Хурматли домламиз Толиб ака Ёқубов ўзларининг “Маҳаллийчилик кимга керак эди?” номли мақоласида жамиятимиздаги чиркин иллатлардан бири бўлган маҳаллийчилик ҳақида мулоҳаза юритибдилар. Мақолада домла маҳаллийчиликнинг асос пойдеворларидан бири сифатида маҳаллани, маҳалладаги ҳукумат тарафидан рағбатлантирилаётган икир-чикир урф-одатларни келтирганлар ва бу қараш умумият-ла тўғридир. Аммо шу билан бирга, менинг фикримча, “маҳаллийчилик” сўзининг ўзаги “маҳалла” сўзидан олинган бўлишига қарамай, бу иккита ижтимоий кўринишни бир сифат билан баҳолаш, улар бир-бирининг давомчиси, дейиш унча тўғри бўлмаса керак.
Маҳалла, бугунги мустабид режим уни қанчалар суистеъмол қилиб, уни ўзининг репрессив аппаратларидан бирига, айғоқчилар уясига айлантирган бўлишига қарамай (худди Ички Ишлар Вазирлиги, Миллий хавсизлик хизмати, Прокуратура ва Вазирликлар, Диний идоралар, Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмалари ва ҳакозолар, умуман, Ўзбекистондаги ҳар қандай расмий ёки тижорий ташкилот ва жамоа каби), мен уни бу бир ижобий ижтимоий институт деб ҳисоблайман. Репрессив режимда фақат маҳалла эмас, ҳамма нарса бу режим репрессияси учун ишлайди ва бу факт ушбу қурилмаларнинг бутунлай йўқ этилиши лозимлигини англатмайди, йўқ қилиниши керак бўлган бир нарса бўлса, бу – ушбу қурилмаларни суистеъмол қилаётган мустабид режимдир.
Совет атеизми сарқитларидан қутулиб, нормал, эркин, инсонлар ўз эътиқодларига ҳеч кимдан ҳайиқмай амал қиладиган пайт келгунича ва халқ ўз дини билан қайтадан танишиб олгунига қадар маҳалла – халқ маънавияти, анъаналарини ушлаб турувчи ижтимоий қурулма сифатида муҳим рол ўйнайди. Бугунги кунда Ўзбекистонда Маҳалла – мусулмон бир жамиятнинг скелети, “каркас”и, пойдеворидир. Бу институтсиз ўлкамизда бирон бир исломий маросимларининг ва умуман, мусулмонлар жамияти “кодекс”ининг амал қилиши кийиндир. Мусулмон жамоалар маҳаллалар ичидадир. Жоме ва масжидлар фаолияти хам Ўзбекистонда шу маҳалла институти ичида кечади. Масалан, Туркияда жомелар маҳалла одамларини бириктирса, собиқ совет жумҳурияти бўлган Ўзбекистонда маҳалла одамларни жомеларга бириктиради. Бу жуда муҳим бир фарқдир. Албатта, аҳолини кандайдир “оқсоқоллар кенгаши”, “маҳалла” бирлаштирганидан кўра, жоме ва масжидлар бирлаштиргани, одамлар ўз маънавий ҳаётларини “маҳалла кодекс”лари билан эмас, балки, ислом мезонлари, жоме ва масжидлар билан боғлашлари идеал бир ҳолат бўлган бўларди, аммо узоқ давом этган динсизлик даврини бошдан кечирган жамиятимиз бундай даражадан ҳали анча узоқ. Шунинг учун, ҳозирча атеизм, ялпи худосизлик давридан эътиқод эркинлиги таъминланган озод бир жамиятга ўтиш жараёнида, бир кўприк ўрнида, жамият пойдевори сифатида маҳалла институтидан фойдланиб туришдан бошқа иложимиз йўқ.
Албатта, маҳалланинг ичида (унинг ҳозир айғоқчилар уясига айлантирлганидан ташқари) советлар даврида пайдо бўлган ва исломий қадриятларимизга алоқаси бўлмаган ва ҳатто диний арконларга мутлақо зид бўлган исрофгарчилик, ҳашамат, бойлик орттириш ва иморат қуришда бири-бири билан пойга ўйнаш сингари тубан нарсаларни ҳам кўриш мумкин. Маҳалла – ярамас ҳокимият тарафидан бузилган бир ўлчов, қолип сифатида бундай кўринишларни рағбатлантиради, аммо, яна такрорлаймиз, бу жиҳатлар маҳалланинг институт сифатида ёмонлигини эмас, балки, жамият ҳаёт тарзига шундай йўналиш бераётган ҳокимиятнинг ёмонлигини намоён этади.
