Муҳаммад Солиҳ
ТУРКИСТОН ШУУРИ
(Муҳожирот йилларидаги мақолалар)
(40)
МАФКУРА БОЖМОНЛАРИ
Яқинда “Озодлик” радиосидан ўзбек зиёлиларининг Туркистон ҳақидаги фикрларини эшитиб, хурсанд бўлдик. Агар Ўзбекистон президентининг “Туркистон – умумий уйимиз” деган ибораси самимий бўлса эди, бундан ҳам хурсанд бўлардик.
Фақат, турк жумҳуриятлари тўрланган улуслараро мажлис ва машваратга келган ўзбекистонлик вакиллар ҳанузгача “турк” калимасини рад қилиб келаётгани таажжубланарлидир. Бу одамларни ким тайёрлаб юборди, билиш қийин.
Илгари улар Московнинг кўрсатмаси билан ташқарига чиқар ва совет халқини тамсил этардилар. Лекин бугун Ўзбекистон мустақил бўлди, нега ташқарига ҳам ўша одамлар чиқаяптилар? Нега улар ҳанузгача советларнинг миллатлар ҳақидаги эски мафкурасини тарғиб қилмоқда? Бу одамларни ҳукумат йўллаяптими ёки уларнинг орқасида бошқа бир куч борми? Нега булар бугун ҳам, худди ўттиз йил аввалгидай, “бизнинг туркликка ҳеч қандай алоқамиз йўқ. Биз осмондан тушганмиз”, дея минбарга ёпишиб ҳайқирмоқдалар? Эҳтимол, бу кишилар ҳақиқатан ҳам турк эмасдиралар, аммо нега улар буни Ўзбекистон номидан гапирадилар?
Йил бошида Анқара шаҳрида турк улуслари тарихига бағишланган симпозиумга юборилган ўзбекистонлик бир академик нутқ қилди ва унинг нутқи асосан, ўзбекларнинг турк эмаслигига қаратилди. Мезбонлар, яъни Туркия олимлари, ўз қардошларимизни хафа қилмайлик деб индашмади, аммо қозоқ ва қирғиз олимлари бизнинг академикка жавобини беришди.
Модомики, биз бугун Туркистон сўзини айтишга жасорат топган эканмиз, “турк” сўзини ҳам айтишимизга тўғри келади. Акс ҳолда, Туркистон калимаси маъносиздир. Туркистон нафақат жуғрофий бир ном, у айни пайтда этник мазмун ҳам ташийди.
Албатта, бундан ғурурланиб, биз турклармиз, дея кўкракка уриш шарт эмас. Аммо туркликдан уялишнинг ҳам кераги йўқ. Нега уялайлик? Бедил ёки Бобур, Улуғбек ёки Али қушчи турк бўлганлари учун уялайликми? Эҳтимол, хар бир халқ кечмишида бўлгани каби, бизнинг тарихимизда ҳам афсусланадиган тадрижлар бор, аммо миллат сифатида маданий дунё қаршисида юзимиз очиқдир. Турклар фақат агрессив фотиҳ эмас, олий таҳсилли алломалар ҳам эди.
Уларнинг закоси билан чўллар гулзорларга, харобалар шаҳарларга айланди. Рус идеологлари бизнинг аждодларимиздан фақат харобалар қолганини ёзади, аммо русларнинг давлатчиликни, ҳарбий санъатни турклардан ўрганганини унутишган эди.
Майли, масаланинг ҳиссий томонини бир четга қўяйлик ва бир нечта саволларга жавоб берайлик. Хўш, “турк” ёки “турк эмас” тортишмаси бугун нега қайтадан жонланаяпти? Бу баҳс фақт мафкуравий мақсад билан қилинаяптими ёки унинг тамалида бошқа нарсалар ҳам борми? Нега ўзбек академиклари ўз халқининг келиб чиқишидан уяладилар? Уларга бу уят ҳиссини ким сингдирди? Уларга бу ҳисни сингдирганларнинг мақсади нима? Бу саволларга жавоб бериш учун дунё харитасини олиб, ундаги турк ёки “туркий” деб аталаётган халқлар эгаллаган жуғрофий майдонга назар ташлашимиз лозим. Кунчиқардан Кунботарга қараб юрамиз: Шарқий Туркистон (бугунги Хитой ҳудудида жойлашган), Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Хазар денгизи, Озарбайжон, Туркия. Бу мамлакатлар орасида Хазар денгизини ҳисобга олмасак, қуруқликда ҳеч бир узилиш йўқ. Шарқий Туркистон жойлашган Урумчидан тортиб Истанбулга қадар майдон 10 миллион квадрат километрдан ошади. Бу майдон ичида жойлашган нефт, олтин, газ каби табиий бойликлар заҳираси мислсиздир. Агар бу жуғрофий кенглик ягона иқтисодий кенгликка айланса, мавжуд бойликлар ва иқтисодий потенсиал тўлалигича бу ўлкаларни назорати остига ўтса, бунақа минтақа Хитой деворидан то Оврупога қадар узанган бир белбоғ шаклини олади. Бу белбоғни энига кенгайтириш мумкин бўлган Русия ҳудудидаги Олтой, Татаристон, Бошқирдистон ва Чувашистон ҳам бор. Агар турклар бу белбоғни маҳкам боғлаб олса, дунёда манаман деган паҳлавонлар билан рақобатлашиши мумкин. Бу рақобат биринчи навбатда иқтисодий майдонда бўлади. Буни дунё истайдими? Авваламбор, “белбоғ” деганимиз минтақа атрофига боқайлик.
