O'zbekiston ERK Demokratik Partiyasi

МАҚСУД БЕКЖОН: БОҒЛАРНИНГ ТИКЛАНИШИ

МАҚСУД БЕКЖОН: БОҒЛАРНИНГ ТИКЛАНИШИ
172 views
12 February 2012 - 16:46

Яқинда Ўзбекистонни кезиб чиққан бир хорижлик одам мамлакатимиздаги қийин ижтимоий-иқтисодий-сиёсий вазиятга карамасдан одамларда хокимиятга нисбатан бирон-бир норозилик кайфиятини кузатмаганини айтди. “Ўзбеклар бутун бу кийинчиликларга биз, англияликлар об-ҳавонинг ёмон келганига қандай қарасак, ўшандай қарашади”, дейди хорижлик меҳмон халқимизнинг кайфияти ҳақида.

Афсуски, халқимизнинг умум кайфи-ҳоли ҳақиқатан ҳам шундай. Одамларимизнинг аксарияти мамлакатда газнинг, электрнинг, қонун-қоиданинг, тартиб-интизомнинг, ишнинг, фаровонликнинг, ҳаловатнинг, эркинликнинг йўқлигини ҳукумат билан боғламайди. Улар ҳукумат тарaфидан қилинаётган бутун бу қонунсизлик ва зулмларга табиатнинг бир ижиқлигига қарагандай қарайдилар.

Ўлкада маҳкумлик, такдирга тан бериш туйғуси устувордир. Аммо бу маҳкумлик ва тақдирга тан бериш туйғуси тақводирликдан, художўйликдан келиб чиқаётгани йўқ. Бу маҳкумлик туйғуси Аллох ҳукмига итоат шууридан эмас, балки, бир бечоранинг қалбида зулм салтанати маҳкамалари чиқарган жазо ҳукмидан ҳосил бўлган маҳкумлик туйғусидир. Бугун улкан бир ҳибсхонага айланган ўлкада бир ҳовуч ўғрилардан бошқа ҳамма ана шу маҳбуслик, маҳкумлик туйғуси билан яшамоқда.

Нега “халқ – кучдир” деган ибора бизда ўз исботини топгани йўқ? Чунки, ўлкамизда хозир халқнинг ўзи йўқдир, унинг ўрнида 30 миллион ёлгиз одам бор, холос. Халқ қачон пайдо булади? Дин, миллий урф-одатлар, анъаналар, маънавият тикланган пайтда. Хўш, бу нарсалар қачон тикланади? Адолат туйғуси тикланганида, чунки, бутун бу қадриятлар адолат туйғуси устига қурилгандир. Адолат бўлмаган жойда, яъний, бутун қадриятларнинг пойдевори бўлмаган жойда на дин, на урф-одат ва анъаналар ва на маънавият булади. Демак, адолат бўлмаган, адолат туйғуси яксон қилинган жойда халқнинг ўзи ҳам бўлмайди, у тарқаб кетади. Халқнинг ўрнида бир-бири билан ҳеч қандай алоқаси бўлмаган миллионлаб ёлғиз одамларгина қолади, холос. Демак, халқнинг халққа айланиши учун, яъний, бугун унинг бошига келаётган бутун кулфатлардан қутилишнинг ягона йўли – адолат туйғусининг тикланишидадир.

Бунинг учун халқимиз аввало, узилган нарсаларни қайтадан бир-бири билан боғлaй бошламоги лозим. Масалан, инсонларимиз мамлакатдаги вазиятни бу мамлакатни бошқараётган ҳокимият сиёсати билан мантиқан боғламоқлари керак. Ва айни пайтда қалбида адолат туйгуси билан яқинлари, қўшнилари, таниш-билишлари билан узилган боғларни тикламоқлари лозим. Маҳаллалар маҳаллалар билан боғланиши, туманлар туманлар билан, вилоятлар вилоятлар билан боғланиши керак.

Аҳоли бор-у, аҳиллик йўқ, халқ йўк ўлкада; жамият бор-у, жамлик йўқ, жамоат йўқ мамлакатда яшаётган 30 миллион нафар ёлғиз одам бир-бири билан боғланиб, 30 миллионлик яхлит халққа айланиши лозим.

Ўшанда инсонларимизнинг атрофда кўраётган нарсалари уларнинг шуурлари, виждонлари, иймонлари, билан боғланади. Ўшанда бу халқ умум башарият билан ва охир оқибат Ҳақ билан боғланади.

Ўшанда қўшнисининг уйини ўғри ёки миршаб босган одам билади-ки, бу босқинчилик факат қўшнисининг эмас, ўзининг ҳам бошига келган кулфатдир. Одам бу бахтсизликнинг фақат қўшнисига эмас, балки, ўзига ҳам синов сифатида юборилганини англайди. Боғларнинг чамбарчаслиги тақдирларнинг ҳам чамбарчаслигидир. Шохига урилган ҳўкизнинг туёғи зириллаши ҳақдаги ибора шу ўринда жуда ибратлидир. Зотан, ҳукумат тепасидаги ўғри ва каззобларнинг ҳимояси ҳам мана шундай ўзига хос аҳилликка, яъний, шохига урганда туёғи зириллаб, бу оғриққа қарши чора кўришга қурилгандир. Бу йўсин аҳиллик ва яхлитлик борасида халқ ҳукуматдан ўрнак олса бўлади – бир манфаат атрофида бирлашган бир ҳовуч каззоблар ўз аҳиллиги билан мамлакатни 20 йилдан бери талон-тарож этиб, халқни қатлиом қилмоқда.

Бугун ўлкамизда ҳукм юргизаётган золимларнинг халқдан устунлиги сабаби бу золим ва ўғриларнинг бир-бири билан халқдан кўра, аҳилроқ ва жипсроқ эканлигида ва бир-бирларига доим ёрдам ва дастак берганлигидадир. Халкнинг ҳам ўз манфаати йўқми, халқ ўз манфаатини билмайдими? Агар билса, нега бу манфаат атрофида бирлашмасинлар? Нега каззоблар ўз каззоблигида аҳил-у, халқ ўз эзгулигида аҳил эмас? Маҳкумликдан, забунликдан, мутеликдан, зулмдан қутилишнинг бирлашиб, кураш бошламоқдан бошқа йўли йўқдир.

МАҚСУД БЕКЖОН

soundcloud.com/turkistontv