O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

Масхара бўлишга тайёр турган шеър қаҳрамони эмас, ўзим эдим…

Масхара бўлишга тайёр турган шеър қаҳрамони эмас, ўзим эдим…
182 views
05 July 2016 - 6:00

03_yolnoma_01Муҳаммад Солиҳ

ЙЎЛНОМА
(Хотира)
(11)

БЕГОНА

Шундай қилиб, минг тўққиз юз саксон тўртнинг март ойи эди ва мен ҳам кўплар қатори Дўрмонда илҳом парисини кутиб ётардим. У келавермаганидан, уни хаёл қилардим:

Илҳом парисини кўрдим тўсатдан,
Қорни оч, яланғоч, узунсоч
Ўлтирибди, ана, бўм-бўш курсида,
Пойида ётибди қурум босган тож.
Сичқон чопиб ўтар хонани кесиб,
Қайсидир жўмракдан жилдирайди сув.
Ва менга қарайди бағримни эзиб,
Хона ўртасида ўлтирган сулув.
Айрилган кимсадай бор-йўқ дўстидан
Қарайди йўқотган каби ватанин.
Қўлимни теккизсам, кафтим остида
Бодроқ очабошлар унинг бадани.
Бодроқ очабошлар бўғзимда забон,
Кўзлари лим тўлиб қарайди сулув,
Қитир-қитир этар қайдадир сичқон,
Қайдадир тинимсиз жилдирайди сув. (1983)

Кўриниб турибди-ки, кўнгилларда бир англанмас соғинч, бир мажҳул носталгия бор эди. Балки у қадар-да мажҳул эмас, балки, бу соғинч келажакнинг соғинчи эди. Йўқ, йўқ, аслида атрофда бир сукунат, бир ғалати танбал руҳ кезиб юрарди.

Кезиб юрган бу руҳ ўз-ўзига қаттиқ ишониб юбориб, ҳимоя рефлексини йўқотиб қўйган тоталитар давлатнинг руҳи эди. Бу ҳалокатли ишонч 1968 йил Прага ишғолидан кейин пайдо бўлди. Бутун дунё кўз ўнгида жараён этган бу осон ишғол Москвани ғурурлантирди, шовинизмни сархуш этди. Аммо бу ишғолдан кейин бошланган атом қуроллари пойгаси Совет империясининг мағлубияти билан тугашини ҳали ҳеч ким хаёл қилолмасди. Ғурур ва сархушлик 70-йилларда ўзининг тадрижий қиёмига етди: энди қул (жамият) ҳам, қулдор (давлат) ҳам бир сукут ичида, бир лоқайд ҳаво ичида яшай бошлагандилар. Бу ҳолат кейинроқ «турғунлик йиллари» деб аталди. Турғунлик шу қадар қуюқлашган эди-ки, бу қуюқлик ичида айтилган сўз, чиққан товуш ҳеч жарангламасди, сўз ниҳоятда сўник эшитиларди. Худди қўрқинчли тушдаги каби, қичқирсанг, ҳайқирсанг, овозинг чиқмасди.

Бу антиакустик қаср ичида биз ёш ёзувчилар ўз овозимизни синаб кўра бошлаган эдик. Ўша йиллар танқидчиларнинг ибораси билан айтганда, биз «оғзимизга келган гапни» айта бошлагандик. 1983 йил май ойида «Ўзбекистон адбабиёти ва санъати» газетаси «Шеърингизни тушунтириб беринг!» деган сарлавҳа билан катта мақола эълон қилди. Мақола менинг шеърларим ҳақида эди. Мақола муаллифи таниқли танқидчи эди, ўз даврасида нуктадон мутахассис саналарди. У конюктурани яхши ҳис қиларди, у адабий жараённинг хамиртуруши нимадан таркиб топишини биларди. Ҳатто турғунлик йилларининг энг турғун йили, 70-йилда ҳам ўзбек совет адабиётида ҳали ҳам фикр ўлмаганини исбот қилиш учун, баҳс-мунозарага ўхшаган катта мақолалар уюштирган бир фаол эди. У доим зам. редактор бўлиб ишлар, аммо ҳеч қачон бош редактор бўлмаган эди. Бу комплекс уни бир нави ҳокимиятдан ўпкалаганлар қаторига қўшиб қўйса ҳам, у ҳеч қачон мухолиф фикрли одам даражасига кўтарилмаганди. Ҳокимият унга бир кулиб боқса, гина-қудратини унутиб, яна хизмат қилаверадиган бир хокисор киши эди.