“Белбоғ”нинг шарқий учида Хитой, шимолда Русия, жанубида Покистон ва Эрон, ғарбий учда эса Оврупо бор. Бу давлатларнинг ҳаммаси Марказий Осиёда сўз соҳиби бўлишни истайди, у ерга ўзларининг иқтисодий тамғасини уришни ва демак, сиёсий таъсирини кучлантиришни истайдилар. Бу истак советлар қулаб, турк жумҳуриятлари мустақил бўлгандан кейин янада оловланди. Агар турк жумҳуриятлари режали иқтисодий интегратсияга йўналса ва “турк белбоғи” ҳаёт ҳақиқатига айланса, юқорида зикр этилган қўшни давлатлар бизнинг минтақада сўз соҳиби бўлолмайди. Шунинг учун ҳам бу муҳтамал “турк белбоғи”нинг учларини куйдириш, иложи бўлса, уни совет давридаги каби тамоман парчалаш керак бўлади.
Бир сўз билан айтганда, Осиёда “турк белбоғи” каби янги иқтисодий ва геополитик майдон яратишдан авваламбор турклар манфаатдордирлар. Шу сабаб, бундай майдонга турклардан бошқа ҳамма қаршидир. Уйдирилган пантуркизм афсонаси бу қаршиликнинг ифодасидир. Сталин тарафидан Хитойга ҳадя этилган Шарқий Туркистон, ўша “белбоғ”нинг парчаланган қисмидир. Озарбайжондаги Қорабоғ уруши, Афғонистондаги уруш, Туркиядаги курд сепаратистларининг исёни – буларнинг барчаси ўша “белбоғ”ни куйдириш учун ёқилган оловлардир.
Қўшниларимизнинг бу ҳассосияти дипломатик жабҳада ҳам бўртиб кўринади. Турк жумҳуриятлари лидерлари Бишкекда, Олма-Отада ёки Анқарада тўрпланиб қолса, аввал Русия кейин, кейин қолган қўшнилар дарров безовта бўла бошлайди. Русия ҳали ҳам аскари кучи кўп бўлганидан ўз иддаосини ифода этиш учун дипломатик шакл ахтариб ўтирмайди, балки очиқдан-очиқ таҳдид қилади. Яқинда Озарбайжонда имзоланган Боку-Жайҳон нефт қувури шартномаси муҳокама қилинар экан, бунинг гувоҳи бўлдик.
Русия таҳдидининг сояси Қозоғистон устида ҳам лопиллаб турибди. Қозоғистон, нуфузининг ярми рус бўлган ўлка, нефт борасида Русиянинг қош-қовоғига қарашга мажбурдир. Эҳтимол, шу мажбурият юзасидан Қозоғистон Русия билан божхона бирлиги шарномаси тузди.
Қизиғи шундаки, божхона бирлиги Туркистон жумҳуриятлари ўртасида ҳанузгача йўқ. Ўзбекистондан Қирғизистон ёки Туркманистонга бораётган автобуслар соатларча ушлаб турилади, учиш майдонларида ҳам шундай. Бунинг сабабини англаш қийин. Бир томондан “Туркистон – умумий уйимиз”, деб нутқ ўқиймиз, иккинчи томондан бу уйнинг хоналарини бир-бир қулфлаб чиқамиз. Ўз уйига кирмоқчи бўлган одамдан ҳужжат сўраймиз. Бундай вазиятда нафақат “турк белбоғи”, балки Туркистон хаёлимиз ҳам амалга ошиши даргумон.
Шундай экан, бизнинг қўшниларимиз “турк бирлиги”дан ҳозирча, қўрқмаса ҳам бўлади. Яна шу маънода “биз турк эмасмиз”, деб ҳайқираётган академикларимизни ҳам тушуниш мумкин. Улар ўз раҳбарларининг айтолмаётганини айтаяпти, холос. Улар Ўзбекистонда мафкуравий божхонанинг божмонларидир. Улар ҳам умумий уйимиз бўлган Турк Тарихи хоналарини қулфлаб, ҳеч кимни қўймаслик учун жонбозлик кўрсатаяптилар. Лекин бу жонбозлик учун ўзбек халқидан мукофот оламан, деса янгилишадилар. Бу жонбозларга мукофотни пантуркизм олабўжисини кашф қилган “оға”ларигина бериши мумкин. Чунки бизнинг божмонлар ўзларича ўша афсонавий олабўжига қарши курашмоқдалар. Бу жабҳада улар “оға”ларидан ҳам ошиб тушмоқда. Оллоҳ уларни кечирсин.
1995. Октябр.
(давоми бор)