МАРОЛЖОН ГАЛДИ
Қўшиқ
Шўх улгу сабо билан,
Ҳам нозу ибо билан,
Ним кулги имо билан,
Гўзал Маролжон галди,
Нодири замон галди.
Бу боғларда турфа ранг
Булбулларнинг ҳоли танг.
Кўз, қошларга бир қаранг,
Сарв – Маролжон галди,
Жон ичра минг жон галди.
Наврўз, ҳайит – мукаррам,
Ойлар ойи муҳаррам,
Байрамлар ичра байрам –
Дилбар Маролжон галди,
Ҳусни бир жаҳон галди.
Галмай, галгани юрди,
Дарди юракка урди,
Юзини кимга бурди?
Нозли Маролжон галди,
Эл-юртга омон галди.
Пир излаган ғуломдек,
Куйган борми Исломдек,
Бўлиб товусхиром, лек
Ёниб Маролжон галди,
Еру кўкка шон галди.
Ислом Холбой
“Ҳижрон азоби” Шеърлар китоби,
Тошкент, “Ёзувчи нашриёти”, 1998 йил