Шу кунларда Ўзбекистондаги Фуқаролик жамияти шаклланишини мониторинг қилиш мустақил институти экспертлари нега одамлар маҳалла посбонларини жиддий қабул қилмаслиги сабабларини ўрганиш устида бош қотиришмоқда.
Экспертларнинг сўзларига кўра маҳалла посбонлари бугунги кунда ўз мажбуриятларига кирмайдиган қўшимча ишлар билан банд бўлиб қолганликлари уларни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига кўмаклашишдан иборат бўлган асосий вазифалардан чалғитиб қўймоқда.
“Уларнинг асосий вазифалари ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, бу борада аҳоли билан турли профилактика тадбирларини ўтказиш, вояга етмаганларни турли ҳуқуқбузарликлар содир этишга ундовчи шахсларни, ёшлар онгини заҳарлаб, уларни турли диний экстремистик ғоялар таъсирига олиш мақсадида бундай ташкилотларга аъзо бўлишга даъват этувчи шахсларни, қонунга хилоф диний таълим берувчиларни аниқлаш ҳамда улар билан профилактик тарбиявий ишлар олиб бориш орқали ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга кўмаклашишдан иборат.
Бироқ, шунга қарамасдан уларга кўпинча коммунал тўловларни ундириш, маҳалла ҳудудининг тозалигини сақлаш каби ишларни топшириб қўйишмоқда. Бу ишлар уларни асосий вазифаларидан чалғитиб қўймоқда. Посбонларнинг махсус формалари ва гувоҳномалари ҳам йўқ. Шу сабабли ҳам одамлар уларни жиддий қабул қилишмайди”, – дейди Институт экспертлари.
Бу ерда маҳалла посбонларини жиддий қабул қилиш деганда одамларнинг улардан ҳайиқиб, ҳадиксираб туришидан бошқа маъно келиб чиқмайди.
“Маҳалла посбони” институтнинг республика ҳукумати бўлган Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган Низоми моҳиятига кўра Ўзбекистон Конституциясига ва амалдаги қонунчиликка зид эканлиги ҳақида “Давлат “маҳалла”лари ёки маҳалла ичидаги ноқонуний тузилма ҳақида” номли мақоламизда батафсил маълумот бериб ўтгандик.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун сидқидилдан хизмат қилишни ва шу орқали ҳокимиятга, айниқса куч ишлатар тизимларга яқинроқ бўлишни орзу қилган маҳалла посбонлари сони республикада 50 минг кишидан ортиқни ташкил қилади.
ЎХҲ ахборот бўлими