Умуман олганда, қулоққа ғалати, кулгули эшитилса ҳам, шуни айтиш лозимки, маҳалланинг ижтимоий институт сифатидаги давомийлиги аҳолининг маҳалла сифатида, яъний, “участка”ларда яшаши билан бевосита боғлиқдир. Яқин вақт ичида, урбанизация туфайли – одамларнинг бир-икки қаватли уйлардан кўп қаватли уйларга, катта шаҳарларга кўчиб ўтиши билан бу институтга барҳам берилади, ўшанда, жамиятнинг маънавий ҳаётини бошқариш иши – худди Туркиядаги сингари жоме ва масжидлар ихтиёрига ўтиши мумкин ва бундай истиқбол қошида маҳалланинг институт сифатида тўла йўқ бўлиши кишида бирон бир таассуф, ачиниш уйғотмайди, чунки, жамиятнинг бундай маънавий ҳаёт тарзи – яъний, жамият маънавий ҳаётида “маҳалла оксоколлари” эмас, балки, жоме ва масжидлар устувор бўлган ҳолат – унинг ҳозирги хаёт тарзидан кўра минг марта афзалроқ ва пойдевори мустаҳкамроқдир.
Инсонлар ҳам худди Аллоҳнинг бошқа маҳлуқлари сингари муяйан бир микроклимат ичида яшашни яхши кўради ва ўзига қулай бўлган шу иқлим ичидан туриб, бутун дунё устидан ҳукм чиқаришни истайди. Инсон боласи туғиларкан, ўз онаси қорнини тарк этишни истамайди, улғайиб, мактаб ёшига етганида, мактабга боришни, катта бўлганидан сўнг эса, бирон бир хизмат ёки тақдир тақозоси туфайли ўз юртини тарк этишни ва ниҳоят, ажали етганида, ўзи ўрганиб қолган бу дунёни тарк этишни истамайди, яъний, инсонлар ҳам худди бошқа жонзотлар сингари консерватив маҳлуқлардир. Бу жонзотларнинг бошқа жойдан келган ўзига ўхшовчи жонзотларга муносабати заъмирида ҳам ана шу ибтидоий консерватизм ётади. Одам қанча примитив, жўн бўлса, ундаги маҳаллийчилик сингари ибтидоий туйғу ҳам шунчалик кучлироқ бўлади; аслида, энг “маҳаллийчи” бўлган зотлар – ўз ҳудудларига бошқаларни қўймасликка ҳаракат қилувчи ҳайвонлардир. Инсонлардаги ҳайвоний сифат миқдорини улар намоён қиладиган мақаллийчилик даражаси билан аниқласа бўлади. Масалан, ҳар йили минглаб мухожирларни ўлдираётган рус тақирбошларида бу ҳайовний сифат коэффициенти жуда юксакдир.
Советлар пайтида Ўзбекистонда ҳокимият “парчала ва идора эт” принципи асосида, ҳар хил расмий ва норасмий ташкилотлар воситасида “землячества”лар ташкил этиш орқали маҳаллийчилик иллатини рағбатлантириб келди. Қизиғи шундаки, ўзбек тилида “земляк”, “землячества” сўзларининг эмоционал, семантик эквиваленти йўқ. Ўзбекчадаги “ҳамюрт” ёки “ҳамшаҳар” деган сўзлар “земляк” деган сўз ташиган эмоционал юкни ташимайди. Яъний, азалдан маҳаллийчилик сингари бир иллат мусулмон халқ бўлган ўзбекларга ёт бўлган. “Ёт”, “бегона” тушунчалари эса, асосан, диний эътиқод нуқтаи назари устига қурилган. Шунинг учун ҳам, тарихимизда ҳокимият учун олиб борилган ички низоларни ҳисобга олмаганда, ташқи душманларга қарши олиб борилган барча урушлар “миллий урушлар” деб эмас, “диний урушлар” деб аталган. Фақат мўғуллар ва ёки русларга қарши урушлар эмас, балки, Хива хонлигининг расмий дини шиа мазҳаби бўлган Эронга қарши юришлари ҳам “ғазовот” деб аталган. Яъний, исломда миллат йўқ, уммат бор, холос. Шу маънода ислом умматига мансуб бўлган ўзбекларда совет даҳрийлиги пайтида пайдо бўлган маҳаллийчилик иллатини тўғридан-тўғри худосизлик билан боғлаш мумкин.
Хўп, бугунги кунда маҳаллийчилик иллати ўзбек жамиятида долзарб масалалардан бирига кирадими? Менимча, йўқ. Бу нарса нафақат миллий муаммо даражасига кўтарилмаган, балки, бугунги кунда у ҳатто, совет пайтидагидан фарқли ўлароқ, майиший кўринишда ҳам унча кўзга ташланмайди. Чунки, бугун Ўзбекистонда ўрмонга ўт тушганида ҳўлу-қуруқ баравар ёниб, йўлбарслар билан кийиклар, қоплонлар билан оҳулар ёнма-ён қочгани сингари одамлар миллати, дини, келиб чиқишидан катъий назар, мустабид тузумдан жон сақлаш учун ҳаёт-мамот курашини олиб бормоқда.
Демак, инсонларимизда совет сарқити булган маҳаллийчилик иллатини таг-томири билан узил-кесил қўпориб ташлаш учун яхши бир сабаб бор бугун, бу – биргалашиб, барчамизники бўлган ўзбек халқини 20 йилдан ошиқроқ вақт мобайнида қатлиом қилаётган, миллатимизга ёт, бегона, душман бўлган қаттол ҳокимиятга қарши курашга бел боғлашдир.
Мақсуд Бекжон
30.11.2012