Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Ташкилоти
Қашқадарё вилоят бўлими раиси
Ўзбекларда кимнинг ким эканлигини аниқлаш жуда осон. Халқда шундай бир ҳикмат бор: “Сен менга дўстларингни айт, мен сенга кимлигингни айтаман”. Бир йилча бўлиб қолди, интернет тармоғида мен ҳақимда хабарлар тарқалмоқда. Менга ва умуман Қораевларга турли туҳматлар уюштириш, кўчада дўппослаб кетиш каби, ҳаттоки дарвозаларимизгача булғаб кетишлар ҳам ёритиб борилди. Сабаби оддий: халқаро жамоатчилик билсин ва фикр қилсин! Эртадир, ёки индин тўсатдан қамоққа ташланишимиз мумкин, қийноқлар остида қилмаган жиноятларимизни бўйнимизга олишимиз мумкин. Бу воқеълик қачондан ва нима сабабдан бошланганлигини ҳамма билиб туриши керак. Айниқса халқаро ташкилотлар!
Ўзини “Ўзбекистон Бирлик Халқ Ҳаракати Партияси” деб атайдиган Абдураҳим Пўлатов ва унинг бармоқ билан санарлик гумашталарининг “harakat.net” сайтида 14 сенябрь куни чоп этилган хабарни ўқиб лол қолдим harakat.net Бекорга айтмайдилар ахир: кир сув ўрага оқади! Ўзбекистон ҳақида хабарлар тарқатадиган бу сайт мағзава ўрасига айланганига кўп йиллар бўлди ва ўзини етук бир сиёсатчи сифатида тақдим этишга одатланган Абдураҳим Пўлатов Ўзбекистон МХХга бел боғлаб хизмат қилаётгани бировга сир эмас. Бундан Пўлатовнинг ўзи ҳам фахрланса керак.
Абдураҳим Пўлатов сиёсий лидерлик васвасасига чалинган бир бемор бўлиб, барча мухолиф кучларни ўзининг атрофида жипслашишга чақириб келади. Лекин буни қарангки, унинг атрофида жипслашганлар сони хориждаги ва мамлакат ичкарисидагиларни аъзоларини қўшиб қўшиб ҳисобланса, ўн ёки ўн баш нафар одамни ташкил этади холос. Шундайларнинг уч нафари Қашқадарё вилоятида. Ранг кўр, ҳол сўр дейдилар! Демак бу “лидернинг” лидерлиги ҳам шунга яраша.
Мазкур сайтга гўёки хат юборган менинг қўшним Барно Адабоева анча дарду-ҳасрат қилибди, бирор ҳақ сўзни айтмабди. Ҳар қалай “harakat.net” сайти ҳам “pressuzinfo.uz” сайтидан мутлақо фарқ қилмайди. Сўнги йилларда бу каби мағзава сайтлар ёмғирдан кейинги қўзиқоринлардан потраб кетаяпти.
Барно Адабаева жуда кўп гапларни ёзган. Бу даъволарга эътибор қаратадиган бўлсак, менинг жияним Барҳаёт гўёки уни ушлаб турган-у, ва акам Санжар уни урган эмиш. Қизиқ, Барно Адабаева қўпол бўлса ҳам акам Санжар Қораевнинг у ёғига қачон ёпишиб жони борича тортиқлаган экан? Янгам Зилола Пўлатовани сонидан қачон тишлаб олган у? Албатта бу хабарни Барно, ёки унинг онаси Ойдин Ортиқова ёзгани йўқ. Улар “Ҳаракат” сайтининг борлигини ҳам билишмайди. Бу хабарни ёзганларни ички ишлар бошқармаси ва МХХ дан излаш лозим. Хатни ёзиб бераётганлар нега акамга ва янгамга шикаст етказилганини инобатга олишмади экан?
Менинг итим заҳарланганлиги ҳақида унга ҳеч вақт дардиҳол қилмаганман. Бу воқеа менинг Франция сафарига кетишим олдидан содир бўлган. Умуман олганда мен Ойдин Ортиқова ва Барно Адабоевалар билан ош-қатиқ эмасман ва ош-қатиқ бўлиш ниятим ҳам йўқ.
Энди Адабованинг даъво қилаётгани, электр қуввати масласига келадиган бўлсак, эмизиклик ёш болани кўкракдан ажратиб, сунъий йўл билан катта қилаётган аёл қандай қилиб боланинг қорнини тўқласин? Айниқса на газ ва на электр қуввати таъминотида узилиш бўлиб турган бўлса. Буни тасаввур қилиб кўрингларчи?
У айтаётган вақтда саккиз кун электр қуввати бўлмади. Кўчамиз охиридаги 10 мактаб ҳовлиси ичидаги трансфарматор 57 ТП ишдан чиқди. Нафақат мен, балки бутун маҳалла аҳли ўшанда ҳокимиятга ва бошқа ташкилотларга борган эдилар. 10 мактаб ичкарисида эса ҳамма тўполон қилганди. Ўша вақтда ҳам мендан кўришган эди, гўёки мен халқни кўтаргандим. Мен мактаб ҳовлисидаги 57 ТП га борганимда. Бир киши ўз ҳаққини ҳукуматдан талаб қилса бу “шантаж” бўладими?
Яна бир бор юқоридаги саволга қайтсам: Барно Адабаева бу нарсаларни ёзишни, “Ҳаракат” сайтини қаердан била қолдийкан? Мана бу савол хамма нарсага ойдинлик киритади!
Яна бир ажиб томони Барно Адабоеванинг “Ҳаракат” сайтида чоп эттирган хатидаги қуйидаги жумлалар: “Ўзларини мусулмон, деб билган Қораевлар беш вақт номоз ўқиб туриб, ожизани ўлар ҳолатда дўппослашлари, оғизда тутиб бўлмас сўзлар билан ҳақоратлашлари мусулмончиликка тўғри келармикан? Афсуски, улар ислом динини ниқоб қилиб олган шайтон малайларига ўхшайдилар”.
Нега бу жумлалар келтирилди экан? Ахир беш вақт намоз ўқийдиган биргина акам Тўлқин Қораев ҳозир сиёсий бошпана олиб Швецияда яшаяпти. Мақсад ойдин: Қораевлар оиласини “ваҳҳобий”, “ҳизбут-таҳрир”, ва лозим бўлса яна бошқа диний жамоаларга аралашган деган даъво илгари сурилиши мақсад қилиб олинган. Яна бир бор эслатаман: бу мактуб МХХ ёки ички ишлар идоралари томонидан ёзилган! Ойдин Ортиқова ҳам, унинг қизи Барно Адабова ҳам бу каби жумлаларни ёзишни билишмайди.
МХХ ўтган йили мени ўзлари билан ҳамкорлик қилишга даъват этганларида рад қилгандим. Тағин бу ҳақида интернет тармоғида маълумот тарқатдим. Худди ўша кундан менга нисбатан таъқиб ва тазйиқлар кучайиб келаяпти. Абдураҳим Пўлатов эса кўп йиллардан бери МХХ нинг дастёри. Нима учун Барно Адабоеванинг мактуби “Ҳаракат” сайтида пайдо бўлди экан? Жавоб эса бу: мағзава кир ўрага оқади!