Muhammad_Salih_fotomajmua_07Менинг шеърларимга йўналтирилган «Тушунтириб беринг!» ҳайқириғи аслида интеллектуал мазмундан кўра, кўпроқ риторик маъно ташир эди. Мақола муаллифи менинг шеърларимни жуда яхши тушунарди, лекин ўсмоқчилаб сўрарди: «М. Солиҳ фалон шеърида бизга нима демоқчи, бу не гамлетчасига дард, шеърнинг қаҳрамони нима талаб қилаяпти биздан?», каби саволлар янграр эди унинг матнида. Ўсмоқчилаб сўраш совет танқидида кенг тарқалган усуллардан бири бўлса ҳам, бу каминанинг шеърларига қаратилар экан, дарров ҳаққоний кўринган мазмун касб этарди. Чунки, ҳали биринчи китобим чиқиши биланоқ, уни «ғарбга тақлидчилик»да айблаб бўлишган эди. Яъни, ўсмоқчилашга ишқибозларнинг куни беш-олти йил аввал туққанди. Шу боис, мақола тайёр шудгорга тушди, тез кўкарди, тез гуллади, атрофда ҳақиқатдан ҳам баҳс-мунозара бор эмиш каби бир иқлим туғдирди. Гўё «шеърингизни тушунтириб беринг» мақоласи муаллифи менга ҳужум қилса, бошқа бириси чиқиб гўё мени ҳимоя қилади. Ёки учинчиси чиқиб, тарафларни муросага чақиради: «адабиётнинг даргоҳи кенг, шундай ғалати нарсалар ҳам яратилиши мумкин», дейди вазмин оҳангда. Хуллас, ҳеч бир жиддий фикр айтилмаган эди, айтилиши мумкин ҳам эмасди.

Зотан саодатли совет диёрида мунг ва ўкинчнинг бўлиши мумкин эмас, бўлса ҳам унинг сабаби фақат хусусий бўлиши мумкин, аммо ҳеч қачон ижтимоий ва ҳеч қачон сиёсий бўлолмас эди. Бу қоида ичида ҳараката қилганларнинг энг жасоратлиси яна ўша «шеърингизни тушунтиринг», дея ҳайқирган танқидчи бўлиб қолаверарди. Чунки у ҳеч бўлмаганда, қалтис савол беришга журъат қилганди-да!

Бу танқидчи тилга олинган мақоласидан икки йил кейин, 1985 йилда менинг «Олис табассум сояси» номли китобимга Ғ. Ғулом нашриёти учун «ички тақриз» ёзди. Бу тақризда қалтис саволлар янада кўпайганди. Танқидчи каминани «бундай дунёқараш билан узоққа бормайсан», дея қаттиқ огоҳлантирарди гўё. Мен бу тўпламда чиқиши керак бўлган 41 та шеърнинг ҳар бирига алоҳида бир бет изоҳ мактуби ёзишга мажбур бўлдим. Бу изоҳларда 41 та шеърнинг ўзбек совет нашриётларида бемалол босилиши мумкинлиги ва уларнинг мавжуд сиёсий тузумга ҳеч қандай зарар келтирмаслигини ўзимча исботлаб бердим. Исботим ишонарли чиқди шекилли, ўша қирқ битта шеърдан кўпчилиги 1986 йилда дунё юзини кўрди.

Қалтис саволлар туғдирган шеърлардан бир нечтасини келтираман. Бу шеър Совет давлатини чорак аср бошқариб, Чехословакия ва Афғонистон ишғолларига имзо қўйган Леонид Брежнев ўлимидан сўнг пайдо бўлган бўшлиқда ёзилган.

Турибман. Унутдим кўксимдаги юк,
Тош эмас, бир ҳовуч юраклигини.
Унутдим ким энди жаҳонда буюк
Ва кимдан қўрқишим кераклигини.
Кўзларим олдида туман тарқалди,
Турибман, кўрсатмас ҳеч ким йўл-йўриқ.
Ҳосилин тугатди, ҳувиллаб қолди
Бултур ёлғон учун очилган Қўриқ.
Барибир рағбат йўқ менда ўлишга
Талаффузи бузуқ, келгинди, сайёр,
Мен ҳар сўзим учун кулгу бўлишга,
Масхара бўлишга турибман тайёр.
1983 («Олис табассум сояси», 1986)

Ҳар бир сўзи учун кулгу бўлишга, масхара бўлишга тайёр турган шеър қаҳрамони эмас, ўзим эдим.

(давоми бор)