Жорий йилнинг ўтган 9 ойи мобайнида Ўзбекистон маҳаллий ҳокимияти органлари томонидан қабул қилинган 310 та қарорнинг амалдаги қонунчиликка зидлиги аниқланган ва 67 та мулозим интизомий жазога тортилган. Бу ҳақда Адлия вазирлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди, деб хабар берди uz24.uz.
Анжуман давомида давлат ҳокимиятининг маҳаллий органлари томонидан амалга оширилган ишлар ва қонун ижодкорлиги соҳасидаги бошқарув ҳақида сўз борган.
Хабарда таъкидланишича сўнги 9 ой мобайнида адлия органлари томонидан қонунчилик ҳужжатларини таснифлаш соҳасида йўл қўйилган ҳуқуқбузарлик ҳолатларини бартараф қилиш бўйича давлат ҳокимияти маҳаллий органларига 231 та тақдимнома киритилган. Улар асосида амалдаги қонунчиликка зид равишда қабул қилинган 310 та қарор бекор қилинган, 67 та мулозим эса интизомий жазога тортилган.
Нашрнинг Ўзбекистон Адлия вазирлиги берган маълумотга таяниб ёзишича, ҳозирда адлия органлари томонидан давлат ҳокимияти маҳаллий органларининг 20 турдан ортиқ ҳужжатлари ҳуқуқий экспертизадан ўтказилмоқда.
ЎХҲ ахборот бўлими