яъни, ўз зурриётини ҳаётга узил кесил тайёрлаган бўлади. Энди келин ва куёвнинг ота оналаридан мустақил ҳаёт кечириши ҳар тамонлама мақсадга мувафиқдир. Шундан кейин ёш оиланинг кун тартибидаги биринчи масала кун кечириши учун ва уй-жой учун даромад топишидадир. Мамлакатда ишчи ўринлари керагидан бир неча баробар кам. Уй жой муаммосининг ечими фақат мамлакатнинг бугунги раҳбарияти алмашсагина амалга ошадиган фактдир. Бугун эса бу муаммо, телевизорларда рекламалардагина ҳал қилинган.
Янги қурилган оила аъзоларнинг кўпчилигида мардикорлик билан даромад топишдан бўлак имкон йўқ. Шунинг учун ҳам мамлакат ёшларининг аксарият қисмида олим, врач, инженер ёки журналист бўлишдек орзуларнинг пайдо бўлиши, ҳақиқатдан узоқдир. Юксак технология бутун дунёга тарқалаётган замонда, Ўзбекистон ёшлари ўқишни эмас, балки орзуларни чегаралаб, ўзини, оиласини пулсизликдан ҳимоя қилиш мақсадида мардикор бўлиш тақдирини танлайдилар. Ўзбекчиликда ҳалол мехнатнинг барча тури шарафлидир дейилади. Мардикорлар таркиби асосан ёшлардан ташкил қилади.
Мамлакатимизда ёлғиз оналар тушунчаси ҳам пайдо бўлган. Ёлғиз оналар ҳам пулсизлик муаммолари ечимини мардикор бозоридан излаяптилар. Жамиятда ёлғиз оналар қатламининг пайдо бўлиш сабабларидан бири ишсизликдан бўлса, қолгани эса жамиятдаги маънавий ва ахлоқий нормаларда урф одатларимизга зид жиҳатларнинг пайдо бўлаётганлигидандир. Жамиятимизда ахлоқий нормаларнинг бузилиш сабаблари қаерда? Мамлакатимизда дин, тарбия ва маъориф соҳаларидаги ўқув тажриба амалларида “юртбоши”мизнинг халқимизни “чегарадан” чиқиб кетмаслигини таъминлайдиган шахсий талаблари мавжуд. У кишининг истакларига қараганда ўзбек халқи чуқур маънавий билимга эга бўлмаса ҳам бўлаверади. Чунки етук маънавиятга эга бўлган инсонлар жамоасида, Каримовдай ўзбошимча раҳбар, аллақачон ўз хизмат лавозимидан ажралган бўлар эди. “Юртбошининг” бу талаблари, тахтда узоқ вақтлардан бери ўтиришини таъминлаётган омилдир.
Контракт усулда таълим олаётган талабалар, асосан ўрта ҳол оиланинг фарзандларидирлар. “Пул қўлнинг киридир”, деган нақл Каримов режимига жуда мос келади. Режим кўплаб ота -оналар иш фаолиятига салбий таъсир кўрсатиб, уларни бирданига контракт тўловларини тўлай олмайдиган қилаяпти. Шунда талабанинг контракт пулини топиш истаги, мардикор бозорларида реал амалга ошади. Талаба-мардикор, ўқишидан қолиб мардикорликда пул топади. Мардикор бозорларида, олийгоҳ талабалари сероб. Натижада ўқув программасининг тўла циклини ўтмаган талаба мутахасислик дипломни ҳам олади. Албатта, бу жамият ривожига зарардир.
Мамлакатимизда ишга яроқли аҳолининг 10% ишчи ўринларда иш билан машғул. Улар ўтаётган иш кунларига ҳақ оладилар . Лекин бу иш ҳақи оиланинг кун кўришига албатта етмайди. Шунинг учун кўпчилик ишчи ва зиёлийлар ишдан бўш вақтларида мардикор бозорда иш излайдилар.
Ўзбекистонда, мардикор деган захматли, тоза ва ҳалол касбни ўз тирикчилик манъбаи қилиб олган инсонларимизнинг умумий сони 7 миллиондан 10 миллионгачадир. Улар турли хил жамиятимиз қатламини ташкил қиладилар. Ҳозиргина кўриб чиққанимиздек,
1.Балоғат ёшидаги, ишлашни ҳоҳлаётган лекин иш топа олмаётган ёшлар.
2.Жамиятда, у ёки бу сабабларга кўра ёлғизланиб қолган оналар.
3.Кун кўриш муаммолари учун пулга зарур талабалар.
4.Корхоналарда ишчи ўринлари бўла туриб, лекин қўшимча даромад топишга мажбур бўлган фуқаролар.
5.Турли хил ёшдаги, пулга эҳтиёжи бўлган шахслар.
Мардикорлар армияси расман ишсиз, лекин оиласининг кун кечириш муаммоларини вақтинчалик иш фаолияти билан таъминлайдиган ва ижтимоий ҳимоясиз фуқаролардир. Сон жиҳатидан мамлакат ишга яроқли аҳолисининг асосий қисмини ташкил қилади. Иқтисодимизнинг ўтириб қолганига қарамасдан, четда ишлаётган мардикорлардан тинимсиз ва катта ҳажмда мамлакат ичкарисига валюта келиб тушаяпти.
Бугунги мардикор, эртанги инқлобий ўзгаришлардан кейин, мамлакатнинг иқтисодий салоҳиятини кўтарувчи тайёр ва кучли мутахасислар манбаидир. Эртанги куннинг келишига оз фурсатлар қолди. Мардикорларимиз кучини, яъни келажак шчилар кучини инобатга олувчи мамлакат тараққиёт режаларини ишлаб чиқишимиз зарур.
Аллоҳ, ниятларимизга ривож берсин.
Омин.
Джуманиязов Н. Р.
ЭРК ДП аъзоси.
Тошкент шаҳри, 16.12