Ўзбекистон махсус хизматлари Ислом университети талабасини аввалига иғво билан тузоққа тушириб¸ сўнгра уни ҳибсга олдилар¸ деб хабар тарқатди Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи.
Ўша куни Фазлиддин билан чатга ўзини Швецияда яшайдиган диссидент имом¸ Ўзбекистон Халқ ҳаракати фаоли Муҳаммадсолиҳ Обутов деб таништирган шахс чиқади. Шу кундан бошлаб бу виртуал таниш исломий университет талабасини Ўзбекистон Халқ ҳаракатининг Тошкентдаги фаоли бўлишга ундай бошлайди.
Воқеа тафсилотларини Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов давом эттиради.
– Ўша фамилия, исм билан чиқадиган одам аслида махсус хизматдаги одам бўлади ва у билан гаплашганда Фазлиддинга вазифа берилади ва Тошкентдаги Халқлар дўстлиги майдонининг бир жойига ëки бошқа жойларга варақалар ëпиштириб чиқиш илтимос қилинади.
Аввало бу бола нима қилишини билмайди. Озгина вақт ўйлаб¸ кейин қизиқиб боради. Ўша ерда ростдан ҳам 70-80 тача варақа ва 100 доллар пул бўлади. Буни олади. Бир нечтасини столбаларга ëпиштирганми ëки йўқми бу менга номаълум. Хуллас бир ҳафтадан кейин буларнинг уйига милиция ходимлари келади ва буни олиб кетишади.
Бизларга маълум бўлишича, фото ва видео съëмка узоқдан қилишган варақаларни олгани ва бир-иккита жойларга ëпиштирганми йўқми¸ хуллас кузатилиб, ҳаммаси тайëр қилиб қўйилади¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ҳуқуқ фаоли.
Аммо 15 кунлик ҳибс ўрнига уни Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасига олиб келиб¸ унга тергов давомида Ўзбекистон конституциявий тузумини ағдаришдан тортиб¸ ноқонуний диний-экстремистик гуруҳларга аъзолик каби ўта оғир айблар қўйилади.
Бундай айблардан гангиб қолган ҳам Фазлиддиннинг ўзи¸ ҳам унинг яқинлари ниҳоятда кучли руҳий босим остида қолган ва яқинлари бу ҳақда 25 январга қадар оғиз очишга ҳам қўрқиб келган. Улар Фазлиддиннинг махсус хизлатлар фитнаси қурбони бўлганини ўз хавфсизликларини хатарга қўйиб¸ менга гапириб беришди¸ дейди Суръат Икромов.
Озодлик мухбири Фазлиддин Зайнуддиновнинг ҳозирги аҳволи ҳақида унинг яқинларига боғланганида¸ улар суҳбатлашишдан чўчидилар ва Фазлиддиннинг ҳибсдаги аҳволи ҳақидагиги саволларга “ҳаммаси яхши” деган мазмунда қисқа жавоб қилиш билан чекландилар.
Суръат Икромовга кўра¸ Фазлиддин Зайнуддинов ишини олиб бораëтган терговчи бу талаба йигитга қўйилаëтган оғир айбларни исботловчи бирор далил йўқлигини тушуниб етганидан бўлса керак¸ уларнинг айримларини олиб ташлаган.
– Учта моддани ҳозир олиб ташлашга мажбур бўлган. Нимагаки қараса исботлайдиган жойи умуман йўқ. Бунинг юридик бир кучи ҳам йўқ. Сабаби унга конкрет исботлар, далиллар керак. Бу қўйилган моддалар унга тўғри келмайди. Шунинг учун бунга ҳозир 244-модда 3-қисми (Диний мазмундаги материалларни қонунга хилоф равишда тайëрлаш, сақлаш, олиб кириш ëки тарқатиш) билан айб қўйган. Бу модда учун қамоқ жазоси уч йил деб кўрсатилган. Уч йилгача берса ҳам шартли равишда берса керак¸ деган ўйда Ўзбекистондаги диний айблар билан қамалаëтганлар иши юзасидан мустақил мониторинг олиб бораëтган ҳуқуқ фаоли.
Суръат Икромовга кўра¸ Фазлиддин Зайнуддиновнинг Интернетда мафкуравий фитна тузоғига туширилиши Ўзбекистон махсус хизматларининг ўзгача фикрловчиларни овлаш кампаниясини виртуал дунëга кўчирганидан далолат беради.
Авваллари ўзгача фикрловчилар чўнтагига наркотик ва қурол¸ сўнгра уйига Ҳизбут-Таҳрир варақалари ва қора рўйхатдаги диний адабиëтлар ташлаб қўйиш орқали қамоққа олинган бўлса¸ эндиликда улар махсус хизматларнинг Интернетдаги турли ижтимоий тармоқлар орқали бошлаган кенг кўламли мафкуравий фитнаси тузоғига тушмоқда¸ дер экан Суръат Икромов¸ ўзбекистонлик Интернет фойдаланувчиларини огоҳлантиради.
– Ҳозир асосий курашни Интернетга кўчираяпти. Шунинг учун бу идеологик провокация ва шантаж. Агар сизга кимнингдир номидан чиқиб, мана шунақа таниқли мулохифат партияси вакили ëки чет элга кетган диндорман¸ деб гаплашмоқчи бўлса¸ бундайлар билан эҳтиëт бўлишни тавсия қиламан. Авваламбор аниқлаш керак ўша одамми ë унинг номидан кимдир унинг номини қўйиб чиқаяптими. Нимагаки шунақа провокацион нарсалар жуда кўп бўлаяпти кейинги пайтларда¸ дейди Суръат Икромов.
Ҳуқуқ фаолининг ўз кузатиш ва ҳисоб-китобидан келиб чиқиб айтишича¸ кейинги 13 йил мобайнида Ўзбекистонда ноқонуний диний гуруҳларга алоқадорлик айблари билан камида 15 минг фуқаро жиноий жавобгарликка тортилган ва уларнинг 11 мингдан ошиғи айни кунларда узоқ муддатли қамоқ жазосини ўтамоқда.
Ҳозирча Тошкент Ислом университетининг 22 яшар талабаси Фазлиддин Зайнуддинов ишининг қачон маҳкамага оширилиши ва унинг диний айблар билан қамалганлар армиясини тўлдириш-тўлдирмаслиги номаълумлигича қолмоқда.
Махсус хизматлар Интернетга ташлаган махсус тўр сиртмоғига илинган бу йигит тақдирини келгусида яна Озодликда кузатиб боринг.